June 22, 2023

МЕҲР СЕҲРИ

Юртимизда болаларнинг ёзги дам олиш мавсуми биринчи ойи – июнь охирлаб бормоқда, мактабларда янги ўқув йилининг бошланишига яна икки ойдан зиёдроқ вақт бор. Албатта, ёз мавсумида болалар ўзларини қизиқтирган машғулотлар билан банд бўлади. Айниқса, Баркамол авлод мактаблари фаолияти янада кучайиб, аҳамияти яққол кўринади. Бу турдаги таълим муассасалари ҳақида гап кетганда, биринчи навбатда, ўтган асрда Ғайратий домланинг Республика Ўқувчилар саройида очган адабиёт тўгараги ёдимга тушади. Академик Наим Каримов “Ғайратий мактаби” мақоласида ёзишича, бу тўгарак йигирма йиллик синовдан ўтган ва адабиётимизда ўчмас из қолдирган атоқли ва таниқли шоирлар Эркин Воҳидов, Хайриддин Салоҳ, Сайёр, Тўлқин, Анвар Эшонов, Анвар Исроиловларни тарбиялаган. Албатта, тўгарак тарихи синчиклаб ўрганилса, бу масканда таълим олган болаларнинг адабиётдан бошқа соҳаларда ҳам кўзга кўринарли натижаларга эришганини аниқлаш мумкин.

Айни кунларда Тошкентдаги баркамол авлод мактабларига (аввалги ўқувчилар саройлари) кириб қолгудек бўлсангиз, айниқса, шаҳар марказий баркамол авлод мактаби йўлагига қўйилган стул ва диванларда фарзандини, набирасини машғулотга киритиб, ўзи кутиб ўтирган ота-­оналар, бувижонларга кўзингиз тушади. Улар бир-икки соатлаб газета ёки китоб варақлаб, хотиржам ўтиришади. Бундай манзарани Санъат ва мусиқа мактабларида ҳам, спорт саройларида ҳам кузатиш мумкин. Аммо уларнинг орасида негадир ўзбекларни кам кўрасиз.

Бу борада мактабнинг тўқиш тўгараги раҳбари Мавлуда Ўразбоева билан фикри­миз бир жойдан чиқди: нега аксарият ота-оналар фарзандларига боғча ёки кичик мактаб ёшидан ҳунар ўргатишни истамайди, ахир, халқимизда бола бошдан деган гап бор-ку... Балки Баркамол авлод мактаблари борлигидан кўпчиликнинг хабари йўқдир, балки ота-оналар вақтини қизғанар, эҳтимол, фарзанди ҳунарманд бўлишини истамас. Аммо “Бир йигитга қирқ ҳунар оз”, деган нақл ҳам бежиз айтилмаган. Қолаверса, ҳунар ўрганиш боланинг ақлий, ахлоқий, жисмоний ривожланишида муҳим омил саналади. Шунингдек, бу мактабларда фақат касб-ҳунар ўргатадиган эмас, балки болаларнинг қизиқиш­ларига доир ақлни ривожлантирадиган ўнлаб тўгарак­лар бор.

“Дўстлик” ордени соҳиби, халқ таълими аълочиси Мавлуда Ўразбоева коронавирус касаллиги боис одамлар уйдан чиқолмай ўтирганда ҳам интернет орқали болаларга турли қоғоз чиқиндилари, эски газета ва дарахт новдаларидан сават, қўғирчоқлар, ўйинчоқлар тўқиб ясаш бўйи­ча ўнлаб тўгарак машғулотлари ўтказиб, нафақат болалар, балки катталарнинг ҳам эътиборини қозонганди. Шундан сўнг Тошкент шаҳар БАМ директори Тамара Мирсагатова уни тўгарак раҳбари сифатида мактабга таклиф қилган. Ҳозирга келиб Мавлуда Анваровна шаҳар марказий Баркамол авлод мактабидан ташқари 5-6та таълим муассасаси ва маҳаллада тўгарак очиб, олтмиш нафардан зиёд болаларга ҳунар сирларини ўргатмоқда. Олтмиш нафар бола – бу катта кўрсаткич. Чунки одатда, ҳунарлар “устоз – шогирд” анъанаси асосида ўргатилиб, ҳар бир болага алоҳида ёндашилади.

– Мен асли ҳамшира эдим, тиббиёт билим юртини тугатганман, аммо болаларга меҳрим боис, кеч бўлса-да, ўн йилча бурун таълим соҳасига келдим, – дей­ди Мавлуда опа. – Бу соҳага ўзимнинг тўгарагим билан бирга келдим, десам бўлади. Аввал мактабларда қоғоз ёки дарахт новдаларидан турли нарсалар тўқиш тўгараги бўлмаган. Бундай тўгарак биринчи марта шаҳар Баркамол авлод мактабида очилди, кейин туман, республика семинарларида маҳорат дарслари ўтдик, тўгарак раҳбарларини тайёрлаш курслари очдик, бошқа жойларда ҳам газета қийқимлари, дарахт новдалари, майда симларни тўқиб, буюм ясаш тўгараклари ташкид этилди. Ҳозир ўнлаб шундай тўқиш тўгараклари ишлаб турибди. Асосийси, мутахассис тайёрлаш керак, хомашё етарлича топилади.

