ПОКИЗА ЙЎЛНИНГ ЙЎЛОВЧИСИ
Устоз Наим Каримов Миразиз аканинг “Йўлёзмалар” номли китоби ҳақида телефонда яхши фикрларни билдирдилар:
– Мен китобни варақлаб чиқдим. Ҳозирча батафсил ўқиб чиқишга имконим йўқроқ. Лекин биринчи таассуротим жуда яхши. Одатда, аксарият одамлар сайру саёҳатга борадими, йиғинларга борадими, кўпроқ нималарнидир кўришга, нималарнидир англашга ҳаракат қилишади. Уларнинг орасида дўконга чопганлари ҳам бўлади. Лекин Миразиз қаерга борса, кундалик тутиб, кўрган-билганларини ёзиб борибди. Айниқса, туркий тилли давлатларнинг шеърият байрамлари ҳақида жуда қимматли маълумотлар тўплаган. Ҳар бир иштирокчи қаердан, маълумоти, қандай асарлари бор, ижодидан намуналар... Бу – жуда катта меҳнат. Миразизни анчадан буён бетоб деб эшитаман. Лекин адабиётимиз учун тўрт мучаси соғ одамлар қатори хизмат қиляпти. Гапларимни етказиб қўйинг.
Мен устознинг фикрларини оширмай ҳам, камайтирмай ҳам Миразиз акага етказдим. Улар ҳам жуда суюндилар.
“Йўлёзмалар”, дарҳақиқат, яхши китоб. Фақат бир “айбғинаси” бор – ҳажми каттароқ. Мен илк бор китобни қўлимга олганимда:
– Сабр-тоқатли кексалар бир амаллаб ўқишар-ку-я, лекин “лип-лип” ўтиб кетадиган телефондаги ёзувга ўрганган ёшларнинг ўқишга бардошлари етмаса керак, – дегандим. Аксинча, Ёзувчилар уюшмасининг сайтида китоб босмадан чиққани ҳақида хабар берилганидан сўнг бир неча ёшлар қўнғироқ қилиб, “Йўлёзмалар”ни қаердан олиш мумкинлиги ҳақида сўрашди. Бу қўнғироқлар ҳам биз учун ёқимли бўлди ва китоб ҳақида ёзгим келди.
“Йўлёзмалар” уч китобдан иборат. Биринчи китоб минг тўққиз юз эллигинчи йиллар воқеаларидан, яъни муаллифнинг еттинчи синфда ўқиб юрган давридан бошланади. Барча воқеаларда Миразиз ака иштирок этган бўлса-да, лекин асосий қаҳрамон ўзи эмас, давр, унинг одамлар ҳаётидаги инъикоси.
“...7-синфда ўқиётган йилимиз ноябрь ойида бизни Тошкент вилоятининг Кўктерак даҳаси томонидаги Собир Раҳимов номли хўжаликка пахта теришга олишди...” Бу – “Йўлёзмалар”нинг илк жумласи. Бир-икки сатрдан сўнг бутун юрт қатори ўсмир ёшида “пахтакор” бўлган болаларнинг жойлашган хонадонининг тасвири кетади. “...Ерига эски шолча тўшалган... Тўр томонда устига кўрпа ёпилган бир сандал, тепасида одам бўйи етадиган қилиб бир еттинчи, керосин билан ёнадиган чироқ осилган. Чироқ бир липпакка ўрнатилган. Липпак уч томондан сим билан тепага тортилган. Липпакда чироқ ёнида бир гугурт ҳам бор. Уйнинг икки деразаси ва бир токчаси бўлиб, токчада чойнак ва беш-олти пиёла...”. Кўриб турганингиздай, ғарибгина бир оиланинг бошпанаси. Лекин шу бошпанага ҳам даврнинг сиёсати хўжайин. Муаллиф бу фикрни оқ-қорага ажратиб, таҳлил қилиб ўтирмайди. Воқеаларнинг ўзини гоҳ баён, гоҳ диалоглар орқали беради:
– Бу бир колхозчининг уйи... Ҳеч қаерига зиён-заҳмат етказмай ўтиринглар. Райкомнинг буйруғи билан сизларга бўшатиб берди, ўзлари анови кичик ҳужрага кўчиб ўтишди”.
Ўқитувчининг болаларга тайинлаётган гапининг ўзи кўп нарса ҳақида тасаввур бериб турибди. Ортиқча гапга изоҳ бўлмаса керак.
Муаллиф ўсмир болаларга хос шўхликлари, ўзаро ҳазил-ҳузуллари, бир-бирига қўйган лақаблари ҳақида қизиқарли ҳикоя қилар экан, даврнинг одамлар тақдирига босган ноҳақ тамғалари, улар орқасидан келган изтиробларни ҳам четлаб ўтмайди.
Миразиз ака талабалигида уч-тўртта курсдоши билан ҳаваскор альпинистлар қатори Помир-Олой тоғларига чиқишади. Йўл-йўлакай кўриб борилган Янгийўл, Чиноз, Сирдарё, Қўқон, Шоҳимардон манзаралари, чойхоналар, ўзбекча одатлар тасвири, табиат, қушлар, гулу гиёҳлар ҳақида маълумотлар...
“Тегрангизни кузатсангиз, дунёда бундан-да хушманзара ерлар борлигига ишонгингиз келмайди. Қани мен рассом бўлсаму шу кўринишларнинг тасвирини бера олсам, деган хаёлга ҳам борасиз...” “Бир ерда қоқиўтларнинг ўз момоқаймоқларини кўкка уфураётганини кўрсангиз, бир ерда мойчечаклар ва ё елларда рақс тушаётган чаканда чечакларини кўрасиз...”
