October 13, 2023

КЕЛ, ЭЙ ДУНЁ!  

Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон ҳунармандчилик фестивали ушбу шаҳарга жуда ярашди. Аввало, ярашиқлик бу байрамни жорий қилганларга тасанно – дунё­нинг етмиш юртидан нечалаб ҳунармандни ўзбек заминида юзлаштириш ҳар қандай эътирофга сазовор.

“САНИ ЧОРЛАЙ САОДАТГА...”

Муҳташам Ўрда майдонида қўша-қўша карнайлар навбатланиб садо берди. Дарвоза ланг очилиб, ичкаридан бошида ўзбек ҳунармандлари тепчиган марғилон дўппи-ю эгнида оппоқ яхтак устидан нақшин қийиқ боғлаган азаматлар Ўзбекистон байроғи, Халқаро ташкилотлар ва тадбир қатнашчиси бўлмиш давлатлар байроқларини даст тутганча шаҳдам чиқиб келдилар. Нуфузли зотларнинг табрик сўзларидан сўнг театрлаштирилган катта концерт бошланди. Тор узра камон тортилди: моҳир камончи, Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов ўзига хос бадиҳа ижроси билан Ўрда дарвозасидан кириб келди.

Қўқонарава, кўза, соз дастаси, нақшланган бино дарчалари, адрас – миллий ҳунармандчилигимизга ишора тарзида ишланган декорация ўртасида экран ўрнатилган. Ундан сал нарида пешайвон, бунда ҳунармандлар иш билан банд: гиламдўз гилам тўқиган, ёғоч усталари эшик табақасига нақш ўйган... Икки томондаги экранларда Қўқонарава кўринади. Сўнг бозор, гузар, ҳунармандлар, файзли чеҳралар. Туркис­тон манзаралари, хон Ўрдасининг ўтмишдаги қиёфаси.

Ғижжак нолалари ортидан ўзбек мато усталари тўқиган беқасамдан эгнига тўн илган забардаст ҳофизлар оҳиста одимлайдилар: катта ашула янграйди. Жанда кийган издошлари қуршовида Ўрда дарвозасидан тушиб келган Машраб бобо хитобидан сўнг водийнинг оташнафас хонандаси Отабек Муҳаммадзоҳид “Кел, эй дунё!” дея муридлар тўпини, ёриб шитоб билан ўртага тушди... Иштирокчи давлатлар номлари туширилган фестиваль туғлари майдонни тўлдирди – келди дунё.

НАЗМ ЗАВҚИ

Теран маъни ила сато инграйди. Экранда фасоҳат ила мисра битаётган соҳибқалам сиймоси... “Сайдинг қўябер, сайёд” оҳанг­ланади. Елкаларига водийга хос нақш урилган фирузаранг қабо ташлаган ҳофизлар юракларни сел қила хониш бошлайди. Рубоб, дутор, уд, дойра... созандалар дастаси жўр бўлади уларга. Икки тарафдан ложувард кийимдаги, тиллақоши ярашган гўзаллар ҳимо билан чиқиб келадилар. Ўрда ичкарисидан – мозийдан шу тупроқда туғилган фазлу дониш соҳиблари қўлларида китобу рисола, баёзу куллиётларини тутганча файзу тароват билан пешвоз келадилар...

Ана, Муқимий, Фурқат, Муҳий, Завқий, Нодим, Хазиний, Амирий, Фурқат, Чархий, Ҳамза... саф бўлиб келаётирлар. Қўқон адабий муҳити улар туфайли шуҳрат топган. Ана, буюк астроном, математик ва географ Аҳмад ал-Фарғоний ўзининг залворли илмий кашфиётларини башариятга тақдим этмоқда. Алломанинг оламга китоб узатиши, илмий асар саҳифалари қат-қат бўлиб раққосалар қанотларида аксланиши... қандай гўзал топилма...

Дарвоқе, рақс. Ҳар бир мусиқий композиция учун махсус саҳналаштирилган рақслар – уларнинг ҳар қайсиси ҳақида алоҳида ёзиш мумкин. Либослар хусусида ҳам худди шундай. Чопон, чакмон, або, қабо... Чўгирма, гиламдўппи, марғилондўппи, чустдўппи... дакана рўмол, шол рўмол... Либосларни зийнатлаган кашталар... Барчаси ҳунар маҳсули...

