June 22, 2023

ҚАРДОШЛИК ҚЎРҒОНИ

2023 йилнинг 18-19 июнь кунлари тарихий санага айланди. Икки кун давомида Тошкент шаҳрида Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙнинг 30 йиллик юбилейи тантаналари ўтказилди. Унда туркий тилли давлатлардан 150 нафар маданият ва санъат ходими ҳамда нуфузли меҳмонлар қатнашди.

18 июнь куни Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон амалий санъат музейида “Турк дунёси” номли рассомлар ва ҳунармандлар кўргазмаси, туркий дунё халқларининг миллий ошхоналарига оид гастрономик намойиш ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев, Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ бош котиби Султонбой Раев, Озарбайжон Республикаси маданият вазири Одил Каримли, Қозоғистон Рес­публикаси маданият ва спорт вазири ўринбосари Нуркисса Дауэшов, Туркия Республикаси маданият ва туризм вазири ўринбосари Надир Алпаслан, Қирғиз Республикаси маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири ўринбосари Кайрат Иманалиев, Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеяси бош котиби Меҳмет Сурейя Эр, “Турк ҳаво йўллари” бошқаруви раиси Орхан Бирдал, “TRT AVAZ” канали координатори Седат Сағирқоя қатнашди.

Маросимни Ўзбекистон Маданият ва туризм вазири О.Назарбеков кириш сўзи билан очиб берди ва барчани ташкилотнинг 30 йиллик юбилейи билан қутлади. ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев йиғилганларни байрам билан табриклаб, мазкур ташкилот ривожида Ўзбекистоннинг ўрни алоҳида эканига урғу берди.

Меҳмонлар “Турк дунёси” номли рассомлар ва ҳунармандлар кўргазмасига қўйилган асарлар, ҳунармандчилик намуналари билан яқиндан танишди ва туркий халқларнинг миллий таомларидан татиб кўрди.

19 июнь куни пойтахтимиздаги “Интерконтинентал” меҳмонхонасида ТУРКСОЙга аъзо мамлакатлар масъулларининг ўзаро мулоқоти бўлиб ўтди. Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков “TRT AVAZ” канали координатори Седат Сағирқоя билан мулоқот ўтказди ва ўзаро ҳамкорликка оид келишувга эришилди. Шунингдек, у “Турк ҳаво йўллари” бошқаруви раиси Орхан Бирдал билан ҳам мулоқот ўтказди. Мулоқотда икки мамлакат шаҳарларидан авиақатновлар сонини кўпайтириш, янги йўналишларни йўлга қўйиш бўйича таклифлар ўртага ташланди.

Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеяси бош котиби Меҳмет Сурейя Эр билан учрашувда TURKPA (Parliamentary Assembly of Turkic States) билан ҳамкорликнинг янги истиқболлари муҳокама қилинди. Мазкур ташкилот туркий давлатлар ўртасида парламентлараро алоқалар механизмини шакллантириш, сиёсий қарашларни яқинлаштириш, ахборот алмашиш, туркий маданиятни тарғиб қилиш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида 2008 йил 21 ноябрда Истанбулда Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон ва Қирғизис­тон парламентлари раислари иштирокидаги конференцияда ташкил этилган эди. Маданият ва туризм вазири О.Назарбеков ТУРКСОЙ бош котиби Султонбой Раев билан ҳам учрашув ўтказди. Мулоқотда бош котиб Ўзбекистонда 30 йиллик байрам тадбирларининг юқори савияда ташкил қилинаётганини алоҳида эътироф этиб, миннатдорлик билдирди. Сўнгги йилларда ўзаро маданий алоқалар кўлами кенгайгани, янги ташаб­буслар сони ва сифати ўсгани, бу жараёнда Ўзбекистоннинг иштироки муҳим бўлаётганини таъкидлади.

Президентимиз 2022 йил 11 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишидаги нутқида: “Мен бугун Ўзбекистоннинг туркий маданият халқаро ташкилотига тўлақонли аъзо бўлганини эълон қилишдан мамнунман”, деган эди. Шундан буён ТУРКСОЙ билан ҳамкорликда мамлакатимизда қатор нуфузли халқаро тадбирлар ўтказилди. 2023 йил давомида эса Беруний таваллудининг 1050 йиллиги, Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги, Ғафур Ғулом таваллудининг 120 йиллигига бағишлаб маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш белгиланган.

– Ватанимиздан етишиб чиққан улуғ алломалар, буюк тарихий шахс­ларни дунёга танитиш ёки бизнинг тарихий, илмий, адабий, маърифий, бадиий асарларимизни бошқа тилларга ўгириш ва тарғиб этиш бўйича ҳам қиладиган ишларимиз бор, – деди Озодбек Назарбеков. – ТУРКСОЙ ташкилоти билан асосан Беруний, Бобур, жадид­лар ҳаёти, фаолиятини ёшларга таништириш бўйича қатор лойиҳалар юзасидан келишиб олдик.

Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби К.Омуралиев билан учрашувда ҳамкорликка оид бир қатор масалалар, жумладан, “Табаррук зиёрат” туризм платформаси базасини янада кенгайтиш, туркий тилли мамлакатлардаги зиёрат масканларининг маълумотлари билан интеграция қилиш масалалари муҳокама қилинди. Президентимизнинг “Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил қилинган ушбу платформадан етти тилда 70дан ортиқ маданий мерос объекти ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин.

Озарбайжон Республикаси маданият вазири О.Каримли билан мулоқотда маданият соҳасида икки томонлама алоқаларни янада ривожлантириш, Бокуда “Ўзбекистон маданияти кунлари”ни ташкил этиш билан боғлиқ режалар муҳокама қилинди.

Байрам тадбирлари “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида давом этди. ТУРКСОЙнинг 30 йиллик юбилей тантаналари муносабати билан туркий давлатлар ўртаси маданият ва санъатни кенг тарғиб қилган, мукаммал ижрочилик маҳорати билан туркий давлатларда обрў-эътибор қозонган таниқли маданият ва санъат ходимлари учун таъсис этилган “Олтин медал” мукофоти билан Ўзбекистон маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон ҳалқ артисти Шерали Жўраев, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Ўзбек миллий академик драма театри директори Ёдгор Саъдиев, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ҳамда марҳум, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Бахтиёр Сайфуллаев тақдирланди. Мукофотни ТУРКСОЙ бош котиби С.Раев топширди. Шунингдек, ташкилотнинг “30 йиллик” кўкрак нишони билан бир гуруҳ маданият ва санъат ходимлари ҳам тақдирланди.

– Халқларни яқинлаштириш йўлида олиб борилаётган барча саъй-ҳаракатларни одамлар билиши керак, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид. – Бу йўлда биз – ижодкорлар масъулмиз. Аллақачон халқаро алоқаларимизни кучайтириш тақозо этилаётган эди. Шундай экан, умумий дўстлик қўрғонига ақалли битта ғишт қўя олсак, биз бахтлимиз.

Шундан сўнг ТУРКСОЙга аъзо давлатлар санъаткорлари иштирокида юбилей концерт дастури намойиш этилди. Унда Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғис­тон, Қирғизистон, Туркманистон ва Венгрия давлатларидан 100 нафардан ортиқ таниқли санъаткор ва ижрочилар қатнашди.

Концерт дастури аввалида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ТУРКСОЙ ташкилотининг 30 йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда ўтказилаётган маданият кунлари иштирокчиларига йўллаган байрам табригини Президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.

“Туркий дунёнинг сиёсат, илм-фан, тиббиёт, адабиёт ва санъат соҳаларида улкан ютуқларга эришган намояндаларини рағбатлантириш мақсадида буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот таъсис этилгани маданий ҳаётимизда муҳим воқеа бўлди, – дейи­лади давлат раҳбари табригида. – Бу йил гўзал Навоий шаҳрида бўлиб ўтган ТУРКСОЙ ёзарлар бирлигининг биринчи йиғилиши ҳамда “Мумтоз шеърият” деб номланган халқаро фес­тиваль туркий адабиёт оламида катта акс садо берди. Шунингдек, ташкилот билан ҳамкорликда Гулистон шаҳрида III Халқаро бахшичилик санъати фес­тивали, Тошкент шаҳрида Турк дунёси талабалар халқаро театр фестивали ҳамда Марғилон шаҳрида “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор фестивали юқори савияда ўтказилди”.

Табрикдан сўнг Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев, ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам билан қутлади.

– Бу кунлар aждодларимиз кутган кун! Бу кунлар оналаримиз кутган кун! Бу кунлар жадидларимиз кутган кун! Ва бу кунлар… авлодларимизга мероc кун, – деди С.Раев. – ТУРКСОЙ – бугунги кунда 14та туркий тилда сўзлашувчи давлат ва минтақаларни ўз ичига олган ташкилотдир. Ташкилот асосчиларидан бири бўлган Ўзбекис­тон Республикаси ТУРКСОЙ тузилган кундан буён доимий равишда тадбирларимизни қўллаб-қувватлаб келмоқда.

ТУРКСОЙнинг 30 йиллик юбилейи тантаналари 2023 йилнинг 7-9 июнь кунлари Олмаота, 12-13 июнь кунлари Бишкек шаҳарларида бўлиб ўтган бўлса, 24-25 июнь кунлари Ашхобод шаҳрида давом этиши ҳамда шу йилнинг октябрь ойида Озарбайжон ва Туркия Республикаларида кенг нишонланиши кўзда тутилган.

Фозил Фарҳод,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Ахборот хизмати бўлими бошлиғи.