ФЕСТИВАЛЬ ШУКУҲИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан қайта тикланган “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивалининг XV анжумани кўтаринки руҳда, қизиқарли тадбирларга бой бўлди. Фестивалда жаҳоннинг 52 мамлакатидан уч юз нафар меҳмон қатнашди.
Дастлаб фестивалга бағишланган пресс-брифинг бўлиб ўтди. Тадбирда сўзга чиққан Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов бу йил 65 йиллиги нишонланаётган фестивалнинг аҳамияти ва халқаро миқёсда тутган ўрни ҳақида гапирди. Сўнгра йиғилганларни кинофестиваль дастури билан таништирди. Шундан сўнг “Ўзбекфильм” киноконцернида миллий кинолойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда режиссёрлар Жаҳонгир Аҳмедов томонидан суратга олинаётган “Баҳодир Ялангтўш”, Ёлқин Тўйчиевнинг “Улуғ Амир ва донна Мария”, Абдухалил Мигноровнинг “Менинг маҳаллам”, Шоҳрух Расуловнинг “Уч қаҳрамон”, Акром Исоқовнинг “Енгилмас. Токиога йўл”, Абутолиб Адамқуловнинг “Эпидемия” фильмлари тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда сўзга чиққан Кинематография агентлиги директори Ф.Абдухолиқов, Киноарбоблар уюшмаси раиси М.Матжонов, “Ўзбекфильм” киноконцерни директори Б.Одилов ҳукуматимиз томонидан сўнгги йилларда кинематография соҳасига қаратилган эътибор, миллий фильмлар сифатини ошириш, ёшларни соҳага янада кенг жалб қилиш ҳақида сўзладилар.
Шу куни кечқурун Киночилар уйида “Ипак йўли дурдонаси” халқаро кинофестивали тантанали суратда очилди. Таниқли кино юлдузлари, соҳа ижодкорлари ва турли мамлакатлар делегациялари “қизил йўлак”дан ўтиб, қатнашчилар ва мухлислар ҳузурига кириб бордилар.
Йиғилганларга дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг фестиваль иштирокчиларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Унда миллий ва жаҳон кино санъати етук намояндаларининг юксак савияли фильмлари юртимиз томошабинларининг, жумладан, ёшларнинг онги ва тафаккурини инсонпарварлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик ғоялари асосида шакллантиришдек эзгу ишга катта ҳисса қўшаётгани таъкидлаб ўтилган. “Биз айнан шу омилларни ҳисобга олган ҳолда, – дейилади табрикда, – 2021 йилда Тошкент халқаро кинофестивалини “Ипак йўли дурдонаси” деган янги ном билан қайта тиклаб, уни “Тинчлик, маърифат ва тараққиёт учун” шиори остида ўтказишни йўлга қўйдик. Ўтган қисқа вақт ичида эл-юртимиз, миллионлаб томошабинлар қалбидан чуқур жой олган ушбу фестивалнинг навбатдаги анжумани мамлакатимизда миллий кино санъатимизнинг 115 йиллик санаси кенг нишонланаётган бир пайтда бўлиб ўтаётгани рамзий маънога эга. Энг муҳими, Тошкент халқаро кинофестивалига бўлган эътибор ва қизиқиш дунё миқёсида тобора ортиб бормоқда”.
Меҳмонлар билан учрашув ва тақдимотлардан сўнг 2023 йили халқаро Канн кинофестивалида ғолиб бўлган “Қулаш анатомияси” фильми намойиш этилди. Таъкидлаш жоизки, хитойлик кинематографчилар мазкур фестивалда илк бор қатнашди. Улар “Адашган ер 2” ва “Ҳаёт ипи” номли фильмларни тақдим этишди.
