October 13, 2023

ШУНЧАКИ ГАПЛАР

Нади ДОГАН, турк адиби

(ҳажвия)

Аслида ўтган ишга саловат дей­дилар-у, лекин ўша ишни билиб қўйган яхши. Ҳукумат ноиблигига номзодлардан бири Қора денгиз бўйидаги вилоят аҳли билан учрашувга борибди. Учрашувда нутқ сўзлаётганда сайловчилардан бири луқма ташлаб, унинг гапини бўлибди:

– Ноибликка номзодимиз саводли бўлишини истаймиз!

Бошқа бир овоз унга эътироз билдирибди:

– Нима, ақлдан озганмисан? Ахир, номзодимиз профессор-ку, ҳатто бир замонлар вазир бўлган.

– Мен буни билмайман. Билганим шуки, биз унга беш юзтача хат ёздик. Агар саводи бўлганда, ҳеч қурса, биттасига жавоб ёзарди.

* * *

Бир киши ўғли такасалтанг бўлгани учун доим:

– Сен одам бўлмайсан, – деб койирди.

Йиллар ўтиб, ўғил улға­йиб, халқ ноиби бўлгач, отасидан сўрабди:

– Дада, нуқул одам бўлмайсан, дердингиз, энди нима дейсиз?

– Мен сенга ноиб эмас, одам бўлмайсан, деган эдим.

* * *

Шер овчилари жуда лофчи бўлади-да! Улардан бири:

– Бир куни рўпарамдан кап-катта шер чиқиб қолса бўладими? Ишонасизми, ёнимда қурол йўқ. Қўлимдан нима ҳам келарди? Аҳволимни тушунгандирсиз. Табиийки, шер мени паққос туширди, – деди.

– Ахир, сиз ҳаётсиз-ку? – эътироз билдирди даврадагилардан бири.

– Ҳа, лекин шу ҳам ҳаётми? – жавоб берибди овчи.

* * *

Бизда ягона қоғоз фабрикаси борлигида қоғознинг нархи бир нави эди. Лекин иккинчиси қурилганидан сўнг (ахир, саноатимиз ривож­ланиб бораётгани сир эмас) қоғознинг баҳоси анча қимматлашиб, ҳатто жаҳон бозоридаги ўртача нархдан ҳам ошиб кетди. Энди учинчиси қурилармиш (ахир, саноатимиз ривожланиб бораётгани сир эмас-ку). Ҳурматли қурувчилар! Худо хайрингизни берсин, ўтиниб сўраймиз, учинчи қоғоз фабрикасини қуриш қарорингиздан қайтинг!

* * *

Овора бўласиз! Биз муваффақиятимизни қўлдан берадиганлардан эмасмиз. Яшаш қимматлиги бўйича Юнонис­тоннинг биздан ўзиб кетишига йўл қў­йиб бўладими? Бизнинг миллий бурчимиз Оврупо Кенгашининг маърузасига алоҳида эътибор беришдан иборат. Бу қандайдир англашилмовчилик, албатта. Юнонлар ўз пулини қадр­сизлантириш учун қандайдир ҳийла ишлатган. Шундай бўлса-да, инсон турмуши қимматлиги бўйича бизнинг олдинги ўринда кетаётганимиз аниқ.

* * *

Италиялик профессор, археолог Истанбулга келганида Римга америкалик дўсти келгани ҳақида сўзлаб берибди. Профессор уни шаҳарнинг диққатга сазовор жойларига олиб борганида, шубҳасиз, Колизейни ҳам кўрсатибди. Амриқолик меҳмон машҳур харобаларни кўргач, хўрсиниб дебди:

– Бай-бай! Рим иккинчи жаҳон урушида қаттиқ бомбардимон қилиниб, бунча талофат кўргани ҳақида эшитмаган эканман.

* * *

Икки оғайни иш ахтариб юрганида бир раҳмдил киши уларга маслаҳат берибди:

– Самсунгга боринглар, Чоршанба туманидаги денгизнинг Чалти бурнида ёввойи отлар тўдаси дайдиб юради. Иккитасини тутиб, бу ерга келтирсангиз, пулини оласиз.

Оғайнилар ўша манзилга борсалар, ҳақиқатан жонзотлар кенгликларда ўтлаб юрган экан. Оғайнилар аранг иккита отнинг бўйнига арқон солиб миниб, орқага қайтибдилар. Тикка кўтариладиган қия йўлда оғайнилардан бири отдан йиқилибди. Иккинчиси эса, от устида оғайнисига қараб қичқирибди:

– Омадинг бор экан, ёмон тушмадинг. Мен эса, қаерда, қандай йиқилишимни билмайман.

* * *

Олти юз нафар миршаб беш соат давомида Султон Аҳмад қамоқхонасини остин-устин қилиб, ҳамма ковакларни тинтиб чиқишибди. Лекин заррача қора дори топилмабди.

Бу хабарни чоп этган рўзнома қўшиб қўйибди: “Манфаатдор идоралар бундан жуда мамнун бўлдилар”.

Ё Парвардигор! Агар бу ерда “мамнун бўладиган” жойи бўлса, бу махбуслар қора дорини яхшилаб яшириб қўйганидадир.

* * *

Бу ҳикоят давлат ишларида лоқайдлик фақат бизда эмас, балки бошқа жойларда ҳам борлигини кўрсатади.

Чикаго шаҳрида икки йигит машинасини сариқ, яъни муниципалитет машиналари рангига бўяб, уни муниципалитет қурилишларидан бирининг олдига ҳайдаб келиб, қўрғошин трубаларни унга юклай бошлаганларида миршаб “уддабуронларни” ушлаб олибди.

Муваффақиятга эришишга ишонган ўғрилар миршабнинг улардан шубҳаланганидан ажаб­­ланадилар. Миршаб эса ошиқ­мас­дан:

– Сизлар чаққонлик билан ҳаракат қилдинглар. Агар сизлар чиндан ҳам муниципалитет ишчилари бўлганингизда, бунчалик ғайрат билан ишламасдингиз, – деб изоҳ берибди.

Муҳсин ҒАНИЕВ таржимаси.