МУҲАББАТ
Йўнас Довидайтис (1914 – 1983) Литва ўлкасининг атоқли ёзувчиларидан бири, учувчилик соҳасида таълим олган. Иккинчи жаҳон уруши даврида асирлик азобини чеккан. Урушдан сўнг журналистика ва бадиий ижод билан шуғулланган. Шўро даври литва адабиётида илк роман – “Катта воқеа” (1951) муаллифи. Унинг ўнлаб роман ва қиссалари, очерк ва ҳикоя китоблари босилган.
Тўғрисўз одамларнинг баъзи бирлари ифтихорли, ўзига бино қўйган, олижаноб кишилардир. Аммо уларнинг кўпчилиги калтафаҳм ва тентак бўладилар. Асрлардан бери давом этаётган инсоний турмуш фалсафаси бизга ана шундай таълим беради, биз бу масалада тортишиб ўтирмаймиз, албатта.
Дарвоқе, Винсентас Жибартас оиласида бўлиб ўтган ҳодисалар ҳам ана шу оқилона ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлади.
Аушра – Жибертаснинг яккаю ёлғиз фарзанди, йигирма иккига кирган, гул-гул очилган, қувноқ ва шаддод қиз. Қишлоқ кутубхонасининг энг ихлосманд ўқувчиси бўлган Аушранинг юрагига, ниҳоят, муҳаббатнинг чексиз хаёллари, ҳаяжонлари кириб келди. У ўқиган китобларнинг аксарияти бахт ва бахтсиз севгилар тарихи, қувончу андуҳлари ҳақида, золима ўгай оналар ва раҳмдил ўгай оталар тўғрисида, ажойиб, гўзал бахтиёрлик ҳақида ҳикоя қиларди. Аушра ўрта мактабнинг еттинчи синфини битиргач, маккажўхорикорлик бригадасида ишлай бошлади, обрў-эътибор қозонди. У ишдан қўли бўшади дегунча, китоб варақларди, ўзининг келажак ҳаёти ва бўлажак турмуш йўлдоши ҳақида ўйларди.
Пеликсас Аграстас колхозда механик ёрдамчиси бўлиб ишларди. У Аушра ҳар куни қатнайдиган кутубхона-клубга фақат турли кўнгилхушликлар ўтказиладиган байрам кунларигина келарди. Пеликсас қоп-қора қалин сочли, тўгарак қизил юзли, бурнининг тагида қора, келишган мўйлови бор барваста йигит. У бир қарашда, гарчи гармон овозига хуштор, рақс тушишни ёқтирса-да, аслида камгап ва одамовига ўхшаб кўринарди.
Аушра Жибартаснинг атрофида аллақанча ўктам ва жасур, келишган, ширинсўз йигитлар, қишлоқда илғорлиги, хусусий мотоцикллари, бадавлатлиги билан ном қозонган машҳур тракторчи – миллионерлар доимо ўралашиб юришар, унинг кўнглини овламоққа интилишарди. Бу гўзал қизга навқирон мол дўхтир, тайёрлов идорасининг кекса ходими, ҳатто тегирмонда ишлайдиган хотин қўйган ҳисобчи ҳам хушомад қиларди. Қизгина Аушрага яна нима керак бундан ортиқ? Кўнглингга ёққанини танлаб ол, Аушра!
Аушра эса, кутилмаганда, кўримсиз, аранг кун кўрадиган, ҳаттоки бўйи ўзидан паканароқ бир йигитни яхши кўриб қолганди...
