June 15, 2023

ТОЛСТОЙ ПОРТРЕТИ 

Рассом Иван Николаевич Крамской деди:

– Истасангиз, портретингизни чизаман, агар ёқмаса, ўзим ёқиб ташлайман.

– Сизнинг картиналарингизни яхши биламиз, жаноб Крамской, – деди Софья Андреевна. – Портрет бизга, албатта, маъқул бўлади, аммо уни бериб юборишга кўнг­лимиз бўлмаса-чи?

– Портретни галереяга бериш-бермаслик, – деди Крамской, – дейлик, графнинг ихтиёрида, майли, портрет уйингизда тура турсин.

Лев Николаевич кескин рад этди:

– Бундай бўлиши мумкин эмас. Портрет ҳақини жаноб Третьяков тўлайди-ку.

Софья Андреевна чорасини топди:

– Сиз жаноб Третьяковга бизнинг портретдан нусха кўчириб бероласизми?

– Аниқ кўчирмасини, – жавоб берди Крамской, – муаллифнинг ўзи эплолмайди. Менингча, иккита портрет ишланади ва сиз ўзингизга ёққанини оласиз.

– Яхши, – деди Софья Андреевна. – Портрет болаларимизга керак, ҳақини тўлаймиз: икки юз, икки юз эллик сўм берамиз, ўйлайманки, етарли.

Крамской ҳар бир чизган портретига минг сўмдан кам олмасди. Бўёқ, мато, мато тортиладиган ромнинг ўзига беш юз кетади. Аммо у портрет чизишга қатъий аҳд қилганди, кўрдики, Лев Николаевич иш бошлашга чоғлан­япти, демак, ҳозир зудлик билан кетиш керак.

– Мен эртага ишни бошлайман, – деди рассом.

* * *

Чизиш эрта тонгдан бошланди.

Толстой стол ортида, кулранг-мовий яктакда, қайтарма юмшоқ оқ ёқасини очиб ўтирарди. У Крамскойга қизиқсиниб қаради.

– Мен ҳозир, – деди у, – бир рассом ҳақида ёзаяп­ман. Романимда рассом бўлади, уни Павлов ёки Михайлов деб атайман. Римда яшайди, тирикчилиги оғир, кўпдан буён Исонинг суратини чизади... Кўпам билимли эмасу, аммо кўп ўқийди.

Крамской матони бўяр экан, Лев Николаевичнинг сўзларига қулоқ соларди.

– Менга Боткин Михаил Петрович, – давом этди Толс­той, – рассом Иванов ҳақида сўзлаб берганди, унинг юзлаб эскизларини ҳам кўрсатган. Уларни яхши тушундим. Менингча, Иванов нарсалар устидаги пардани олиб ташлагандай туюлди. Ўша пардалар нарсаларни аниқ кўришга халал беради. У пардани олганда нарсага зарар етказмасликка ҳаракат қилади.

– Эҳтимол, ҳар қандай рассом шундай қилар, – жавоб берди Крамской. – Картинада ҳар доим нарса бўлади – натура.

– Портрет, – деди Лев Николаевич, – аммо биз роман ёки суратда ўзимиз ёки бирон танишимизни тасвирлашни хоҳламаймиз, ахир. Бу Соня, хотиним, шундай ўйлайди ва унинг опаси Таня ҳам. Улар қай бири Наташа Ростова, қайсиниси Кити бўлиб қолгани учун жанжаллашишга ҳам шай туришади. Маълумки, Иванов нарсадан нусха кўчирмаган ва Рим яқинидаги табиат манзараларини айнан чизмаган, балки умумий қирраларини топган. Мени ёки Ясная Полянани чизмаган, гарча бусиз Россияни тўлиқ тушуниб бўлмаса-да. Мен олисдаги ўрмонни кўрганимда, ундаги япроқлар яқинимда турган дарахтларники сингари эканини билсам ҳам, бу япроқларни чизмайман.

* * *

Юзлари қизариб Софья Андреевна келиб қолди.

– Хитой олмасини қайнатишди. Бўёғингизни тайёрлаб бўлдингизми?

Портретга қаради-да, шу лаҳза қўшимча қилди:

– Бу портретни, Левочка, ўзимизда қолдирамиз.

– Эртага иккинчисини бошлайман, – деди Иван Николаевич, – катта ўлчамда. Бунисини эса, қуритишга қўямиз. Кейин танлаб оласиз.

* * *

Чизиш давом этарди.

Толстойнинг уйидагилар Иван Ивановичга кўникиб қолишди. Лев Николаевич рассом билан узоқ суҳбатлашди. Крамскойга Лев Николаевич хотиржам ўтиргандай туюлди. Унинг ўзига сурат чизиш қийин бўляпти, нималарнидир ўйлайди, турли хулосалар чиқаради.

Иккинчи катта портрет ҳам, Крамской айтгандай, оёққа турди. Графиня қатъий фикрини айтди:

– Бундан, иккинчисидан яхшисини чизиб бўлмайди.

Крамской яна қайтадан биринчи портретга киришди. Икки асар ҳам кучли чиқди, фақат дастлабки бўёқлар берилган, ҳали тўлиғича якунланмаган бўлса ҳам, ҳайратланарли даражада ўхшатиб чизилган эди.