October 6, 2023

КИТОБ МИСОЛИ ОФТОБ

Раим ФАРҲОДИЙ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Москва шаҳрида Ҳамдўстлик мамлакатлари болалар ва ўсмирлар адабиёти халқаро форуми бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Россия давлат болалар кутубхонаси ва “Растим читателя” (“Китобхонни ўстирамиз”) ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Арманистон, Беларусь ва Грузия мамлакатлари болалар шоир ва ёзувчилари, ноширлар, болалар кутубхоналари раҳбарлари ва кичкинтойлар китобларини безатувчи рассомлар иштирок этишди.

Халқаро форум иштирокчиларини 600 мингдан зиёд китоб фондини жамлаган кутубхонага – ҳақиқий эртаклар саройига ташриф жуда қувонтирди. Бу ерга келган ёш китобхонлар севимли бадиий асарларининг қаҳрамонларини нафақат ажойиб нашрлар саҳифаларида, балки болалар, ота-оналар, турли мамлакатлардан келган олимлар, ёзувчилар, шоирлар, драматурглар, адабиётшунослар ҳамда китобсеварлар иштирокида ўтказиладиган учрашув, фильмлар, видео маҳсулотларнинг ноёб тўплами, кўплаб ижодий лойиҳалар орқали кўриш имконига эга бўлишди.

Менинг китоб форумидаги чиқишим тасодифан Ўзбекистоннинг Мустақиллик байрами кунига тўғри келди. Ҳамдўстлик мамлакатларидан келган ҳамкасблар мени Истиқлол байрамимиз билан қутлашди.

Форум иштирокчиларига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолияти серқирралиги, МДҲ мамлакатлари ижодкорлари билан ижодий учрашувлар, рус тилида чоп этилаётган нашрлар, халқаро миқёсдаги таржима ишларининг истиқболлари, мактаблар, кутубхоналар ва бошқа таълим муассасаларидаги мунтазам ўтказиб келинаётган маҳорат дарслари ҳақида гапириб бердим. Шундан сўнг Россия болалар кутубхонасига Ўзбекистонда рус тилида нашр этилган янги китобларни топширдим.

Айниқса, Адиблар хиёбонида ўзбек мумтоз адабиёти вакилларининг ёдгорлик­лари ўрнатилгани ҳамда боғда Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси биносининг бунёд этилгани тасвирланган “Аллея литераторов” (“Адиблар хиёбони”) китоб-альбоми адабиёт мухлисларида катта таассурот қолдирди.

Кутубхона вакиллари Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг рус тилида чоп этилган “Ветер моего края” (“Юртим шамоли”) китобини, шунингдек, адабий-бадиий мавзуда республикамизда ўтказилган бир қанча ижодий танловлар ғолибларининг асарлари босилган тўпламлар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан чоп этилиб, мамлакатимиз мактаблари ва кутубхоналарига беминнат тарқатилган китоблардан намуналарни эҳтиром билан қабул қилиб олишди.

Ҳамдўстлик мамлакатлари китобхонлик ассамблеясида адабиётшунос олима, ўзбек адиблари асарлари таржимони, Ўзбекистон Миллий университети профессори Саодат Комилова, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг халқаро алоқалар хизмати бош мутахассиси Муҳтарам Муродова мазмунли, қизиқарли маърузалар қилишди.

Озарбайжонлик ёзувчи, “Мерос” маркази раҳбари Салмаз Аманова Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги рус адабиёти кенгаши “Слово” интернет-алманахининг илк муваффақиятларидан хабар топиб, таҳририятга ўзининг эртаклари, туркий тилли халқларнинг айрим этнографик атамалари ва географик номлари, тарихий номларининг келиб чиқишига оид ривоятларини таклиф қилди.

Россия давлат болалар кутубхонаси директори Мария Веденяпина кичик китобхонларни мутолаага ўргатишда ота-онанинг ибрати масаласига тўхталди. Ота-оналарнинг кутубхонага болаларини етаклаб келишлари, айниқса, хайрли ишдир, дея таъкидлади у. Зеро, “Болалар – бизнинг келажагимиз”, дегани оддий сўзлар эмас.

Намойиш этилган китоблар болалар ва ўсмирлар адабиёти йўналишида Россия Миллий мукофоти билан тақдирланган янги шеърий ва насрий нашрлар, илмий-оммабоп китоблар бўлиб, улар Ҳамдўстлик мамлакатлари халқлари тилларига, хусусан, ўзбек тилига таржима қилишга арзийди.

Таниқли рус болалар шоири Андрей Усачёв замонавий ўзбек болалар шоирларининг энг сара шеърларини рус тилига таржима қилиш истагини билдирди. Қайд этиш керакки, биз иккаламиз турли лойиҳаларда, жамоа тўпламлари тузишда ҳамкорлик қилиб келамиз. Албатта, янги тарихий шароитда ижодкорларимизнинг асарлари барча мамлакатларда кенгроқ тарғиб этилиши керак.

Китоб ярмаркасининг энг ажойиб дақиқаларидан бири кичик китобхоннинг ота-онаси билан биргаликда китоб танлаши бўлди. Бу тадбир китобни масъулият билан танлашга, унга содиқ дўст, маслаҳатчи, болалик давридаги ишончли ҳамроҳ сифатида муносабатда бўлишга ўргатиши, шубҳасиз.

Форум иштирокчилари очиқ ва дўстона муҳитда китобхонликни ривожлантириш, болаларни энг яхши китоблар билан ошно этиш йўлида ижодий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фикр алмашдилар.

Рус тилидан Гулобдон ТЎРАЕВА таржимаси.