October 20, 2023

ИМКОНИЯТ ВА САМАРАЛАР  

Сўнгги йилларда юртимизда барча соҳалар қатори кино ва туризм соҳасига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Яқин кунларда бўлиб ўтган иккита йирик халқаро тадбир ва унда ўзбекис­тонлик ижодкорларнинг муваффақиятли иштироки фикримизнинг далилидир. Қуйида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги директори Фирдавс АБДУҲОЛИҚОВнинг бу борадаги фикр-мулоҳазалари билан танишасиз.

– Бугун мамлакатимизда кино соҳаси ҳар қачонгидан-да жадал ривожланмоқда. Фильмларимиз сони, салмоғи ва сифати йил сайин ортиб бормоқда. Куни кеча Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида туризм ва маданият масканлари имкониятини тўлиқ ишга солиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумини ташкил этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда кинематография имкониятларидан ҳам фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.

Кейинги йилларда, шубҳасиз, кино соҳасидаги ўзгаришлар самараси яққол кўзга ташланяпти. “Ўзбекфильм” павильони, “Киночилар уйи”да амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, миллий фильмларимизнинг сони ортиб, сифат жиҳатидан юксалиб бораётгани, хорижий кинофестивалларда эришаётган ютуқларимиз, Бутунроссия давлат Кинематография агентлиги Тошкент филиалининг очилгани, Миллий кино фонди, Миллий кино музейининг янги бинолари ишга туширилгани – буларнинг барчаси ҳақида узоқ гапириш мумкин. Айни пайтда эса, Кинематография агентлиги томонидан Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини оммалаштириш, Ўзбекистонда маданият, санъат, туризм ва маданий мерос соҳаларидаги янги ислоҳотлар билан халқаро ҳамжамиятни таништириш борасида ҳам талайгина ишлар бажарилмоқда. Хусусан, хорижий киноижодкорлар билан ҳамкорликда киномаҳсулотлар ишлаб чиқариш, хорижий телеканаллар билан ҳамкорликда ишлаш, Ватанимизнинг тарихий мероси ва тарихий шахслари ҳақида туристик салоҳиятимизни тарғиб қиладиган миллий маҳсулотларни яратиш, Тошкент кинофестивали орқали кино туризмини ривожлантириш борасида амалга оширилган салмоқли ишлар шулар жумласидандир. Яқинда ўз ишини якунлаган халқаро кинофестивалга ташриф буюрган америкалик киноактёр ва продюсер Кевин Спейси қизиқ бир гапни айтди: “Ўйлашимча, юртингизда кино санъатига қизиқиш жуда юқори. Мамлакат раҳбарияти уни ривожлантириш учун барча саъй-­ҳаракатларни амалга оширмоқда. Муҳими, умидли кадрлар яратиб берилаётган имкониятлардан юксак даражада фойдаланаётганлари кўриниб турибди”. Бу гапни Голливуд вакили гапиряпти.

