September 15, 2023

УСТОЗИГА МУНОСИБ ШОГИРД  

Ўзининг бетакрор ишлари билан нафақат юртимизда, балки чет элларда ҳам машҳур бўлган уста ганчкор Маҳмуд Усмонов мактабидан кўплаб маҳоратли усталар етишиб чиққан. Улар орасида Ўзбекистон халқ устаси, Ўзбекистон Бадиий академияси Олтин медаль соҳиби Асрол Мухторовнинг алоҳида ўрни бор. Устанинг санъат оламига йўли, шубҳасиз, ўз тарихига эга.

– Еттинчи синфда ўқиётганимда отам биз фарзандларини циркка олиб бордилар, – дейди Асрол ака. – Томошадан қайтаётганимизда отам кўзойнакли бир киши билан саломлашгандан сўнг мени у одамга таништириб, шундай дедилар: “Тўнғичимиз бўлади, Маҳмуд ака. Расм чизишга унча-мунча қўли келади, меҳнаткаш. Шогирдликка олмайсизми?” Уста тўгарак сешанба кунлари ишлашини, бемалол боришим мумкинлигини айтди.

Шундай қилиб Асрол Мухторов Маҳмуд Усмонов тўгарагига қатнай бошлади. Албатта, дастлаб қайналди, иши юришмади. Устанинг танбеҳлари ва тушунтиришларидан сўнг ганч билан анча “чиқишиб” қолди. Унинг қўлидан тайёр ҳолда чиққан биринчи буюм қандил эди. А.Мухторов уста Маҳмуд Усмонов билан ўн уч йил бирга ишлади. Шу давр мобайнида устадан нафақат ганчкорлик санъатининг нозик қирраларини ўрганди, балки ҳаёт мактабини ҳам ўтади.

– Устоздан жуда кўп нарсани ўргандим, – дейди Асрол ака – Биринчи навбатда шогирдларга нисбатан меҳрибон ва айни пайтда талабчан бўлишни, танлаган касбига фидо­йи­ликни, кези келганда, камчиликларга муросасиз муносабатда бўлишни, камтарлик ва меҳнатсеварликни ўргандим. “Ҳунардан пул ишлашни мақсад қилиб қўйма. Ишингни ҳалол ва юракдан бажарсанг, пулнинг ўзи сени қидириб топади”, дерди устоз.

Дарҳақиқат, уста Асролнинг Маҳмуд ота билан бирга ишлаган дамлари унинг ҳаётида олтинга тенг кунлар бўлиб қолди. Айниқса, 1966 йилги Тошкент зилзиласи пайтида Алишер Навоий номидаги театр безакларига зарар етган жойларни таъмирлаш жараёни ёш уста учун катта тажриба мактаби бўлди. Устозларининг ишларини тиклаш тараддудига тушган Маҳмуд ота аввал яхшилаб режа тузиб, кейин ўзи билан ишлайдиган шогирдларни танлашга киришди ва рўйхатга биринчилар қаторида Асрол Мухторовнинг номи ёзилди. Бинони таъмирлаш жараёнида ёш уста санъатнинг сирли олами билан янада яқиндан танишди. Шундан сўнг бошқа жойларда ҳам таъмирлаш ишлари билан шуғулланишди. Айниқса, Самарқанднинг 2500 йиллиги муносабати билан музей залларининг деворларини безатиш ишлари Асрол аканинг хотирасида бир умр муҳрланиб қолди. Ўша пайтда иш жараёнини кўздан кечириш учун келган давлат раҳбари Ш.Рашидов уста ва шогирдлар ишидан мамнунлигини билдириб шундай деганди: “Маҳмуд ака, Сиз билан ишлаётган шогирдларингиз чакки эмас. Уларнинг ҳар бири йигирматадан шогирд тайёрласинлар”.