Ёз охирларига бориб маккажўхоризордаги ёввойи ўтлар жуда авж олиб кетди. Бир куни Аушра ўтоқ қилиб юраркан, “Севги юрак эшигини қоққанда...” деган қўшиқни беихтиёр хиргойи қила бошлади. Пойтахт театри туман марказида томоша кўрсатганда, қиз бу қўшиқни эшитиб, ўрганиб олганди. Аушрадан нарироқда Пеликсас Аграстас пояқирқар тракторни ковлаштирираркан, гарчи хиргойига қўшилиб, оғзини беҳудага очиб-юмгиси келмаётган бўлса ҳам, қулоқларини динг қилиб, Аушранинг майин, дилни аллаловчи овозини эшита бошлади. Аграстас ҳадеганда жилмаяр, ишниям югуриб-елиб қиларди. Кеч кириши билан у клубга шошилди. Аграстас ва Аушра учрашдилар, тегирмон тўғони атрофида сайр этдилар. Қирғоқдаги мажнунтол тепасида ой ёғду сепар, унинг шуълалари аро ҳовуздан сапчиётган чўртанбалиқлар кўзга ташланар, қамишзордан эса, овқат излаб келган чурраклар ва ёввойи ўрдакларнинг овози келар эди.
Ота-оналар болаларининг қилаётган ишлари ҳақида, одатда, ҳамиша ҳаммадан кейин хабар топадилар. Аммо умри колхозчилик билан ўтган Винсентас Жибартас яккаю ягонаси – Аушранинг қарорини барчадан олдин билиб олди ва бундан тепа сочи тикка бўлди.
– Шуям куёв бўптию! – Винсентас кўзлари ёшланиб турадиган, озғин хотини Апалонияга заҳрини соча бошлади. – Тўғри, ёзда ишлайди, бир амаллаб кунини кўради, аммо қиш бўйи лаллайиб юради, тишининг кирини сўриб тирикчилик қилади!..
– Ўзи жудаям ювош бола... – Апалония юрак ютиб аста гапира бошлади. – Етимликнинг нонини еган, кўп нарсанинг қадрига етади...
– Ҳа, унақа ювошлар тўлиб ётибди, – ота куёвнинг тақводирлигини ҳалитдан ёқтирмаётгандек жеркиб ташлади. – Эрга тегса, тузукроғига, ўз тенгига тегсин. Пешона битта. Эл оғзига элак тутиб бўлмайди, буниям биласан. Аммо мени бошқа нарса ташвишлантиряпти. Тўғри, ҳозирги қизлар сепини кўз-кўз қилиб керилмасалар-да, аммо ким ҳам ота-онасининг борини совуриб, қандайдир бир мириси йўқ, мирзақуруққа теккиси келарди дейсан. Ҳў, хотин, кўзингни оч! Бу юмшоқ супурги боланг, кўриниб турибдики, анча учар чиқиб қолди. Қара, тайёрга айёр бўлиб, бирпасда Аушранинг бошини айлантириб қўйибди!
– Тўғри, менинг қизим бунақа қарғага ўхшаган куёвга увол. Қизимни мана мен, деган олим одамлар жон деб олади, – кампир хўрсиниб қўйди. – Нега энди мол дўхтирга тегиб қўяқолмаскин? Шунақаям топарман-тутарман, қўл-оёқли йигит! Иннайкейин, гапниям ўрнига қўяди-да.
– Уфф... Эчкига жон қайғую қассобга ёғ экан-да. Мен нима деяпману, сен нима деб валдираяпсан, – Винсентас хотинига сўқита бошлади; у фермада бирга ишлашига қарамай, нима учундир мол дўхтирини ёмон кўрарди. – Бу Аграстас дегани, менингча, на у ёқликмас, на бу ёқлик... Фамилиясиям ғалатироқ... Аграстас – крижовник дегани. Демак, қизимиз унга тегса, крижовникхон ёки крижовникнисо бўлади-да! Аграстаснинг болаларини крижовникчалар, деб чақиришади. Энди одамларга мазах бўлиш қолувди... Бу куёв бизга яхшилик келтирмайди – кўнглим сезиб турибди. Биримизни икки қилиш ўрнига, боримизни барбод қилади. У бизга ўхшаган деҳқонмас, мошиначи, шопир-да!..
Хулласи калом, Винсентас Жибартас ўз хонадонида тартиб ўрнатиб олишга, қизининг танобини тортиб қўйишга қарор қилди.
