ПОЛКОВНИКНИНГ АРМОНИ
Сукунат билан суҳбат қуриш нақадар мароқли. Ҳаёт музлатиб қўйилганга ўхшайди. Бир лаҳза бўлсин тиниб-тинчимаган одамзот уйқуга чўмган. Бундай паллада вақт ичкарисига узайиб кетгандек туюлади. Гўё иккинчи ҳаётимни яшай бошлайман. Параллел бир оламда – бу дунё қанчалар ҳузурбахш эканини ҳис қилиш учун бироз бедорлик керак.
Гуп-гуп ураётган юрак, томирингизда оқаётган қон забтини ҳис қиласиз.
Бир чақага арзир-арзимас юмушлар учун елиб-югурамиз. Бошқалар тугул ўз кўнглимизга қулоқ тутишга вақт йўқ. Қалбимиз изҳорлар, андуҳлар, армонлар мозористонига айланиб боради. Уни обод қилишга умримиз етадими, йўқми – бу фақат Яратганга аён.
Ҳар тонг таҳсил олаётганим Марказга ошиқаман. Чала-ярим нонушта, узуқ-юлуқ хайр-хўш. Йўл-йўлакай сабабсиз сигналлар, ошиқишлар, ниҳоят, муқаддас майдонда сафдамиз. Юздан зиёд одам бир лаҳза сукунат қўйнида қолади. “Текислан”, “Ростлан”, “Эркин” командаси билан полковник майдонга кириб келади.
65 йиллик умр, 45 йиллик ҳарбий тажрибадан ҳаётий сабоқ берилади. Ҳар гал ота-онани йўқлашни унутмасликни уқтиради. Кимдир тўғри тушуниб, керагини қабул қилади, бошқаси иложсиз ғудранади. Кимдир “робот”га айланиб қолган бу одам кўнгил ишларини унутганини айтиб нолийди. Нима бўлганда ҳам барчамиз Ватан ҳимояси йўлидаги масъулият ва вазифаларимизни яна бир карра ёд олиб, ўқишга, ишга киришамиз.
Ростини айтсам, ўзим ҳам яқинлар, дўстлар, устозларга етарлича вақт ажрата олмаётганимдан сиқилиб, ич-этимни еб юраман. Кимдир йўқлаб келаётганини эшитсам, қувонаман. Ҳеч бўлмаса, эрталаб, кечқурун суҳбатлашамиз. Атайлаб боришга имкон қайда?!
Синглим жиянчалар билан биз томонга отланганини эшитиб, сабрим чидамади. Улар келаётган автобусга қарама-қарши томондан дуч келгунча юришга қарор қилдим. Қўнғироқлашиб, шаҳарга яқин туман чегарасида кутиб олдим. Ўғил-қизларининг бўйи анча чўзилибди.
Биргаликда санаторияда ётган аммамдан хабар олдик. Болаларим тоғасиникига кетгани учун уйда ёлғиз эдим. Бир машина бўлиб йўқлаганимизни кўрган беморнинг кўзларига ёш қалқди: “Ҳажларинг қабул бўлсин, болам!”.
Узоқ гаплашиб ўтирдик, суратларга тушдик. Бизни ўз фарзандидек кўрадиган аммам сидқидилдан дуо қилди. Даволанишдан кейин уйга ўтишини қайта-қайта тайинлаб, шаҳарга қайтдик.
Қариндошу қишлоқдошларни эслаб, уйга қандай етиб келганимизни сезмай қолибман. Синглим тайёр овқатни иситиб, чой дамлаб келди. Лекин нимагадир пиёлага қуйиб, узатмади. Тиндириб қўйганини тахмин қилиб, бироз кутдим. Кейин чидай олмай, сабабини сўрадим:
– Келинлик вақтим ҳам чой қуйиб бермаганман. Кимга керак бўлса, ўзи қуйиб ичаверади.
Миямда чақмоқ чаққандек бўлди. Чала ётган ишларим, режалару орзуларим бир-бир кўз олдимдан ўтди. Одамлар улардан воз кечишга арзийдими? Бошқалар-чи, сен учун принципларини буза оладими? Ўзимни беҳуда “қурбон” қилмаяпманми?! Наҳот, сунъий чегараларимизни ҳатлаб ўтолмасак?! Бундай қўлбола тўсиқларнинг саноғи борми?!.
Бу ҳодиса менга полковник билан боғлиқ воқеани эслатди. Манаман деган Ватан ҳимоячилари нигоҳидан ҳайиқадиган полковникнинг: “Уйимни сотиб бўлса ҳам айтганларини қилсам бўлар экан”, дея титраган овозда қилган иқрори – идраб турган юракнинг ҳасрати эмасми!?
Бундай ҳасратлар, ҳар кимда истаганча топилади. Дадам энам (ўзининг онаси) вафот этишидан олдинроқ ароқ ичишни ташламаганига ҳалигача афсусланади. Ўзим бундай армонларнинг саноғида адашаман.
Машраб бобонинг машҳур “Ўртар” ғазали бастакори билан газетага суҳбат ташкил қилиб беришимни бир қадрли опамиз кўп илтимос қилди. Дунёнинг охири йўқ ташвишлари оралаб савол тузиб, тайёр қилгунимча бир ойдан зиёд вақт ўтди. Қўнғироқлашдик. Вақтини топиш бироз мушкул бўлди. Бир куни опа гина қилиб, йиғлаб олди. Таваккал қилиб, йўлга тушдим. Афсуски, уйда йўқлигини билгач, ортга қайтдим. Шафқатсиз ўлим бу суҳбатга тўсиқ бўлди.
