September 16, 2023

ИЗЛАНИШЛАР ПАЛЛАСИ  

Ўзбекистон миллий тасвирий санъатида ҳайкалтарошлик асарларининг алоҳида ўрни бор. Вазифаси ва мазмунига кўра, ҳайкалтарошлик монументал, безак, дастгоҳ ва майда ҳайкалтарошлик каби турларга бўлинади.

Бугунги кунга келиб ҳайкалтарошлик ёшлар орасида ҳам кенг оммалашган. Бу соҳага қизиқувчилар турли мактаблар ва усталар ёрдамида ҳайкалтарошлик сирларидан воқиф бўладилар. Юртимизда тасвирий санъатнинг бошқа турлари каби ҳайкалтарошлик соҳасида ҳам моҳир мутахассисларни етиштириб берувчи ўқув даргоҳлари орасида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти етакчи. Мазкур олий таълим муассасасининг истеъдодли талабаларидан бири, ёш ҳайкалтарош Маъруф Пардаевнинг ўзига хос ижод намуналари эътиборга молик.

М.Пардаев дастлабки таълимни санъат мактабида олган. Ҳозир Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн инс­титутининг маҳобатли ҳайкалтарошлик таълим йўналишида ўқишни давом эттиряпти. У ижод намуналари билан халқаро ва республика танловларида иштирок этиб, фахрли ўринларга сазовор бўлган. “Камалак юлдузлари” республика кўрик-танловида Гран-при, “Юрт келажаги”, “Ёш ҳунармандлар” республика танловларида биринчи ўрин, Япония, Франция, Бельгия, Хитой ва бошқа давлатлардаги халқаро танловларда ҳам муносиб ўринларни эгаллаган. IX Тошкент халқаро замонавий санъат Биенналесининг “Халқаро тас­вирий ва амалий санъат фестивали”да иштирок этиб, Олтин медаль билан тақдирланган. Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан ташкил этилган “Янги Ўзбекис­тон” боғи “Мус­тақиллик” монументининг бун­ёд этилишида ҳайкалтарош профессор-ўқитув­чилар билан биргаликда ўз ҳиссасини қўшди.

Ёш бўлишига қарамай, М.Пардаев “Шайхназар портрети”, “Ибн Сино”, “Шум бола”, “Лазги”, “Талаба қиз” “Беруний” каби ижод намуналари билан “Илҳом”, “Азамат ва азаматлар” номли шахсий кўргазмаларини ташкил қилган. Юқорида номлари келтирилган асарлари услубнинг ўзига хослиги, қаҳрамонлар тасвирининг табиийлиги билан ажралиб туради. Масалан, “Лазги” асари гипсдан фойдаланиб ишланган. Унда тарихий, миллий рақсларимиздан бири бўлмиш Хоразм лазгисини ижро этаётган йигитнинг хатти-ҳаракатлари, ташқи қиёфаси тасвирланган. Ҳатто рақс ижрочисининг енгил ҳаракат қилаётгани ҳам яққол сезилиб туради.

Таниқли ёзувчи Ғафур Ғуломнинг машҳур “Шум бола” асарида тасвирланган Қоравой образи ёш ҳайкалтарошнинг ижод намуналари орасида ажралиб туради. Маъруф Пардаев мазкур асарда ёш бўлишига қарамай даврнинг ижтимоий қийинчиликларини, синовларини бошдан кечиришга мажбур бўлган, оддий нарсалардан бахт топиб, ўзини хурсанд қилиб юрган болакай образини маҳорат билан тасвирлаган. Дунё ташвишларини елкасига олган, ёшлик ва беғуборликни ҳаёт заҳмати ва синовларига алмаштирган ёш йигитча – Шум бола тасвирланган мазкур композиция кўплаб танлов ва фестивалларда санъат ихлосмандлари томонидан эътироф этилган.

М.Пардаевнинг ижодий иш­лари она Ватанга муҳаббат, тарихий сиймоларга ҳурмат, аждод­лардан ғурурланиш ҳис-­туйғуларига йўғрилган. Ижодкор тарихий қиёфаларни моҳирлик билан яратгани туфайли буюк сиймолар гўё қаршимизда ўтиргандек туюлади.

Ёш ижодкор Маъруф Пардаевга изланиш­ларда собит бўлишини, ҳар бир асарда ҳайкалтарош сифатидаги дастхати ёрқин акс этиб туришини тилаб қоламиз.

Дилафрўз ҚУРБОНОВА