ЎЗГАЧА РУҲ ОҒУШИДА
Кексалар дуоси ижобат дейишган. Бунга ҳаётим давомида кўп маротаба гувоҳ бўлганман. Вақт ел каби учқур экан. Кўз очиб юмгунча кексалик ҳам эшик қоқиб турибди. Йиллар давомида нималар қилдим, нималарга эришдим ва нималар қилишга вақт етар экан, деган сарҳисоб тинчлик бермайди. Ҳар бир мўмин киши Маккада, Мадинада бўлиш бахти, орзуси билан яшаши эса сир эмас. Шундай инсонлар қаторида бу диёрда бўлиш бахти бизга ҳам насиб этди.
Самолётга чиқаверишда миллий либослардаги қизлар табассум билан кутиб олди. Ўриндиқларга жойлашдик. Барча қулайликлар муҳайё. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси қулай, шинам ҳамда сифатли хизматлари билан тилга тушгани бежиз эмас экан. Йўловчилар аввалига турли шарбатлар билан сийланди. Озгина фурсатдан сўнг иссиқ чой ва таомлар, турли хил мевалар тортиқ этилди.
“Ҳурматли йўловчилар, сизлардан илтимос. Хавфсизлик камарларини тақиб олинг. Ўзингизни эркин тутинг. Бир неча дақиқалардан сўнг самолётимиз Жидда аэропортига қўнади”. Ушбу сўзларни эшитганим ҳамон мени ажиб ҳис-туйғу чулғаб олди. Самолёт ойнасидан ташқарига боқдим. Шу қадар гўзал манзараки, кишининг завқи келади. Фурсат ўтиб аста ерга қўндик. Йўловчиларнинг ҳар бирида ўзгача туйғу, кўзларидаги қувонч ёшини илғаш қийин эмас.
Йўлга чиқиш олдидан керакли буюмлар солинган жомадонларни олиб автобусларга ўтирдик. Чамаси бир соатдан зиёд йўл босиб Макка шаҳрига етиб келдик. Меҳмонхонага келгач, хоналар тақсимоти бўйича жойлашдик. Сўнг бизларга бошчилик қилаётган Ҳасанхон қори Сўфихон ўғли билан саҳарлик дастурхонида жам бўлдик, ниятлар қилдик. Яратганга ҳамдлар айтиб, Каъбатуллоҳ томон Умра амалларини бажариш учун йўл олдик. Кўпчилик билган ва кўпчиликнинг меҳрига сазовор бўлган ширали овоз соҳиби Масжидун Ал-Харом ва Масжидун Набавийнинг бош имоми Абдураҳмон Ал-Судаиснинг овозини эшитишга, иқтидо билан ибодат қилиш бахтига муяссар бўлганимиз учун Яратганга шукроналар айтдик.
Кун пешиндан ўтганда меҳмонхонага етиб келдик. Устимиздаги либос-эҳромларни ечиб, оддий кийимларни кийдик. Юраклар бир муддат тин олгандек бўлди. Хонадошлар Қодирхон, Ғафуржон, Йўлдошхон ака билан йўл таассуротлари, амалга оширилган ибодатлар ҳақида фикр алмашар эканмиз, бир-биримизни тинглаб руҳиятимизда ўзгача ҳисни туйдик. Бу маскан ана шундай манзил. Инсон танасида ўзгача руҳ кезиб юрар экан. Аввалига вақт секинлашгандек бўлди. Аслида, бу ерда ибодат, дуо қилишдан ўзга юмуш йўқ. Кунлар ўтгани сайин вақт янада тезлашгандек туюла бошлади.
Мен уйдан чиқиб кетишда бироз ташвишлангандим. Сабаби, шу ёшга қадар бундай узоқ сафарга чиқмаган эдим. Касбим журналист бўлса-да, вилоятларда ҳам кам бўлганман. Самолётда денгиз ошиб узоқ сафарга биринчи бор чиқаётганим сабабми, она юрт, фарзандлар, набиралар, қадрдонлар соғинчи қийнашидан ҳавотирда эдим. Ибодатларга киришган кунимдан бошлаб ҳаммаси унут бўлди гўё. Олис юрт, нотаниш чеҳралар – ҳамма-ҳаммасига кўника бошладим. Кунлар ўтган сайин ётоқхонага боргим келмай қолди. Каъба зиёрати ич-ичимдан ўзга ҳислар, туйғуларни уйғота бошлади.
Туни билан Каъба атрофида бўлишга ошиқдик. Кечаси кундузидан ёруғ, маҳобатли ва ўзига яраша салобатли бинолар киши кўзини қамаштиради. Атрофдаги бинолар, айниқса, соатли бино зиёратчиларни ҳайратга солган бўлса ажаб эмас. Дарвоқе, шу бино ва соат ҳақидаги айрим маълумотларни келтирсам.
