“АБАДИЙ ЁД ЭРУР АСЛИ АДАБИЁТИНГ...”
Президентимизнинг “Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори бўйича Кемерово вилоятида Усмон Носир ҳайкали ўрнатилди.
Кемерово ўлкасининг Мариинск шаҳрида Усмон Носирга ўрнатилган ҳайкалнинг очилиш маросимида иштирок этиш учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид бошчилигидаги делегация таркибида Ўзбекистон Бадиий академияси раиси ўринбосари Фарҳод Тошмуҳаммедов, таниқли шоир ва таржимон Николай Ильин, уюшма фотомухбири Аҳмад Тўра билан бирга Тошкентдан Новосибирск шаҳрига учдик.
Толмачёво халқаро аэропортида бизга пешвоз чиққан Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Новосибирск шаҳридаги вакили Шерзод Полвонов, Ўзбекистон Республикасининг Новосибирск шаҳридаги консуллиги масъул ходими Санжар Сулаймонов ва фаол ватандошимиз Исмоил Рустамов ҳамроҳлигида тадбир ўтказиладиган манзилга яқин бўлган шаҳар – Кемерово томон йўлга тушдик. Шаҳарда биз тунашимиз учун тайёрланган меҳмонхонагача тахминан уч юз километрлар йўл босишимиз керак.
Серқатнов ва гавжум шаҳар йўлидан катта йўлга чиққунча тун чўқди. Тез ҳаракатланишга илож йўқ, олдинда узун-узун машиналар карвони, тошбақадек юришга мажбурмиз.
– Шаҳарлар аро йўллар яхши, – деди машинани бошқариб бораётган Санжар секин юраётганидан хижолат бўлиб, ҳамроҳларни зериктирмаслик учун гурунгга тортди.
Шаҳардан бир амаллаб чиқиб олгач Санжар “Jeep”нинг газини босди. Узоқ ўлкаларни бирлаштирувчи Сибирь автомобил йўли найдек теп-текис эди.
Биз ана шу йўлдан қатағон қурбонларидан бири бўлиб ўтган Усмон Носир босган излардан бормоқда эдик.
Қодирийни, Чўлпонимни, Усмонимни изларман,
Сибирларга кетган катта карвонимни изларман...
Ёнма-ён юрганда фақат икки автомобил сиғадиган текис йўлда Сибирь тайгаларидан шаҳарга қараб келаётган юк машиналар сафи узилмайди.
Осмонга ой чиқиб турибди, бир ёни кемтик. Бир четидан синдирилган нондай, қийилган ризқдай...
Халқ эркалаб атаган дарёлар номларини йўл кўрсаткич тахталарда ўқиймиз: “Пашенка”, “Анюшка”... Павел ва Анна исмларини эркалаб, “Пашажоним”, “Аннажоним” деган. Дарёлар ҳам жонлидир асли. Улар ернинг қон томирларидир. Сибирь ерларнинг қон томирларининг номлари қулоғимизга жуда таниш эшитилади, она тилимиздаги сўзларни учратамиз: “Ача”, “Большой улус”, “Арлюк”, “Каип”, “Баим”, “Барзас”, “Юрга”, “Ояш. Балта”... Бу сўзлар русча талаффуз қилинган бўлса ҳам, қадимий туркий тилнинг ҳамон жаранглаб тургани юрагимизни тўлқинлантиради.
Олис йўлда автомобил ёнилғиси қуйиш шаҳобчасида бир марта тўхтадик. Манзилга етиб келганимизда маҳаллий вақт билан соат тунги иккига яқинлашган эди.
Эртасига Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва мухтор Элчиси Ботиржон Зокирович Асадов ва Ўзбекистон Республикасининг Новосибирск шаҳридаги Бош консули Темур Юсупович Раҳмонов Тошкентдан келган делегация аъзолари билан учрашиб, режалаштирилган тадбир ҳақида суҳбатлашди.
– Бугун соат ўнда Россия Федерацияси Ёзувчилар уюшмаси Кемерово бўлими раҳбари Борис Бурмистров сизларни ўз идорасида кутади. Усмон Носир ҳайкалини ўрнатиш бўйича ташкилий ишларда Борис Васильевич жуда кўп ёрдам берди, сира тиниб-тинчимади, – деди Ботиржон Асадов.
Истеъдодли шоир ва жамоат арбоби Борис Васильевич Бурмистров бизни илиқ ва самимий кутиб олди.
– Худди яна ёшариб қолгандек бўлдим. Бундан қирқ йил олдин ўлкамизга келган Усмон Азим, Нодира Рашидова ва навқирон Муҳаммад Юсуфни кўргандек ҳис қилдим ўзимни, – деди Борис Васильевич юзларига табассум ёйилиб.
