August 24, 2023

ТИШ КАВЛАГИЧ  

(ҳажвия)

Хўранда бўш косани нари суриб, кекириб қўяркан, стол ўртасида турган қоғозга ўроғлик тишковлагичлардан бир дастасини суғуриб олди. Санаб кўрса, бешта экан. Биттасини жойига қайтариб қўйди – инсоф ҳам керак; учтасини чўнтагига солди – таомилга кирган одат; қолган биттасининг қоғозини йиртиб, олди тишлари ораларини, озиқ тишлари кавакларини овқат қолдиқларидан тозалай бошлади. Илиниб чиққан урвоқ-сурвоқларни ҳайф қилгиси келмагандай, ҳар гал кўз ўнгига келтириб бирров нималигига қараб қўяр, кейин ҳидлар, умиди тамоман узилгач хўрсиниб, чап қўли кафти билан оғзини пана қилганича коса қирғоғига суртиб тозалаб олган тишкавлагични ўнг қўли билан жарроҳона аниқликда оғзига тиқарди.

Тишковлагич ярамай қолди шекилли, уёқ-буёққа қараб олгач, энкайиб, яна стол ўртасидаги тишковлагичлардан бир дастасини суғуриб олди. Санаб ҳўриллатиб, тўққизта чиқди. Қайта санади – тўққизта. Инсоф ҳақида ўйлади. Инсоф аслида ўша, аммо саноқ нисбатида олиб қаралганда, кетадиган жойига кетган эди – биттасини жойига қайтариб қўйди. Таомилни тарк этиб бўлмайди – дўсту ёру қариндош-­уруғлар ўртасида тобора самарали ривожланаётгани хаёлини қилгач, еттита тишкавлагични аввал чўнтагига тиққан бештаси ёнига қўшиб қўйди. Шу чоқ қаёқдандир қўшиқ эшитилиб қолди.

Тома-тома кўл бўлур,

Кўл бўлур, чаман бўлур!

Э-ҳа! Ҳаққост, рост! Катта бизнеслар ҳам шунақа бошланади ўзи! Жами ўн иккита!

– Бўшми?

У чўчиб тушди.

Стол ёнида ўртабўй, кулчаюз, эллик ёшлардаги киши бир қўлида коса, иккинчисида яримта нон билан ундан нажот истаётгандек пайваста қора қошлари остидан қараб турарди.

Хўранда истар-истамас бош ирғаб қўйди. Хаёлидан: “Бўш жой кўп-ку?” деган ўй кечди.

У қарама-қарши томонга ўтирди.

– Ҳа-а, – у лағмонни тортаётиб, қўшиқ эшитилган девордаги телевизор томон боши билан ишора қилиб қўйди: – Эски қўшиқ, ота-боболаримиз айтиб келишган.

– Янги, – хўранда ҳар қандай қўшиқ ёшини қўшиқчига қараб белгиларди. – Ёшгина қиз айтяпти.

– Гаров ўйнаймиз, эски, – ўнг қўлини олдинга чўзиб, чинчалоғини чиқариб қўйди ҳамроҳ. – Аслида, бу ашулачи мен бўлишим керак.

– Қанақасига сиз бўласиз, қўшиқчи қиз бола бўлса?

– Зато қўшиғи эркакча, – ҳамроҳнинг юзи жиддий тортди. – Гаров ўйнаймиз, бу – мен! Ўша Майкл Жексон ҳам Майкл Жексон бўлмаган, Майкл Жексон бош­қа одам бўлган!

– Ие?!

– Ҳа, шунақа, – ҳамроҳ томдан тараша тушгандек тўсатдан гапни буриб: – Ароқ ичасизми? – деб сўраб қолди.

Унинг охирги гапини таклиф ўрнида қабул қилган хўранданинг тунд юзи ёришиб, қалин лаб­лари катта қулоқлари томон тортилди.

– Оз-моз!

– Умар Хайём ҳам шундай деган, – ҳамроҳ таклиф ўрнида бўш пиёлани у томон узатди. – Чойингиздан қолган бўлса, қуйиб юборинг.

Хўранда унинг айтганини қилди.

Ҳамроҳ чойдан ҳўплаб, афтини буриштирди:

– Совуб қопти.

Хўрандага бу гап ҳақоратдек туюлди. Индамади.

– Аммо, – яна ўнг қўлини олдинга чўзиб, чинчалоғини чиқариб қўйди ҳамроҳ. – Гаров ўйнаймиз, Умар Хайём Умар Хайём бўлмаган!

– Э, йўғ-э?!

– Гаров ўйнаймиз, шунақа, – бош ирғади ҳамроҳ. – Аслида, Умар Хайём Умар Хайём эмас, мен Умар Хайём бўлишим керак эди!

Хўранда ақлдан озганига ишонч ҳосил қилиб, ундан юз бурди.

Ҳамроҳ косани бўшатди. Бўш пиёлани яна у томон узатди.

– Яна битта қуйинг!

Хўранда чойнакда қолган чой юқини қоқлаб унинг пиёласига қуйиб берди.

– Сиз бемалол, – деди хўранда омин қилиб ўрнидан тураркан, кетар жафосига яна оламшумул кашфиётни оғзидан пуркади. – Мана, сиз аслида сиз эмас!

– Ие, оғзингизга қараб гапиринг! – хезланди хўранда. – Бўлмаса кимман?

– Гаров ўйнаймиз, сиз эмас, – ўнг қўлини олдинга чўзиб, чинчалоғини чиқариб қўйди ҳамроҳ. – Аслида, сиз мен бўлишим керак!

Шундай деб, у тик турганча кўзбойлоғичлардек кафтини кўндалангига “шув” этказиб узанди ва стол устидаги тишкавлагичларни чанг­юткич каби илиб кетди.

– Яхши ўтиринг!

Бир-икки одим юргач, оғзи очилиб ортидан қараб турган хўрандага ўгирилиб қаради ва яна қайтиб келиб, бир дона тишкавлагични жойига “шип” этказиб ташларкан:

– Инсоф сари барака, – деди катта саховат кўрсатаётгандек. – Сизга керак бўлиб қолса, нариги столга ўтиб юрманг дедим-да!

Хўранда миннатдорлик билдираётгандек ҳолсизгина бош ирғади. Униси димоғида “Тома-тома кўл бўлур, кўл бўлур, чаман бўлур!” қўшиғини хиргойи қилганча, ўзга чаманлар сари йўл олди.

БЎЗБОЛА