Соат Саудия подшоҳининг буйруғи билан қурилган. Унинг қурилиши 2008 йил бошланган ва 2012 йили фойдаланишга топширилган. Бинонинг баландлиги 601 метр. Бу дунёдаги энг катта биноларнинг иккинчиси бўлса, энг катта соатларнинг биринчиси саналади. Соатнинг эни ва бўйи 43 метр. Меҳмонхона 120 қаватдан иборат бўлиб, 60 минг меҳмонни сиғдира олади, энг катта юзтадан зиёд лифтлардан фойдаланилади. Соатнинг кичкина стрелкаси узунлиги 17 метр, эни 3 метр. Катта стрелкасининг узунлиги 22 метр, эни 3 метр. Соатнинг тўрт тарафидаги соатларга ўрнатилган ҳар бир механизмнинг оғирлиги 21 тоннадан иборат. Соатда кўриниб турган Аллоҳу акбар сўзи дунёда энг катта ёзув бўлиб, алиф сўзининг узунлиги 23 метрга тенг.
Соатнинг юқори қисмидаги ярим ой шаклининг оғирлиги 107 тонна. Ойнинг ичида эса икки юздан зиёд одам жойлашадиган масжид ва шу ерда фаолият юритадиган ишчи-хизматчиларнинг офислари жойлашган. Ойнинг эни 25 метрни ташкил қилади. Бинонинг қурилишига 15 миллиард доллар маблағ сарфланган дейишади. Соат билан ярим ой шаклидаги ойнинг ўртасидаги устунда Саудия Арабистони байроғини акс эттирувчи оқ ва яшил рангдаги 21 мингта чироқ бўлиб, азон айтилган вақтда ёниб туради. Чироқларнинг ёруғлигини йигирма, ўттиз чақиримдан ҳам кўриш мумкин. Бу ёруғлик эшитиш қобилиятидан маҳрум ёки эшитиш қобилияти паст инсонларга намоз вақти бўлганидан дарак беришга кўмакчи вазифасини ўтайди. Ердан кўкка қараб ўн чақиримга йўлланган ўн олтита нур эса, соатни ҳатто самолётдан туриб ҳам кўришга имкон беради. Миноранинг ўзидан туриб бутун Маккани томоша қилиш мумкин. Замонавий технологиялар воситасида дунёдаги энг йирик соат шамол, чанг ва ёмғирдан муҳофаза қилинган. Соатнинг асосий механизми ниҳоятда кучли қуёш батареяларидан қувват олади.
Ўн бир кунлик Маккадаги зиёратларимиз давомида қадимий шаҳарнинг энг диққатга сазовор жойларида бўлиб, ислом оламидаги тарихий масканлар, уларнинг ўтмиши ва ҳозирги куни билан яқиндан танишдик. Айниқса, Арофат тоғи, Нур тоғи, Муздалифа, Мино, Савр тоғидаги диққатга сазовор жойлар, уларнинг тарихи ҳақида яқиндан танишиш зиёратчилар хотирасида узоқ вақт сақланиши аниқ. Чунки бу ерда ўтмиш билан бугунги кун уйғунлашиб кетгандек, гўё. Бу жойларга келган инсон ҳаёт ва охират оралиғидаги умрга шунчаки назар ташламаслиги мумкин эмас. Дунёга келиш бор бўлгани каби, кетишга ҳам иймон келтирмоқ даркор. Маккадаги ҳар бир кунимиз мазмунли учрашувлар ва ибодатларга бой ўтди. У жойдан кўзда ёш, қалбда соғинч ҳисси ила яна қайта-қайта келиш ниятлари билан Мадина томон йўлга тушдик.
Бизга йўлбошчилик қилган Ҳасанхон қори Сўфихон ўғли анча билимли инсон экан. Унинг айтишича, уч йилдан зиёд Ўзбекистондан борган зиёратчиларни кутиб олиб, уларга ислом тарихи, Макка ва Мадина шаҳрининг қадимий тарихи ҳақида етарлича маълумот бериб келар экан. Унинг бизга берган қуйидаги маълумоти зиёратчилар руҳини кўтарди ва барчанинг кўзи ёшланди. Унинг сўзларини сўзма-сўз айтишга ҳаракат қиламан: “Биз ҳозир энг шарафли, энг улуғ ва табаррук жойлардан ўтиб боряпмиз. Ташқарига бир қаранг. Бир томони саҳрои кабир, иккинчи томони тошли даралардан иборат. Зиёратчилар орасида сизлар энг омадлиси экансизлар. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи маротаба айнан шу йўллардан Маккадан Мадина томон зиёрат учун йўлга тушган эканлар. Биз ҳозир айнан Пайғамбаримиз (с.а.в.) каби Маккадан Мадина томон ва айнан шу йўлдан юриб бормоқдамиз. Бунақаси камдан-кам бўладиган ҳодиса. Бундай бахт бугун сизларга насиб этиб турибди”. Бу сўзларни тинглаб зиёратчилар беихтиёр саломлар, саловатлар айтиб, кўзда ёш билан дуога қўл очди.
