АСЛМАНБАЛАРҲАҚИҚАТИ
ҲазратАлишерНавоийҳаётиваижодйўли, сиртданқарагандакўпухўбўрганилгандектуюлса-да, навоийшуносликнингчала, айнипайтда, эътиборсизқолдирилганмуаммолариҳамонетарлича.
Агар биз навоийшунослик тарихини, ёндашув усуллари ва характерига кўра, тақрибан XV асрдан XIX охирларигача бўлган миллий-шарқона навоийшунослик, жадид навоийшунослиги, совет навоийшунослиги, мустақиллик даври ўзбек навоийшунослиги, хориж навоийшунослиги тарзида даврлаштирадиган бўлсак, мутафаккир ижодини тадқиқ этиш кўлами рисоладагидек эканига ишонгандек бўламиз. Бироқ талқин даражаси, усуллари, манба ва матнлар ишончлилиги, методологик ўзига хослик нуқтаи назаридан ёндашилганда бу ишончимизга дарз кетади. Негаки, бугунга келиб, классик навоийшуносликнинг фақат манбавий-текстологик омилга айлангани, жадид навоийшунослиги Навоийга ўз даври ва ижтимоий-сиёсий оқим талаблари эътибори билан қарагани, совет навоийшунослиги эса “соцматериалистик метод” қолипларидан чиқа олмагани, 90-йиллар бошидан бугунгача бўлган ўзбек навоийшунослиги методологиясизлик синдромини бошдан кечиргани маълум бўлади. Хориж навоийшунослигининг асосий камчилиги Навоий тили ва эстетикасини моҳиятан англамаслик бўлиши билан бирга, уни ҳам юқоридаги тўрт давр навоийшунослиги қусурларидан ҳоли деб бўлмайди.
Қайд этилган ушбу муаммолар янги адабиётшунослик олдига бир саволни кўндаланг қўяди: бугунги ўзбек навоийшунослиги қайси йўлдан бориши керак?
Жавоб эса оддий: тарихий поэтиканинг фундаментал назарий хулосаларига таянувчи ёки Навоий ижоди асосида методологик базасини қурган янги ўзбек навоийшунослиги шаклланиши лозим. Бу жараён, биринчи навбатда, матншунослик ва Навоий биографиясини мукаммал ишлашдан бошланиши жоизки, профессор Шуҳрат Сирожиддиновнинг “ADABIYOT” нашриётида чоп этилган “Амир Алишер” номли китобини (2023) шу улкан мақсад сари қўйилган хайрли қадамлардан дейиш мумкин.
Китоб икки қисмдан таркиб топган. Биринчи қисм “Алишернинг ёшлиги”, иккинчи қисм “Амир Алишер ва сарой” деб номланган. Бобларнинг айни тарзда номланишидан муаллиф бу китобида ҳам Навоий шахсияти ва ижтимоий-сиёсий фаолиятига урғу берган бўлса керак, деган тасаввур уйғонади. Аммо китоб мазмуни билан чуқур танишган ўқувчи муаллифнинг манбалар шарҳи ва таснифи йўлидан эмас, илмий-текстологик таҳлил, қиёсий-типологик талқин, умумлаштирувчи мантиқий хулоса йўлидан борганига амин бўлади.
Хўш, китоб муаллифига бу таҳлит ёндашув нимага керак бўлди?
Бизнингча, бунинг биринчи сабаби, навоийшуносликнинг юқорида санаб ўтилган муаммолари, яъни китоб муаллифини навоийшунослик, хусусан, Навоий биографиясига доир қатор чалкашлик ва хатоликлар шундай йўл тутишга олиб келган. Иккинчи сабаби ҳақида китобнинг кириш қисмида шундай дейилади: “...бу китобда муаллифнинг олдин эълон қилган ишларига айрим сабабларга кўра киритишнинг иложи бўлмаган, шунингдек, аниқлаштирилиш нуқтаи назаридан қўшимча изланишни талаб қилган янги маълумотлар қўшилиб, ихчам кўринишда тақдим этилди” (таъкид бизники – У.Ж.).
