БЕПОЁН ДАШТДА ҚУЛОЧ ЁЗИБ...
Ёзувчи Ғафур Шермуҳаммаднинг “Марди майдон” номли китобини ўқигач, қалбимни ажиб ҳиссиётлар чулғаб олди. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор, албатта. Кўп йиллардан буён юртдошларимиз адибнинг асарлари асосида суратга олинган фильмларни севиб томоша қилиб келади. Кўпчилик “Чавандоз”, “Қудуқ”, “Баракасини берсин” каби фильмларда ўзини, яқинларини кўрганини таъкидлашади. Менингча, ушбу киноасарларга берилган энг катта баҳо шу бўлса керак.
Ижодкорнинг ушбу салмоқли тўпламида бешта киноқисса ва ҳикоялар жамланган. Бундан бир неча йил муқаддам муаллифнинг “Қудуқ” қиссаси “Шарқ юлдузи”, “Баракасини берсин” қиссаси ва “Таъзиядаги тўй” драмаси “Ёшлик” журналларида чоп этилганди. Эътиборлиси, ана шу асарлар кейинчалик элга манзур фильмларга адабий асос бўлди. Ёзувчи асарларида адабиётнинг асосий вазифаси бўлган инсон қалбини тадқиқ этади, қаҳрамонларнинг руҳий изтироби ва қувончлари орқали замон нафасини ифодалашга интилади. Хусусан, “Қудуқ”ни ўқиган ёки қисса асосида суратга олинган фильмни томоша қилган киши беихтиёр мустабид тузум даврида яшаган хокисор инсон – Лаллайнинг изтиробларини юракдан ҳис этиб, у билан руҳан дардкаш, ғамдош, дўст-биродар тутинади. Аниқроқ айтганда, Лаллай ижтимоий мавқеи жиҳатдан кичкина одам, бироқ инсоний мезонлар билан ўлчанганда улкан қалб эгасидир. У ҳеч қачон ўзгаларнинг юзига тик қарамайди. Аммо бошқалар тилини тишлаб қолган паллада у: “Бу одам қиёматда даъво қилса, нима деб жавоб берасиз, амаки?” деб айта олади. Лаллайнинг ботирлиги, довюраклиги, жасорати тилида эмас, балки унинг руҳидадир. Шу боис Лаллай, яъни Элмурод амакининг чинакам маънода катта одам эканини момақалдироқ гумбурлагандек, яшин чақнагандек фавқулодда вазиятдагина англаймиз.
Қиссада тасвирланган Турдиқул, Санжар, Амир, Бахтиёр каби кимсалар аждодларининг қабри топталса ҳам пинагини бузмайди, бироқ ана шундай вазиятда Лаллайнинг инсоний фазилатлари яққол намоён бўлади. Ёзувчи шу тариқа дину диёнатини унутган одамлар жамиятдаги кўплаб иллатларнинг бошида туришини, ўзгаларнинг мусибатидан ҳам ўзининг ҳавойи нафси, бемаъни мақсадлари йўлида фойдаланиб қолишга интилишини маҳорат билан кўрсатади.
Камина “Ўзбекфильм” киностудиясининг адабий сценарийлар тайёрлаш таҳририятида бир муддат киночилар билан бақамти ишлаганман. У ерда эндигина иш бошлаган кезларимда “Қудуқ” фильмини суратга олиш ишлари якунланиб, пардозлаш, овоз ва мусиқа ёзиш жараёни кечаётган экан. Режиссёр Мансур Абдухолиқов бош муҳарриримиз, таниқли ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст, режиссёрлар Жаҳонгир Қосимов ва Баҳодир Одиловдан фильмнинг хомаки нусхасини назардан ўтказиб беришларини илтимос қилди.
Мен ҳам уларга эргашиб монтаж хонасига кирдим. Фикр-хаёлим: “Режиссёр бу гўзал қиссанинг моҳиятини томошабинга тўла-тўкис етказиб бера олармикан?”, “Дашт одамларининг ўзига хос табиати, чапанилиги ва тантилиги фильмда кўриндимикин?”, “Лаллай образини ким ўйнади экан?” деган саволлар билан банд эди. Негаки, қиссани илк бор ўқиган пайтларимизда тўлқинланиб, бир-икки тенгдошларим билан асар ҳақида ўзаро обдон баҳслашган эдик.
