June 8, 2023

КАФТИМДА ОЧИЛГАН ЛАҲЗАЛАР

Муҳаммадамин ҲОЖАКБАРОВ

* * *

Афсун ўқир қулоқларимга

Тошлоқ йўллар ва тор сўқмоқлар.

Юрагимдан тўкилар ерга,

Қизғиш тусга кирган япроқлар.

Увиллайди кузнинг шамоли,

Дил қоришиб кетар найларга.

Сукунатнинг сокин хаёли

Бошлаб кетар аллақайларга.

Йўл юраман, оёқларимга

Ботиб кетар тақдир тошлари.

Томоғимни куйдириб ташлар,

Йиғлаётган кузнинг ёшлари.

Қулоғимга афсун ўқиган

Тошлоқ йўллар чекади андуҳ.

Ҳижроннинг тор сўқмоқларида

Сарсон бўлар девонаваш руҳ.

Юрагимдек ерга тўшалган

Япроқларнинг ўчади ранги.

Дил деган най чилпарчин синган,

Энди унинг чиқмас жаранги...

* * *

Кафтимда лаҳзалар очади куртак,

Кафтимга ўрнашиб олади осмон.

Қип-қизил анорга айланар юрак,

Чалажон ҳисларга кира бошлар жон.

Қулоқларим қўмсар сукут шивирин,

Илинжим сиғмас вақт ҳовучларига.

Йўлини йўқотган ёмғирранг ҳислар

Қоришиб кетарлар товушларимга.

Кафтимда очилган лаҳзалар – яшил,

Кафтимга эврилган осмонлар мовий.

Ичимнинг ичида синади чил-чил,

Бир ҳазин мусиқа, бир ҳис – самовий...

Қип-қизил анорга айланар юрак,

Сочилиб кетади, бўлади вайрон.

Руҳимда бўронлар, чақмоқ, гулдурак,

Кўзларим тубида кимдир берар жон.

Чалажон ҳисларим кетади гуллаб,

Очилар кўксимда занглаган қафас,

Лабимга мавҳумлик аста босар лаб,

Қоронғи, сукунат, кесилар нафас.

Кафтимда лаҳзалар очади куртак,

Кафтимдан ўзлигин излар нигоҳлар,

Ўйларим уфқида учирар варрак,

Ўзлигин топмаган хокисор оҳлар.

Манзара

Тилкаланар самонинг бағри,

Унга шамол санчади пичоқ.

Булутларнинг келади қаҳри,

Исён қилар момақалдироқ.

Бирдан қонаб кетади замин,

Ва қайдандир келади садо:

"Кўзингни юм, Муҳаммадамин,

Кўзингни юм, яқиндир видо".

Қулоқларим қоматга келиб,

Аста юма бошлайман кўзни.

Руҳимга оқ байроқлар илиб,

Кўзларимга кўмаман Сўзни!

***

Илинжимни эски деворга осдим,

Сўнгра оқдим туннинг оҳангларида.

Шаффоф лаҳзаларнинг сувратин чиздим,

Ҳеч ким илғамаган ишқ рангларида.

Қўлимда мўйқалам, турфа хил ранглар,

Рангини топмаган рангсиз рўёлар.

Қулоғим остида тинмай жаранглар,

Исёнга бўялган мунгли нидолар...

Чиздим оҳангида оқиб тунларнинг,

Энг тоза рангларга бўлдим рўбарў.

Рангига чулғониб кетдим куйларнинг,

Қалбимдан тўкилди тавба-тазарру.

Кўнгил

Дил синган қадаҳдир – қуёлмайсан май,

Бус-бутун қилишга етмас қудратинг.

Кўнгил бер! – дегайсан, ўзингга тинмай,

Бунга йўл қўймайди сенинг фитратинг...

Қўлларинг муаллақ турар ҳавода,

Кўзингда сузади фироқ кемаси.

Ёлғонга кўмилган бу паст дунёда,

Сен ва мен энг тоза ишқнинг меваси.

Дил синган қадаҳдир, уни синдирган

Инсонлар фироққа ошнодир бугун.

Уларнинг кўнглини ҳаёт синдирган,

Уларнинг қисмати ечилмас тугун.

Шунинг-чун, ироданг етмаса агар,

Кўнглимга зеб берма, кўнглингни берма.

Кўнглингда муҳаббат бўлмаса агар,

Ортингга қайтиб кет, кўнглимга кирма.

Дил синган қадаҳдир – қуёлмайсан май,

Бус-бутун қилишга етмас қудратинг.

Кўнгил бер! – дегайсан ўзингга тинмай,

Бунга йўл қўймайди сенинг фитратинг.

Қайғурма

Қайғурма, йиғлама, олма хавотир,

Бекордан бекорга солаверма дод.

Қайғурсанг, юрагинг зўриқар ахир,

Йиғласанг, шўр бўлиб кетади ҳаёт.

Қайғурма, сокин бўл, олма хавотир,

Тузукман, дарднинг ҳам етмади кучи.

Юрагим ҳали ҳам тез ураётир,

Ҳали ҳам қайғуга тўладир ичим.

Қўлимда қувват йўқ, ана қалам ҳам,

Мени кутавериб кўкариб кетди.

Умримнинг алвонранг қуёши эса,

Мовий кўзларингнинг тубига етди.

Шунингчун қайғурма, йиғлама, гулим,

Хавотир ҳам олма, фироқ ҳам чекма.

Кўзларинг тубига кўмилган умрим,

Ҳуда-беҳудага кўз ёшинг тўкма.

Муҳаммадамин ҲОЖАКБАРОВ