August 11, 2023

 Николай Васильевич Гоголь

1809 йил 1 апрелда туғилган Николай Васильевич Гоголнинг бутун ҳаёти улкан бирсир-синоатдан иборатга ўхшайди. Унинг номи билан боғланган кўплаб афсонава миш-мишлар тарқалганки, уларнинг айримларини адибнинг ўзи ўйлаб чиқарган, дейишади. У ўта моҳир уйдирмачи бўлган ва, шубҳасиз, бу унинг ижодида ҳам ўз аксини топган.

Гоголлар оиласи

Гоголлар оиласида 12 нафар бола туғилган: олти ўғил, олти қиз. Николай учинчи фарзанд эди. Ундан олдинги икки фарзанд гўдаклигида нобуд бўлган. У дунёга келганда фамилияси Яновский бўлган, 12 ёшга тўлганда Николай Гоголь-Яновский деб аталган. Нақл қилишларича, унинг авлод-аждоди қадимги казаклардан бўлиб, тахминан XVII асрларда ўнг қирғоқдаги Украинани бошқарган Остап Гоголга бориб тақалади. Адиб ўзининг машҳур бобокалонини Тарас Бульба образида тасвирлаган бўлиши мумкин.

Гоголнинг қизиқишлари

Гоголь ёзувчиликка ва театрга қизиқишидан ташқари, болалигидан тасвирий санъатга ҳам меҳр қўйган. Ўз даврида Николай Васильевични ғалати одам, деб қарашган. У қўл иши, тўқувчилик, тикувчиликни ҳам ҳавас қиларли даражада ўрганган, кийимларини ўзи тиккан ва сингилларига либослар тикиб бериб, уларни эркалатган экан.

Николай Васильевича Гоголнинг турли-туман қизиқишлари орасида ўсимликлар дунёси, ботаника алоҳида ўрин тутган. У табиат олами ҳақидаги китоб­ларни мутолаа қилишдан ташқари, турли хил ўсимлик­ларни йиққан, уларнинг фойдали томонларини ўрганган. Бу қизиқишлар ҳам унинг ижоди равнақида қўл келган.

«Ревизор» ва Александр Пушкин

Гоголь “Ревизор” комедиясини ўзи ўйлаб топмаган, балки Устюжн шаҳарчасида бўлиб ўтган воқеани яхшигина пишитиб, бу асарини ёзган. Унга бу ғаройиб воқеани айтиб берган ва драматик асар ёзишга руҳлантирган инсон Пушкин эди. Ижод жараёнида Гоголь бир неча бор пьесани ёзиш фикридан қайтади, аммо дўсти ва устози асарни якунига етказишга мажбур қилади. Асарда тасвирланган воқеаларни Пушкин ўз бошидан кечирган эди.

Гоголь ва аёллар

Гоголь, қайдномаларига қараганда, икки марта севган. Аммо бу туйғулари самарасиз якунланган: у бир умр ёлғиз яшаган. Ўша вақтда уни яхши кўрган онаси ва синглиси бор эди, улар Гоголни оила қуришга кўндира олишмаган.

“Ўлик жонлар” тақдири

1852 йил февралда Николай Гоголь деярли ёзиб битирган, ўн йил меҳнати сингган “Ўлик жонлар” асарининг иккинчи жилдини ёқиб юборади. Адиб уни аввалбошда трилогия сифатида ёзишни режалаштирган эди. Биринчи жилдда авантюрист Чичиков Россия бўйлаб саёҳатга чиқиб, ёмон одамларга дуч келади, иккинчи жилдда тақдир қаҳрамонни айрим яхши одамларга йўлиқтиради, учинчи жилдда эса, Чичиков Сибирдаги сургунда кечган воқеалар орасидан олиб ўтилиб, ниҳоят ахлоқан тозариб, ҳаётда тўғри йўл танлайди.

Гоголь 1849 йилда танишган олий мартабали поп Матфей Константиновский “Ўлик жонлар” асарининг иккинчи жилдини ўқиган ягона киши саналади. У қўл­ёзмани адибга қайтарар экан, бир неча бобларни олиб ташлашни, бу асарни “ҳатто ёқиб ташлаш”ни маслаҳат беради (у китобни “зарарли” деб баҳолайди).

1852 йил 11 февралдан 12 февралга ўтар кечаси Николай Васильевич ўзининг содиқ қароли Семёнга печнинг эшикчасини очишни ва ўзининг сумкасини олиб келишни буюради. Ундан бир тахлам дафтарни олиб, оловга ташлайди. Шундай қилиб унинг энг асосий асари – “Ўлик жонлар”нинг иккинчи жилди ёниб битади. Асарнинг учинчи жилди ёзилмаган.