Унга ўз раҳматимизни айтдик. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан нашр этилган рус ва ўзбек тилларидаги китобларни совға қилдик. Шу жараёнда шу ўлкада нашр этиладиган “Огни Кузбасса” номли адабий журнал ижодкорлари билан ҳам суҳбатлашдик. Кемероволик адиблар ҳам бизга шеърий ва насрий китобларини ва журналларини ҳадя этишди. Биз асаосий тадбирга шошаётган эдик. Яна икки юз чақиримча йўл юришимиз керак. Суҳбатимиз қисқа бўлса ҳам, мазмунли кечди.
Шаҳар ўртасидан оқаётган дарё узра кўприкдан ўтиб, Мариинск шаҳри томон кетарканмиз йўлнинг икки ёнини қоплаган қайинзорлар, қарағайзорлар ям-яшил бўлиб кўзни яшнатади. Ўткир учли учбурчак бўлиб кўкка бўй чўзган қарағайлар ботир йигитлардек мағрур, елкалари кенг, гавдалари норғул. Ўзбек йигитларининг “Аканг қарағай!” деб мардсиниши бежиз эмас экан.
Йўлда учраган “Золотой Китат”, “Злобинка” деган олтиндек ялтираб оқиб кетаётган дарё ва ўжар қиздек жаҳл билан жуда тез оқаётган саркаш дарё номлари топиб қўйилган.
Манзилга етиб келганимизда тумонат одам тадбирга йиғилган экан. Давлат ва жамоат ташкилотлари, элчихоналар, Ўзбекистон Ташқи меҳнат агентлиги, шунингдек маҳаллий аҳолининг турли қатлами вакиллари, Кемерово олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба-ёшлар, ўша ерда ишлаётган ватандошлар меҳмонларни ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олди.
Шу жойда қатағон қурбонлари хотирасига бағишлаб бунёд этилган майдон ҳамда очиқ осмон остидаги музей ҳудуди ўртасида Усмон Носирнинг бор бўйи билан тик турган ҳайкали ўрнатилган.
Кемерово вилояти губернатори Сергей Евгеньевич Цивилёв кириш сўзи билан тадбирни очди. “Ўзбекистон Республикасидан делегация келганидан хурсанд бўлдик, – деди губернатор жаноблари. – Усмон Носир мана шу ердаги лагерда бўлган маҳбус_лардан бири эди. У жуда ёш эди. Ўзининг афв этилишига оз муддат қолганида нобуд бўлган. Бу ўзбек ўғлони ёш бўлишига қарамасдан, маданият ва адабиёт учун жуда катта ишлар қилган. Миллий адабий алоқаларни ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган. Бизнинг халқларимизни бирлаштирувчи эзгу анъаналар кўп. Қатағон қурбонлари тарихи – бизнинг буюк ва айни пайтда қайғули тарихимиз. Бугун Мариинскда барпо этилган Усмон Носир ҳайкали ўша тарихни эслаб, нурли келажак ва тинч ҳаёт учун баҳамжиҳат ҳаракат қилишга ундаб турувчи тимсол бўлиб қолади”.
Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ботиржон Зокирович Асадов Усмон Носир ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида маъуза қилиб, ушбу тадбирнинг аҳамиятини таъкидлаб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид Президентимизнинг “Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича Ўзбекистонда амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот бериб, Мариинск шаҳрида Усмон Носир ҳайкалини бунёд этишда иштирок этган ҳукумат ва маҳаллий ҳокимият раҳбарлари, ташкилотчилар ва ижодкорларга миннатдорлик билдирди. Айниқса, Усмон Носир ҳайкали ижодкори – рус ҳайкалтароши Константин Мелатдинович Зиничга алоҳида раҳмат айтиб, уни яқин кунларда ўзбекистонлик адиблар номидан Тошкентга таклиф этишни маълум қилди. Сўнгра шу ўлкада олий ўқув юртларда таълим олаётган ўзбекистонлик талабаларга Ватан ҳақидаги шеърини ўқиб берди.
Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Новосибирск шаҳридаги масъул вакили Николай Алексеевич Афанасьев сўзга чиқиб, ушбу маънавий-ижтимоий тадбир муносабати билан йиғилганларни қутлади.
Шундан сўнг Усмон Носир ҳайкали очилиб, унинг пойига гуллар қўйилди.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси ўринбосари Фарҳод Тошмуҳаммаедов ҳайкалтарош ҳамкасби Константин Зинич билан ўзбек шоири ҳайкалининг яратилиши жараёнлари ҳақида ўзаро суҳбатлашди.
2009 йилда бу ерда қатағон қурбонлари хотирасига бағишлаб бунёд этилган ёдгорлик мажмуи ва музейдаги тарихий далил-ашёлар ҳамда ҳужжатлар билан танишиш жараёни, шу билан бирга “Тарихий Мариинск” музей-қўриқхонаси директори Шешуков Сергей Васильевич Мариинскдаги лагерлар ҳамда маҳбуслар ҳаёти ҳақида айтиб берган ҳикоялари барчани изтиробга солди.
