БИЗ ИСТИҚЛОЛ БОЛАЛАРИМИЗ
Огаҳий номидаги Ижод мактаби ўқувчилари машқларидан намуналар
Лутфий бобо Алишер Навоий ҳали болалигидаёқ унинг бир байтига ўн минг байтли ижодини лутфан алмашмоқчи бўлганида, қайсидир маънода, истеъдодли ёшлар эртанги кун эгалари эканлигига ишора қилганлар. Бугунги кун болалар адабиётининг мазмун-мундарижаси атиги уч-тўрт йил олдинги ҳолат билан таққосланса, Худойберди Тўхтабоев, Анвар Обиджон, Турсунбой Адашбоев сингари забардаст ижодкорлардан сўнг ижодий жараён бироз бўшашиб, яна кўтарила бошлаганини кўриш мумкин. Жорий йилда ижод мактаблари, уларнинг тарбияланувчилари, болалар шоирлари ва адиблари билан таҳририят ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик натижалари шундай дейишга асос беради. Зеро, бу ҳукуматимиз томонидан болалар адабиётига, умуман, адабиёт ва санъат ривожига алоҳида эътибор қаратилиб, ғамхўрлик қилинаётгани самарасидир.
Хусусан, ижод мактаблари ташкил этилиб, ёш ижодкорлар тарбиясига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилгани натижаси яққол кўзга ташлана бошлади. Йил давомида “Болалар бекати” рукнида бериб борилган болалар адабиёти намуналари, ижод мактаблари фаолияти, ўқувчи ва ўқитувчилари ижодига бағишланган саҳифа-саҳифа материаллар бунинг исботи. Газетамизнинг ушбу сонида эътиборингизга ҳавола қилинаётган Огаҳий номидаги Ижод мактаби ўқувчиларининг ижод намуналари ҳам ёш қаламкашлар билан ўзаро ҳамкорлигимизнинг узвий давомидир.
ШОИР, МУАРРИХ, ТАРЖИМОН
Илм-фан, санъат ва адабиётнинг қадимий ўчоқларидан бири бўлган Хоразм элининг улуғ фарзанди, серқирра истеъдод соҳиби, нафақат улкан шоир, балки забардаст муаррих, моҳир таржимон, атоқли давлат арбоби Муҳаммад Ризо Огаҳий (1809 – 1874) ўзбек адабиёти, фани, маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган.
Халқимиз Муҳаммад Ризо Огаҳийни ўзбек мумтоз адабиётида ижодий мероси кўлами ва бадиий маҳорати жиҳатидан Алишер Навоийдан кейинги ўринда турувчи улкан истеъдод соҳиби сифатида билади, ижодини юксак қадрлайди ва севиб мутолаа қилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 мартдаги ”Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш ҳамда Хива шаҳрида Огаҳий ижод мактабини ташкил этиш тўғрисида“ги 238-сонли қарори ва шу қарор асосида мамлакатимизда амалга оширилган ишлар таҳсинга сазовордир. Қарорга мувофиқ, 2019 йил декабрь ойида Огаҳий таваллудининг 210 йиллиги мамлакат миқёсида кенг нишонланди. Хива шаҳрида Огаҳий номидаги ижод мактаби ташкил этилди. Ташкилий қўмита Огаҳий ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқди. Шу ўринда Огаҳий асарларининг 20 жилдлигини нашрга тайёрлаш ва уни чоп этиш бўйича қилинган ишларни, шоир ҳаёти ва ижодига оид кўплаб илмий ва бадиий асарлар ҳамда Огаҳий сиймосини акс эттирувчи саҳна асарлари яратилганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Огаҳий ижодида тарихнавислик етакчи ўринга эга бўлиб, улар бу соҳадаги фаолиятини амакиси Мунис асарининг давомини ёзишдан бошлаган. Кейин Огаҳийнинг ўзи ҳам мустақил бешта тарихий асар ёзган. Шунингдек, Шарқ мумтоз адабиётининг йигирмага яқин нодир намуналарини ўзбек тилига таржима қилиб, Хоразмда таржимачилик мактабини яратган. Жумладан, Кайковуснинг “Қобуснома”, Бадриддин Ҳилолийнинг “Шоҳ ва Гадо”, Саъдий Шерозийнинг “Гулистон”, Низомий Ганжавийнинг “Ҳафт пайкар”, Абдураҳмон Жомийнинг “Юсуф ва Зулайҳо”, “Баҳористон” ва бошқа асарларни таржима қилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Муҳаммад Ризо Огаҳий ўз замонида огоҳларнинг огоҳи, ҳақгўйларнинг сарбони, орифларнинг шоири эди. Шоирнинг ”Огаҳий“ тахаллусини олиши ҳам бежиз эмас. У доимо олам сирларидан бохабар бўлиб туришни ўзи учун фарз деб билган. Шеърий меросининг асосий қисми она тилида ёзилган бўлиб, “Таъвиз ул-ошиқин” (“Ошиқлар тумори”) девонида жамланган. Девон маърифатпарвар шоҳ ва шоир Муҳаммад Раҳимхон Соний (Феруз) таклифи ва талаби билан тузилган бўлиб, унда шоирнинг йигирмадан ортиқ жанрдаги салкам 20 минг мисра лирик мероси жамланган. Уларнинг 1300 мисрадан ортиғи форс тилида битилган. Бу Огаҳийнинг зуллисонайнлик анъанасини муносиб давом эттирганининг ёрқин далилидир.
