ЯГОНА ҚУЁШ ОСТИДА
Бадиий академиянинг Марказий кўргазмалар залида рассом Умар Ражабовнинг “Қуёш битта” деб номланган кўргазмаси очилди. Умар Ражабов Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтнинг “Маҳобатли рангтасвир” бўлимида таҳсил олган. 2014 йилдан ҳозиргача мазкур институтда ёш истеъдодларга сабоқ бериб келмоқда.
У.Ражабов рангтасвирчи рассом сифатида дунёнинг ўн етти мамлакатига қилган сафари давомида уч юздан ортиқ этюдлар яратди. Картиналарда тасвирланган дунё манзаралари турли бўёқларда, ўзига хос равишда матоларга кўчади. У.Ражабовнинг, айниқса, юртимиз табиати билан боғлиқ манзаралари эътиборга лойиқ. Сабаби, унда ишлатилган бўёқлар туфайли ҳақиқий гўзал табиат томошабин кўз олдида гавдаланади. Рассом “Қуёш битта” шахсий кўргазмасида мамлакатимизнинг кўплаб шаҳар ва қишлоқлари қатори, Осиё ва Европа давлатларининг гўзал табиати акс этган этюдларни намойиш этмоқда. Бу асарлар орқали томошабинлар ҳар бир заминнинг ўзига хос рамзига айланган меъморий обидалари билан ҳам танишадилар.
Халқаро маданият карвонсаройида очилган “Устоз ва шогирд” деб номланган кўргазмада таниқли хаттот Салимжон Бадалбоев ва издошларининг юздан ортиқ хаттотлик ишлари намойиш этилмоқда. Экспозициядан ўрин олган асарларда Қуръоннинг сура ва оятлари, ҳадис ва бошқа битиклар араб алифбосида, яъни куфий, сулс, настаълиқ, риқо сингари хат турларида битилган. Қоғоз, тери ва матоларга ишланган ушбу хаттотлик намуналари асосан сиёҳда ёзилган.
Тадбирда сўзга чиққанлар миллий қадриятларимиз қаторида хаттотлик санъати анъаналарининг тикланишида Салимжон Бадалбоев каби моҳир хаттотларнинг хизмати беқиёслигини таъкидлашди. Уста хаттот нуфузли танловларда фахрли ўринларни эгаллаган ва педагогик фаолияти давомида кўплаб шогирдлар тарбиялаган. Шу билан бирга у хаттотлик бўйича кўплаб китоб ва ўқув қўлланмалар муаллифидир. Кўргазмадан хаттотнинг М.Собирова, Х.Лутфуллаев, Х.Убайдуллаев, Н.Қутбиддинова, Ё.Бухорбоев, Б.Ниғмонов, Н.Турсуналиев, А.Собирова, А.Эргашев, О.Бойназарова, З.Ҳабибова каби шогирдларининг ишлари ҳам жой олган.
Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида миниатюрачи рассом Нилуфар Саъдуллаеванинг “Нафис санъат олами” номли илк кўргазмаси очилди. Кўргазмада элликдан ортиқ асарлар намойиш этилмоқда. Ёш рассом Нилуфар Саъдуллаева ҳозирги кунда “Хаттотлик ва миниатюра” ихтисослиги бўйича Бадиий академия ҳузурида рассомлик маҳорати бўйича тадқиқотчидир. Рассомнинг “Меҳробдан чаён”, “Жанг бошланиши”, “Донишмандлар кенгаши”, “Сабъаи сайёр” каби асарларида воқеа-ҳодисалар аниқ-тиниқ, маҳорат ила ифодаланган. Табриз мактабидан “нусха” асосида ишланган “Бобурнома”, “Беҳзод асаридан нусха” сингари ишлари ҳам ижодкорнинг тасвир устаси эканидан далолат беради. “Буюк аждодлар ворисларимиз”, “Чегара билмас ижод”, “Сўз мулкининг забардаст султонлари”, “Шарқ нафис санъати ёшлар нигоҳида-II”, “Ҳуснихатдаги ҳикматлар” каби асарлари билан ёш хаттотлар Республика кўрик-танловларида, “Ҳикматлар олами” биринчи Республика хаттотлик фестивалида ва Миср маданияти марказидаги хаттотлар кўргазмаларида, фестивалларда ижодий ишларини намойиш этиб, устоз рассомларнинг эътирофига сазовор бўлган. Унинг асарларида тарихий шахслар қиёфаси давр силсиласи уйғунлигида гавдаланади. “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” ва “Донишмандлар кенгаши” каби асарлари фикримизнинг далилидир. Рассомнинг “Шоҳнома”, “Бобурнома”, “Меҳробдан чаён” сингари ўзбек мумтоз адабиёти асосида яратилган асарлари маҳорат ва заҳматли меҳнат маҳсулидир. Зеро, кўҳна ва навқирон Шарқ мавзуси Н.Саъдуллаева ижодида бетакрор рамзлар воситасида улуғворлик касб этади.