Хуллас, устозидан фотиҳа олган ­А.Мухторов мустақил иш бошлади. Шуниси эътиборлики, Маҳмуд ота ўз бригадасининг ҳар бир аъзосини устоз даражасига кўтаришга эришди. Шогирдларидан бири Асрол Мухторов ҳам кўплаб шогирдлар тайёрлади ва ҳамон устозликни давом эттирмоқда. Асрол аканинг нафис санъати билан сайқал топ­ган бинолар нафақат юртимизда, балки ундан ташқарида ҳам кўплаб топилади. Улар орасида пойтахтимиздаги “Туркистон” саройи, Олий Мажлис биноси, Фарғонадаги вилоят театри биноси, Темурийлар тарихи давлат музейи, “Халқлар дўстлиги” саройи, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги биноси, “Баҳоуддин Нақшбанд” мажмуаси, Тошкент халқаро аэропорти, Халқ амалий санъати музейи каби кўп­лаб объектлар бор. Эҳ-ҳе, устанинг шогирдлари билан биргаликда бажарган ва бажараётган ишларининг саноғига етиб бўлмайди. Туркманистон, Украина, Россия каби кўплаб чет давлатларда амалга оширган ганчкорлик ишлари ҳам устанинг қўли гул эканидан далолатдир.

А.Мухторовнинг қўли остида ҳунармандликни ўрганган Маҳмуд Обидов, Исроил Ражабов, Олим Жабборов, Ниғмат Юсупов, Зафар Иброҳимов, Ҳикмат Азимов, Азим Аҳроров каби шогирдлари бугун устоз даражасига етиб қолишди.

– Устознинг асосий вазифаси шогирдларга камчиликка йўл қўймасликда ёрдам бериш, – дейди Асрол ака. – Зотан, устознинг энг яхши касбий фазилатларидан бири шогирд тайёрлашдир. Агар устанинг шогирди бўлмаса, у худди мевасиз дарахтга ўхшаб қолади. Ҳунар ўрганмоқчи бўлган одам Абулқосим Фирдавсийнинг қуйидаги байтини яхшилаб уқиб олиши керак:

Ҳунар ўрганурсан ҳунар аҳлидан,

Қочмасанг меҳнату ранжу ташвишдан.

Асрол аканинг “Уста ва шогирд одоби” номли китоби устози Маҳмуд Усмонов хотирасига бағишланган. Китобда, асосан, ўзбек халқ ҳунармандчилигининг тарихи, устозларнинг шахсий ҳамда касбий фазилатлари, уста ва шогирд одоби, ёшларга ҳунар ўргатишнинг мақсад ва вазифалари ҳақида сўз боради. Уста ва шогирд, меъморий обидалар ҳақидаги ривоятлар китоб мазмунини бойитишга хизмат қилган.

А.Мухторов бугун миллий ганчкорликнинг гирих, ислимий услубларини, турли мураккаб қирма пардоз ва чоки пардоз каби миллий нақшларни, Тошкент йўналишида панжара, рангли ойна каби усулларни қайта тиклаб, омма­лаштириш борасида жиддий изланишлар олиб бораяпти. Ўғиллари Акром ва Саид­икром Мухторовлар ота изидан бориб, ҳозирги кунда мустақил ижод қиляптилар. Энг муҳими, устанинг ўзи доимо ҳаракатда. Ижодий ишлар билан бирга шогирдлар тайёрлашга ҳам астойдил киришган.

Айни кунларда уста “Ҳунарманд” уюшмаси фахрийларининг раиси сифатида кўплаб хайрли ишларга бош-қош бўляпти. Уюшмада ўтказиладиган тадбирларда фаол қатнашаётган 75 ёшли серғайрат устани гоҳ шогирдлари ишини кузатиб, маслаҳатлари билан кўмаклашаётган, гоҳ кўргазмалар тайёрлаш ишларида ёрдам бераётган пайтда учратасиз. Маҳсулотлар сифатини янада яхшилаш борасидаги таклифлари, ўринли кўрсатмалари иш жараёнида асқотмоқда.

Улуғ соҳибқирон Амир Темур шундай деган экан: “Бир одам қўли билан меҳнат қилса, оддий косибдур, агар қўли ва ақли билан ишласа устадур, одам қўли, ақли ва юраги билан ишласа, демак, у ҳақиқий ҳунарманддир”. Устоз ганчкор Асрол Мухторов ҳақиқий ҳунармандлар қаторидан жой олишга муносиб инсон сифатида ҳурмат ва эътиборга лойиқ.

Гулчеҳра УМАРОВА