Шоир девонидан ижтимоий-сиёсий, ахлоқий-дидактик шеърлар жой олган. Лекин уларнинг аксарияти ишқий мавзудадир. Огаҳий шеърияти ҳақида сўз юритар эканмиз, у кўз ўнгимизда, аввало, ўзбек мумтоз адабиётининг истеъдодли намояндаси сифатида гавдаланади.Фақат илғор ғояга хизмат қилувчи чуқур, мазмунан теран шеърнигина мумтоз асар сифатида эътироф этиш мумкин. Агар шеър кишига бадиий завқ бермаса, бундай шеърдан, бундай шеърлар жамланган девондан не ҳожат, дейди шоир:
Огаҳий назминг аро дил сўз мазмун бўлмаса,
Сода ашъоринг била девону дафтардин не ҳаз.
Илм-фанни эгаллашга ўргатиш, маърифатга чақириш мумтоз шоирларимиз меросига хос хусусиятдир. Огаҳий киши руҳий бойликка фақат маърифат орқали эришиши мумкинлигини таъкидлайди ва шеърларида шунга амал қилиб, илм-маърифатсиз инсон жоҳил, жоҳиллик эса икки оламни барбод қилишдир дейди:
Илм андоқ ганжи нофеъдир бани одамғаким,
Кимда ул бўлса, ики олам бўлур обод анга.
Касби илм этмай киши гар қолса маҳзи жаҳл ила,
Ики олам обрўйи бўлғуси барбод анга.
Маънавият ва маърифат масалаларига давлат сиёсати даражасида эътибор берилаётган бугунги кунда Огаҳийнинг ҳаёт йўли ҳамда бой ижодий меросидан сабоқ олиш катта илмий ва амалий аҳамият касб этади. Шундай экан, биз унинг нафақат ҳам бадиий, ҳам мазмун, ҳам ғоявий жиҳатдан юксак лирик меросидан, балки ўтмишимизнинг бебаҳо солномаси бўлган тарихий асарларидан, гўзал таржималаридан ҳам баҳраманд бўлайлик. Зеро, бу мероснинг инсон маънавий олами юксалишидаги ўрни ниҳоятда катта.
Огаҳий номидаги Ижод мактаби ўқитувчиси
Дардимни тинглайсиз бўлиб ҳамхона.
Менинг ҳаётдаги ёлғиз суянчим,
Сизни йўқотишдан қўрқаман, она.
Яхши ололмасман кўнглингиз гоҳо,
Доно фариштамсиз ердаги танҳо.
Дунё йўқотишдан қўрқмайман, аммо,
Сизни йўқотишдан қўрқаман, она.
Бахтимни сўрайсиз ҳудодан кунда,
Кеч келсам, кутасиз ухламай тунда.
Ҳар доим, ҳамиша бўлинг ёнимда,
Сизни йўқотишдан қўрқаман, она.
Мени бир қучганда бағрингиз тўлиб,
Бахтимни кўрганда чеҳрангиз кулиб.
Бошимда туринг, бас, дуолар қилиб,
Сизни йўқотишдан қўрқаман, она.
Яна бу борлиққа ҳокимсан ўзинг,
Хокисор булутлар измингда яна.
Тиғ ила самонинг бағрин тилибсан,
Дардлари қор бўлиб ёғяпти мана.
Қорингдек тиниқсан, беғуборсан, лек
Ҳар лаҳза жўш урар қаҳратон саси.
Қалбимнинг бир чети исимагандек,
Тинган бинафшанинг шодон кулгуси.