Тўгарак машғулотларида зарур бўладиган хом ашё арзон. Текинлиги ҳайратда қолдирди. Шу туфайли ҳам кутилмаган яхши натижаларга эришиш мумкин экан. Аввало, болаларнинг ҳунар ўргангани қолади.

– Тўқиш аслида қадимий ҳунар, аммо ҳозир қайта туғилди, деб айтиш мумкин, яъни қадим ҳунар асосида замонавий тўгарак ташкил топди! – деди Мавлуда Анваровна – Новдалардан ота-боболар сават, чавли сингари буюмлари ясашган бўлса, ҳозир болалар уй-рўзғор жиҳозларигача тайёрлашяпти. Ҳатто уларни сотиб, фойда кўриш мумкин. Асосийси, бу тўгаракда болалар ақлан ривожланади, ижодкорлик кўникмасини эгаллайди, тасаввурини бойи­тади.

– Мавлуда Анваровна бу соҳада етакчи, яна бир томони, у асосан ногирон болаларни тарбиялайди. Бу ҳам эътиборга сазовор савоб иш. Қолаверса, уларга ҳомийлик қилади, – деди суҳбатимизга қўшилган Тамара Муҳаммадовна.

– Шогирдларим оддий ўйинчоқлардан тортиб уй жиҳозлари – ўтирғич, стол-стул, ошхона жиҳозларигача тўқиш маҳоратини эгаллайди, – дея суҳбатимизни давом эттирди Мавлуда Анваровна. – Масалан, ўқиб бўлинган газетани қирқиб, ундан най­ча ёки таёқчалар тайёрлаб оламиз, булар буюм ясаш учун тайёр материал бўлади. Яъни ҳеч нарсадан бир нарса яратилади! Биз тўгаракда кўпроқ совғалар тайёрлар эдик, уларни асосан хорижлик меҳмонлар харид қилишади. Чунки хорижликлар қўл ишини жуда қадрлашади. Болалар билан тайёрлаган буюмларимиз хорижда, кўпроқ Санкт-Петербургдаги махсус дўконларда сотилади. Тошкентда “Парус” номли дўконимиз бор. Аммо биз учун маҳсулотимизни сотиб пул топиш иккинчи навбатдаги масала. Асосий мақсадимиз – болаларга, айниқса, кам таъминланган оила фарзандлари ва ногирон болаларга ҳунар ўргатиш. Мен кўпроқ ногирон болалар билан ишлайман. Шаҳардаги Хлебушкина номидаги 22- ва 30-“Меҳрибонлик” уйларидаги, 100-, 102-, 106-ногирон болалар махсус мактаб-интернатларидаги тўгарак­ларим иш фаолиятимнинг асосини ташкил қилади.

Мавлуда Анваровна ногирон болаларни қўллаб-қувватлаш, уларга нафақат ҳунар ўргатиш, балки уларни ҳозирдан ҳаётга тайёрлаш, атроф-муҳитга мослаштириш ҳақида ҳам қайғуради. Тўгарак машғулотларидан кейин болаларни боғларга, театр ва концертларгача олиб боради, уларни касб ва билим эгаллашга даъват этади, мурғак қалбида ҳаётга меҳр, яшашга иштиёқ уйғотади.

– Мен уч тоифа болалар билан ишлайман: биринчиси, республиканинг турли вилоятларидан келган ногирон болалар, иккинчиси, ота-­онасиз болалар, учинчиси, соғлом, ҳеч қандай камчилиги бўлмаган болалар, – дея сўзида давом этди Мавлуда Анваровна. – Уларни ўзимча таққослаганимда ногирон болалар тиришқоқдек кўринади: қизиқувчан ва интилувчан. Ҳатто уларнинг орасида дардли шеърлар ёзиб, китоб­лари нашр қилинган қизчамиз ҳам бор. Уларни “Меҳрибонлик” уйидаги болаларга ибрат қилиб кўрсатаман. Шаҳардаги 100-мактаб-интернатда тарбияланаётган Алижон Неков, Норбек Абдухалилов, Муҳайё Абдусаматова, Ҳилола Рустамова, Оятилло Зоиров, Ирода Ўразова сингари шогирдларим эришган ютуқлардан қувонаман. Бошқа таълим муассасаларида ҳам шундай моҳир болаларим бор.

