May 18, 2023

“ЎЗИНГГА ҚАЙТАМАН, ОНАЖОН ТУПРОҚ...”

(эссе)

Инсон фикратида Ватан қандай улға­йиб, юракнинг тубига томир отади? Кўз қорачиғингиздаги Ватан суврати ўзга қалбда қандай жилоланиб, сизни ўзига мафтун қилади ва руҳингиз кенгликларида ифорланади?

... Бешинчи синф ўқувчиси эдим. Тўсатдан бир шеърга кўзим тушди:

Жажжи гўдак тиниқ кулади,

Қош ўйнатиб, илиқ кулади.

Пучуқ десам, десам ҳам полвон,

Мунчоқ кўзи ёниб кулади,

Қониб, қониб, қониб кулади,

Кулгусида келгуси аён...

Шеър бир ўқишимдаёқ ёд бўлди. ­Шоира Ойдин Ҳожиева билан олислардан туриб илк танишувимиз шундай кечган эди. “Тун сиёҳин қолдирар лол, қошгинангнинг қораси, лек узоқдир, дейди қизлар, бунчалар ҳам ораси. Қайга ҳам учиб кетардим, гул диёрим қўйнидан, бўлгусиман шу чаманнинг сунбулу гулнораси...” Сўз энди шоира­нинг юрак кенг­ликларида қисматга айланиб бораётган эди. Мен бўлсам бола қалбим билан шоирага боғланиб қолган, унинг шеърларини матбуот саҳифаларидан қидирар эдим...

Кейинчалик йиллар асносида мен Ойдин Ҳожиеванинг босиб ўтаётган бутун ҳаёт ва ижод йўлида барчамиз учун азиз бўлган она-Ватаннинг бетак­рор сувратларини кўрдим. Зукко олим, шоираларимиз ҳақида ўзбекона лутф қилиб кетган раҳматли Тўхтасин Жалолов Ойдин опамнинг ижодларини таҳлил қилар экан “Киройи қизинг шундай бўлса” деб ҳавас билан юксак баҳо берган эдилар.

* * *

Энди дилбар шоира ижодида шеърият мухлислари она-Ватаннинг поёнсиз ҳудудларини кўраётган эди. Улуғ шоир Эркин Воҳидов: “Мен бу шоирани самимий, тиниқ сатрлари учун севиб ўқийман, унинг камолот сари ташлаётган қадамини кузатаман. Ойдин шеър­лари, менинг назаримда, ўшандай юксакликка етакловчи, дилларга нур олиб кирувчи шеърлар”, деб таърифлаган эдилар.

Жаннатнинг булоғидан

Сув ичган қушдекмидим.

Тангрининг дастгоҳидан

Учган кумушдекмидим.

Шоира ўзини Тангри дастгоҳидан учган кумушга менгзарди. Йўлларида оймомодек кулган момоқаймоқлар диёрига олиб кирарди. Ҳар сафар ушбу сатрларни ўқисам, кулча юзлари қуёш тафтида қизарган, пуфлаб кўкка момоқаймоқлардан юлдуз тўзғоқларини учириб, уфққа йўл олган жажжи қизча гавдаланаверади. У ҳали ўзининг шоиралигини билмайди. Лекин унинг жажжи товонларини ўпаётган тупроқ, бўйнига осилган жийдажонлар, гуркираб ётган ёвшанлар, сочларини тўзғитаётган шамол: “сен шоирасан”, деб шивирлайди. “Сен шу поёнсиз ҳудудлар маликасисан. Сен – Ватан тимсолисан”, дей­ди. У шу зайлда Ватан сарҳадларидан, сўз сарҳадларидан ўтиб бораверарди.

* * *

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ишлаётган пайтимда шоирамиз юбилейи муносабати билан саҳифа тайёрладим. Ҳар бир қутлов, ҳар бир истакда халқимизнинг севимли шоирасига бўлган чексиз муҳаббати гуриллаб турарди. Бир пайт хонага шоир Муҳаммад Юсуф кириб келди ва қўлидаги қоғозни менга узатди. Унда қутлов билан бирга ушбу сўзлар ёзилган эди: “Ойдин опанинг нигоҳида ҳамиша бир иқрор бор. У ҳамиша “мен аёлман, онаман” деб маъюс жилмайиб туради. Барча яхши сўзлар эса маъюс нигоҳлардан тўкилади, чунки шеър қайғунинг болаларидир...

Юрагимнинг дарзларини

Қирқ чегачи улолмас.

Синган дилга қирқ йил бекор,

Асло бутун бўлолмас...”