ТАРОНАЛАР БАЗМИ

“Ҳунардан унар” фалсафасини сингдирган саҳна томошасининг бадиий фасллари – оҳангу усулларда водию воҳанинг бор колорити ярақлаб, жилоланиб турибди! “Куйла, дилкаш дуторим”ни йигит-қизлар талашиб айтдилар, орада “Кўчалар”ни улаб ўтдилар... Бу тароналар базмидан янаям ўзбеклашасан. Фурқат, Нодира, Увайсий, Муқимий сўзлари билан айтилаётган ашулалар Ҳўқанди латифнинг тарихий-бадиий кечмишини янгидан жонлантиради.

КУЙЛА, ДИЛКАШ ДУТОРИМ!

Дилкаш дутор садоларига шапалоғи жарангдор йигитларнинг доиралари жўр бўлди. Маликахоннинг қизлари Саидакмалхўжанинг йигитларига бўш келарканми! Дуторчилик ва доирачилик мактабларининг муносиб тақдимоти бўлди! “Дилхирожу”, “Гала, Лайлим”, юракни яйратадиган халқ термаларидан иборат ажаб попурри кўнгилларга сурур бағишлади.

Экранда эса атоқли созгар бобо дутор ясамоқда... Бу табаррук устахонага не-не санъаткорлар кирмаган. Бу пирхонада тайёрланган созлар ҳали усталарининг ўзи қадам босмаган юртларга ҳам етиб борган. Ҳозирда машҳур созгар Уста Усмон Зуфаров сулоласининг тўртинчи авлоди шу ерда соз ясаяпти. Бу хонадонда туғилган бола борки, эсини таниганидан соз ясашга тутинади.

Доира ва дутор-танбур миллий мусиқамиз рамзи ҳисобланади. Дуторчи қизлару доирадаст йигитлар чертимларидан роҳатланар эканман, шулар ҳақида ўйладим ва ким эканки, шу жиҳатларнинг билимдони ўлароқ, саҳнага шу жўшқин бадиий сафни яраштирибди, дея астойдил завқландим.

Ўзбекистон Республикаси Президентнинг “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги тарихий ҳужжатининг моҳияти юртимизда чинакам мухлис тайёрлашга Давлат миқёсида киришилганидадир. Энди фарзандларимиз қўлларида рубоб, дутор, доира бўлади. Шиддатли ахборот асрида қўл телефонидан қуйилиб келаётган яхши-ёмон, керак-нокерак ахборот ёмғири остида ўзини, ўзлигини йўқотиб бораётган ўғил-қизлар бир фурсат бўлсин, аслият оламига, одамийлик оламига ошно бўладилар. Тик-Ток ё Инстаграмдаги аксарият бемаъни, бетавфиқ контентдан бир фурсат бўлсин узилиб, чин олам овозини эшита бошлайди, ана шу табиий оламнинг рангини ҳис қилади...

“ТУШИМДА КЎРСАМ ЭДИ...”

Саҳнада ва экранда Амирий, Нодира, Увайсий сиймолари. Ўта таъсирчан, драматик кўриниш. Зулайҳо Бойхонова “Тушимда кўрсам эди”ни бениҳоя гўзал ижро этмоқда. Ёрини қўмсаган Нодира фиғони. Икки мумтоз аёл диалоги. Икки олам – икки эшик ораси. Кафтларида шам тутган паривашлар саҳнада парвонадек айланадилар. Қўқон шамоли ҳарир рўмолларни чандон учиради...

“Тушимда кўрсам эди”... Ўзбек мусиқа санъатининг алоҳида ҳодисаси бўлган, маданиятимиз тарихида бутун бир фасл яратиб кетган ҳофиз Шерали Жўраевнинг руҳи покини ҳам ёдга солди бу қўшиқ...

