“АХБОРОТНОМА”
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан чоп этилиши йўлга қўйилган “Ахборотнома”нинг биринчи сони нашрдан чиқди. Илк сон Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва мен ишонаман, насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ва санъатимиз ҳам албатта бўлади”, деган пурмаъно сўзлари билан бошланган.
Ахборотномада юртимиз Янги Ўзбекистонда ижод аҳлига эътибор, давлатимиз раҳбари томонидан бу соҳага доир қабул қилинган қарорлар ва уларнинг ижроси – Уюшма ва унинг ҳудудий бўлимлари фаолияти, Адиблар хиёбони, атоқли устоз адиблар уй-музейлари, Ижод мактаблари, ёш ижодкорларнинг Зомин анжумани ва улар учун яратилган имкониятлар, уюшма поликлиникаси, уюшма муассислигидаги барча нашрлар, “Адабиёт” нашриёти ҳақида қисқа ва мазмунли маълумотлар берилган.
Ёзувчилар уюшмаси тарихи, ташкил топиши ҳамда турли даврларда унга раҳбарлик қилган устоз адиблар тўғрисидаги маълумотлар ҳам адабиёт ихлосмандлари учун ғоят қизиқарлидир.
Умумий ҳолда “Ахборотнома”нинг биринчи сонига мажмуа тарзида тартиб берилган.
“Ҳозирги пайтда уюшмамизнинг ҳар бир куни хотирада узоқ вақт сақланиб қоладиган долзарб воқеа ва ҳодисалар билан тўлиб-тошган. Ҳар куни баҳс ва мунозараларга бой тадбирлар, учрашувлар, мушоира ва янги китобларнинг тақдимотлари бир-бирига уланиб кетади, – деб ёзади уюшма раиси, Халқ шоири Сирожиддин САЙЙИД “Уюшмамиз солномаси” номли сўзбошисида. – Ана шу муҳим саналарни, унутилмас воқеаларни тарихга муҳрлаш, авлодларга безавол қолдириш мақсадида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Ахборотнома” нашрини чоп этишга қарор қилинди”.
“Ахборотнома”ни ҳар чоракда, яъни ҳар уч ойда бир марта нашр этиш мўлжалланган бўлиб, у Ёзувчилар уюшмаси тизимидаги барча бўлинмаларга етказиб берилади.
Мамлакатимизнинг барча шоир ва ёзувчиларини, адабиётшунос олимлар ва шу соҳанинг заҳматкашлари бўлган барча мутахассисларни Ёзувчилар уюшмасининг “Ахборотнома”си нашр этила бошлангани билан қутлаймиз.