ҚЎШНИЛАР
Ҳамманинг қўшнилари қўшнидай, меники-чи! Девор ортида аёл қичқиради: “Уҳ-ҳ!”, “Жойига!”, мен итига буюраётгандир деб ўйлагандим, йўқ, эрига экан! Ўзи парҳезда ўтирибди, эрини ҳам ўтқазди, унга парҳезнинг нима кераги бор, кўчада кетаётганда шамол учириб кетадигандай қалтираб турган бўлса. Яқинда шамол бўлди – уни қўшни аёлнинг болохона айвонидан учириб кетди.
Қўшнилар... учинчи хонадонда – режиссёр... сериаллар олади, шунинг учун ҳеч нарсани ўйламайди! Кунига мен билан йигирма марта саломлашади. Мен ундан “Нима, мени танимаяпсизми?” деб сўрайман. “Нега энди – танийман, аммо сизлар кўпчиликсизлар, деб ўйлайман-да”, дейди у.
Унинг хотини топ-модель... Озғин, новдадай! Эри уни хонадонида қандай топаркин? Мен у билан лифтга чиқдим. “Менга саккизинчи қават” деди у. Қайрилиб қарадим – ҳеч ким йўқ. Қўрқиб кетдим, “Қаердасиз? деб сўрадим, “Елкангизнинг орқасида”, деб жавоб берди у.
Қўшнилар... биттаси ўн йил қамоқхонада ўтириб келди ва энди учрашганда ҳаммага “Нимагадир сиз анчадан буён кўринмадингиз!” дейди. Ҳазилкаш... Бошқа биттасига суратга тушиб беришини сўрашибди, пул ҳам тўлашибди. У хурсанд бўлди, кейин эса кўчада кетаётиб плакатга кўзи тушибди – унинг расми остига “Эҳтиёт бўлинг – ОИТС” деб ёзиб қўйишибди. Энди у паспортга суратга тушишга ҳам қўрқяпти, ўрнига суратга тушиб келишини хотинидан илтимос қиляпти.
Қўшнилар... бешинчи қаватда милиционер яшайди – ДАНда ишлайди... Яқинда маст бўлиб, лифтда ҳаммани текширди: “Дори-дармонлар қутиси қани?”, “Нега хавфсизлик камари боғланмаган?”. Бир соатда профессорнинг бир ойлик маошидан кўпроқ маблағни тўплаб олди. Энг қизиғи, спорт кийимида... майка, калта иштон... қўлида ола таёғи.
Олтинчи қаватдаги пиёниста ўзига қўлбола ароқ тайёрлайдиган мўъжазгина қурилма ясаб олган. Қўлбола ароқни ҳам ичиб тугатди, энди фақат сув ичади, шакар чайнаб, ҳамиша қувноқ юради!
Саккизинчи қаватда муттаҳам фирибгар: бир гал порани олгач, пулларга белги қўйилганини билиб қолди. Уларни ямлаб ютиб юборди, милиция пулларнинг чиқишини кутди. Кейин-чи... долларни ютганди, собиқ иттифоқ давридаги рубллар чиқди.
Пастки қаватда спортчи туради... Олимпиададан олтин медал олиб келган, аммо у ёқда уни ҳамон қидиришаётгани ҳеч кимни ташвишлантирмайди.
Қўшнилар... биттаси электр ҳисоблагичга қандайдир игнани қўйибди, энди электр учун у эмас, унга тўлашяпти. Уни деб электр тармоқлари корхонаси қарзга ботиб қолди.
Унинг ўғли ҳам хакер чиқиб қолди! Қандайдир банкдан ўзининг ҳисобига 100 минг ўтказди, энди стипендиям шунча бўлди, деяпти. Бунга ишонган бобоси ўзи эллик йил илгари битирган МДУга қайта ўқишга кирмоқчи бўлиб юрибди.
Қўшнилар... тўққизинчи қаватда биттаси катта ноғора сотиб олди. Энди уни чалмаслиги учун ёнида яшовчилар, ҳар ой пул тўплаб туришади.
Ҳа, биринчи қаватдаги анови қурумсоқ қўлида бўш челак билан уйидан чиқаётган ишбилармоннинг рўпарасида пайдо бўлади. Ишбилармон икки кун чидади, кейин унга юз рубльдан тўлай бошлади. Эркакка бу оздек туюлди, яна чиқди, бошига челагини кийдириб қўйишгач қайтиб келди ва юз рубль – бу кўплигини тушунди.
Қўшнилар... йигирманчи қаватдаги амалдор, ҳаммага айёрлик қилмоқчи бўлди: ўзининг мулкини хотини ва қайнонасига ўтказди, суд ижрочилари рўйхатга олгани келишди, у бўлса “Бу меники эмас!” деди. Улар кетишди. Хотини ва қайнонаси эса, “Бу сеники эмас!” дейишди. Кейин катта кўчани кўрсатиб қўйишди.
Мана шунақа менинг қўшниларим! Агар мен бўлмаганимдами... бу уйда бирорта рисоладагидек одам топилмасди!