...Якшанба куни, чошгоҳдан сўнг колхоз кутубхонасининг очиқ деразаларидан гармоннинг шўх, завқбахш садолари оқа бошлади. Кутубхона-клубга олиб борадиган сўқмоқ йўлда бир тўп ёшлар ўша томонга шошилишмоқда. Аушра бир ерда ўтиролмай қолди, нимадандир ҳаяжонланарди. У чўнтак ойнасини қўлига олиб, қўнғирранг, ёйиқ сочларини тарашга тушди. Қизнинг отаси стол ёнида, очиқ турган деҳқонча календарь қаршисида ўтирар, кўз қири билан Аушрани кузатарди. Унинг меросхўри дам-бадам деразадан ташқарига нигоҳ ташлар, қаёққадир боришга тараддудланар эди.
– Ана, муаллима ҳам клубга кетяпти! – бирдан хитоб қилди Аушра. – Анави мол дўхтиримиз бор-ку, Жкурайтис, у ҳам кетяпти! У баланд пошнали, янги, офицерча этигини кийиб олибди. Клубга яхши кино олиб келишди, дейишаётганди... Бразилия ҳақида экан... Отажон, биз ҳам борайлик!
– Мен ўз давримда ҳар қанақа Бразилия-мразилиянгни кўрганман, – Винсентас кўзойнагини оларкан, оҳиста деди. – Мен турмушнинг аччиқ- чучугини тотдим, оқу қорасини кўрдим. Аммо мен, шунча йил яшаб, ўз қизим хонадонимга гап орттиради, одамларга кулги қилади, деб ҳечам ўйламагандим! – Жибартас оғир хўрсиниб қўйди.
– Сендан шуни кутганмидик, қизим?! Қариганимизда суянчиғимиз бўлади, яккаю ёлғиз фарзандимиз, деб ўйлагандик. Чучварани хом санаб юрган эканмиз-да! – дея онаси идиш-товоқ юваётган жойидан туриб аралашди. – Бувингни ўйлагин ҳеч бўлмаса, ахир, у сен ҳақингда қайғуравериб сочи оқарди, яқинда охирги тиши ҳам тўкилади!..
– Тиши тўкилса тўкилар, тилни тийишга ўрганиш керак! – Винсентас хотинининг минғир-минғирига чек қўймоқ учун шартта гапни кесди.
Шу заҳоти Аушра отасининг ўзидан хафа эмаслигини фаҳмлаб олди. Винсентас кишиларнинг қараши ҳақида гап сотишларини жинидан баттар ёмон кўрарди.
– Аушра, бугун ҳеч қаерга жилмайсан, шу ерда ўтирасан, тушундингми? Қани уйдан бир қадам чиқиб кўргин! – Винсентас энди қизига ўдағалай бошлади.
Бу гаплар қизнинг ғашини келтирди, ўжарлигини қўзғаб қўйди; у жаҳлдан қизариб кетди ва сакраб ўрнидан турди.
– Нима бўлсаям, ўз уйинг ўлан тўшагинг, билдингми? Анави Аграстасни, крижовникни бу атрофда иккинчи кўрмайин! Менинг эшигимдан ҳатлаб киришни ўйламай ҳам қўяқолсин. Думини тугиб қўяман унақа учарларни!
Аушра ўксиб-ўксиб йиғлай бошлади. Сўнг Аграстаснинг улар ўйлаган одамлардан эмаслигини, “бошқача”лигини тушунтира бошлади:
– Пеликсасдақа софдил, маънили, камсуқум йигитни топиб бўпсизлар. Яхши одам дунёда иккита бўлса, биттаси мана шу Аграстас. Ундан бошқа ҳеч кимни демайман, аммо ўтираверсаларинг бошқага тегмайман. Пулларингни, мол-давлатларингни пеш қилишни ўйламай қўяқолинглар: иккаламизниям қўл-оёғимиз бутун, бир амаллаб яшаб кетамиз. Сизларнинг ҳеч нарсаларинг керакмас. Нонимизни топиб еймиз, билдиларингми!
Ҳақиқатан ҳам, Аушра колхозда ишлагани учун икки юз саксон сўмдан ҳақ оларди. У илғор колхозчи бўлса, Аграстас ҳам ишласа, нима, қозонлари қайнамай қолармиди!