Адабиётшунос олим Баҳодир Саримсоқов билан биргаликда тушлик қилаётган маҳал газетага интервью қилишга келишиб олдик. Тузган саволларимга Бош муҳаррир ўзгартириш киритишимни айтди. Кунларнинг бирида, қайта ишлов бериб ўтирсам, филология факультетини тамомлаган акамиз ҳайратланиб, сабабини сўради. У маҳаллар ҳозиргидек ижтимоий тармоқларда биров ўлса ёки туғилса маълумотлар бир неча кун айланмасди. Вафот этган одам қолиб, ўзининг сохта обрўсига хизмат қиладиган постлар қўйилмайдиган пайтлар. Домла қазо қилган экан. Саволларим қиёматга қолди.
Кўп шукр қиламан, баъзи инсонлар билан шундай муносабатга киришдимки, уларнинг яқин орада ўлишини билганимда ҳам бундан ортиқ эъзозлашим имконсиз эди.
Бироз чалғидик. Полковникка қайтайлик.
Унинг қаршисида юзлаб тингловчилар чуқурроқ нафас олишга чўчирди. Ҳар куни икки маҳал бир соатдан ортиқ тарбиявий дарс. Кимгадир ёқар, ёқмас, бир инсон 60 йилдан ортиқ яшаб чиқарган хулосаларини биз билан баҳам кўрарди. Орқасидан яхши-ёмон гапирадиганлар топилади, албатта. Ҳарбий либосдаги “қаттиққўл” раҳбарнинг юрагида армонлари борлиги бизга кейин маълум бўлди. Танбеҳ берса ҳам “болам” деб гапирадиган полковникка меҳримиз, эҳтиромимиз ошди.
– Ота-онам бирор марта дардини, ташвишини, эҳтиёжини айтмаганди. Шаҳарга келган отамни бирор марта кутиб олиб ёки кузатиб қўймаганман. Мени авайлашарди. Бир гал меҳмонга келганларида онам юрагини очиб қолдилар – фалон нарсани олиб берсанг яхши бўларди, деб. Ҳаётда шундай принципим бор – ҳеч қачон бировдан қарз сўрамайман. Ўшанда ойликка бироз бор, ёнимда эса етарлича пул йўқ эди. Яшаб турган уйимни сотиб бўлса ҳам онамнинг айтганини қилишим керак экан.
Маошимни олгунимча онам ота юртга қайтишига тўғри келди. Ноилож кузатдим. Фарзандларим ўрганиб қолган экан, уч-тўрт кун қўмсаб юрди. Бошқа вилоятдан уйланганим учун набираларини эркалаб “гибрит болаларим” дерди. Ҳар гал эслаганимда юрагим идраб кетаверди. Ойлигимдан бош-оёқ сарупо қилиб, тахт қилиб қўйдим. Аммо юрагимдаги ғашлик тарқамасди.
Орадан вақт ўтиб отам меҳмонга келиб қолди. Яхши кунлар, ёшликни эсладик. Кетаётганларида онамга атаганимни бериб қўйишларини илтимос қилдим. Унамади. Ётиғи билан тушунтирганимда мийиғида кулиб қўйди.
– Яқинда нонушта маҳали “Бир ота ўнта болани боқаркан, бироқ ўнта бола бир ота-онанинг кўнглини топа олмас экан”, деганди. Гапининг сабабини сўрасам айтмаганди. Энди тушундим. Болам, буни ўзинг борганда олиб бориб бер, хурсанд бўлади.
Чорасиз меҳнат таътилини кута бошладим. Ҳар замонда телефонда гаплашамиз. Ҳозиргидек алоқа воситалари, имкониятлар қаерда у маҳаллар?!
Бора-бора қўнғироқ қилсам, онамни чақириб бермайдиган бўлиб қолишди.
– Дўконга чиққанди, қўшниникида, боғда эди...
Охири, тоқатим тоқ бўлди. “Топиб келинглар, кутаман” дедим.
Шундагина шифохонада эканини, оғирлашиб қолганини билдим. Эртасига ишга бориб, рухсат олдим. Самолёт учишига 7 соат вақт бор. Поезд ҳозир юрса ҳам бир суткага яқин вақт кетади.
Кунлар иссиқ, майитни узоқ ушлаб туришнинг иложи йўқ.
Қўнғироқ қилиб, онамнинг жасадини қийнамасликларини тайинлаб, етиб бора олмаслигимни айтдим.
Кўзимда ёш, қўлимда бош-оёқ сарупо билан уйга кириб бордим...
Полковникнинг қолган гаплари қулоғимга кирмай қўйди. Ҳар гал уқдирадиган ота-она ҳақидаги тайинловининг боисини тушундим. Мен ҳам энам (дадамнинг онаси) қазо қилганида жанозасига етиб бора олмагандим. Роса 20 йил бўлибди. Охирги бор ўлимидан бир ой илгари дуосини олиб чиқиб кетгандим. Ҳозир ҳам ўша дуо қўлтиғимдан опичлаб юргандек туюлади.
У маҳаллар мен талаба, қадрли синглим мактаб ўқувчиси эди. Энди фарзандларининг мактабига кийим-бош қилиш учун шунча йўл босиб келиб ўтирибди. 20-30 йиллик воқеалар ҳақида гаплаша олаяпмиз. Яна шунча муддатда ким бор, ким йўқ?!
Ўйларимни синглимга сездирмасликка тиришиб, пиёлага қуйган иссиқ чойимни хўплаган кўйи суҳбатни давом эттирдим.