“ИШҚ УЛАШГИМ КЕЛАР...”
Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова серқирра истеъдод соҳиби эди. Унинг назмий, насрий ва драматик, публицистик асарлари, таржималари, замонавий эртаклари адабиёт ва маънавиятимиз хазинасини бойитди. Шоира маданий мерос ва миллий қадриятлар билимдони, жонкуяр тарғиботчиси эди.
Унинг она юрт ва она ҳақидаги шеърларида тилнинг бойлиги, қудрати, сержило қатламлари намоён бўлади. Фахр тўла сокин шеърларида ҳам ички ғалаён мужассам:
Ватан қучоғида ҳурман, эркаман,
Муқаддас байроғин дилга тикканман,
Жонимни бераман фақат эркка ман,
Омон бўл, яша, деб абадул-абад,
Ватан, сенинг учун қилгум ибодат.
Адабиёт ҳамма даврларда ҳам миллат тарихи, инсон руҳияти, миллий ўзлигини акс эттирувчи кўзгу сифатида муҳим аҳамият касб этади. Сирли, бетакрор хилқат – инсоннинг энг олий эзгу мақсади Ватанга садоқатдир. Энахон Сиддиқованинг она юрт ҳақидаги ёниқ шеърларида меҳр ва садоқат, тафаккур ва ҳайрат уйғунлашади. У Ватаннинг тарихи, ўтмишдаги ёруғ дардлари, буюк қудрати, замондошларининг қувончу ташвишлари, ёш авлоднинг истиқболи хусусида тўлқинланиб ёзади. Шеър ва достонларида аёл қалбининг нозик кечинмаларига умумлаштирувчи фикр бера олади. Шеърларидаги ўтли туғён, ҳикмат ва ҳайрат китобхонни бефарқ қолдирмайди. Ватанга меҳр ва садоқат – инсон кўнглининг осмони. Шоиранинг нафис туйғулари фикр уммонида мавжланиб, асов тўлқинга айланганида тасвир ҳам шиддатли тус олади:
Ҳаёт – қўлингдаги бир қултум болу
Ичмоқлик қисматдир дарду қувончин,
Умр – ўз қалбингга сафар дегани.
Атоқли шоира Энахон Сиддиқованинг “Жаҳоний зафар” шеъри Токио олимпиадасида Ўзбекистон байроғини юксакларга кўтарган Баҳодир Жалоловга бағишланган. Лекин бу оддий бағишлов эмас. Она юрагидан, қалби қаъридан отилиб чиққан ўтли нидо бу:
Отингдан ўргулай, мардим, шунқорим,
Онанг оқ сутини оқладинг охир.
Тоғлардан ҳам юксак бўлди виқорим,
Алпим, алпомишим, Баҳодир ботир!
Шоира қандай мавзуни ёритмасин, маънавий юксакликни орзу қилади. Зеро, жамиятда бахт-саодат, фаровонлик, бунёдкорликни таъминлашга, қўллаб-қувватлашга қаратилган сўз ижтимоий тараққиёт моҳиятини очиб беради, ижтимоий тараққиёт эса маънавий юксалиш асосида вужудга келади. Дунё доимо ўзгаришда, унда қотиб қолган ҳеч нарса йўқ. Э.Сиддиқова қаҳрамон изланиш-интилишларидаги ўсиш-ўзгаришни мантиқий изчиллик билан бадиий ифодалайди:
Баҳодир отингдан айлансин, онанг,
Ватан шарафини кўтардинг, болам.
Мўлтираб турибди муштинг зарбидан,
Ўзбекка нописанд боққан бу олам.
Курашда, меҳнатда ижтимоий ва шахсий фаолиятда биринчи бўлиш катта истеъдод, қобилият, жасорат талаб қилади. Шоиранинг “Китоб дўконида”, “Қўлингизда китоб бўлсин”, “Набирам Акбаржонга” номли ҳамда “Ёқинг!” деб бошланувчи шеърларида маънавий гўзаллик, ғоявий етукликнинг туғилиши, равнақ топиши, улуғ мақсадларга бўйсундирилишида китобнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс эканлиги таъкидланади.
Битмас-туганмас илҳом манбаи бўлмиш халқ оғзаки ижоди Энахон Сиддиқова ижодига ўзгача сеҳр ва шукуҳ бахш этади. Зеро, фольклор ижодкор онгини, тасаввурини қўзғовчи, унга туртки берувчи бой ассоциациялар туғдирадиган, воқеликни ўзининг рангин бўёқларида бера олган хазинадир. Бу хазина жавоҳирлари шоир истеъдоди оловида тобланиб, унинг кундалик воқеалардан характерли умумлашмалар яратишига омил бўлади, баъзан мураккаб таассуротлар туғдиради, китобхонни мулоҳазага ундайди. Энахон опа миллатнинг чин эна қизи эди, элнинг қалбидаги дардларини, тилга кўчмас изтиробларини нигоҳларидан сезиб оларди.
“Она ҳақида қўшиқ” достонига халқ ҳикматлари, маталлари ўзгача ҳусн ва маъно бағишлаган. Энахон Сиддиқова мақол ва ибораларга ижодий ёндашади, кўп ўринларда уларга янгича маъно ва жило бахш этади. Натижада асарнинг эстетик қуввати ошади, таъсир кўлами кенгаяди. Достонда халқона ибора ва мақолларни грамматик жиҳатдан ўзгартириб қўллаш ҳолатлари ҳам учрайди. Бўлмаганни бўлдириб, Дўппи тикарлар онам; Онали етимни, оҳ, Гул етим дерлар, болам, Отали етимга-ё, очиқдир гўрлар, болам. Бу каби мақол ва маталларнинг ўз ўрнида қўлланилиши, аввало, достон тилини жонли сўзлашув нутқига яқинлаштиради ҳамда китобхон тасаввурида она руҳий дунёсининг янада ёрқинроқ акс этишида муҳим восита бўлади.
Халқини севган ижодкор унинг қалбига халқона самимий сўзлар орқали йўл ахтаради. Достонда зиддиятли, мураккаб воқеалар кўп, лекин достон қаҳрамонлари Яратганга шукр қилиб, ҳаётнинг мураккаб ва машаққатли қийинчиликларини нолимасдан енгиб ўтган, ҳаётий, халқчил образлар, улардан меҳр ва муҳаббат нурлари таралиб туради.
Энахон Сиддиқова халқига зиё улашишни яхши кўрарди, оддийгина китоб тақдимотларини ҳам катта адабиёт байрамларига айлантира оларди. Унинг умри ўт ва музлар кураши орасида ўтди, самимий меҳрининг жавоби баъзан хиёнат ҳам бўлди, лекин Устоз бирон марта нолимади.
Устоз – шогирдлик анъанаси Энахон Сиддиқова учун олий қадриятгина эмас, балки ҳаёт фалсафасининг устувор тамойили эди.
Ватанга муҳаббат, юрт корига камарбасталик Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова шеърларига бетакрор тароват, ҳарорат бахш этган. Унинг асарларини ўқиганда ана шу ҳароратни, назокатни ҳис қиласиз...