December 8, 2023

ТЕВАЧИК*  

Ойгул МАМАТОВА

(ҳикоя)

Марди чол ясама тишлари билан узиб олган бир тишлам нонни эзғилаб чайнайди, тезроқ майдаланса-ю, устидан бир қултум чойни ютиб, тезроқ дастурхондан туриб кетса... Йўқ, улгуролмади.

– Бобой, неварангиз ўғилча экан...

– Эшитдим.

“Ҳа шайтон кампир-ей, гапни айлантирма, барибир сигирни сотаман...”

– Кимдан эшита қолдингиз дарров. Ҳеч кимга айтмовдим-ку...

– Ўғлингдан... Келининг эрига айтмай, сенга айтардими ичидагисини.

– Ҳа-а-й, омон бўлсин, дўхтирдан келиб олсин, то келгунча...

– Нима келгунча... яна ўша гапми, қачон келади, унгача...

– Яна бир ҳафтагина шошмай туринг, “давлена”си чиқиб ётибди, ҳозир айтолмайман, бир оғиз эшиттирмасак бўмайди, ахир, отаси берган мол.

– Бир ҳафтадан кейин пишириб е молингни, хўпми, менга пул ҳозир керак.

– Неварамизданам азизми шу пахтангиз? Келиин-и-м – бошқоро-о-н-ғи! – деди кампир, гўё, қиёлмайдиган сабаб топгандай гапини тақмоқлаб.

“Вой, муғамбир-ей, уни қара-я!”

Марди чолнинг ғазаби қайнагандан қайнади, оғзидаги луқмани ютди-да, пиёладаги чойни ҳўплаб, бармоғи билан косада турган сутни кўрсатди.

– Сен, найранг қилма, кампир, келиним айнан шу сигирди сутига бошқоронғи бўлган дерсан-ов, ҳали?

– Ҳа, худди мана шу сигирди сутига бошқоронғи бўлган. Сот-май-сиз!

– Ўв, мия, нега тушунмайсан?! Режани бажармасак, Қодир фермер ерни олиб қўяди-и...

Марди чол ўрнидан даст туриб ҳовлига чиқди. Кампири ортидан эргашди. Ота-онасининг овозини эшитган Рустамжон деразадан мўралади.

– Ота, ичкарида гаплашинглар, болалар ўтяпти кўчадан.

– Ҳм, уялаяптиларми, муаллим? Сиз ҳам қутилдингиз, болалар баҳона... мактаб баҳона... Пахтани терадиган одам йўқ... – Иккала қўли билан Тевачик томонга ишора қилди ота.

– Бугун бўламиз, ота, опамлар теряпти-ку, жиянлар бор. Лекин энам чиқмайди, энамга индаманг.

– Э, чиққандаям гўр қилармиди, шу... энанг. – Ота қўлини силтади ва сўнгги қарорини айтди: – Эрта бозор, сигирни сотамиз, режани бажарамиз, вассалом. Қодирга сўз берганман.

Ёши олтмишдан ошган бўлса ҳам қадами тетик, ғайрати ичига сиғмаётган отасининг ҳовли этагидаги ариқчадан сакраб ўтганини кўрган Рустамнинг кулгиси қистади, лекин онасининг авзойига қараб ўзини тийди. Эшикдан чиқиб, унинг ёнига келди.

– Эндигина, келин оли-и-б, жоним жон топиб, бемалол яшайман десам...

Рустам унинг ёнига сурилди ва маҳкам қучоқлади. Бағрига босар экан, гўё онаси кичрайиб, суяклари юмшаб қолганини пайқади.

Онанинг эсига яна шифохонада ётган, ҳомиладор, бошқоронғиси оғир кечаётган келини тушди. Ўғлининг бағридан кўтариниб, рўмолини тўғрилади:

– Келиндан уяламан-да, болам. Қудалар нима дейди, ахир, бу молни неварам туғилгандан кейин ҳам берса бўларди. Лекин бизди аҳволимизни ё қизининг дардини билдими-ёв, дейман-да, чарлар куни шу молни етаклатиб юборди. Яхши мол, ҳар йили туғяпти, ҳар йил шу план ўлгирди деб боласини сотамиз, энди онасиниям сотаман деганига ўлайми. Бир ойда яна туғади, туққанча соғдиради-я жонивор, сотгани кўзим қиймайди. Баракамиз шу молдами дейман-да, болам, рангиям чиройли, оп-поқ.