...Клуб тарафдан гармоннинг ёлвориб чорлаётганга ўхшаган баланд пардадаги нолиши эшитиларди. Аушра очиқ деразадан ўша томонга қараганча хаёлга чўмди. Ҳовлидаги сиренгул енгил шабада оғушида хиёл-хиёл тебранар, гулхайрилар, дасторгуллар, чиннигуллар яшнаб турар, атроф салқин, оромбахш, хушбўй эди.
– Ҳамма одамларга ўхшаб черковга бориб никоҳ ўқитишсаям кошкийди. Ё бу гуноҳми? Инсон боласи покдомон бўлиши керак, гуноҳ ишлардан ўзини сақлаши лозим. Ҳаммаси одат бўйича бўлсин – эргаям тегасан, биз сени тухум қилиб босиб ўтирмаймиз!
Аушра онасининг сўзларини эшитаркан, аъзойи бадани титраб кетди. У ўзининг Пеликсаси билан черковга бориб никоҳ ўқитиш тўғрисида гаплашиб кўрганди, аммо у: “Унақа жойга ўлсамам бормайман!” деб туриб олганди. Аушра хаёлга чўмди: “Нима қилсам экан? Черковга борсам, комсомоллар олдида нима деган одам бўламан, ахир? Йўқ, мен учун муҳаббат қанчалик қадрли бўлса, яхши ном ҳам шунчалик азиз. Ҳар қалай, одам ўз тақдирини ўзи яратади, дадил ҳаракат қилавериш керак. Қайтиш йўқ...”
– Мен, барибир, у билан никоҳдан ўтаман. Дод десаларингам, фарёд қилсаларингам менга барибир энди! – Аушра йиғлай бошлади. – Отажон, онажон, нима қиласизлар мени қийнаб... Ахир, менам бошқаларга ўхшаган одамман! Нега мени тушунмайсизлар?!
Винсентас Жибартас хотинига қараб қўйди. Кампир қизини хафа қилиб қўйишдан ҳавотирланиб, бироз қўрқаётган бўлса ҳам, қизи томонга қарамасдан, рўйхуш бермасдан уй ишлари билан машғул эди. Эр-хотин қизларининг ўжарлигини, ўзларига қулоқ солмаслигини, бир сўзлигини яхши билишар, шунинг учун ҳам Аушранинг Аграстас билан никоҳдан ўтишига аллақачон шубҳаланмай қўйишган эди. Никоҳ қоғози ёзилиб, муҳр босилгач тамом, уни қайноқ сув билан ҳам ўчириб бўлмайди. Унақа муҳрдан бир умрга қутулиб бўпсан! Шуни ўйлаб, Винсентас кеча кечқурун, қизингнинг қоғозларини беркитиб қўй, дея шипшитиб қўйганди. Кампир сандиқни очиб, ундан ҳар хил хатлари, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, ўқувчилик йилларидан қолган ҳужжатларини олди. Уларнинг ичидан қизининг паспортини топди-да, чердакка олиб чиқиб яшириб қўйди. Қани, бу ўжарлар паспортсиз ҳам бир никоҳдан ўтиб кўрсинлар-чи! Аушра ота-онасининг рухсатисиз ҳеч қаёққа кетмайди. Кетолмайди ҳам!
...Қоронғи тушиши билан Жибартасларнинг уйи атрофида аллаким ҳуштак чалиб кеза бошлади. Ота қизи ташқарига чиқиб кетмасин деб кўз-қулоқ бўлиб турар, эшик олдидан нари кетмасди. Кейин у ҳовлига чиқди-да, итни бўшатиб юборди. Ит қоронғиликка қараб шўнғиди, қисқа-қисқа ҳуриди. Кейин унинг шумурт дарахтлари орасидан аллакимга узоқ ҳезланиб ириллагани ва ўша тарафдан кимнингдир тош отгани эшитилди. Ит оқсоқланганича, оёғини судраб орқасига қайтиб чиқди.
Жибартас остонада тик турганича қоронғиликка қараб бақирди:
– Ҳў, кимсан? Ҳозир терингни шилиб оламан, мен билан ҳазиллашма! Мана, ҳозир бироғизимни ўқлаяпман! Туз-ку, деб хомтама бўлма, сочма ўқ солаяпман! Қароқчилар билан гапни чўзиб ўтирмайман!
