НОЗИМ ҲИКМАТ ВА МАҚСУД ШАЙХЗОДА
ХIХ аср охири ХХ асрнинг биринчи ярмида яшаган кўплаб ўзбек зиёлилари турк адабиётини яхши билган. А.Фитрат, А.Қодирий, А.Чўлпон ва бошқа зиёлиларнинг турк ижодкорлари ҳақида ёзган мақолалари фикримизга далилдир. Ойбек, Ғафур Ғулом, Миртемир, Мақсуд Шайхзода ҳам туркий халқлар адабиётининг билимдонларидан эдилар. Ойбек ижодининг бошида Товфиқ Фикратдан таъсирланган бўлса, Ғафур Ғулом Нозим Ҳикматнинг “Бир севги афсонаси” драмасини таржима қилган, умрининг охиригача Нозим Ҳикмат билан дўст тутиниб, хабарлашиб турган.
Мақсуд Шайхзода Нозим Ҳикмат билан 1926 йили Бокуда учрашган. Улар дўстлиги бир умр давом этди. Шайхзода Нозим Ҳикматнинг кўплаб шеърларини таржима қилиб, 1962 йили “65 шеър” номида сўзбоши ва изоҳлар билан нашр эттирди. Бу китобга Нозим Ҳикмат сўзбоши ёзган. Сўзбошида Нозим Ҳикматнинг ўзбек китобхонига юксак ҳурмати сезилиб турибди: “Ўзбек ўқувчиси бутун дунё шеър хазинасидан энг қадрли асарларни ўқиган ва ўқимоқдадир. Унинг завқи юксакдир”.
М.Шайхзода ҳам китобга ёзган сўзбошисида Нозим Ҳикмат шахси ва ижоди ҳақида ўз фикрларини билдирган: “Замонамизнинг энг қудратли ва оташин сўз санъаткорларидан бири бўлмиш буюк шоир, драматург, публицист, муҳаррир Нозим Ҳикмат ўзининг бутун ҳаётини, ижодини, орзу ва умидларини, илҳом ва ғайратини инсониятнинг озодлик идеали билан, эзилган синфларнинг адолат йўлидаги курашлари билан, асоратга тушган халқларнинг қутулиш умидлари билан, Ер юзида ягона оиланинг вужудга келиши истаклари билан ёнди”. М.Шайхзода шу баҳона озодлик ҳақидаги орзуларини ифода этмоқни истагандир.
“Ҳозирги кунда Нозим Ҳикмат фақат турк адабиётидагина эмас, балки бутун прогрессив жаҳон адабиётида ўзига хос овозга эга, оригинал ва ажойиб адиблардан бири ҳисобланади. Ўз жонажон ва аламзада турк халқининг эркини, курашини, орзуларини, аламларини бақувват тароналарда куйлаган шоир, шу билан бирга, бутун инсоният оламининг тақдирини ўйлайди”, деб ёзади М. Шайхзода “Ер юзида бахт ва тинчлик жарчиси” номли сўзбошисида.
Атоқли таржимон ва адабиётшунос Иброҳим Ғафуров Шайхзода таржималари ҳақида шундай ёзади: “Шайхзода Нозим Ҳикматнинг жуда кўп шеърларини таржима қилган, бу таржималарда уларнинг бир-бирларига жуда яқин томонлари, бир-бирларига жўр янграган оҳанглари яққол кўриниб туради”. “Умр дафтаридан” деган шеърида ўз умридан хулоса чиқариб, “Мен инсондай яшадим”, деган эди. Шу учтагина сўзнинг нақадар теранлигидан ҳайратга тушаман. Бу сўзлар Нозим Ҳикматга, унинг ҳаётига, унинг келажак хаёли билан битилган мардона шеъриятига қанчалар ярашади!” Нозим Ҳикматнинг “Орқага қайтмоқни ёқтирмайман мен” сатри шоирнинг курашчан руҳиятини кўрсатиб турибди. Қуйидаги “Умр дафтари” шеъридан олинган мисралар ҳам шоирнинг юрагидан тўкилгандир:
“Умр дафтари” шеърида Нозим Ҳикмат ҳаёти моҳиятини очиб берган бўлса, Мақсуд Шайхзода “Ҳаёт дафтаридан” шеърида устоз Нозимга ҳамоҳанг тарзда шундай ёзади:
Нозим Ҳикмат ва Мақсуд Шайхзоданинг шеърларини қиёслаганда руҳий муштараклик яққол сезилади. Шеърда замонасоз мисралар бўлса-да, ҳар икки шоир ҳаётий қарашларини сингдирган. Шайхзоданинг “Қуёшнинг йўли”, “Қуёш дерки”, “Қуёш, оқшом ва денгиз” каби шеърлари Нозим Ҳикматнинг “Қуёшни ичганлар қўшиғи” тўпламидаги шеърларга ҳамоҳанг. Ҳар икки улуғ шоир ижодида эрк, ҳуррият мотивлари кучли жаранглайди. Бу руҳий яқинликни, жўровозликни шоирларнинг кўпроқ сарбаст вазнидаги асарларида ҳам кўриш мумкин.
Нозим Ҳикматнинг Алишер Навоий шеъриятидан хабардорлиги шубҳасиз. Чунки мумтоз турк адабиёти тараққиётида ҳазрат Навоий ижодининг таъсири катта бўлгани ҳақида кўплаб турк шоирлари, адабиётшунослари ёзганлар. Нозим Ҳикматнинг “Бир севги афсонаси” драмаси бош қаҳрамонлари ҳам Фарҳод ва Шириндир. Унинг Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонига ўхшаш асар ёзишида М. Шайхзода билан суҳбатларининг таъсири бўлиши мумкин.
Мақсуд Шайхзода Москвада даволанаётиб, Ғафур Ғулом хотирасига бағишланган “Ғафурга хат” шеъри чоп этилиши муносабати билан ўша вақтдаги “Совет Ўзбекистони” газетасида ишлаётган шоир Жуманиёз Жабборовга 1966 йил 2 сентябрда йўллаган хатида шундай ёзади: “Ҳомид” эмас. Бу Абдулҳақ Ҳамид (2.2.1852 – 12.4.1937) номли машҳур гуманист, турк шоиридир. Раҳматли Ғафур уни кўп яхши кўрар ва аксар шеърларини ёддан билар эди. Бу шоир... Нозим Ҳикматнинг устози бўлган”.
“Ғафурга хат” шеърида шундай мисралар бор:
Сен Ҳамиднинг шу байтин дердинг серкадар:
Бу парча Абдулҳақ Ҳамиднинг “ Мақбар” номли марсиясидан олинган, шоир уни Байрутдан қайтаётганда вафот қилган умр йўлдошининг хотирасига бағишлаб ёзган. Эътиборли жиҳати, Ғафур Ғулом нега айнан шу мисраларни такрорлашни хуш кўрганига сабаб, эҳтимол, руҳига мос тушганидадир, айтолмаган гапларини айтишга бир восита бўлгандир.
Ижодининг бир қисмини таржимага бағишлаган М. Шайхзоданинг жаҳон адабиётидан қилган таржималарида орттирган тажрибаси Нозим Ҳикмат шеърларини муваффақиятли ўгиришга асос бўлган. Ўзбек шоирларининг Нозим Ҳикмат шеъриятидаги эрк, озодлик мавзусидан, кураш ғоясидан таъсирлангани бежизмас. Нозим Ҳикмат ижодига мурожаат қилишда замонасозлик бўлгандир, аммо бунга моҳиятан қалбдаги, руҳиятдаги эрк, истиқлол истагини ифодаланишнинг бир йўли, деб қарамоқ керак.