Очиқ майдонда қурилган музейга темир йўл шпаллари устидан юриб кирилади. Чунки, темир йўл Сибирга олиб келинган маҳбусларнинг тақдирини ўзгартириб юборган, балои офатларга дучор этган. Мой шимган қалин ёғоч шпаллар устига ётқизилган занглаган темир рельслар қайрилиб, қалин тахталардан қурилган баракка элтади. Мариинск ҳудудида ўн битта жазо лагери жойлашган бўлиб, шуларнинг ўнтаси ер усти, биттаси ер остига қурилган. Ер ости лагери ҳарбий саноатга ихтисослаштирилган ва у ерда маҳбуслар жуда оғир ишларни бажарган. Улар махфий сақланган, ер устига чиқмай, ўлиб кетган. Ер устидаги лагерлар бараклари томи тахтадан ёпилган, деворлари ҳам ёғочдан тикланган. Ётадиган ўринлар икки қаватли ёғоч сўридан иборат. Тахталар қалин ва қаттиқ. Бир барак 250 маҳбусга мўлжалланган, аммо Сибирга кетма-кет жўнатилган поездлар неча бир вагонларни тўлдириб, “халқ душманлари”ни олиб келавергани сабабли бир баракка 500дан зиёд маҳбус жойлаштирилган. Энди, тасаввур қилинг, бундай жойда оёқни узатиб ётиш тугул ўтиришга ҳам жой топиш амри маҳол бўлган. Бир маҳбус учун белгиланган меҳнат мажбурияти уч қулоч йўғонликдаги йигирмата дарахтни кесиш бўлган. Қўлда болта ёки икки кишилик арра билан дарахт кесишган. Икки кишилик аррада ишлаган маҳбуслар қирқта дарахни кесиши керак эди. Кечқурун маҳкумларга ажратилган озиқ-овқат меъёри – музлаган карам билан музлаган катрошка, бир қошиқ балиқ мойи солиб қайнатилган шўрва, иккинчи таом эса сули бўтқаси билан бир бўлак балиқ бўлган. Музлаган бир бўлак балиқ қайноқ сувга бир ботириб олиниб, маҳкумларга берилаверган. Меҳнат мажбуриятини бажара олмаганларга овқат берилмаган. Бундай оғир меҳнатни бажариш, албатта, кўпчиликнинг қўлидан келмас эди. Уларга бир бўлак қора нон ва бир кружка қайноқ сув берилган, холос. Аксарият баракларга печ ўрнатилмаган. Қирқ даража совуқларда баракнинг ичида музлаб ўлиб қолганлар кўп учраган. “Хотира тепалиги”, “Отиш девори”, “Хотира дарвозаси” деб аталган ёдгорлик масканларидаги манзаралар одамни даҳшатга солади. Қалин тахтадан қурилган девор ёнига маҳкумларни тик турғизиб, отиб ташлайверишган. Қорайган тахталарни тешиб ўтган ўқлар аввал одамларнинг юрагини ўйиб чиққан. Қочишга уринган, меҳнатдан бўйин товлаган маҳкумлар ҳеч қандай савол-жавобсиз отиб ташланаверган. Нобуд бўлганларни умумий ўрага кўмиб юборишган. Қабрлар тепасига марҳумнинг на номи, на исми фамилияси ёзилган.
“Хотира дарвозаси” деб номланган жойга бир метрлар узунликдаги занглаган темир рельс осиб қўйилган. Бу темир парчасига темир болға билан уриб, занг чалинганда маҳбусларга уйғониш, овқатланиш, ишга чиқиш ва ишдан қайтиб ухлашга ишора, яъни буйруқ берилган. Ҳозир эса, бу рельсга болға билан урилганда чиққан занг товуши ўша машъум лагерларда қурбон бўлганларни эслаб, юрак-юракдан йиғлашни англатади. Бу тахталар ва темир рельс бўлаги Сибир лагерларининг Орлово-Розовское деган бўлимидан келтирилган экан.
Мана шундай қайғули хотираларга чўмиб, бугунги тинч ва осуда кунларимизга шукрона қиласан киши.
Сафаримиздан кўнгилга туккан яна бир ниятимиз Усмон Носир дафн этилган қабрни зиёрат қилиш эди. Мариинск шаҳридан йигирма километрлар йўл босиб, ўрмонзорлар қаърига бордик. Катта йўл тугаб, ўрмон ичидаги мозорга бизни ўша ерлик йигитлар ҳам олдинги, ҳам орқа ғилдираклари юрадиган улкан машиналарда олиб боришди.
