ҲАР БИР КУН КЕЛАЖАК УЧУН ПОЙДЕВОР
Ўзбекистон, яъни она-Ватан, она юрт шу маконда истиқомат қилувчи ҳар бир инсон учун энг буюк маъво, энг муқаддас гўшадир. Зеро, она юртнинг номи айтилиши билан шу маконда яшовчи ҳар бир одамнинг вужудига куч-қувват инади, қалбида фахр ҳисси уйғонади. Бугун биз ҳар биримизга ғурур ва ифтихор бағишловчи энг муҳим воқелик – жаҳон харитасида “Ўзбекистон Республикаси” деган янги, мустақил давлат пайдо бўлган қутлуғ куннинг 32 йиллигини нишонлаш арафасида турибмиз.
Куни кеча матбуотда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори бу байрам ҳаммамиз учун нақадар қадрли эканини бизга яна бир бор эслатди. Қарорда айтилганидек, “...ўтган тарихан қисқа вақт давомида элимизнинг фидокорона меҳнати ва қатъияти билан миллий ўзлигимиз, қадимий тарихимиз, бой маданиятимиз, эзгу қадрият ва анъаналаримиз қайта тикланди, давлат ва жамият ҳаётининг туб асослари ўзгариб, мамлакатимиз дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди”.
Дарҳақиқат, ҳамма соҳалар қатори маданий ҳаётимизда ҳам катта ўзгаришлар юз берди.
Мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш деган эзгу ғоя асосида барча соҳада жуда катта амалий ишларга қўл урилди. Хусусан, бебаҳо маданий меросимизни асраб-авайлаш, қадимий ёдгорликларни кенг миқёсда тиклаш, уларни дунё аҳлига танитиш, маданият ва санъат, туризм соҳасини ривожлантириш ҳамда халқаро мезонлар даражасига олиб чиқиш бўйича улкан қадамлар ташланди. Таъбир жоиз бўлса, миллатимиз тақдирида янги, буюк маърифий босқич бошланди. Буни маданият ва санъатимиз ривожи йўлида қилинаётган эзгу саъй-ҳаракатлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Жумладан, мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор Ўзбекистон Республикасининг “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги қонуни, Миллий маданиятни янада ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Шунингдек, соҳа ходимлари мақомини ошириш мақсадида 15 апрель – Маданият ва санъат ходимлари куни этиб белгиланди.
Ўзбекистоннинг кўп йиллик тарихини тиклаш, миллий анъана ва қадриятларни ёш авлодга бус-бутун етказиш мақсадида Ўзбек миллий мақом санъати ва Республика Бахшичилик санъати марказлари ҳамда Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти, ҳудудларда намунавий мақом ва бахшичилик ансамбллари ташкил этилди.
Қолаверса, аҳолига сифатли маданий хизмат кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон давлат филармонияси, Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси, Халқаро фестиваллар дирекцияси фаолияти йўлга қўйилди ҳамда “Баҳор” давлат рақс ансамбли қайта ташкил этилди.
2017 йилгача вазирлик тасарруфида 333та таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб, бу рақам 382тани ташкил этмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида кўзи ожизлар учун янги кутубхоналар қурилиб, замонавий тарзда жиҳозланди.
Соҳани ривожлантириш бўйича эса жуда катта куч ва маблағ сарфланмоқда. Масалан, 2017 йилда маданият ва санъат соҳасига Давлат бюджетидан 122,8 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлса, 2022 йилда 712,9 миллиард сўмдан ортиқ, яъни 5 ярим баравар кўп маблағ йўналтирилди. Жами 144 миллиард сўмлик 33та давлат-хусусий шериклик битими имзоланди.
Амалга оширилган ишларни рақамларда кўрсатиш урфга кирган. Бироқ мазкур рақамлар кўпинча улкан меҳнат ва ёш авлодга яратилаётган имкониятларни бор бўйи билан ифодалай олмайди. Биргина, Марғилон шаҳрида мусиқали мақом театри, Навоий шаҳрида қўғирчоқ театри, Нукус шаҳрида Опера ва Термиз шаҳрида Бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари ташкил қилинганлигини рақамда айтиб ўтилса, унча эътибор тортмаслиги мумкин. Ёки Шаҳрисабз шаҳрида “Мақом музейи” ташкил этилганлиги замирида мусиқий меросимизни асраш ва келажак авлодларга бус-бутун етказишдек эзгу ният ётганлиги ҳам улкан маънавий аҳамиятга эга.