Келдингу, ёпилди кузнинг дафтари,
Нега ёзолмайман сен ҳақда хуррам,
Бу гал ҳам “совуқ сўз” ёзайми яна?
Нечун сени ёздек хушламаслар ҳеч,
Изғирин, қаҳратон, аёз учунми?!
Сен келсанг баҳорни соғиниб муштоқ,
Кўнгиллар кўкламга кўпроқ мафтунми?
Ўксима, сен биздан нолима фақат,
Қорингни севувчи қизинг бўламан.
Совуқ дафтарингни титкиласам ҳам,
Энг илиқ дамларни эсга соламан!
Осмонга туташган денгиздир кўнглим
Ундаги ҳисларим мовийдан мовий.
Дунёдан заррача хавотирим йўқ,
Чунки қалбимдаги ишқдир илоҳий.
Денгиз ҳам қалбимдек сарҳадсиз асли,
Лекин у кўмади ҳасратин чуқур.
Дилим очиб унга, қиламан ҳузур...
Ватан асли кўзимиз, қароғимиз,
Хоразмдир диллардаги ардоғимиз,
Қанотимиз – суяб тургувчи тоғимиз.
Интиламиз юрт ривожга тўлмоғи-чун,
Келажаги буюк давлат бўлмоғи-чун,
Биздан озод, обод Ватан қолмоғи-чун.
Ўқиш, изланишда ўтади ҳар кун,
Шеърий баҳслар-ла безанади тун,
Илм асло бизни қилмагай забун.
Ижод денгизлардай мавж урар бизда,
Келажакка ишонч ҳар ўғил-қизда,
Йўлимиз даҳолар қолдирган из-да.
Ватан дилда ғуруримиз, оримиз,
Ўзбекистон ўзлигимиз, боримиз,
Фидо бўлсин танда ширин жонимиз,
– Ваалайкум ассалом. Нима қилиб юрибсан бу ерда?
– Менинг дардимни тузалмас дейишяпти.
– Уни фақат дадам тузата олади.
– Мен йиғлайвераман, йиғлайвераман... Ҳамиша ғамгин бўлиб юраман.
Ҳамиша қувноқ дугонаси табассум қилди.
Тонгни тундан фарқлаб бўлмайди. Дафн маросимига йиғилганларнинг эгнидаги маросим кийими борлиқни қора рангга бўяди. Рафиқасининг ўлими Мардонни жуда қаттиқ изтиробга солиб қўйди. Уйда одамларнинг ҳамдардлик сўзлари қулоққа чалинади.
Қуёш бугун юзини ҳам кўрсатмади, айбдордек булутлар ортига беркиниб олгандек: гўё у Нозиманинг ўлимига сабабчидек. Аста-секин таъзияга келганлар тарқалди. Ҳувиллаган уйда Мардоннинг ёлғиз ўзи қолди. Кираётиб фортепианога кўзи тушди. Буни кўриб кўнглидаги хафагарчилик ортди. Ахир, Нозима бу фортепианода унинг қалбига ором бағишловчи куйлар чаларди...
Мардон ухламоқчи бўлиб, каравотга чўзилди. Қанчалик уринмасин, барибир, ухлай олмади.
Ой дераза ортидан кўриниш берди. Вақт ҳам ярим тунга оққан. Мардоннинг кўз олдидан ҳаётида кўрган-кечирганлари ўтаётган бир пайтда Нозиманинг “Мардон ака” деган овози қулоғи остида жаранглагандек бўлди.
Тасаввурида қоп-қора сочлар, тундан-да қора кўзлар гавдаланди. Оппоқ либосда ўзидан нур таратганча Нозима Мардонга тикилиб турарди. Мардон ҳали ўгирилиб қарамади. У хаёлидан шундай овоз ўтаётганига ўзини ишонтирарди.
Нозима ўша фортепиано олдига борди. Нозик қўлларнинг такрорланмас ҳаракати ила ой шуъласига ҳамоҳанг бир куй янгради. Мардон ортига қаради. Катта кўзлар ҳайратдан яна ҳам катталашгандек бўлди. Қиз тинмай куй чалар, йигит эса бу куй оғушида сўнмас хотираларга ғарқ бўлганди. Йигитнинг қувончи чексиз эди.
Қиз тўхтаб қолди. У Мардонга тикилиб турди-да, деразага қаради: тонг отаётганди. Нозима ортиқ бу ерда қололмасди.
Мардоннинг овози зўрға чиқарди.