Китобда Алишер Навоий биографиясига тегишли қатор хатоликларга аниқлик киритилган, уларнинг сабаблари ўрганилиб, қиёс асосида хулосалар чиқарилган. Хатоларга ойдинлик киритиш китоб олдига қўйилган асосий муаммо десак, муболаға бўлмайди. Бу жиҳат асарнинг илк саҳифаларидан бошланиб, сўнгги саҳифасигача изчил давом этган.
Ибрат бўладиган жиҳати, муаллиф ўзга навоийшунос олимлар хато-камчиликларинигина эмас, ўзига тегишли хатоларни ҳам кўра олган. Кўриш баробарида тан олишдан ҳам қўрқмаган.
Муаллиф муқаддам йўл қўйган бир хатоси ҳақида шундай ёзади: “Фурсатдан фойдаланиб, мендан ўтган бир хатолик ҳақида эслатиб ўтишим ўринли. 2019 йил “Маънавий ҳаёт” журналида чоп этилган “Навоий Ҳиротда туғилганми?” номли бир мақоламда “Навоий Совада туғилган бўлиши мумкин”, деган бир илмий фаразни ўртага ташлаган эдим. Гап шундаки, Хондамир қаламига мансуб “Равзат ус-сафо” еттинчи жилди ва “Хулосат ул-ахбор” Навоийга бахшида этилган. Унинг учинчи асари “Ҳабиб ус-сияр” анча йил ўтиб тугалланган бўлиб, бу асарга сафавийлардан бўлган Ҳабибуллоҳ Соважий ҳомийлик қилган. Бу асарларнинг хотима қисмлари жуда ўхшаш. Хондамир олдинги икки асарида Навоий номини тилга олиш одобдан саналмагани учун турли эпитетлар қаторида “соҳибдавлат” атамасини ишлатган. Шу атама “Ҳабиб ус-сияр”да совалик Ҳабибуллоҳ Соважийга нисбатан ҳам қўлланган. Унда “Соҳибдавлатнинг туғилган ери Совадир” деган жумла мавжуд. Навоийга бағишланган конференция учун мақола тайёрлаш жараёнида қўлимдаги хотималарнинг фотонусха варақлари аралашиб кетиб, шошилинчда унинг Совада туғилгани ҳақидаги қайд Навоийга алоқадор деб тушунганман” (Таъкид бизники – У.Ж.). Албатта, бу Навоий биографиясига оид жиддий муаммо эди. Шундай бўлгач, хатони ўнгламасликнинг оқибатлари ўз-ўзидан маълум. Айни пайтда, иқтибосда келтирилган муаллиф иқрорининг келажак навоийшунослари учун ибратли томони ҳам бор: қўлёзмалар билан ишлаётган мутахассис етти ўлчаб, бир кесиши лозим.
“Амир Алишер” китобининг фактик хатоликларга ойдинлик киритиш миссиясини, бизнингча, қуйидаги асосларга кўра эътироф этиш лозим. Биринчидан, аввало, китоб муаллифи давр, муаллиф, ёзув шаклига кўра хилма-хил матнларни бехато ўқиш тажрибасини мукаммал эгаллаган. Тадқиқотга XV асрдан XIX аср охирларигача Навоий шахсияти ва ижодига тегишли мавжуд қўлёзма манбаларнинг имкон доирасида жалб этилгани, уларда акс этган кичик қайдларгача эътиборга олингани, тўғри ўқиб, илмий муомалага олиб кирилгани, қиёсий таҳлил этилгани шундан далолат беради. Иккинчидан, ўрганилган қўлёзмаларнинг аксарияти форс тилида ёзилган. Китоб муаллифи грамматик қурилиши, ифода тарзи, фонетик хоссалари ўз она тилидан кескин фарқланувчи қадимий матнларни бехато ўқиш баробарида, уларнинг таржимасини ҳам ўзи амалга оширган. Асарда бирор форсча иқтибос йўқки, муаллиф бошқа мутахассис таржимасидан фойдаланган бўлсин. Учинчидан, ўзигача Навоий шахсиятига доир матнлар билан шуғулланган мутахассислар ишларини синчиклаб ўрганган. Улар мурожаат этган манбалар, билдирган фикрлар, чиқарган хулосаларни қиёсий-текстологик таҳлил қилган. Тўртинчидан, муаммо ечимида максимал аниқликка эришиш учун тўрт муҳим омилга таянган: а) Навоий ҳаёти ва ижодига доир ноёб манбалар; б) асл манбалар таъсири, уларнинг тадрижий жараёнларига оид қўлёзмалар; в) Навоийнинг ўз асарларидаги фактик маълумотлар; г) ХХ асрдан кейинги навоийшунослик материаллари.
