СЎЗИ ТИЛЛА ШОИР
Бу ривоятни менга болалик пайтимда марҳум отам фақир Пирназар айтиб берган эди.
Унинг айтишига қараганда, Махтумқулининг онаси жуда хушрўй, латофатли, кайвони аёл бўлган эмиш. У ўрта ёшларида эридан есир бўлиб, “етим каби йиғлаб, улоқ каби манграб...” қолган эмиш. Шу ҳолидаям у дунёга Махтумқулидай шоирни ҳадя қилган, уни камолга етказган. “Борнинг иши фармон билан, йўқнинг иши армон билан” деганларидай, шунга ўхшаш мақолларни, болаларининг кийим-кўнчикларини, йиртиқ-ямоғини тўғрилаб ўтириб, сирниғиб, қўли тинмасдан меҳнат қилар экан.
– Отанг фақир дунёдан ўтганидан бери дўсту душманга, камбағалликка ҳам таъаба (тобеъ) бўлдик, яшашимиз бир нави, уйимизнинг сийқи манов, эшикдан кирган қарға тўрдан чиқиб кетади...
Шунда Махтумқули ҳам ёш йигитлигига қарамай, худди катта бир одамни кичрайтириб қўйгандай, онасига таскин-тасалли бераркан:
– “Камтарликда, камликда камол бор” дейишади, она...
Шу айтилганидай, улар узикининг йиртиқларидан юлдуз кўриниб турадиган, эрганаклари анчоқ-санчоқ сочилиб қолган эски ўтовда яшаркан. Ана ўша эски ўтовнинг туйнуги-ю, чий эшиги довулли кунларда очилиб-ёпилиб, худди биров кириб, биров чиқаётгандай овоз бериб тураркан. Махтумқулининг онаси эрта тонгдан туриб, сигир-бузоққа қараб, сув бериш, ем бериш билан машғул бўларкан. Ана, “Махтумқулининг онаси каби, ҳеч тинчиб, дам олиб ўтирмайди” деган гап ҳам ўша пайтларда чиққан бўлса, ажаб эмас. Фарзандларим деб югуриб-елиб юрган одамнинг изига эса яхши гап ҳам, сип-синг (миш-миш) гап эргашади-да...
Бир куни Махтумқули онасининг ёлғизликда ўтин териб узоқроққа кетиб қолганини кўрибди-да, “ёрдам-пордам керак бўлиб қолармикан, мададим тегсин-да”, деган ният билан унинг изидан борибди. Борса, онаси эски хароба томнинг ичига кириб кўздан ғойиб бўлибди. “Нима бўлсаям, онам чиққунича кутайин”, деб бир эрмани жинғил оғочининг ёнида ётиб кута бошлабди. Бироздан сўнг хароба уйнинг эски томидан гангур-гунгир овозлар эшитилибди. Махтумқули: “Қадимгилар бундай эски томларда ғойиб-эранлар йиғилади, деб айтгувчи эди, булар шу ғойиб-эранлар бўлса керак-ов”, деб пойлаб ётаверибди. Бир пайт тонг ёришиб, атроф-жавониб нур-фаровон бўлиб қолган бир пайтда ғойиб-эранларнинг сардори Махтумқулининг онасига:
– Сиз сиртда қолган болангизни чақириб келсангиз яхши бўлар эди, унга бир нафас қилиб, фотиҳа берайлик, сўнг бизлар бу ерлардан кўтариламиз, – дебди.
– Тақсири олам, фарзандим уйда қолган эди, бу ерда йўқ ҳозир, уйда ухлаб ётибди, – деса, ғойиб-эранлар сардори:
– Йўқ, сиз ҳозир ташқарига чиқиб, анов бир эрмани жинғилнинг остида ўтирган болангизни бошлаб келинг. У сизнинг изингиз билан шу ергача келди, сиз кўрмасангиз ҳам, биз барини биламиз. Биз барини кўриб ўтирибмиз, уни чақиринг! – дебди.
Айтганидай, она ташқарига чиқиб қараса, боласи полапондай бўлиб қунишиб, кўзида ёш айланиб, мунғайиб ўтирган эмиш. Шу ерда она ҳаялламасдан боласининг қўлидан тутиб, еталаб, хароба эски томда роҳатланиб ўтирган эранларнинг ҳузурига эргаштириб келибди.
– Ассалому алайкум! – деб кириб келган Махтумқули том ичида ғир-теварак бўлиб давра қурган, халқа ичида роҳатланиб ўтирган қирқ эран-ғойибни кўрибди.
– Ваалайкум ассалом! Кел, болам, кел! – дебди унга қирқ эранга раҳбарлик қилиб ўтирган оқ соқолли киши. – Ма, манови майни ичиб юбор, бу бизлардан сенга сарқит бўлсин!
Шундай деб қария Махтумқулига бир заранг-аёқ узатибди. Заранг-аёқни қўшқўллаб олиб симирган Махтумқули шу ерда беҳуш бўлиб йиқилибди. Қирқ эраннинг сардори Махтумқулининг онасига қараб:
– Эй ожиза! Сен бизларга кўп ихлослар қўйиб, ўғлингнинг бахти учун ҳам кўп хизматлар қилдинг. Модомики боланг изингдан эргашиб келган экан, энди унга бир нафас урсак деб турибман. Қани, ўзинг айт, болангнинг манглайига берайликми, танглайига берайликми? – дебди.
– Манглай-иқболига берган билан, кўп бўлса ё бой-бадавлат бўлар, ё эса амалдор бўлар. Бойлик тўпланган ерга ҳалол ҳам, ҳаром ҳам, амалдорнинг ёнига адолатсизлик ҳам, шариатсизлик ҳам уюр бўлиб келаверади. Ундан кўра, не-да бўлса ҳам, боламнинг танглайига бера қолинглар! – деб ўтинибди.
Шунда қирқ эран қўлини ёйиб, оқ соқолли қария шундай деб дуо қилибди:
– Ундай бўлса болангнинг танглайи тилладан бўлсин, умри бўйи халқи учун тилидан дурри маржон сочиб ўтсин! – деб болага қараб “суф-ф”лаб, қирқ эран “овмин!” деб дуо қилиб, қирқи қирқ кабутарга айланиб, дуриллаб осмону фалакка учиб кетибди. Шуйтиб эссиз-ҳушсиз бўлиб йиқилиб ётган боласини онаизори орқалаб уйига қайтиб келибди... шу ётишдан уч кунлаб ўзига келмаган бола “кабутарлар учиб кетди... қирқ чилтан ғойиб-эранлар бизга нафас урмоқчи...” деб сўзланиб ётган ерида уйғониб кетиб, шу кундан бошлаб шоирликнинг равон йўлига тушиб, сўз айтиб, ҳар бир сўзи нақл-мақолга, нақд олтинга айланиб кетадиган бўлибди.
Бурунги замонларда тўй-маъракаларда қариялар дастур бўйича бахшини достонга солишдан аввал бир қур Махтумқулининг шеърларидан айттирадиган бўлишган. Шунда агар бахши Махтумқулининг қўшиқларини бузиб, янглиш қилиб айтса ё чала қилиб куйласа, қариялар: “Махтумқулининг сўзи тилла, буниси бўлди атала” деб, гап қилиб тарқашар экан. Сўнг-сўнг бу гаплар эзгу ишни бошлаб, изини чала қилиб кетадиган чалагўйларга ҳам айтиладиган бўлибди...