ҲУРРИЯТ БЕРИЛМАС, ОЛИНУР
...Мактаб болаларнинг иккинчи бешикларидур.
...Шул сабабли болаларга аввалги бешикдан кўра, иккинчи бешик бўлган – мактаб яхшироқ ва фойдалироқдур. Аввалғи бешикда сут ва таом беруб боққан ота ва она қандай дўст ва азиз бўлсалар, иккинчи бешикда илм ва одоб ўргатуб, тарбия қилған муаллим ва халфалар ондин ортуғроқ дўст ва азиздурлар.
Закот бермоқ бўлғон ҳолда бир бой закот бермаса, ҳеч кимнинг иши йўқ, аммо ўғлини уйлантириб, базм бермаса, авомлар ўртасида маломатга мустаҳиқ бўлур.
Аммо бизнинг вилоятимизда нафси-нафси наволари тараннум этилмакдадир. Ҳаммада изҳори ҳаққоният, бизларда исрори нафсоният, ҳаммада ғайрат ва ҳамият зуҳури, бизларда ихтилоф ва ғафлат ҳузури.
Подшоҳ ва хонларимиз бўлса, миллатға қилғон хизматлари танҳо хотун олмоқ ва кучук уруштирмоқ ва беғайрат ва ҳаққоният диндор кишиларни бадарға қилмоқ ва тутуб ўлдирмоқ бўлди. Миллат нима, шариат нима, билмадилар ва қарамадилар. Шунинг учун миллат деворини раҳналари тобора зиёда бўлди.
Ҳар миллат ўз саодат ҳол ва истиқболини муҳофазатиға биринчи восита илм ўлмакиға қаноат ҳосил қилиб, илм ва маорифға ортиқ даражада қўшиш қилган бу замонда бизлар бу ғафлат ва жаҳолатимизда давом этсак, истиқболимиз ниҳоятда хавфлик ўлуб ҳамма оламга масхара ва кулгу ўлмоғимизда ҳеч шубҳа йўқдир.
Бу жаҳолат натижасидурки, ўзимиз ерлик мусулмонлардан ўлдиғимиз ҳолда мусофир рус ва яҳудийлар эшигида мардикор ва хизматчи ўлдук. Бу жаҳолат хоҳишидурки, миллат фойдаси учун жонин қурбон қилмоққа лойиқ арслон каби йигитларимиз бутун миллатни ёдларидин чиқориб, истеъдод ва ғайратларини чойхона ва пивахоналарға сарф этмакдадурлар.
Ҳолбуки, тиётрнинг асл маъноси ибратхона ёки улуғлар мактаби, деган сўздур. Тиётр саҳнаси ҳар тарафи ойнабанд қилинғон бир уйға ўхшайдурки, унга ҳар ким кирса, ўзининг ҳусн ва қабиҳини, айб ва нуқсонини кўруб ибрат олур. Ва бу саҳнада кўзига ёмон кўрунган паст одатлардин ва бузуқ ахлоқлардин узр қилмоқға ҳаракат қилур.
На учун ўз тилимизда тиётрлар ясаб, орамизда бўлғон бузуқ одатларни йўқ қилмоқға ҳаракат қилмаймиз? На учун Туркистонда биргина бўлғон жамиятимизни ва фақирликдин инқирозга юз тутган мактаб ва маорифимизни ободлиғига саъй ва қўшиш қилмаймиз?
Бизим Туркистон мамлакати туфроғ, сув ва ҳаво жиҳатидин энг бой мамлакатлардин бўла туруб, на учун ўзумиз бундан фойдалана олмаймиз?
Бутун дунёдаги ҳурриятчилар орасида бир сўз бор: “Ҳуррият берилмас, олинур. Ҳеч нарса ила олуб бўлмас, фақат қон ва қурбон илагина олуб бўлур”. Мана бу жумлалар ҳақиқатга шул қадар мувофиқдурки, ҳазрати Одамдан шул вақтгача ҳеч бир давлат ва мамлакатда ҳурриятнинг берилгани, қон ва қурбонсиз берилгани тарихларда кўрилмайдур.
Аммо Туркистон, туркий халқларнинг бахтсизлигига кўра, эски рус ҳукуматлари томонидан забт этилди ва халқнинг маданий-маърифий масалалари ўзга қолипга солинди. Эски рус ҳукумати маҳаллий халқларни руслаштириш мақсадини таъқиб этгани боис маданият-маърифат излари Туркистон тупроғидан тамом йўқолди.
Туркистоннинг порлоқ келгуси, балки ҳаёти ва қўрқинчли қоронғиликдан қутулиши фақат маорифгагина боғлиқдир. Туркистон халқи маориф ва маънавият нарвонининг биринчи поясига эндигина қадам босди.
Маориф ва маданият йўлида ҳали бизнинг тилимизга олинмаган, балки хаёлимизга ҳам келмаган буюк хизматлар ва ечилмаган масалалар бор – фанний ва илмий тадқиқот ва мубоҳасалар бир томонда турсин, ибтидоий мактабларни бир йўлга қўйиш учун ҳам керакли чораларни ҳануз топа олганимиз йўқ. Тил ва адабиёт масаласида эса, ҳалигача унинг бошлағичи бўлган ёзув ва имло тўғрисида асосли бир йўл тополмасдан, турлимиз турли томонга тортишиб, кўзланган мақсаддан чеккага чиқиб кетдик.
Бугунгача Оврупо халқи осмонға учар экан, бизда соч ва соқол низолари, овруполилар денгиз остида сузар экан, бизда узун ва қисқа кийим жанжаллари, Оврупо шаҳарлари бутун электрик билан иситилур ва ёритилур экан, бизда мактабларда жўғрофия ва табиёт ўқитиш, ўқитмаслик ихтилофлари... давом этади.
Октябрь ўзгаришига жадидлар раҳбарлик қилди, дейиш ҳам, Октябрни улар яхши қарши олди, дейиш ҳам хато гап.
Жадид мактаби очишимизга сиёсий ва маданий курашчилар тайёрлаш баҳоси берулмаганига таассуб билдира олмай ўта олмайман. Бу ерда шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, ўша вақтдаги жадид мактабини битириб чиққан баъзи йигитларимиз ҳозир масъул ўринларда туради. Жадидлар чор ҳукуматини йиқитиб, Туркия ёки Польшага ўхшаш бойлар ҳукумати ташкил қилади, деган назариялар ҳам йўқ эмас эди.