Чол бироғиз милтиғини шундоғам ўқламади, чунки у ўтган йили қишда, боғчасида айланиб юрганда, тасодифан емак излаб келиб қолган қуёнга охирги ўқни сарфлаган эди.
Эртасига Аушра ва Аграстас картошкақазар комбайн олдида учрашдилар – буни даладаги ҳамма кўрди. Айни чошгоҳ эди. Комбайннинг қайсидир бир жойидаги тиши ейилиб кетганидан бутун иш тўхтаб қолди. Картошка терувчилар бироз кутишди-да, кейин тарқаб кетишди. Аграстас комбайнни тузатаман, деб ўлардай тиришаркан, юзидан чак-чак тер томарди. Ниҳоят, у ишни ташлади-да, қиз билан анча вақт суҳбатлашди... Аушра йигитнинг фуражкасига чиройли дала гулини тақиб қўйди.
Қиз кечқурун уйга жудаям толиқиб, ранги бир аҳволда қайтиб келди.
Онаси ошхонада овқат тайёрлаш билан банд экан, қизининг девор ёнидан уйга қандай яқинлашиб келгани, стулларни эҳтиётсизлик билан туртиб юборгани, сеп турадиган сандиқни очгани, ундаги нарсаларнинг тит-питини чиқараётганини индамасдан, қўрқибгина кузатиб турди. Аушра паспортини ахтаряпти. “Ҳа, – ўзича ўйлади кампир, – отаси нарсаларини яшириб қўй деб жуда тўғри айтган экан; Аушра ҳали ёш, қони қайноқ пайти, майли, совиб, ўзига кеп қолади...”
Тушликка яқин Жибартаслар ҳовлисига руҳонийнинг хотини, Жибартаснинг қариндоши ҳаллослаб кириб келди. У озғин, аммо ўлгудек сергап, чакаги очиқ хотин эди.
– Майли, Аушра иккалови якшанба куни черковга борсин, дуо тугагач, дарров никоҳлаб қўямиз! – руҳонийнинг хотини жаврай бошлади. – Ғоз сўямиз, пиширамиз! Бўғалтир тегирмондан беш кило ун олиб берди. Яна, ўзиям кириб ўтмоқчи, уч шиша мусаллас опкелишгаям ваъда қилди. Совчиликниям қойиллатамиз, худди қадимгиларга ўхшаб қиламиз ҳаммасини! Тўғри, куёвбола ёлғизликка ёлғиз, аммо анча-мунча нарсаси бор, пишиқ. Аушра жуда зўр жойга тушяпти-да!..
Қиз уйда ўтиравериб сиқилиб кетди, пешиндан кейин эса кутубхонага жўнаб қолди. У ердан анча кеч қайтди. Далани юпқагина туман пардаси қоплаганди, ботқоқлик тарафдан лойхўракнинг нолон овози келарди, оғилхона атрофида кўршапалак ивирсиб учарди... Аушра эшикни тақиллатди. Отаси кўйлакчан ҳолда чиқиб тамбани олди, сўнг кўзларини ишқалаб, жаврай бошлади.
– Кечаси юришга қачон чек қўясан, а? Ҳеч тинчлик бермай қўйдинг одамга, қизим...
Аушра оҳиста, меҳрли оҳангда, мулойимлик билан деди:
– Кечир, отажон... Бу охиргиси, энди қилмайман. Клубда репетиция сал чўзилиб кетди...
Чол ғадир-будур, беўхшов кўзадан муздай сув қуйди-да, шошилмай ичди, сўнг кириб кетди.
Тонг ҳам отди. Кампир қизини анча вақтгача уйғотгиси келмади, майли, ухлаб олсин, деб ўзича ўйлаб қўйди. Кун ёйила бошлагач, у қизи ётган каталак ҳужрачага кирди ва Аушрани уйғота бошлади:
– Турақол энди, маккажўхоричилар бригадаси ҳозиргина тепаликдан ўтиб кетди. Шошилмасанг, кеч қоласан, яна сўкиб юришмасин...