* * *

Марди чол томорқасига туташиб кетган Тевачик дала чеккасидаги ёлғизоёқдан жаҳлланиб кетиб бораркан жағи очилган кампирининг овози секин-аста пасайиб, эшитилмай қолди.

Ўн гектарлик Тевачик унга шу қадар қадрлики, аслида пахта, режа, қолаверса, анов Қодирнинг “меҳрибон”лиги ҳам тепалик олдида бир тийинга арзимайди.

Отасининг айтишича, бу тепа илгари жуда баланд бўлган, қадим ота-боболари шу тепаликда яшашган. Атрофида айлана қазилган катта зовур доим сувга тўлиб турган ва одамларни душманлардан, ваҳший ҳайвонлар ҳамласидан ҳимоя қилган. Боболари тепа атрофида деҳқончилик қилиб, ҳосилини арава, карвонларга ортиб, узоқ юртларга олиб бориб сотишган. Анча йиллар олдин шаҳардан олимлар келиб, бу тепалик ўрнида ҳақиқатан ҳам илгари катта шаҳар бўлганини айтишган, ғишт девор, эски буюмлар топишган ва каттакон темир қозиқ қоқиб кетишган эди.

Бобо баландлиги икки том бўйи келадиган тепачанинг ёнида ярми кўриниб турган баланд тут дарахтига нигоҳ ташлади. Ёши икки юзларга тенг бу дарахт тарихини ҳамма билади. Одамлар учун бу ер – шаҳид жой, тутумли жой бўлиб, ёқтирмаган одамларидан хун сўраб туради деган ваҳима сабаб, кўп йиллар бу тепага одамлар келмай қўйишган экан.

Қодир фермернинг бобоси билан Марди чолнинг бобоси қиёматли дўст бўлишган. Қизиллар колхоз тузиб бўлишганидан сўнг, Қодирнинг бобосини раис қилиб қўйишган, раис қадрдон жўрасининг руҳи шод бўлсин учун Тевачикни Марди бобонинг отасига бериб, уни бригада бошлиғи қилган. Лекин, раис бобо олимлар қоқиб кетган қозиқларни суғуриб ташлаб, тепалик атрофини суриб, текислаб, зовурни кўмган, ўрнига пахта эккан. Баланд тепалик тепача бўлиб қолган. Тепачани тевача дейишади бу ердагилар. Ўрис танобчилар тевачага тили тушмай, тевачик дейишган экан. Ҳозир ҳам мана шу майдон контурига Тевачик деб ёзилган.

Марди бобонинг отаси ҳам “пахта иши”да судланиб, қамоқда вафот этди. Раис Тевачикка қарашни унинг ўғли Мардиқулга топширди. Бобо ўшанда ўттиз ёшларда эди. У колхознинг артизани ёнига насос қуриб, тепага сув чиқарди ва тепачанинг қиялигида отасининг, бобосининг хотираси учун боғ яратди.

Марди бобо гап келганда: “Бобомни шу ерда отишган, отамни шу ердан қамоққа олиб кетишган, менинг ҳам ўлигим шу ердан чиқади”, дейди қони қизиб. Бу гапни Сабо кампир тушунмайди. Унга ориятдан кўра сигири азиз. Бобонинг кўзига икки ёни ажириқ босган йўлакчанинг ўртасидаги ўтсиз жой оппоқ арқонга ўхшаб, тобора ингичкалашиб, йўли узайиб кетаётгандай туюлди, узун, қора тукли қошлари чимрилиб, боши ғувлади. Киймасдан эгнига солиб олган чопони тобора оғирлик қилаётгандай, уни четга отиб юборгиси келди. Бобонинг кампири, эна бола сигири-ю, эшаги, болалари ва набиралари ҳар куни шу йўлакчадан юришади. Даланинг охирида кўриниб турган, тепача устига қурилган айвонли, кичкинагина томчага бобо ҳар куни неча марта бориб, қайтади. Товонлар зарбидан зарангга айланган йўлакча бобонинг кўзига ҳозир янада торроқ кўринди. Беш юз метрлик масофа беш минг чақиримга айлангандек, чайлага етиши қийин бўлди.

