June 8, 2023

ЮРТИМ СИЙМОЛАРИ

Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон халқ рассоми Рустам Худойбергановнинг “Юртим сиймолари” деб номланган кўргазмаси очилди. Экспозициядан муаллифнинг олтмишдан ортиқ портрет ва тарихий жанрга доир асарлари ўрин олган. Кўргазмадаги портретлар тарихий жиҳатдан бир-бирини такрорламаса-да, қаҳрамонларнинг нигоҳлари, либослари бир-бирини тўлдиради. Рассомнинг ранг танлаш маҳорати таҳсинга лойиқ. У тарихда қандай ранглар урф бўлганини чуқур ўрганиб, асарларида татбиқ этган.

Республикамиз ва хорижий давлатларда бир неча бор шахсий кўргазмалари бўлиб ўтган рассом асарлари Франция, Канада, Хитой, Англия, Германия, Туркия каби йигирмага яқин мамлакат галереялари, шахсий тўпламлари ҳамда Ўзбекис­тон музейлари, картиналар галереясида сақланади.

* * *

Бадиий академиянинг Марказий кўргазмалар залидаги ташкил этилган экспозиция Ўзбекистон халқ устаси, ёғоч ўймакори Сирожиддин Раҳматуллаев ва Ўзбекистон халқ устаси, заргар Фасиҳитдин Дадамуҳаммедов таваллудининг етмиш йиллигига бағишланди.

Сирожиддин Раҳматуллаев Ўзбекистон халқ устаси Ортиқ Файзуллаевнинг муносиб шогирдларидан бўлиб, Ўзбекистоннинг барча йирик меъморий лойиҳаларида – Темурийлар тарихи давлат музейининг, Ўзбек миллий академик драма театри биносидаги ўйма эшиклари ва кўплаб объектлардаги асарларида ўзига хос маҳоратини намойиш этган ҳолда, ёғоч ўймакорлиги анъаналарини муносиб давом эттирмоқда.

Ушбу кўргазмада устанинг энг яхши ижод намуналари сифатида ўзи авайлаб сақлаб келаётган сара асарлари – айвон, ширма, устунлар, лаганлар, лавҳлар ва қутилар намойиш этилмоқда. Унинг турли ўлчамдаги лавҳлари ислимий нақшлар билан беза­ти­лиши, ўлчовининг аниқ ва пухталиги билан барча томошабинлар эътиборини тортди. Уста ўнлаб шогирдларига ҳунарини ўргатиб, соҳанинг бардавомлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиб келмоқда.

Фасиҳитдин Дадамуҳамедов – ўзбек заргарлик тарихининг билимдони, шакллар яратишда янги тамойилларга таяниб, ранг-баранг тажрибалар ўтказишдан чарчамайдиган уста. Мазкур кўргазмада бўйин тақинчоқлари, зираклар, билакузуклар ва бошқа заргарлик буюмларида мумтоз заргарлик мактаби анъаналарини кўриш мумкин.

Кўргазмада заргар Фасиҳитдин Дадамуҳаммедов ва ёғоч ўймакори Сирожиддин Раҳматуллаев миллий амалий санъат ривожига қўшаётган ҳиссаси учун Ўзбекистон Бадиий академия­сининг дипломи билан тақдирланди.

Сарвара ҚОСИМОВА