April 13, 2023

«ТАВОИС»НИНГ ТОВЛАНИШИ

Миллий куй ва оҳангларимиз асрлар оша сайқалланиб, бойиб келмоқда. Юртимизда бу наволарни халқимиз онгу шуурига етказиш йўлида ижод қилиб келаётган ансамблларнинг кўплиги кишини қувонтиради. Маҳоратли созанда ва хонандалардан иборат “Тавоис” ана шундай миллий ансамбллардан бири.

Ушбу ансамбль 2000 йили ташкил топган бўлиб, ўша пайтларда унинг таркибидаги созанда ва хонандалар Тошкент давлат Консерваторияси талабалари эди. Улар илк ижодларини академик Юнус Ражабий қаламига мансуб “Чапандози Баёт”, Умирзоқ Полвон мусиқаси, Ўзбекистон халқ ҳофизи Фаттоҳхон Мамадалиев томонидан қайта ишланган “Қадимги Ушшоқ” каби аудио ёзувларни Аброр Парпиев билан биргаликда ёзиб олишдан бошлашган. Муҳими, ансамблнинг илк ижоди муваффақиятли чиқди ва шинавандаларга манзур бўлди. Ушбу аудио ёзувлар Ўзтелерадио студиясида, раҳматли Анвар Тожиев бошчилигида ёзилганди. Анвар Тожиев ёзув жараёнида ансамбль таркиби ёш ижодкорлардан иборатлиги ва ижронинг мукаммаллигидан ҳайратланиб, Ўзбекистонда яна бир профессионал ансамбль ташкил топганидан қувонган эди.

Ёзиб олинган “Чапандози Баёт” аудиосини Рўзахон Ҳайдарова ўша пайтда Ўзтелерадиокомпанияси раисининг биринчи муовини бўлган Фарҳод Рўзиевга олиб боради. Ўша пайтда Р.Ҳайдарова Ўзтелерадиокомпания қошидаги дуторчилар ансамблида ишларди. Бироз вақт ўтгач, Фарҳод Рўзиев ижодкорлар билан маслаҳатлашган ҳолда ансамблга “Тавоис” номи қўйилгани ҳақидаги хушхабарни эълон қилади. Бу ном товусдек ранг-баранг, сержило, ҳар томонлама иқтидорли ёшлар ижодини анг­латади. “Тавоис” миллий ансамбли аъзолари ҳар куни дарсларидан бўш вақт топиб, Ўзбекистон давлат Консерваторияси талабалар турар жойи­да йиғилиб, шуғулланишни давом эттирдилар.

2000 йил апрель ойида Консерваториянинг орган залида ансамбль концерт берди. Бу концертга Турғун Алиматов, Жўрабек Набиев, Рифатилла Қосимов каби санъатимиз дарғалари, анъанавий чолғу ижрочилиги кафедраси профессор-ўқитувчилари ташриф буюришди. Концерт мазмунли, муваффақиятли ўтди. Тадбир сўнгида Ўзбекистон халқ артисти, профессор Турғун Алиматов “Тавоис” ансамблига катта ижодий ютуқлар тилади. Катта бир концерт учун режиссёр ансамблни эшитиб кўрди ва иккита номер танлаб олинди. Бу чиқиш ҳам муваффақиятли ўтди. Шундан сўнг концертлар “Тавоис” миллий ансамблисиз ўтмайдиган бўлди. Эътиборли жиҳати шундаки, ансамбль барча тадбирларда жонли ижрода қатнашган. Ансамблнинг хизматлари инобатга олиниб, давлатимиз томонидан 2001 йили “Ниҳол” мукофоти билан тақдирланди. Ушбу мукофот ансамбл­ни янада яхши ижод қилишга ундади, кўплаб аудио ёзувлар мухлисларга тақдим этилди.

2003 йили Ҳамза номидаги театрда “Тавоис” ансамб­лининг катта концерти бўлиб ўтди. Концертда Ўзбекистон халқ артисти Замира Суюнова, Ўзбекистон халқ ҳофизи Маҳмуджон Йўлдошев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ўктам Аҳмедов, Турғун Алиматов, Жўрабек Алимов, Соибжон Бегматов, Рифатилла Қосимов каби кўплаб санъат аҳли меҳмон сифатида қатнашди. Ўзбекистон ва Тожикис­тон халқ артисти Жўрабек Набиев концертдан сўнг телевидениега берган интервьюсида: “Тавоис” миллий ансамбли “Насруллоий” куйини чалиб бош­лаганда парда очилди ва бу ижродан таъсирланиб, кўзларимга ёш келди”, деган эди.

Яқинда ансамбль ташкил топганининг йигирма уч йиллигига бағишлаб концерт дастурини намойиш этди. Юнус Ражабий номидаги Миллий мусиқа санъати институтида бўлиб ўтган концертга инс­титутнинг таниқли ижодкорлари, санъат усталари ташриф буюрдилар. Концерт “Насри Сегоҳ” куйи билан очилди. Шундан сўнг Ўзбек миллий мақоми санъати маркази раҳбари, профессор Соибжон Бегматов “Тавоис”нинг ташкил топиши ҳақида қисқача сўзлаб, уларнинг ижодига омад тилади. Ансамбль аъзоларининг ҳар бири ўз созларида куйларни моҳирона ижро этиб, мухлислар олқишга сазовор бўлишди. Улар ижросидаги “Хаёли кетди”, “Дил ноласи”, “Попурри”, “Хоразмча”, “Гулбаҳор ва Тановар”, “Гулжамол” каби куйлар мухлисларга ўзгача завқ бағишлади. Шуни айтиш жоизки, ансамбль бадиий раҳбари Рўзахон Ҳайдарова фақат чанг сози билан чекланиб қолмай, қонун созининг ҳам моҳир ижрочисидир. У “Хумор” куйини талабалари – қонунчилар ансамбли билан бирга ижро этди. Концерт томошабинларга том маънода маънавий, руҳий озуқа улашди.

“Тавоис” ансамбли бундан буён ҳам янги асарлар устида ишлаб, миллий меросимизга чуқурроқ ёндашиш, магнит тасмаларга мерос қилиб ёзиб қолдириш ҳамда вилоятларга бориб концерт дастурларини ўтказиш, чет мамлакатларга гастрол сафарлари уюштиришни режалаштирган. Ушбу ансамбль ҳозирда янги қалдирғочларни сафига қўшиш йўлида изланмоқда. Биз уларнинг ижодларига улкан зафарлар тилаймиз ҳамда келгусида юртимиз санъати довруғини дунё­га ёйишга ҳисса қўшишларига умид билдириб қоламиз.

Хадича МАМАДАЛИЕВА,

Юнус Ражабий номидаги Миллий мусиқа санъати институти талабаси