ВОДИЙ БОҒЛАРИДАН УСТЮРТ КЕНГЛИКЛАРИГА

Абжир чавандозлар қамчи ўйнатиб майдонга тушадилар. Бичими келишган қорақалпоқ сулувлари кўриниш берадилар. Йигитлар депсиниб ўйнайди. Нарироқдаги кенгликда бир гала азаматлар ўтов тика бошлайдилар. Сулувлар чавандозларга сув тутади... кейин яна кўзаларини сувга тўлдирадилар. Ўтов тайёр: абжир йигитлар қизларни ўтовга кузатиб қўядилар. Ўтов айланади... айланади... Сўнг бояги сулувлар Сурхоннинг шўх-шодон қизларига айланиб, ёрқин кашта урилган майсаранг либосларда қўғирчоқдек ясаниб чиқадилар.

...Айғирлар тулпорларга айланади. Дўмбира чертилиб, бахшилар йўлида тошқин терма ижро этилади: “Қўнғиротга қўниб ўтган дўмбирам!” деган жойлари қулоғингда қолади. Жўшқин йигит-қизлар сур­хон­ча­сига давра қуриб, “яққу-яқ!”лаб яйраб рақс тушадилар. Экран­ларда жануб ҳунармандларининг кашта солиши. Ажойиб!

ТЎЙЛАР МУБОРАК!

Театрлаштирилган томоша замирига ҳаётий бир фалсафа сингдирилган эди: ҳунардан унар. Ошиқ йигит, ҳунарсиз кишига турмушга чиқмайман деган қиз, унинг кўнг­лини овлаш учун юрт кезиб ҳунар эгаллаган камолот соҳиби. Охири, “Тўйлар муборак” билан якунланадиган инсоний қисса. Йигит водийда кулолчилик, атласу адрас тўқиш, пичоқсозлик, созгарлик ҳунарларини ўрганади. Кашта илмига қизиқиб, воҳага боради. Сўнг суйгани учун ўз қўли билан зебу зийнат ясашни ўрганиш учун Самарқанду Бухорога йўл олади, заргарлик, зардўзиликни ўрганади. Шу аснода Ўзбекистонимизнинг барча ҳудудларига хос бой санъатимиз бирин-сирин намоён бўлади.

Қўшнай садоланиб, “Омон-ей, омон!” ила лазги таралади. Бухородан чиқиб, ёр пойига ўз қўллари билан тўқиган гиламни тўшаш учун Хоразмга йўл солади йигит. Чўгирмаси ярашиқли, қавиқ тўнли ҳофизлар қўлида тори билан, укпар қадалган тиллақошларида тангалари селкиллаган халфа қизлар. Бу хонишу бу рақсга ўйнамаган ҳам ўйнайди: япон ҳам, фаранги ҳам... Ахийри, қиз ҳунарманд йигит изҳорини қабул қилади. “Тўйлар муборак” таронаси остида йигитнинг хуржунидан тиллақошу зебигардонлар чиқазиб келин бўлмишни ясантирадилар. Ҳунарли йигит қизга уйланиб, мурод-мақсадига етади.

МУНАВВАРЛИК

Дунёнинг ҳар чеккасидан келган меҳмонларни сийлаб, ўзи ҳам севинаётган аҳли Ҳўқандни кўринг! Саҳнада, майдонда гўзаллик улашаётганларни олқишласак, улар миллионларга кайфият улашади. Созу овоз баралла жаранглаши учун, ҳунар ривожланиши учун муҳит керак, рағбат керак! Ўрда ўтрусида олтмиш-етмиш кун на офтоб тиғи ва на шамолни писанд қилмай, ҳалол меҳнат қилган юзлаб ижодкорларга раҳмат!

Хулласи калом, Қўқон шаҳрида ЮНЕСКО шафелигида иккинчи Бутунжаҳон ҳунармандчилик фестивалининг ўтказилиши, Халқаро ҳунармандлар ташкилоти томонидан Қўқон шаҳрига “Дунё ҳунармандлари шаҳри” мақомининг берилиши ўзбек халқ амалий санъатининг халқ­аро миқёсдаги юксак эътирофи бўлди.

Латофат ТОЛИБЖОНОВА,

санъат ва маданият антропологи