Кампир бирданига қўрқиб кетди. Унинг ўрни бўм-бўш, бинафшаранг адёлга ҳеч ким қўл теккизмагани кўриниб турарди. У қизини ахтариб бир соатча каловланиб юрди, ниҳоят, Аграстасникига борди. Аммо у ердан кўзлари йиғидан қизариб, ҳеч бир иш чиқаролмай қайтиб келди. Уйда уни ғазабидан юзлари кўкарган Винсентас Жибартас кутиб ўтирарди.
– Оғиз-бурун ўпишиб ётишибди. Гадойваччалардай битта стулда иккаласи ўтирибди, – дея хотин эрига зорланди. – У дедим, бу дедим, ҳеч гапимга кўнишмади, нонкўрлар. “Биз ҳеч қаёққа бормаймиз, шу уйда бирга яшаймиз!” дейишди-я!..
– Ахир, сен уларга айтмадингми, ҳеч бўлмаса биз билан гаплашишлари керак. Мундоқ юзма-юз ўтириб, очиқчасига гаплашиб олиш керак-да, ахир, онаси! Оч қорним – тинч қулоғим, деб юраверган билан иш битмайди! – Винсентас бақириб юборди.
– Улар келиб бўпти энди бу ерга! Биласанми, менга қанақа қичқириб беришди? “Мол-давлатларинг билан бизни қўрқитманглар! Мана менинг бойлигим”, деди-да, Аграстас Аушранинг юзидан чўлпиллатиб ўпиб олди. Худди ўз хотинини ўпгандай қилди-я буни ярамас! Мана шунақа, отаси, мену сен қариб қолдик, бир оёғимиз тўрда бўлса, бир оёғимиз гўрда. Шунинг учун ҳам бизни шарманда қилсаларам ярашаверади! – Апалония кўзёш тўкиб, астойдил йиғлай бошлади.
– Болалари ҳақида эслатдингми? Ҳужжатлари йўқ, болаларини кимнинг паспортига ёздиришади? Ҳў, бошпанасиз итваччалар! – Винсентаснинг ғазаби яна орта бошлади.
– Ҳа, мен айтдим буниям! – уқтирди кампир. – Аммо у худо урган ўзбошимча экан. “Кимнинг боласи бўларди, албатта, меники-да. Улар Аграстукаслар бўлади!..” деди куёв менга. “Менинг паспортимни сизларга ўхшаганлар ҳали яшириб улгиришмади, худога шукр. Ҳеч ким менинг ҳужжатларимга хўжайин ҳам эмас!” Аушра ҳам тўтиқушдек нуқул унинг гапини такрорлайди. Ўзига иситиб олганда у жодугарнинг боласи! Эй воҳ, бизнинг бошимизга нималар тушмаяпти-я!
– Эҳ, уятсизлар! Шармандалар! – Винсентаснинг ғазаби қайнаб кетди. – Энди бу машмаша бутун колхозда гап бўлади. Фельетон ҳам ёзишади бу ҳақда, мана кўрасан!
Винсентас хонада у ёқдан бу ёққа безовталаниб юра бошлади. Унинг тепакал бошида, юзида тер томчилари кўринди.
– Онаси, ўшаларга паспортини олиб бориб бер. Оборгину уйнинг ўртасига отиб юбор! – деди. Бирмунча ўйланиб тургач, қўшимча қилди: – Бўладиган иш бўлди. Қаршилик қилиб ўтириш бефойда. Ғишт қолипдан кўчди.
Апалония индамасдан чердакка кўтарилди. Яширган жойидан қизининг паспортини олди-да, уни юбкасига қистириб, индамайгина Аграстасникига жўнади.
“Эҳтимол, бу Аграстас деганлари жуда, мен ўйлагандай, хомкалла эмасдир. Ҳарқалай, қайнотанинг олдига бирров келиб кетса ёмон бўлмасди”... Жибартас хонада у ёқдан бу ёққа юрар, фикрида ана шу хаёллар чарх урар эди.