Нозима унга гўзал табассумни ҳадя этганча кўздан ғойиб бўлди...
Табассум қилаётган дарахт гўё гуллар билан безалган бир паллада мусаввир завқ билан унинг расмини чизарди. Мўйқалам рассом қўлида рақс тушаётгандек ўйнарди. Унинг гўзал “рақсидан” таъсирланганлар мўйқаламдан сўрашди:
– Одамларнинг қувончли онларида ёнида бўлсанг, сен ҳам жуда бахтли ва хурсанд бўлардинг.
Худди ўша жойда яна бир одам нимадандир безовта, жуда ғалати ҳолда кўринди. Унинг қўлида қоғоз ва қалам. Қоғоз жимгина тинглар, қалам эса кўнгли юмшаб кетган одамдек юм-юм йиғларди.
Қалам ҳўрсинганча жавоб берди:
– Одамларнинг дардларини тинглаганингда эди, сен ҳам мендек кўз ёш тўккан бўлардинг...
Оналар ўлимидан кейин самоларга учиб кетмайди. Худо уларга маълум вақт фарзандлари ёнида қолишга ва кўз-қулоқ бўлиб туришга алоҳида рухсат беради.
Сап-сариқ, илиқ киприкларини бир-бирига туташтирган қуёш “чарчадим” дегандек, ўрнини ойга бўшатди. Денгизнинг шер мисол наъра тортиши, шамолнинг безовта гувиллаши, уфқнинг сарғиш юзи она заминнинг энг гўзал манзараси бўлиб хотираларга муҳрланади.
Шуни ўйлар экан, Моҳинанинг кўнгли бироз ёришди. Энди ўн олти ёшга тўлганига қарамай, унинг бошига кўп савдолар тушди. Мана, бугун ўгай онанинг отаси билан суҳбати Моҳинани денгиз томон чорлади.
Севара қизни Меҳрибонлик уйига топширишни сўради. Масъуд эса буни хоҳламади. Ахир, у Муқаддасдан қолган ёдгорлик, Масъуднинг ёлғиз фарзанди.
Бу воқеани ўйлаб, Моҳинанинг хаёли уни онаси томон чорлади. Муқаддас юрак касалидан вафот этганини у биларди. Қўлидан нима ҳам келарди...
Моҳина шамолни ҳис қилганча ўзиданми, шамолданми, сўради:
– Нима қилсам бўлади? Узоқларга кетгим келяпти. Қани эди, ёнимда онам бўлса...
– Нега хомушсан? – шамол унга далда бермоқчи эди.
Моҳина сиқилган пайтлари у билан узундан узоқ суҳбатлашарди. Моҳина вазиятни тушунтирди. Шамол яна безовталанди.
– Нима бўлишини билмадиму, ҳар доим ёнингда бўлишга тайёрман.
– Раҳмат, – деди Моҳина. Сал туриб у ердан кетиб қолди.
Масъуд қизидан хабар олиш учун хонасига чиқди. Эшикни тақиллатди.
Ҳеч қандай сас-садо йўқ. Масъуднинг юраги бир нимани сезгандек бўлди. Эшикни очиб қараса, қизи йўқ. Ўртада қандайдир хат ётибди.
“Отажон, мендан хафа бўлманг. Бир кун сизни излаб топаман. Моҳина”.
Моҳина йўлда хаёл суриб борарди. Орадан шунча йил ўтди. У ўқишни битириб, тадбиркорлигини йўлга қўйганди.
Моҳинанинг кўзи бирдан ўша одамга тушдию, донг қотиб қолди.
Уст-боши кир Масъуд тепасидаги қизга қаради.
– Моҳина... Қизим! Қаерларда эдинг?
Моҳина ҳеч нарса демас, отаси эса уни яна сўроққа тутарди.
– Эҳ қизим, сени қидириб уйдан кетдим. Бир йил деганда қайтсам, Севара уй-жой, мол-мулкни ўз номига ўзлаштириб олибди...
Моҳина отасининг ҳикоясини эшитиб, ҳўрсиниб қўйди. Отасини ўзи билан олиб кетди.
Денгиз нималардандир хурсанд. Тинмай шовуллаб, қалбларни кирлардан тозалайди.
– Қани эди, онам ёнимда бўлса... Онамни бир кўрсам эди...
Шундай дея шамол безовталаниб қолди. Қандайдир нур кўзни қамаштириб юборди.
Муқаддас оппоқ юзи, қоп-қора кўзлари ила Моҳинага қараб жилмайиб турарди...