Халқаро мақом санъати анжумани, Халқаро бахшичилик санъати ва Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш яхши анъанага айланди.
Бу бебаҳо санъатимиз, анъана ва қадриятларимизни дунё ҳамжамиятига намойиш этиш, янги истеъдодларни юзага чиқаришга жуда катта замин яратди ва жаҳон миқёсида юксак эътирофга сазовор бўлмоқда.
Шу ўринда битта мисолни айтиб ўтмоқчиман. Шу йил Озарбайжонда муғом санъати бўйича ўтказилган, ўнга яқин давлат вакиллари иштирок этган нуфузли фестивалда Ўзбекистон ўқувчилари барча совринли ўринларни қўлга киритди. Ушбу қувончли хабардан бироз ўтиб, айнан Озарбайжонда ташкил этилган, йигирмадан зиёд давлатдан етмиш нафардан ортиқ санъат вакиллари иштирок этган “Муғом олами” халқаро фестивалида Ўзбекистон вакиласи Гран-при соҳиби бўлди! Икки нафар талабамиз совринли ўринларни қўлга киритди. Биз уларни катта байрам қилиб кутиб олдик. Чунки тарихимизда бунақа натижа бўлмаган.
Булар, шубҳасиз, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган эзгу ишлар ўз меваларини бера бошлагани ифодасидир.
Ушбу йилда амалга оширилган маъмурий ислоҳотлар натижасида Маданият вазирлиги қайта ташкил этилиб, вазирлик ҳузурига Кинематография агентлиги, Миллатлараро муносабатлар қўмитаси ўтказилди. Бунинг натижасида маданият ва санъатимизни ривожлантириш, тарғиб қилиш бўйича ягона мақсад йўлида фаолият олиб бормоқдамиз. Бу борада шу йилнинг ўзида “Улуғ Амир ва донна Мария”, “Баҳодир Ялангтўш”, “Юлдузлар шуъласи: Жомий ва Навоий”, “Абдулла Орипов” ва “Осиё арслони. Казбек” номли тарихий-бадиий ва йирик бюджетли фильмларни суратга олиш ишлари бошланди.
Шу йил май ойида Францияда ўтказилган нуфузли 76-Канн халқаро кинофестивалида Ўзбекистон миллий павильони ташкил этилиб, ўзбек миллий маданияти, санъати ва туризми кенг тарғиб қилинди. Ҳозирда сўнгги йилларда қайта тикланган афсонавий Тошкент халқаро кинофестивалини Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказишга қизғин тайёргарлик олиб борилмоқда.
Ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси бу соҳадаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. Ўтган давр мобайнида ҳамюртларимиз истиқомат қилаётган хорижий давлатларда ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантириш мақсадида уларга ўзбек тилидаги ўттиз мингга яқин бадиий ва ўқув адабиётлари, юзга яқин миллий чолғу асбоблари етказиб берилди. 2016 – 2022 йилларда олтита номоддий маданий мерос объекти ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди. Наврўз ва Палов маданияти ва анъаналари (2016 йил), атлас ва адрас тўқиш (2017 йил), “Хоразм рақси – лазги” (2019 йил), Бахшичилик санъати (2021 йил), Миниатюра санъати (2022 йил) каби номоддий маданий мерос объектлари шулар жумласидандир.
Соҳа ходимлари бугун Президент қароридан руҳланиб Мустақиллигимизнинг 32 йиллигини муносиб кутиб олиш борасида саъй-ҳаракатларни бошлаб юборганлар. Айни кунларда Президентимиз қарорида айтилган “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган шиор остида аҳоли ўртасида Мустақиллик байрамига бағишланган маданий тадбирлар ўтказиш ишлари бошлаб юборилди. Бунда соҳа фидойилари, тажрибали мутахассислар билан бирга, истеъдодли ёш ижрочилар ҳам кенг иштирок этишларига алоҳида эътибор берилмоқда. Асосий мақсадимиз Президентимиз томонидан ўртага ташланган “Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак учун пойдевор” деган ҳаётий шиорнинг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш ва бунинг асл моҳияти нима эканини тушунтириш.
Асосий вазифамиз эса, Мустақиллигимизнинг 32 йиллигига бағишлаб пойтахтимизда ўтказиладиган театрлаштирилган концерт-томоша дастурини юксак ғоявий-бадиий савияда тайёрлашдир. Энг улуғ ва азиз байрамимизни кўтаринки руҳда, юксак савияда ўтказиш учун бор куч-ғайратимиз ва имкониятимизни сафарбар этамиз.