БУГУН МЕН ХОТИРАДАН ИЗЛАЙМАН ТОТЛИ СУРУР
* * *
Бугун кечмиш қўлида талаш бўлган Вақтман мен,
Ёшлигимнинг бебаҳо йилларини қўмсайман:
Хотирот тортқилаган тескари дарахтман мен –
Юлдузлар томон эмас, илдиз томон ўсгайман.
Ойдиндан, мунгли куйдан, кузнинг салқинларидан
Ненидир қидираман – нелигин билмасам ҳам;
Аждодларим қолдирган “Наво” талқинларида,
Ҳайронман, менинг дардим қандай бўлмиш мужассам?!
Бир ёнда ёруғлиг-у, бир томоним қоронғу –
Опа-сингилдек яшар нур ва соя бу тунда.
Мен билишни истайман: зулмат кўпми ё ёғду –
Фалсафанинг илдизи, эҳтимол, ана шунда.
Кўчанинг фонуслари, кўкнинг юлдузларидан
Бизлар ёруғроқмиз деб, маст чайқалиб нур тўкар.
Ярқироқ мошинларга боқиб руҳим қаъридан
Товушсиз кишнаб қўяр эсдан чиққан ғиркўклар.
Эгардаги Авазхон, Барчин суйган Алпомиш –
Кечагина мен эдим, бугун эса ўзгаман:
Бугун ҳаёт анҳори дириллатган қилқамиш,
Одамзот шаклидаги оддийгина кўзгуман.
Бугун мен хотирадан излайман тотли сурур –
Кўнгил парво қилмайди, во ажаб, ўз ёшига!
Қанчалар узоқлашса меҳваридан бу умр
Шунча яқин бўларкан ёшликнинг қуёшига.
Бугун кечмиш қўлида талаш бўлган Вақтман мен,
Ёшлигимнинг бебаҳо йилларини қўмсайман:
Хотирот тортқилаган тескари дарахтман мен –
Юлдузлар томон эмас, илдиз томон ўсгайман.
МУҚИМИЙ
Келур охир сени ҳам йўқлағудек
Ё устоз! Нақадар сизга ўхшашман! –
Сўзга жонни бердим танни поралаб.
Гарчандки, Сиз – Ҳўқанд, мен эса Шошман, –
Лекин руҳ учрашар замон оралаб:
Чипта сотардингиз сузгич авомга,
Белгача етмайди у дарё бу вақт.
Бу вақт чириб кетган ўша паромга
Шеъримни бағишлаш менга катта бахт.
Кўнгил оҳанг истар, аммо, илож йўқ:
Чиптадан тангага кўчар кўзингиз.
Гар андак бўш қолса фикр – худди чўғ,
Шеърман деб тўполон қилар сўзингиз.
Ғазаллар қуйилар, ташбеҳлар қуюқ,
Бир қуюқ тамадди, лекин, муаммо –
Уйда сизни кутар бир коса суюқ,
Фақат шам ёқилгач топасиз ором,
Кундуз чипта бўлиб қирқилган илҳом
Яна қайтиб келар бутланиб сизга.
Сўнг кичик ҳужрага аста бўлар жо
Шу тун Хуросонни тарк этган Ҳирот
Ва бирдан кенгайиб тору танг дунё,
Кенгликдан чиқади Навоий устод.
Сезасиз: жилмайиб қоғозингизга
Елкангиз оша у боқар сарафроз.
Сўз айтай десангиз, чиқмайди овоз.
Кейин бир-бир тарқар бу ширин туман –
Қолгани: хонтахта, қоғозу қалам
Ҳиротнинг нурини сақлаб қолар шам.
Мухаммас, мураббаъ берар-у оҳанг,
“Тановар” янграйди, янграйди “Баёт”...
То ярим тунгача оловли бир ранг
Тонг отар. Чиқасиз йўлга эрталаб,
Тағин ўша Оқжар, тағин шу паром.
Одамлар қўл чўзар учта-тўртталаб,
Чиптага айланиб қирқилар илҳом.
Яна интиласиз шом қўнгач интиқ
Шам сочган зиёдан ясай деб олам.
Замон-чи, беўхшов, осий ва тантиқ,
Қайга бош уришни билмайди одам...
Бироқ минг замонни кўрган бу гардиш
Айланиб тураркан гоҳ чап, гоҳ ўнгга,
Барибир ғолибдир мангу ўзгариш,
Ниҳолга жой берар барибир тўнка.
Гарчанд ечилмасдир мангулик тугун:
Гоҳ яхши ёмон-у, гоҳ ёмон яхши;
Мана, охир келди, мавлоно, бугун
Сизни йўқлагудек бир замон яхши.
РУҲ
Туғилганда мен йиғладим – кулдилар,
Мен энди жим! – Йиғлашади хўп улар.
Оппоқ юзим, қонсиз юзим, жонсиз тан,
Тебранади, уҳ!.. Узлатнинг бешиги,
Бордир унинг на туйнук, на эшиги.
Бора-бора қисқаради сўнг йўлим,
Искандардай очиқ борар, эҳ, қўлим!..
Бу одамлар нега мунча шошади?!
Тебранади мунгли-мунгли оятлар,
Тебранади минг-минг йиллик одатлар,
Тебранади тенгдошларим сафлари,
Нотиқларнинг бийрон-бийрон гаплари...
Шошманг-шошманг! Тош қўймангиз устимга,
У оғирлик қилур бугун жисмимга,
Тирикликда хўп тошларни кўтардим,
Тошлар қадар кўзёшларни кўтардим!..
...Тарқалдилар...Ярим тунда тураман,
Авлодлардан умидимни узмайман,
Узоқ-узоқ тилсиз боқиб тураман
Ва уларнинг ҳар бирида кўраман:
То ҳанузам ёниб турган шамимни.
Қулоқ солиб тирикликнинг зангига,
Мен кўнглимни зўрға узиб кетаман,
ГЕНЕРАЛ ОТЕЛЛО
Генерал Отелло, сақланинг бугун:
Бу оқшом – Ягонинг бахтли оқшоми,
Бу тун – Ёвузликка тож кийдирган тун.
Пок эрур, илтимос, босингиз ўзни.
Илтимос, бас энди, такрорламангиз
“Рўмолча!..” деган бу даҳшатли сўзни!
Генерал! Унутинг борлигин ётоқ,
Кетинг, яқинлашманг!.. Ўзим кетаман,
Э воҳ, кетаман-у, кўрмай деб, бироқ,
Кураклар сирқирар – мен ҳис этаман:
Совуққон ғазабда оққуш бўғзини
Қора омбир билан қиса бошлайсиз
Ва Дездемонанинг сўнгги сўзини
Тобут қопқоғига михлаб ташлайсиз.
Йўқ, йўқ! Кўролмайсиз тобутни – йўқ у!
Энди Сиз – дунёда ҳуқуқсиз соя!
Ҳаққингиз: Ягога бир зарб урмоғ-у,
Шўрлик турк ҳақида сўнгги ҳикоя!
Генерал! Сиз – оқ қалб, қоп-қора ғамсиз!
Сиз – на қайсар рашку на ўлик қувонч
Ва на муҳаббатга сўнгги мотам! Сиз –
Бу ҳукм – қоралаш, ноҳақлик эмас,
Ёки камситишмас Сизни, кечиринг;
Юрак ҳазратлари номи билан, бас,
Генерал Отелло, мен билан юринг!
* * *
Гарчанд қушсан, қанотинг лангар,