Шоира юраклардаги дарзлар – бу табиий, оғриқли жараён бўлиб, тун ва кунини фақатгина элим, юртим деб сарфлаётган қалбдаги чизиқлар бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди. “Шарқ юлдузи”, “Саодат” журнали, “Гулчеҳралар”да кечган узоқ йиллик заҳматли меҳнат... Публицистик мақолалар... Жароҳатли дилларга сўздан малҳам қўйиш, амалий ёрдам бериш... Халқнинг ишончи ва умидида бўлиш... Ҳам шарафли, ҳам машаққатли дамлар... Бироқ буларнинг бари қисмат чизиғидаги босиб ўтилиши муқаррар бўлган синовли йўллар эди.

Адиба Олмосхон Аҳмедова: “Зулфия опа мактаби Ойдинни улғайтирди”, дейдилар...

Шоира онасини соғингандай соғинарди Зулфия опани... Дўстини соғингандай соғинарди Зулфия опани. Устозининг иссиқ дийдорини шогирдлик муҳаб­бати ила ҳур пайғомлардан изларди. “Тонг туҳфалари” китобининг “Қайда энди ул азизлар” бўлими юракларни зирқиратади, ўтган ўз азизларимизнинг мангу ўчмас ёди билан дилни ёруғлантиради ва бу ўткинчи дунё­да яхшиликлар ва ёруғ хотираларнинг мерос бўлиб қолмоғи ҳам саодат эканига ишоралар бериб кетади. Шоира Зулфияхонимга қараб:

Сизни соғинарман байрамларда,

Ёмғир шивалаган кўкламларда.

Давраларда, лутфу карамларда

Иссиқ юзингизни кўргим келади.

Кўкси, кўнгли тўла эзгулик, зиё,

Қайда гуллар энди ул меҳригиё?

Дунёга бир келди-кетди Зулфия

Баҳордай қайтмайди, дегим келади...

* * *

1992 йил. Туркистон. Хўжа Аҳмад Яссавий ҳазратлари зиёрати. Йўл бўйи баҳор чечакларининг хуш бўйи бизни элтди. Қушлар чуғури. Йўллардаги, саҳро кенг­лик­ларидаги оппоқ қуёнлару тикрайиб турган юмронқозиқлар... шарқироқ сувлар Ойдин опамни чексиз ҳаяжонга солади. “Қаранг, қаранг, – дейди худди ёш боладек энтикиб. – Энди буларнинг бари шеър бўлади”. Чиндан Тошкентга шаррос ёғаётган ёмғир остида қайтишларимиз, йўлдаги мўъжизалар... Бари гўзал битиклар бўлган эди гўзал шоирамизнинг дафтарида. Ажиб Ватан манзумалари. Ўзбекистон халқ шоири бўлишдек юксак шарафга эришиш... Буларнинг бари ёвшан оралаб момоқаймоқ юлдузчаларини кўкка номадек йўллаган ўша жажжи қизчанинг она-Ватанда қилган яхши ишларига Яратгандан берилган мукофот эди.

* * *

Мана, ўша шоира қизлар, бизнинг севимли Ойдин опамиз ардоқлаган шогирдлар устозни сўнгги йўлга кузатгани кўзларидан дувиллаб оққан ёшлар билан тег­расида ўтирибди. Улар сўзлолмайди, улар фақат унсиз фиғон чекадилар. Устоз ҳақларига дуойи фотиҳа қиладилар. Қутлибека, Муҳтарама, Хосият, Маҳмудахон, Ҳамрохон, Маъсума, Муножотхон ва бош­қа барча азизлар... гўё хона бурчакларидан, йўлак­лар, ҳамма-ҳамма жойдан гўзал устозимизнинг нафис, ўктам овози келаётгандай...

Ўзингдан бунёдман, ўзинг-ла тирик,

Бир дона гул бўлиб ёки бир япроқ,

Ўчган чироғингга тола нур бўлиб,

Ўзингга қайтаман, онажон тупроқ.

Бахмалдай тўшалдинг юрар йўлимда,

Содиқ ҳамроҳ бўлдинг ўнгу сўлимда,

Қатра шабнам бўлиб ё қатра ёмғир,

Ўзингга қайтаман, онажон тупроқ.

Сен ўзинг оласан оғриқларимни,

Тугал осон қилиб борлиқларимни,

Бахтга эвирасан зорликларимни,

Ўзингга қайтаман, табибим – тупроқ.

Сени сокин кўрсам, осуда кўрсам,

Боғу роғларингни авжида кўрсам,

Юрагингни маром-мавжида кўрсам,

Бағрингда ниҳолдай ёзаман япроқ.

Гўзал қизларимнинг бол хандасидай,

Қизил атиргуллар алангасидай,

Ҳамалнинг булбули хонандасидай

Ўзингга қайтаман, онажон тупроқ.

Шарифа САЛИМОВА