Йўл-йўлакай Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф “Усмон Носирни излаб” номли мақоласида қандай қилиб Усмон Носир қабрига боргани ҳақида ёзганларни эслаймиз: “Шундай қилиб, ажойиб ёз кунларининг бирида Қўқонда туғилиб, Сибирда дафн этилган ўзбек шоири Усмон Носирнинг қабрини зиёрат қилиб келишга отландик. Ўрмонлар орасидагн Кемерово, кейин эса, бир пайтлар савдогарлар шаҳри бўлган Мариинскка етиб олдик. Шоирнинг сўнгги маскани – Суслово қишлоғига озгина қолганда сафимиз яна ҳам кенгайди. Ниҳоят, бизни кутиб турган қишлоқ аҳлига қўшилиб, бепоён дала-мозорга ҳам етиб келдик.
Бу ерда қанча одам ётганини ҳеч ким аниқ билмайди. Эҳтимол, бир минг, эҳтимол ўн минг одам бир-бирини қучоқлаб, тупроққа қоришиб ётгандир. Уларнинг орасида барча миллат фарзандлари бор. Уларнинг орасида бизнинг Усмон Носир ҳам бор...”
Ботқоқлик ва чакалаклар орасидан ҳайдовчи ўзи йўл топиб, юриб кетаверади. Ботқоқлик жойларга узун ва йўғон дарахтлар кўндаланггига ётқизилиб, икки учи яна шундай дарахтлар билан маҳкамланган. Бир тепаликдан ўтаётганимизда мен, Николай Ильин ва Фарҳод Тошмуҳаммедов минган машина лойга ботиб қолди. Қанча уриниб, газ босса ҳам ғилдирак бир жойда айланиб, сира олға жилмади. Охири, ерга тушиб, машинани итардик. У ҳам бўлмагач қабргача пиёда кетдик. Яхшиям қуёш чиқиб турган эди, ёмғир ёққанида бу жойларга умуман келолмас эдик.
Мана шундай оғир хотираларни юрагидан ўтказиб, қаттиқ таъсирланган Сирожиддин Саййид бошини чайқаб-чайқаб “уҳ” тортади, кўзларида ёш халқаланиб, бир гапни қайта-қайта такрорлайди: “Бир ноҳақликка ҳеч ақл бовар қилмайди: йигирма беш яшар, ҳали ўн гулидан бир гули ҳам очилмаган ўсмир ва навниҳол, ҳаётга ошиғ-у ошуфта бир шоир боланинг қўлидан нима ҳам келардики, темир панжарали, қудратли ва зулмкор империя уни пўлат чангаллари билан ўз киндик қони тўкилган азиз тупроғидан айириб, уч минг чақиримлар йироқ гадойтопмас бир қаҳратон чангалзорлар қаърига олиб келиб, минг бир азоб ва машаққатларга дучор этиб, нокасларча нобуд қилса?!. Дунё ўз меҳваридан чиқиб кетса, тушуниш мумкиндир, лекин бундайин жаҳолат ва ёвузликка уриб ўлдирсангиз ҳам сира ақл бовар қилмайди. Золим замоннинг бу нобакорлигини Усмон Носирнинг ўзи ҳам тушунмай, минг йиллик қарағай ва эманларнинг белини ҳам қарсиллатиб синдирган қаҳратон аёзлару рутубатли балчиқ ва ботқоқлар аро нозик майсадек жувонмарг бўлиб кетгани кишига алам қилади!”
Қайинзорлар орасида мунғайиб турган ёлғиз қабрни топиб бордик. Аслида бу мозоротда жуда кўплаб қатағон қурбонлари дафн этилган. Уларнинг ким ва қаердан экани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Лекин Усмон Носир издошлари, элдошлари излаб бориб, ўша ердаги аҳолидан сўраб-суриштириб, унинг қабрини топган. Мозор устига оқ мармардан кичкина қабртош қўйилган. Унга шоирнинг номи ва сурати нақшланган. Кемерово вилояти мусулмонлари диний бошқармаси бошлиғи Тоҳир қори Бекчантаев қабр бошида қатағон қурбонлари хотирасига Қуръон тиловат қилди. Серқуёш Ўзбекистондан борган делегация аъзолари ҳам марҳумлари ҳақига дуойи фотиҳа қилишди. Кемерово вилоятида ишлаб юрган Рустам Холбердиев, Тўхтамурод Гайназаров, Таваккал Йўлдошев каби ватандошларимиз бизга йўлдош бўлишди.
Усмон Носир ҳайкали очилганини кўриб, унинг қабирини зиёрат қилиб, қатағон қурбонлари ҳақига фотиҳа ўқиб, кўнглимиз таскин топди. Энди Усмон Носир ёдгорлиги пойидан зиёратчилар қадами узилмайди.