Йўл-йўлакай қадимий масжидлар, иншоотлар тарихи билан танишиб бордик. Мадина шаҳрига тунда етиб келдик. Автобусдан заминга қадам босар эканмиз, ҳар биримизни сеҳрли олам қуршаб олгандек бўлди. Меҳмонхонага жойлашгач, кечки тановул учун меҳмонхона ошхонасига кирдик. У ернинг шинамлиги, хизматчиларнинг хушмуомалалиги, таомларнинг сифати-ю тўйимлиги ҳаммани қаноатлантирди. Шунда Ҳасанхон қори Сўфихон ўғли яна бир гапни айтди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу шаҳарнинг инсонларини меҳрли, савдо-сотиғи, тижорати баракали бўлишини, бу жойни еру осмондан келадиган турли офатлардан омон сақлашни Аллоҳдан илтижо қилиб сўраганларини ҳаяжон билан сўзлаб берди. Биз яна ҳайратга тушдик.
Ҳақиқатан шаҳар сокин, Масжидун Набавийнинг атрофи меҳмонхоналардан иборат бинолар билан янада гўзал кўринади. Масжиднинг архитектураси кишини лол қолдиради. Автоматик очилиб-ёпилувчи соябонлар ҳаракатланганини томоша қилиш кишини ҳайратга солмасдан иложи йўқ. Масжидун Набавийнинг дарвозалари жуда кўп экан. Пайғамбаримиз(с.а.в.)нинг равзаларига кириш учун узун навбатни кузатиш мумкин. Куну тун одам оёғи узилмайдиган навбат.
Мадинада жойлашган зиёратгоҳлар ҳам назаримиздан четда қолмади. Айниқса, Уҳуд тоғи, Қиблатайн, Қубо масжидлари, Қурон босмахонаси, хурмо боғига қилган саёҳатларимиз таассуротларимизни бойитди. Бақиъ қабристони Мадинаи Мунавварада жойлашган катта қабристон бўлиб, у ерда минглаб саҳобий, тобеий ва авлиёлар дафн этилган экан. Қабристонни зиёрат қилиб, марҳум ва марҳумалар ҳақига дуо қилинди.
Мадинада уч кеча-кундуз бўлдик. Бу ерда ўқилган бир ракат намозга минг ракат намознинг савоби ёзилар экан. Имкон қадар тунни ибодат билан ўтказишга ҳаракат қилдик. Бундай гўзал диёрдан кўнгил узиб кетиш оғир кечди. Кунлар шу қадар тез ўтдики, ўн тўрт кун кўз юмиб очгунча ўтгандек бўлди. Ватан томон йўлга тушишдан олдин Пайғамбаримиз (с.а.в.) билан хайрлашдик. Кўзларда ёш ва ушбу заминга бўлган соғинч ҳисси бутун вужудимизни тарк этмади. Гуруҳдаги барча зиёратчилар билан автобусда олти соат йўл юриб Жидда шаҳри аэропортига келдик. Аэропортда Ўзбекистон ёзуви билан учишга шай турган самолётга кўзимиз тушди. Шу пайт ҳаммада Ватан соғинчи деган ҳис, туйғу уйғонган бўлса ажаб эмас. Зиёратимиз ўз якунига етди. Яна фарзандлар, набиралар, маҳалла аҳиллари, дўстлар, жигарлар дийдори бизни қарши олди.
Сафар давомида кўплаб воқеа, ҳодисаларга гувоҳ бўлдим. Кузатувлар давомида кўп нарсалар ҳақида хулоса чиқаришга ҳаракат қилдим. Зиёрат давомида уч тоифа кишиларни фаҳмлагандек бўлдим. Биринчи тоифа одамлар, булар тижорат учун қадам босган. Иккинчи тоифа одамлар шунчаки, саёҳат қилиш учун. Учинчи тоифа одамлар дунё ишларидан кечиб, фақат ибодат қилиш учун қадам босган. Барчамизга тунлари кундуздан ёруғ масканларга боришни ният қилган учинчи тоифа инсонлар қаторида бўлиш насиб этсин.