September 22, 2023

АДИБ ПОРТРЕТИ  

Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейининг юқори қаватидаги экспозиция кўргазмали ашёларга бой. Бу ерга кирган томошабиннинг назари дастлаб ижодкорларнинг рангтасвирда ишланган портретига тушади. Сўнгра уларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги маълумотни ўқийди, ижодкорнинг витринага қўйилган китоблари, қўлёзмалари ва шахсий буюмлари билан танишиб чиқади. Жумладан, таниқли жамоат арбоби ва ёзувчи Сарвар Азимов ижоди билан ҳам шу ерда танишиш мумкин.

Рассом Николай Бас­ка­ков чизган С.Ази­мовнинг рангтас­вир­даги портретида унинг сиймоси композиция­нинг олд планида гав­далантирилган. Эгнида жигарранг тугмали оқиш кос­тюм, оқ кўйлак ва бўйнида сиёҳ­ранг, доирасимон нақшли галстук. Қаҳрамонининг ўктам чеҳрасидаги ним табассумли нигоҳи олисга қараган. У қўлларида бир даста газетани ушлаб турибди. Ўтган асрда кўпчилик газетхонлар ҳар куни эрталаб матбуот дўконларидан газета ва журналларни харид қилиб, нонушта вақтида уларни варақлаб, кунларини қизиқарли ахборот ва мақолалар мутолаасидан бошлаши одат бўлган.

Тасвирда қуёш нурлари тепадан пастга, чап тарафдан тушяпти. Пиёдалар йўлкасига сув сепилгани туфайли пастда, чап томонда асфальт юзасида пайдо бўлган кўлобда дарахт ва гулларнинг акси кўринади. Нур ва соя чапдан ўнгга йўналтирилган. Рассом С.Азимовнинг юз чизгиларини катта маҳорат билан ифодалаган. Нигоҳи, юз ифодаси, мимикаси, садафдек тишлари, ияк ва бўйни жонли тасвирланган. Кийим-бошининг бурмалари ҳам ғоят табиий чиққан. Ижодкор мазкур портретда Навоий кўчасида жойлашган Ҳамза номидаги драма театри (ҳозирги Ўзбек миллий академик театри) рўпарасида, хиёбон йўлкасида турган ҳолатда тасвирланган. Унинг ортида, Тошкентнинг қадимий кўча­ла­ри­дан бири – Навоий шоҳ­кўчасини пиёдалар йўла­ги­дан ажратиб ту­­рувчи, қизил рангдаги тўртбурчак шаклидаги темир панжара, ўсимлик, гуллар ва чап томонида ёш чинор дарахти тасвир­ланган. Кўчани оқ ва оч яшил рангли иккита “Волга” ҳамда қора “Чайка” автоуловлари эгаллаб турибди. Театр биноси олдига олиб чиқувчи зинапояларда юқори ва қуйига қараб ранг-баранг либосдаги бир неча киши қадам ташлаб ҳаракатланмоқда. Бинонинг олд кўриниши (экстерьери) ўзбек миллий меъморлик анъаналарида кўп қўлланадиган гириҳ услубида безатилган. Мазкур рангтасвир манзара томошабинга Навоий кўчасининг ўтмишдаги тарихий кўринишини эслатади. Шу билан бирга, бу ҳолат академик театримизнинг пойтахтимиз маданий ҳаётида нечоғли муҳим ўринга эгалигидан далолатдир.

С.Азимов ойнаи жаҳондаги кўрсатувлардан бирида ёнидаги чет эллик меҳмонга: “Биз, ўзбеклар, дўстликнинг қадрига етадиган халқмиз!”, деган эди. Бу сўзлар ҳамон ёдимда. Мазкур маънавий қадрият ва тамо­йил­ни адиб серқирра ижодида ҳамда фаолияти мобайнида ҳаётга тадбиқ этди. Унинг тимсолида ХХ асрда тарих саҳнида, ижтимоий-сиёсий ва адабий жараёнларда тарбияси, салоҳияти, истеъдоди, билими, меҳнати туфайли ўзидан кейин ўчмас из қолдирган улуғ бир сиймони кўрамиз.

Бахтиёр ТОИРОВ,

Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи илмий ходими