Навоийшунослик тарихида буюк мутафаккир ҳақида айтиб кетилган хато фикр ва қайдлар кам эмас. Бу жараёнда совет даври навоийшунослиги доминант мақомда туриши, бунинг остида ғаразли мақсадлар ётгани эса кундек равшан. Қизиғи шундаки, наинки ўтган аср, ҳатто ХХ асргача бўлган навоийшунослик манбаларини ҳам бундай ноаниқлик ва хатоликлардан холи деб бўлмас экан. Муаллиф қаламига мансуб “Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий-типологик, текстологик таҳлили”, “Амир Алишер” ва бошқа илмий тадқиқотлар билан танишган ўқувчи бундай далилларнинг кўпига дуч келади.
Бир мисол. Машҳур Мирзо Ҳайдар Дўғлотнинг Навоий вафотидан уч-тўрт йил ўтиб ёзилган “Тарихи Рашидий” асарида “Навоий асли уйғур бахшиларидан эди”, деган қайд кетган (“Амир Алишер”, 10-бет.). “Амир Алишер” китоби муаллифи ушбу маълумотнинг хатолигини айтиш билан чекланмайди, балки унинг қандай сабабларга кўра пайдо бўлгани, илдизлари қаёққа бориб тақалишигача асослайди. Бунда “Тарихи Рашидий” муаллифи биографиясидан тортиб, Али Яздий “Зафарнома”сигача, Хондамирнинг Мирзо Ҳайдарга доир қайдларидан XVI – XX асрлар оралиғида ёзилган “Баҳр ул-асрор”, “Том ут-таворих”, “Тазкират уш-шуаро” ва йигирманчи асрда майдонга келган Зиё Садр (Бухоро) тазкирасигача мурожаат қилади. Мирзо Ҳайдар маълумотининг миллатга эмас, касбга доирлигини, Навоий аждодларининг сарой котиблиги билан шуғулланганлари шундай хато талқинга олиб келгани ҳақида хулоса чиқаради. Хулосасида мантиқан инкор этиб бўлмайдиган бир далилга – Навоийнинг ўз сўзларига таянади: “Навоийнинг ўзи ота-боболарини темурийлар салтанатида “Улуғ маротибға сазавор ва бийик маносибға комгор бўлғон эдилар” деган экан, биринчи навбатда, унинг ўзига ишонмоқ керак”, деб ёзади бу ҳақда олим.
Китобда Навоийнинг болалиги, ёшлик ва йигитлик йиллари хусусида ҳам таҳлилий кузатишлар олиб борилган. Ота ва она томон аждодлари ўтмишидан сўзловчи манбавий далиллар муқояса этилган. Янги хулосалар чиқарилган.