Муаллиф бундай ҳайрату завқлар аро вужудига сут билан кирган азалий принципларидан бутунлай узоқлашиб кетмайди. “Мана юк машинамиз “Альпинистский лагерь Урожай” деб ёзилган каттагина тахта ёнидан ўтиб, тўхтадик. “Ҳосил альпинистлар лагери” деган ўзбекча ёзув ҳам бўлиши керак , деб ўйладим...”
“Бу ер Ўзбекистон бўлса, нима учун бизга путёвкалар чекланган? Ўша лагерга борувчиларнинг тўқсон фоизи ўзбек бўлиши керак эмасми?”
Биринчи китобдан ўқувчилик, талабалик хотираларидан ташқари, талабаликда, Байрамалидаги ҳарбий машқлар, университетни битириб, ишлай бошлагандан кейинги шоир сифатидаги Гуржистон, Молдава, Татаристон ва Озарбайжон, Москва сафарлари ҳақидаги таассуротлари ҳам ўрин олган.
“Йўлёзмалар”нинг иккинчи китобига Миразиз аканинг катта лейтенант (Университетда ҳарбий таълим олишган-ку, ҳарбий машқларга ҳам шунинг учун боришган) сифатида ўтган асрнинг охирларидаги афғон урушидаги иштироки билан боғлиқ хотиралар киритилган. Муаллиф ўзи билан бирга бу босқинчилик урушида иштирок қилган инсонларни холис бир нуқтаи назар билан таърифлайди. Одам ажратмайди, дину миллат ажратмайди.
Мен иккинчи китобдан фақат парчалар келтираман. Уларда муаллифнинг бу адолатсиз урушга муносабати ҳам, уруш қатнашчиларининг кайфияти ҳам яққол намоён бўлган.
“...Бу аскар ўзи насроний экан-у, эътиқодига кўра, урушга қаршилиги ҳақида лашкар бошлиғига баёнот бериб: “Мен ҳеч кимнинг юртида ҳеч ким билан жанг қилмайман, одам ўлдирмайман”, дебди. “Сен армияда хизмат қилганингда Ватан ҳимояси учун жонингни аямаслигинг ҳақида қасамёд қилгансан, энди ўтмайди бу қилиқларинг”, дейишибди. “Мен Ватан ҳимояси учун жон беришга қасамёд қилганман. Бировлар юртига бостириб киришга эмас. Мен афғонларга ўқ отмайман”, деб чиқиб кетибди. Офицерлар унга қарши чора кўриш ҳақида бир қарорга келганларича, у ўзининг жонига қасд қилибди”.
“Ошхонадан чиққан ўндан ортиқ рус аскарлари бир-бирига нон отар, нонни копток қилиб тепишарди. Чеккароқда эса икки солдат нон билан этикларини артишарди...
...Икки кичкинтой, етти-саккиз яшар, қора-қура, бурни оққан, энгиллари юпун, қора чопон, калиш кийган бола қўлида халта, қопчиқ, сочилиб ётган нонларни териб ейишар ё халталарига йиғишарди. Атрофга олазарак бўлиб қарар, нон кўринса чопиб бориб ивиган, лойли нонни енгларида артиб, тўрвага солишарди. Кўзларимдан ёш чиқиб кетди”.
“Йўлёзмалар”нинг учинчи китоби асосан туркий тилли давлатлар адабиётининг турли мамлакатларда ўтган шеърият байрамларига, яна шу давлатларда ўтган долзарб мавзудаги симпозиумларга бағишланган. Бу анжуманларга шоирнинг ҳар галги сафарининг ўзи бир романга мавзу бўларли воқеа. Сиз умрида биринчи марта кетаётган Туркиядай давлатга фақат қўлида бориш-келиш чиптаси билан, бир долларсиз, бир лирасиз кетган афандини эшитганмисиз? Эшитмаган бўлсангиз, мана шу китобни ўқинг. Энди мустақилликка эришган кунларимиз. Узоқ йиллар бошимизда ўтирган империянинг баъзи корчалонларининг алами ичида. Улар Туркияга учаётган шоирнинг пули(рубли)ни долларга айлантириб бермайди.
– Мустақил бўлдиларинг, Тошкентингда алмаштириб кел эди, – дея кесатади.
Шу тарзда Миразиз ака Туркияга учиб кетади. Симпозиумга уч кун кечикиб боради. Лекин янги танишган дўстларнинг беминнат ёрдами туфайли симпозиумда иштирок этади, маъруза қилади. Энг муҳими, туркий миллатлар қатори симпозиум минбаридан Ўзбекистон овози ҳам янграйди.
Асардан йўл таассуротлари, учрашувлари, ўқилган шеърлари, сўзланган нутқлари, ҳар бир иштирокчи ҳақида батафсил маълумотлар, уларнинг ижод намуналаридан таржималар, ҳатто тор доирада ўтган суҳбатларнинг мундарижаси... Тўғрисини айтиш керак, жуда катта меҳнат, меҳнатгина эмас, заҳмат...
“Йўлёзмалар”да юзлаб жой номлари қайд қилинади. Кўния, Жалолиддин Румий ҳазратлари зиёрати, Шонли Уфа, Мармар денгизи соҳиллари... Муаллиф билан бирга сатрларда кезсангиз, фақат адабий эмас, тарихий, жуғрофий билимларингиз ҳам ошади.
Ҳар қандай китоб ҳақидаги маълумотлар китобнинг ўзи бўлолмайди. Яхшиси, “Munir” нашриётида чоп этилган “Йўлёзмалар” китобининг ўзини ўқиш керак. Шунда ҳамиша юраги халқ, миллат юрагига ҳамнафас урган бир ижодкорнинг ичкин кечинмаларига ошно бўласиз.