Ўтган икки йил давомида, яъни 2021 йилдан ҳозирги кунга қадар маданий меросимиз, буюк аждодларимиз ҳақида ҳикоя қилувчи бешта тарихий-бадиий ва ўттиз олтита тарихий ҳужжатли фильм суратга олинди. Шу йили яна еттита бадиий фильм ва иккита анимацион лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Кинематография агентлиги томонидан Россия, Буюк Британия, Туркия, Италия, Қирғизистон, Тожикистон, Ҳиндис­тон ва бошқа давлатлар билан ҳамкорликда қўшма лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Хусусан, Россия кинематографчилари билан ҳамкорликда иккита йирик кинолойиҳа – “Парининг совғаси” ҳамда “Қуёш таъми” эртак-фильмлари яратилди. Дастлаб бу фильмларни Тунисда ва Олтой ўлкасида суратга олиш режалаштирилган эди, бироқ ҳамкорларимиз Ўзбекистонни танлашди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини намойиш этишга қаратилган яна бир қанча лойиҳалар ишга туширилди. Бунга Валдис Пелш билан ҳамкорликда “Ўзбекистон. Учинчи Уйғониш даврига назар” ҳамда Саида Медведева билан ҳамкорликда яратилган “Ўзбекистон. Яқин тарих” фильмлари мисол бўла олади. Анимация йўналишида ҳам ҳамкорлик ривожланмоқда. Тимур Бекмамбетов билан Туризм агентлиги кўмагида “Хўжа Насриддин” номли глобал лойиҳа устида иш бошланди. Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти билан ҳамкорликда тарихий-ҳужжатли фильмлар суратга олинмоқда. Италиялик ҳамкорлар билан биргаликда “Марко Поло” ва “Ибн Сино”, хитойликлар билан “Умар Камолиддин Сайид Шамсиддин” номли иккита ҳужжатли фильм лойиҳаси ишлаб чиқилди, ТРТ телеканали билан ҳамкорликда беш қисмдан иборат “Зиёрат – Олтин йўл” лойиҳаси яратилди. Бу йилги кинофестивалда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ҳақида йигирмата фильмдан иборат янги йирик лойиҳани ишга тушириш бўйича меморандум имзоланди.

Хорижий телеканаллар билан билан ҳамкорлик алоқаларимиз ҳам кенгайиб бормоқда. “Россия-Культура” телеканали ҳамкорликда “Ўзбекистон. Севги афсоналари”, “Янги Ўзбекистон: санъат ва маданият”, “Асрлар қаъридан мактублар”, “Дас­турхон ҳарорати ва саховати”, “Ўзбекистон. Қуёшли маданиятлар туташуви”, “Қуёш остидаги макон”, 16 қисмли “Жониворлар билан мулоқот: Тошкент ҳайвонот боғи” фильмлари яратилди. Ҳужжатли фильмлар ҳам биз учун жуда муҳим. Айтиш жоизки, Россия, TRT, BBC телеканаллари билан қатор кинолойиҳалар яратилиб, эфирга узатилди. Бу Ўзбекистон маданияти ва туризмини оммалаштиришга муҳим ҳисса бўлиб қўшилди. Энг сўнгги лойиҳалар қаторида Кинематография агентлиги ва BBC билан ҳамкорликда “Усмон Қуръонининг қайтиши” ва “Катта Лангар Қуръони: Фактлар ва афсоналар” каби фильмларни айтиш мумкин.

Кези келганда, яқинда муваффақиятли якунланган “Ипак йўли дурдонаси” 15-Тошкент халқаро кинофестивалига алоҳида тўхталиш лозим, деб ўйлайман. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қайта тикланган Тошкент халқаро кинофестивали уч йилдирки, йилдан-йилга янада такомиллашиб, аввалги мавқеини тикламоқда. Одатда, фестиваллар турли халқлар, миллатлар ўртасида дўстлик, тинч­лик ва қардошлик ришталарини боғлаш учун ташкил этилади. Тошкент кинофестивали ҳам айнан ижод аҳлини, киномухлисларни дўстлик ва тинчлик йўлида бирлаштира оляпти, деб ишонч билан айтиш мумкин. Бу йилги халқаро кинофестивалда беш қитъа ва 51 мамлакатдан уч юзга яқин киноижодкор ташриф буюрди. Фес­тиваль доирасида муҳим тадбирлар, кўплаб ижодий учрашувлар, кинотақдимотлар, таниқли кино усталарининг маҳорат дарслари юқори даражада ўтказилди. Бинобарин, Тошкент кинофестивали туфайли кино туризмини ривожлантиришга эътибор қаратишда ўзига хос имконият майдони бўлди. Бир қанча киностудиялар раҳбарлари билан янги қўшма лойи­ҳаларни амалга ошириш борасида меморандумлар имзоланди. Ҳиндистон ахборот вазири ва таниқли режиссёр Умеш Меҳра ташаббуси билан “Али бобо ва қирқ қароқчи” фильмининг, Венгрия билан «Вамбери» тарихий фильмининг, қирғиз киноижодкорлари иштирокида «Бир вақтлар Самарқандда” сайёҳлик фильмининг ремейкини суратга олиш режалаштирилди. Кинофестиваль меҳмонларига Президентимиз ташаббуси билан яратилган Самарқанд сайёҳлик маж­муасини – ажойиб фильмларни суратга олиш мумкин бўлган манзилни муносиб тақдим этдик.