Ярим йўлда бехосдан бобонинг кўзи ўт-ўланлар орасидаги оппоқ нарсага тушди. Юраги бир хатарни сезгандай қадамини тезлатди. Уватга қоқилган узун темир қозиқни кўргач, танасига муз югурди, жон ҳалпида қозиққа ёпишди. Оқ сигирнинг бўйнига ипи ўралиб, зах-зовурнинг эниш жойига бор бўйича чўзилиб, осилиб қолибди. Ип бўйнини бўғиб қўйганидан жониворнинг кўзлари олайиб, оғзидан кўпиги парқираб чиқяпти. ”Эй худойим, раҳминг келсин, раҳминг келсин...” Бобо шошганидан нима қиларини билмай, ғудранди... “сотмайман, сотмайман... тавба қилдим...” ва бирдан ҳушёр тортиб, ипга ёпишди. Ип шу қадар тарангки, тортай деса, арқон ва ажриқ орасига бармоқ кирмайди. Бобо уйи томонга қараб жон ҳолатда бақирди.

– Рустам, Руста-а-а-м, пичоқни олиб кел! Пичоқни-и-и-и!

Мактабга чоғланаётган Рустам ичкарида туриб отасининг овозини элас эшитди. Шу чоқ чорпояда ҳалиям мотами тарқамай ўтирган Сабо момо югуриб келиб эшикни очди-да, ўғлига додлади:

– Рустам, чоп, отанг бир нима деб бақиряпти, ҳеч бунақа бақирмасди, бир бало бўлди-ёв. Сигир омонмикан ишқилиб, ҳозиргина жилдириб келувдим-а.

Рустам Тевачик томонга югурди. Сабо момо иккала тиззасини қучоқлаб, ҳовли ўртасида ўтириб қолди. Бир пасда Рустам қайтиб келиб, онасининг ҳай-ҳайлашига қарамай, ошхонадаги катта ўткир пичоқни олиб яна ўша томонга югурди.

– Ипни кесамиз, эна, ипни!.. Қўрқманг!

Сабо кампир бу гапга ишонмади. Ҳаллослаб, ўғлиниг ортидан чопди. Бу орада нариги далада сув ёқалаб юрган иккала сувчи Марди чолга ёрдамга етиб келган, кетмон билан ипни узиб, сигирни зовурдан тортиб олишган экан. Мол жонсиз эди. Оқ булутдай бўлимли, бўғоз мол эмасми, қорни баттар шишиб кетган, кўзларининг пахтаси чиққудек, тўрт оёғи тўрт томонга чўзилиб қотиб қолган эди. Марди чол ҳаллослаб етиб келган ўғлидан пичоқни олди-ю, ичи эзилиб кетди. Кўзини юмиб, “йўқ-йўқ” дегандек бошини сарак-сарак қилди.

– Кутиш керак эмас, фойдаси йўқ, – деди Козим сувчи.

Шу чоғда унинг эски қассоблик касби қўл келаётган эди.

– Ҳали гўшти “свежий”. Нобуд бўлгандан кўра, калбасачиларгами, балиқхонагами топшириб келарсиз, тўрт беш сўм пул бўлади-да, ҳарқалай, йўқдан кўра...

У бобонинг қўлидан пичоқни олди.

– Рози бўлинг, ҳалоллаб олайлик, – деди-ю шошилиб сигирнинг бўйнидаги ипни кеса бошлади. Шу пайт Сабоҳат кампир етиб келди.

– Ҳой, тўхтанглар, боласи бор-а-а, боласи ўлиб қолади-я...

– Тезроқ сўйсак, боласи омон қолар? – деди қассоб жеркиган алфозда. Момо қулоқ солмади, югуриб келиб сигирнинг шохидан ушлади.

– Ҳай, жонивор-а, сенга нима бўлди, боғламай мен ўлай, уволингга қолдимми-а? Йўқ демай мен ўлай, сотилиб кетсанг майлийди, бундан кўра. –Момо чолига қаради. – Айтди-и-м сизга, сотаман деманг, сотаман деган мол ўнгмайди дедим. Эй худо, занги оталарим қўлласин, тевачи боболарим қўлласин, шу мол ўлмаси-и-н?!