Экранда нимқоронғи қудуқнинг ичида тупроқ ковлаётган Лаллайнинг қиёфасини аниқ кўриб бўлмасди. Бироздан сўнг қудуқ тубидан актёр Муҳаммадисо Абулхайировнинг “амаки” деган синиқ овози эшитилди. Очиғи, мен режиссёрнинг бундай кутилмаган танловидан ҳайрон бўлдим. Чунки шу пайтгача бу санъаткорни асосан комик роллар устаси деб билар эдим. Лаллай эса қалбидаги изтироби кўзларидаги мунг орқали кўриниб турадиган дардчил қаҳрамон.
Хуллас, фильмни охиригача томоша қилдик. Тафсилотларини гапириб ўтирмайман, аммо янги киноасар менда яхши таассурот уйғотди. Устозлар фильм режиссёрига тавсиялар беришди.
– Мурод ака, фильм ёмон эмас-а? – деб сўради Баҳодир Одилов эҳтиёткорлик билан. Жаҳонгир Қосимов ҳам у кишига қизиқиш билан қараб турарди.
– Бунақа гаплар фильм тақдимотидан сўнг айтилгани маъқул. Ҳозирдан мақтасак, ижодий гуруҳ талтайиб кетиши мумкин. Умуман, дашт одамлари, уларнинг ҳаёти яхши тасвирланган. Энг муҳими фильмда... – деб томоқ қириб олди-да, яна гапини давом эттирди адибимиз, – қаҳрамонлар ҳам одамга ўхшаб гаплашса бўлар экан-а, Жаҳонгир.
Муҳаррирнинг ижодий гуруҳ ишидан қаноат ҳосил қилгани сезилиб турарди.
– Бир суҳбатда узоқ қишлоқлардаги кўпчиб ётган тупроқ йўлларда чопиб улғайган, оёғига янтоқ кириб, шийда тилган ёшлар кинога кириб келса яхши бўларди, деган эдингиз, – дедим устозга.
– Ўша суҳбатда Эски шаҳарда, Хастимом атрофидаги маҳаллаларда ҳовли-жойи бир-бирига қапишиб кетган хонадонларда ўсганларни ҳам тилга олган, – деб тўлдирди Жаҳонгир ака.
– Ҳа, шундай гап бўлган. Бундай ёшларнинг ҳаётга назари бошқача бўлади. “Қудуқ” – Ғафурнинг назари. У дашт ҳаётини, дашт одамларини яхши билиши сезилиб турибди.
“Қудуқ” фильми катта экранларга чиққач, муаллифнинг “Баракасини берсин” киноқиссаси қўлимизга келиб тушди. Бу асар киностудия таҳририятида ишлайдиган ижодкорларга шунчалик ёқиб қолдики, ёзувчи Зулфия Қуролбой қизи билан уни қайси режиссёр суратга олиши кераклиги ҳақида кўп бора баҳслашганмиз. Чунки асарни экран тилига кўчирадиган режиссёр юморни ҳис қилиши, бунинг устига, қишлоқ одамларининг табиатини яхши билиши керак эди.
Шу маънода, Жиззах вилоятининг чекка қишлоқларининг бирида туғилиб ўсган актёр ва режиссёр Фарҳод Худойбердиевнинг бу асарга режиссёр этиб тайинлангани ҳам ҳар жиҳатдан ўринли бўлди. Фильмнинг жамоатчилик кўригида иштирок этган атоқли режиссёр Шуҳрат Аббосовнинг: “Бу фильм соф ўзбекча руҳи билан эътиборни тортади. Асарда тасвирланган ғаройиб воқеалар замирида халқимиз табиатига хос ҳалоллик, бағрикенглик сингари фазилатлар бўй кўрсатиб туради. Бугун ўзбек кино санъатига мана шундай фильмлар яратишга қодир бўлган маҳоратли ижодкорлар жудаям зарур”, деган фикри ижодкорлар меҳнатига берилган холис баҳо эди.
Санъат арбобининг бу эътирофи ёзувчининг биргина асарига нисбатан айтилган фикр эмас, балки бутун ижодининг ўқ илдизига берилган таърифдир, десак адашмаймиз. “Чавандоз”ни оласизми, “Қудуқ” ёки “Тенгиз”ними, таниқли режиссёрнинг қарашларига қўшиласиз, унинг гапи ҳақ эканига ишонч ҳосил қиласиз.