“Амир Алишер” китоби муаллифи Навоий шахсияти ва муҳити ҳақида келтирилган қатор манбавий далиллар орасида қуйидаги тарихий эпизодни ҳам келтириб ўтади: “Макорим ул-ахлоқ”да “Ҳусайн Бойқаронинг Балх атрофларига бостириб кириш воқеалари баёни”да Алишер Навоий номи икки жойда эслатилади. Биринчисида Султон Аҳмад Ҳусайн Бойқаро ҳужумини даф этиш учун Аҳмад Ҳожибек қўмондонлиги остида қўшин юборганда қўмондон қароргоҳида Алишер Навоий ҳам борлигини кўрамиз. Иккинчисида ўша пайтларда Алишер лашкарбоши Султон Ҳусайн Арҳангий навкари бўлиб тургани айтилади” (Таъкид бизники – У.Ж). “Навкар” бугунги тил билан “оддий аскар” дегани. Аскар эса жанг қилиши, бунинг учун жанг санъатини мукаммал эгаллаган бўлиши керак. Зеро, жанг майдонида уруш қоидаларига риоя қилибгина жон сақлаш мумкин. Сенга томон от солиб, қилич ўйнатиб келаётган рақибга қарата сўзни эмас, қилични яланғочлашга тўғри келади. Тасаввур қилиш мумкинки, Алишер Навоий бундай реал вазиятларга бир марта тушмаган...
Шу ўринда китоб муаллифининг навоийшунослар ва оддий ўқувчи ўртасида зарбулмасал бўлиб юрадиган Навоий ва Биноий муносабати ҳақидаги хулосасини ҳам келтириб ўтиш жоиз кўринади. Маълумки, Биноий ўзини Навоий қаршисидаги чечан рақиб деб билган. Бундай чечанлик, тил ботирлиги орқасида қандай куч тургани ҳақида майда гапларни унча хушламаган тарих китоблари сукут сақлайди. Биноий бу иши билан мутафаккир кўнглини ранжитган ўринлари ҳам кўп бўлган. “Амир Алишер” китобида ўрганилишича, шунча қилмишларига қарамасдан Навоий Биноийга нисбатан кек сақламаган. Ундан ҳар қачон ёрдами ва илтифотини аямаган. Ўзига нисбатан нонкўрлик қилган ўринларда ҳам уни кечирган. Тазкирасига киритган. Биноий таърифини берганида бирорта салбий сифатлаш қўлламаган. Китоб муаллифи айни далилларни келтирар экан, бу ҳақда қуйидаги хулосани илгари суради: “Биноий иқтидорли форсийзабон шоир бўлган. Эҳтимол, туркий шеъриятнинг равнақи унинг юксалишини чегаралаб қўйишидан хавотирланиш Биноийда Навоийга нисбатан адоват пайдо қилгандир”. Бу кўп жиҳатдан Ойбек хулосасига яқин. Фақат бу хулосада, одоб юзасидан бўлса керак, “ҳасад” сўзи ишлатилмаган, холос.
Шунингдек, китобда Навоийнинг болалиги, унинг Тафт, Машҳад, Самарқанд, Сабзавор сафарлари билан боғлиқ ҳақиқатлар, Навоий ва сарой муҳити, Навоий ва Султон Ҳусайн муносабатлари, унинг дўстлари, рақиблари, турмуш тарзи, феъл-атвори, мол-мулки, сиёсий фаолияти каби ўнлаб масалалар ушбу асарда қайта ўрганилган, манбалар ҳақиқатига кўра талқин этилган.
Умуман, “Амир Алишер” китоби ҳақида: унинг бугунги навоийшунослик равнақига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши, шоир биографиясини янги ва салмоқли далиллар билан бойитгани, асл манбаларга асосланиши, асарда тарихий матнларни талқин этишга оид янги илмий тамойиллар ишлаб чиқилгани, назарий жиҳатдан қиёсий-текстологик таҳлил методини мукаммаллаштиришга оид ютуқлар, муаллифнинг миллий позицияси; китоб услуби, талқинига доир айрим камчиликлар ҳақида кўп гапириш мумкин. Бироқ энг яхши хулоса – ўқувчининг шахсий хулосаси, деган ақидага амал қилиб, китоб муаллифига ижодий, ўқувчига эса маънавий равнақ тилаб, сўзимизни шу жойда якунлаймиз.