Момонинг кўзидан шашқатор ёш тўкилди. Козим қассоб пичоқни маҳкам ушлаб, молнинг калласини қайирди. Момонинг кўзи сигирнинг қорнида қимирлаётган боласига тушди-ю, баттар эсанкиради, бор кучини йиғиб, қўрқувдан қичқириб юборди:

– Энажо-о-н!

Қассобнинг қўлидан пичоқ тушиб кетди. Кампирнинг овозиданмас, кафтига тегиб турган сигирнинг қулоғи қимирлаб кетганидан чўчиб тушди.

– Э, э, тирик экан-ку, жони бор ҳали. Кўтаринг, бошини кўтаринг!

Эркакларнинг бири сигирнинг бошини кўтарди, бири жағини очди, бири оёқларини қимирлатди, бобо молнинг юрагини, қорнини уқалай бошлади. Чиқмаган жондан умид. Момо уларнинг атрофида гирдикапалак бўлиб, тили дуода айланарди. Сониялардан сўнг сигир оёқларини қаттиқ қоқди, оғзи очилди, ичидан отилиб чиққан, хириллаган овоз тумшуғида ёпишиб турган лойқа аралаш кўпикларини учириб юборди. Оқ сигирнинг олайган кўзлари жойига кела бошлади.

– Ризқингиз бор экан, момо, сигирингиз ўлмайди. Вақтида келган экансиз, бобо. Сал кеч қолсангиз танаси қотиб қоларди.

Ярим соатлар чамаси сигирнинг ёнидан ҳеч ким жилмади. Бошини кўтариб, интилганда сув келтиришди. Ўрнидан турмоқчи бўлганди, суяшиб турғазишди. Оқ сигир аста-секин юриб иккинчи терими оппоқ бўлиб очилган пахтазорга томон юрди. Ҳеч ким уни қайтармади.

– Қўяверинглар, қайтарманглар, нимани еса есин, ўлмаса бўлди, – деди Марди чол ва ўтирган жойидан туриб кампирининг ёнига борди.

– Сотмаймиз, кампир, энди бу молни сотмаймиз!

Сабоҳат момо яна йиғлади, чунки чолининг умрида биринчи марта айтган сўзидан қайтиши эди бу.

– Яхшиликка бўлсин, чол, чиндан ҳам келинимиз шу сигирнинг сутига бошқоронғи бўлган. Сизга бирор марта ёлғон гапирганмидим.

Момонинг кўзидан оққан ёшлар юзидаги ажинларга ёйилиб кетди, буришган лабларига табассум югурди.

– Боласини неварагинамнинг суннат тўйига атовдик-да, чол, келинингиз билан... Сизга айтолмовдик.

Бобонинг ўсиқ соқолли мийиғида иккита кулгичи сал билинди.

– Қаранг, ўлмади-я, – давом этди кампир яна, – айт­дим-ку, барибирам бу мол бошқача мол, ҳали бозор кўрмаган, энг қиммат мол. Рангини айтинг, оп-поқ, худди, пахтадай...

Момо тевачи боболарига атаб худойи қилиб, қон чиқаришни кўнглига тугди-ю, чолига айтолмади. “Хўп, бироз ўзига келиб, “план” ўлгурни бажариб олсин, кейин бафуржа гаплашармиз”, деди ўз-ўзига.

– Сен нега қолдинг, кетавер, келинни кўриб келаман дегандинг-ку, молга ўзим қарайман, э, қоққан қозиғингни сени...

Марди чолнинг шу дилгир гапи эрталабки можароларга якун ясади...

Дала ва тепалик ўртасида ёлғиз қоларкан, у вужудида кўпдан бери туймаган бир енгиллик туйди. Чуқур тин олиб, даласига кўз тикди. Оппоқ сигири маза қилиб пахтазор оралаб, ўтлаб юрибди.

Худо ҳоҳласа, бир ойдан кейин туғади.

*Тевачик – пахта даласи ва тепаликнинг номи.

Ойгул МАМАТОВА