Бундан беш-олти йил бурун ижодкорнинг “Йўлбарснинг юрагини еган қиз” деб номланган очерки “Ёшлик” журналида чоп этилди. Унда Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида истиқомат қилаётган Манзура Ерниязованинг тақдири қаламга олинган, бу муштипар аёл ҳаётнинг оғир синовларида тобланиб, кўпчиликка намуна бўлаётганига урғу берилган эди. Рости, бошига тушган оғир кулфатларни жасорат ва матонат билан енгиб ўтиб, ҳаётини изга қўйган метин бардошли аёлнинг жасоратини кенгроқ аудиторияга кўрсатишнинг ижтимоий заруриятлари бор эди. Шу боис ёзувчи Орол денгизининг қуриши оқибатида Мўйноқда юзага келган ғамгин муҳит орқали қаҳрамоннинг орзу ва интилишлари, қувонч ва қайғулари таъсирчан ифодаланган “Тенгиз” киноқиссасини ёзди.
Қолаверса, публицистика – турмушнинг кўзгуси, агарда адабий асар ундан озиқланса, ҳаётийлиги янада ортади. Бу фикрга адабиёту санъатдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Шу боис “Тенгиз” фильмини халқимиз илиқ кутиб олди. Назаримда, ушбу картина муваффақиятининг яна бир сири ёзувчининг қорақалпоқ халқига, унинг тили, адабиёти ва санъатига меҳри баланд экани билан боғлиқ бўлса керак. Бу муҳаббатни адибнинг таниқли қорақалпоқ ёзувчиларининг кўплаб салмоқли асарларини ўзбек тилига маҳорат билан ўгирганида ҳам кўришимиз мумкин.
“Чавандоз” фильмининг мантиқий давоми бўлган “Марди майдон” киноқиссасида тўғрилик, ҳалоллик, мардлик каби инсоний фазилатлар кишининг ёши улғайган сари янада сайқалланиб, одамни нурлантириб бориши Тошмурод полвон сиймосида кўрсатилган.
Бугун юртнинг қир-адирларида, дашту далаларида кўпкари-улоқ ўйини алоҳида бир байрам, эл-улуснинг сайли сифатида ўтадики, беихтиёр: “Чуҳо, отамнинг Ғироти...” деб юборасиз. Бундай давраларда суҳбатлар қизиб, от устида кексайган нуронийлар мардлар майдонининг қаҳрамони Тошмуродга ўзларини менгзайди. Янги киноқиссада ёзувчи ана шундай танти ва содда инсонларнинг яхлит сиймосини гавдалантирган.
Ўйлайманки, ушбу асар қишлоқ ҳаётини, улоқчиларнинг турмуш тарзини яхши биладиган, фольклор оҳангларини ҳис қиладиган режиссёрнинг қўлига тушса, яна бир ажойиб фильм суратга олинади.
Комедия – мураккаб жанр. “Таъзиядаги тўй” асарини ўқиётиб, Ғафур Шермуҳаммад ана шундай инжиқ жанрнинг нозик талабларини маҳорат билан уддалаганига амин бўлдим. Аслида, исрофгарчилик, ўзбилармонлик, бошига оғир мусибат тушганда ҳам манманлик қиладиган калтабин ва жоҳил одамлар матбуоту адабиёт учун бегона эмас. Вақтида улуғ жадид боболаримиз, хусусан, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Мунавварқори Абдурашидхоновлар ҳам шу ҳақда афсус ва надомат билан ёзиб, эл-улусни бундай номаъқул ишлардан тийилишга даъват қилишган. Ёзувчи орадан юз йилдан мўлроқ вақт ўтган бўлса-да, маърифатпарвар аждодларимизни безовта қилган иллатлар ҳамон барҳам топмагани, аксинча янада чуқурлашиб бораётганини истеҳзоли кулги орқали кўрсатади. Кулгики, аччиқ ва тахир, аламли ва изтиробли...
Мен Ғафур Шермуҳаммаднинг киноқиссалари ва ҳикояларини ўқиб, бадиий матн замирида гоҳ беғубор юмор, гоҳ аччиқ киноя оҳанглари жилоланиб туришини сездим. Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ёзувчи сўзамолликдан ўзини тияди. У ўқувчининг кўз ўнгида воқеликни жонлантириш орқали ўзини ўйлантираётган муаммоларни кўрсатиб беришни истайди ва буни маҳорат билан уддалайди.