Бола буюмни ўзи қандай тасаввур қилса шундай ясайди, бизга қийшиқроқ ясалгандек кўриниши мумкин, аммо ўзи учун тўғри. Шунингдек, рангни ҳам ўзи танлашни ўрганади. Муҳими, бола бу жараёнда мустақил фикрлайди, биз эса, болалар тўқишни ўрганиб олгунча уларнинг ишига фаол аралашамиз. Дастлаб қизлар кўпроқ қўғирчоқ, уй-рўзғор буюмларини, ўғил болалар автомобил, трактор, танк каби турли ўйинчоқ ясашади. Уларни бола ўзи тасаввур қилгандай яратади. Кейинчалик, маҳорати ошгач, мебеллар, қимматбаҳо совғалар ясаш кўникмасини эгаллайди. Аслида ҳам шу, ҳунарни тўкис ўрганиб олган бола келгусида, бемалол бир оилани тебратади, деб ўйлайман. Пойтахтдаги “Чинор” мебел фабрикасига ҳунармандлар тайёрлаб бериш бўйича ўзаро ҳамкорлик ўрнатганмиз. Тўгаракда тўқиш ҳунарини мукаммал эгаллаган ногирон болалар фабрикага имтиёзли равишда ишга қабул қилинади, қўллаб-қувватланади.

Ҳозир ёзги мавсумда мактаб-интернатлар, “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчилари ҳам тоғдаги болалар оромгоҳларида дам олишяпти. Ҳафтада икки кун Оқтош­га бориб, тўгарак машғулотларини ўтиб келяп­ман. Улар мени соғиниб кутишади. Бу ногирон болалар ҳали кичик, ҳаёт машаққатини ҳали билмайди, вояга етгач, ўзларини кучлари билан таъминлай олиши керак. Акс ҳолда, турмушда қийинчиликка дуч келса, ўз тақдиридан нолиш ҳисси қийнайди. Улар бировнинг қўлига қараб қолмаслигини истардим. Бу борада энг тўғри йўл – уларга билим, ҳунар ўргатиш. Ягона чора шу. Ногирон бўлса ҳам ўз ҳунари билан эътибор қозонса, бундан ўзи ғурурланса, деймиз. Бошқалар унга моҳир ҳунармандлиги, билимдонлиги боис ҳавас билан қарашса – қандай яхши! Ногирон болалар жисмонан чекланган, уларни яна чек­ламаслик керак, аксинча, уларга барча шарт-шароитларни яратиб, кўпроқ ҳунар ўргатиш – ягона мақсадим.

Мавлуда Анваровнанинг ҳаракатчанлиги, шу ёшида ҳам ғайрати жўшиб, тиниб-тинчимаслиги кишини ҳайратга солади. Республикамизда ҳунармандлик соҳасида ўтказилган барча кўргазмалардаги иштироки, халқаро танловларда эришган ютуқлари алоҳида мавзу. У Қўқон, Самарқанд, Бухоро, Хива сингари тарихий шаҳарларда ўтказилган халқаро тадбирларда фаол қатнашган, Туркия, Россиянинг турли шаҳарларига бориб, шу оддийгина тўқиш ҳунари боис ҳамкорлар орттирган. Соҳадаги янгиликларни мунтазам ўзлаштириб бориш эса, тўгарак фаолиятига ижобий таъсир қилади, ўзаро тажриба алмашинилади.

Унинг арзимасдек туюлган чиқиндилардан фойдаланиб (йўқдан бор қилиш ҳунари деса ҳам бўлади) буюмлар ясаши, бу ҳунарини ногирон болаларга ўргатиши, ўз маҳоратини ошириш учун тинимсиз изланиши, кўп йиллар давомида тўплаган билим-кўникмаларни болаларга сингдириши, ўзи ҳунар ўргатган болаларнинг ишга жойлашга кўмак­лашиши – чинакам фидойилиги кишини ҳайратга солади. Бу фидойилик замирида эса, шубҳасиз, болаларни севиш, ардоқлаш, уларга ўзида бор бойлигини – ҳунарини, бутун ҳаётини бағишлашдек эзгу туйғу, олижаноб мақсад мужассамлиги сир эмас.

Мамлакатимизда болаларнинг қизи­қиш­лари учун қурилган юзлаб спорт саройлари, техник, сайёҳлик, ўлкашунослик, табиатшунослик, мусиқа, санъат сингари ўнлаб йўна­лиш­лардаги муассасалар, тўгарак­лар фаолият юритмоқда, уларда миллионлаб болалар қизиқишларига кўра, тўгаракларга жалб этилган. Уларни кўриб, тўгараклар қанчалик турли-туман бўлмасин, барчасининг негизида ягона – болага меҳр туйғуси муҳим эканига амин бўлдик.

Ҳумоюн АКБАРОВ