Хорижлик мутахассислар ҳам юртимизда кинематографияга ривожига қаратилаётган эътиборга юқори баҳо беришди. Польшалик таниқли режиссёр Кшиштоф Занусси ёшларимизнинг кинога қизиқиши юксак эканидан мамнунлигини билдириб, шундай деди: “Тан олиб айтиш керакки, агар санъат ва маданият давлат томонидан қўллаб-қувватланмас экан, у таназзулга учрайди. Бу борада Ўзбекис­тонда қилинаётган хайрли ишлар дунёнинг энг етакчи давлатларига ҳам ибрат бўлса арзийди”.

Кинофестиваль доирасида хорижий ҳамкорлар билан биргаликда штаб-квартираси Тошкентда жойлашган МДҲ мамлакатлари киностудиялари иттифоқи тузилди. Ушбу тадбир миллий киномиз ривожида муҳим ўрин тутади, деб ўйлайман. Кино соҳасида эришаётган ютуқларимиз Озарбайжонда бўлиб ўтган халқаро кинофес­тивалда янада ёрқин намоён бўлди. Маълумки, мазкур тадбир ташкилотчиси Туркия давлатининг таклифига кўра, эндиликда фестиваль туркий давлатларнинг ҳар бирида ўтказилади. Навбатдаги “Қўрқут ота” халқаро кинофестивалида ўзбекистонлик киноижодкорлар том маънода муваффақиятли қатнашдилар. Қатнашчилар орасида камина, таниқли режиссёрлар Музаффархон Эркинов, Шуҳрат Маҳмудов Ўзбекис­тон халқ артисти Гулчеҳра Жамилова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Матёқуб Матжонов, маҳоратли актриса Райҳон Асадова бор эди. Шунингдек, Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази директори Фурқат Усмонов ҳужжатли фильмлар бўйича, “Ўзбекфильм” киноконцерни раҳбари Баҳодир Одилов бадиий фильмлар бўйича ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида кинофестивалда қатнашдилар. Таъкидлаш жоизки, мазкур халқаро кинофестивалда Ўзбекистондан иккита фильм – “Абдулла Орипов” (режиссёр М.Эркинов) бадиий фильми ва “Менинг доирам” (режиссёр Ш.Маҳмудов) ҳужжатли фильмлари намойиш этилди. Қувонарлиси шундаки, ҳар икки фильм ҳам анжуманда юқори баҳоланди. “Абдулла Орипов” бадиий фильми “Энг яхши сценарий” йўналишида мукофотга сазовор бўлди. “Менинг доирам” ҳужжатли фильми эса ўз йўналиши бўйича учинчи мукофотни қўлга киритди.

Кинофестивалда Озарбайжон, Тур­кия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қир­ғи­зис­тон, Туркманистон, Гагаузия (Молдова), Татаристон, Доғис­тон, Ёқутистон, Кабарда – Болқория, Чувашистон, Тува, Черкесия ҳамда Бошқирдистон студияларида суратга олинган 32та бадиий, ҳужжатли ва анимацион фильмлар намойиш этилганини назарда тутсак, юртимиз киноижодкорларининг ютуқ­лари салмоқли экани равшан бўла­ди. Ўзбекис­тонлик кино усталари ҳали жаҳон саҳналарида кўплаб ютуқларни қўлга киритишлари учун юртимизда ҳамма шароит бор, ҳукуматимиз кино ходимлари учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Бизнинг вазифамиз яхши ва мукаммал кино асарлари яратиш устида ишлаб, ўзбек киноси ютуқларини мустаҳкамлашдан иборат бўлиши керак.

Гулчеҳра УМАРОВА тайёрлади.