СУРХОН ЭЛИДАЙ БАҒРИКЕНГ ШОИР
Замонавий ўзбек шеъриятида ўз сўзига эга, ўзга бир оламни такрорламайдиган шоирлардан бири, шубҳасиз, Шафоат Раҳматулло Термизийдир. Тангри бандаларини яратаётганда, балки шоирнинг зуваласига унинг киндик қони томган тупроқдан бир-икки чимдим зиёд қўшар. Чунки шоирга у туғилиб ўсган тупроқ меҳри, саховати шу заминда яшайдиган одамларнинг табиати шундоқ кўчиб ўтади. Шоирни ўз диёрининг тирик тимсоли дейсиз. Шу маънода Шафоат Раҳматулло Термизий ижоди ҳам ўзбек адабиётида том маънода Сурхон овози бўлиб янгради.
Шоирнинг ўзи шундай ҳикоя қилган эди: “Оиламизда бахшиликка қизиқиш зўр эди. Раҳматли катта акам Бобоқул Раҳматулло ўғли ҳам ўсмирлик чоғлари бахшилик қилиб, дўмбирани маромига етказиб катта маҳорат билан чаларди… Кичик акам Чоршанби бахши Раҳматулло ўғли ҳам муштдайлигидан терма қўшиқ тўқиб дўмбирадан ажралмай қолган эди…
…Менинг шеъриятга, сўз сеҳрига қизиқишимга мана шундай оила муҳити сабаб бўлган бўлса керак, ҳойнаҳой. Айтиш мумкинки, дўмбира менинг илк устозим…”.
Ҳа, у ҳам бахши каби мисралари қуюлиб келаверадиган, гулдураб-гулдураб айтадиган, қалами дўмбира, дўмбираси қалам шоир эди. У қуёш меҳрига тўйинган қайноқ Сурхон заминини, бу заминнинг жануб қуёшидай ҳароратли одамларни беҳад севарди.
1981 йили нашрдан чиққан илк китобини шоир бежиз “Жануб шамоли” деб номламаган. У шамолдек шоир эди. Шамол олиб кирар эди бўғилган давраларга. Шеър ўқиётганда кўзларида, юзларида, оҳангларида бир нималар шамолдек эсарди.
Унинг ижоди билан яқиндан танишар экансиз, ўзбекнинг ўзига хос бахшичилик оҳанглари-ю бир-биридан гўзал қочиримлари ҳайратга солади:
Оқ ўтовдан отилиб, сўлқиллаб чиқсанг сен қиз,
От бошини бурганман, баҳона ичмоқ қимиз.
Ибо билан ўтовга бошладинг юзи қирмиз,
То қимиз симиргунча қозонда қилдинг “жиз-биз”.
Кетай десам қўймадинг янгам бўлиб ўпкалаб,
Кайвони момом бўлиб, улайвердинг гапга-гап.
Оқсоқол бобом бўлиб, дединг “болам кепсан зап”,
Сулув қиз кўзларинг-ла қўйдинг ҳар дам эркалаб.
Эй, менинг меҳрибоним – ўзбегим, онажоним,
Меҳрингга тортиқ десанг, бераман мана, жоним.
Бу каби халқчил мисралар бугун ўзбек адабиётининг ноёб дурдоналари, десак муболаға бўлмас.
Шафоат Раҳматулло Термизийнинг юқоридаги мисралари “Ўзбегим, онажоним” қасидасидан. Ошиқ йигитнинг бир қизга самимий муҳаббати-ю ўзбек халқининг нечоғли меҳмондўстлиги, келин қизларнинг пазандалиги, момоларимиз-у боболаримизнинг қайноқ тафти, оқибатлилиги, соддалиги, энг муҳими, Сурхонга хос қадриятлар ушбу шеърга кўчиб ўтиб қолгандек. Шеърдаги оҳанг ҳам ўзига хос. Шоирнинг яна бир шеърида Ислом оламида Сурхон элидан етишиб чиққан олти номдор муҳаддис имомлардан бири Имом Термизий ҳазратларига муножот қилинади. Унда шундай мисралар бор:
Меросни топташ ҳам маданиятми,
Аждодни топташ ҳам маънавиятми,
Ёлғонни мақташ ҳам айнул ҳаётми?
Мен изга қайтаман – ўзга қайтаман,
Ё, Имом Термизий, сизга қайтаман.
Шеърда бир миллатнинг бошидан кечирганлари, ўтган асрнинг зулматли кунлари, ўз тарихий сиймоларини сохталаштириш, тарихий обидалари-ю муқаддас қадамжоларидан омборхона сифатида фойдаланиш каби яқин ўтмишнинг аччиқ ҳақиқатлари маҳоратли тарзда мужассамлаштирилган. Шоир шеърларида гоҳ Ватанни, гоҳда табиатни, ҳақни, ҳақиқатни куйлар экан, ижод аҳли хусусида ҳам шундай мисралар битади:
Шоир ўтди, кунлари йўқ, шомлари йўқ,
Ҳақдан бўлак камлари йўқ, комлари йўқ,
Ишқдан бўлак ғамлари йўқ, жомлари йўқ,
Сўздан бўлак шонлари йўқ, номлари йўқ.
Йўқ-йўқ, йўқлик Шафоатга доир ўтди,
О, ўтди-я, бу оламдан шоир ўтди.
Ижод аҳли борки, сўз билан тирик. У ичидаги ҳиссиётлари, кечинмалари, оғриқлари ва бахтли масрур кунларини сўзлар орқали ифода этади. Шоир бевосита шеърда сўзнинг нақадар қудратли эканини ва бу қудрат ҳақиқат йўлида бўлса, умрбоқий ижод маҳсуллари адабиёт аталмиш боғда хазон бўлмаслигини чиройли мисоллар воситасида ифодалайди. Шоир ижодидан бундай бир-биридан гўзал мисраларни кўплаб келтириш мумкин, унинг Ватан ҳақидаги гўзал қасидалари халқ орасида қўшиққа айланиб кетган.