Фестиваль дастури ниҳоятда ранг-баранг бўлиб, ундан фильмлар намойиши, маҳорат дарслари, ижодий учрашувлар, илмий-амалий анжуманлар ва бошқа тадбирлар ўрин олган. Масалан, “Кино 5 кунда” деб номланган ёш ижодкорлар асарларининг халқаро танловида Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистондан 14 нафар ёш кинематографчи мамлакатимизнинг тарихий жойларида бўлиб, “Ўзбекистон – орзуим менинг” мавзусида олган фильмларини жаҳон киносининг Али Ҳамроев (Ўзбекистон, ҳайъат раиси), Александр Сокуров (Россия), Сиддиқ Бармак (Афғонистон), Шуҳрат Маҳмудов (Ўзбекистон), Хўжақули Нарлиев (Туркманистон), Фарҳод Маҳмудов (Россия), Исфандиёр Ғуломов (Тожикистон) каби атоқли санъаткорлари баҳоладилар. Танловнинг хорижлик иштирокчилар суратга олган фильмлар бўйича махсус номинацияда учинчи ўрин “Ришта” фильми учун Яков Подкустовга (Россия), иккинчи ўрин “Орзулар шаҳри” фильми учун Эдиса Токтаровага (Қирғизистон), биринчи ўрин “Юз қадам” фильми учун Ширин Аҳмедовга (Озарбайжон) насиб этди. Ғолибларга пул мукофотлари ва эсдалик совғалари топширилди.
Асосий фильмлар намойишидан ташқари, кинофестиваль дастуридан ўрин олган “Ўзбек дубляжи 85 ёшда”, ўзбек киносининг 115 йиллигига бағишланган тадбир, Италия фильмларида кийилган либослар кўргазмаси, кинотеатрларда хориж киноси кунлари каби қизиқарли тадбирлар қатнашчиларда катта таассурот қолдирди. Айниқса, жаҳоннинг таниқли кино усталари Александр Котт (Россия), Карим Қадирбаев (Қозоғистон), Осаму Ямамото (Япония), Петрос Касиматис (Греция), Арвинт Пратап (Ҳиндистон), Семих Капланоғлу (Туркия), Пьетро Марчелло (Италия), Орхан Фикретоғлу (Озарбайжон), Кевин Спейси (АҚШ), Зулхумор Мўминова (Ўзбекистон) ва бошқа режиссёр ҳамда актёрларнинг маҳорат дарслари, франциялик Давид Третьяков, Сами Насери, ўзбекистонлик Юсуф Розиқов каби режиссёр ва актёрлар билан ижодий учрашувлар барчага бирдек маъқул ва фойдали бўлди. Шунингдек, турли мавзуларда ўтказилган давра суҳбатлари, давлатларнинг кино кунлари, кинофорум, юқори даражада ўтган учрашувлар, фильмлар тақдимотлари, саёҳатлар фестивалнинг барча қатнашчиларида унутилмас таассурот қолдирди.
“Ипак йўли дурдонаси” XV Тошкент халқаро кинофестивалининг тантанали ёпилиш маросими Самарқанд шаҳридаги “Боқий шаҳар” мажмуасида бўлиб ўтди. Махсус ташкил этилган “қизил йўлакча”дан тўрт юзга яқин киноижодкор, актёр ва актрисалар, режиссёр ва операторлар, продюсер ва кинотанқидчилар, киношунос олимлар ўтдилар. Тадбир Кевин Спейсининг нутқи билан бошланди. Шундан сўнг экранда Самарқанд ҳақидаги видео намойиш этилди. Кинематография агентлиги директори Ф.Абдухолиқов барчани омадли ўтган фестиваль билан табриклади. “Матонат” ҳужжатли фильми режиссёри Ш.Маҳмудов ва “Самарқандда қовун таровати” фильми режиссёри А.Ҳамроев, жаҳон киноси ривожига қўшган ҳиссаси учун россиялик А.Сокуров, грузиялик Ираклий Квирикадзе ҳамда Риетро Марчелло тақдирландилар.
Маросим якунида Марказий Осиё фильмлари танлови ғолибларига мукофотлар топширилди. Тожикистоннинг “Фортуна” фильми фестиваль дирекциясининг махсус совринига, қозоғистонлик Максим Абрамовнинг “Саҳро” кинокартинаси энг яхши дебют номинациясига лойиқ кўрилди. Дастан Айбек энг яхши актёр, Талаайкан Абазова энг яхши актриса, Дархон Тулегенов энг яхши режиссёр сифатида эътироф этилдилар. Ҳакамлар ҳайъатининг махсус мукофоти Адилхан Эржановнинг “Адемоканинг сабоғи” фильмига насиб этди. Ўзбекистонлик режиссёр Шокир Холиқовнинг “Якшанба” фильми “Энг яхши фильм” учун аталган мукофотга сазовор бўлди.