June 15, 2023

ОҚБУЛОҚ

ОТАУЛИ

Замонавий ўзбек адабиётида халқ оғзаки ижоди хазинасига энг яқин шоирлар Ҳамид Олимжон билан Миртемир эканини барча билади. Биринчи шеъриятни баайни тоғ чўққисидан шариллаб-шарқираб оқиб тушаётган шаршара десак, иккинчи шеърият она ер бағридан сизиб чиқаётган сокин-сирли булоққа менгзайди. Булоқ бўлганда ҳам, қорабулоқ эмас, оқбулоқ!

Миртемир домла шеъриятидан эл дос­тонларига хос бахшиёна руҳ уфуриб туради. Достонлардаги каби, Миртемир ижодида ҳам билгамишлик, ботирлик, юртсеварлик, дўстлик, сахийлик, эзгулик, қўйинг-чи, кўпдан-кўп инсоний фазилатлар улуғланади ва, аксинча, билимсизлик, қўрқоқлик, сотқинлик, ёвлик, бахиллик каби кўпдан-кўп иллатлар қораланади.

Мана, Миртемир домланинг 1976 йилда ёзилиб, тўрт жилдлик асарларининг 1982 йилда нашр этилган иккинчи жилдидан жой олган “Бахшиёна тўртликлар”идан бири “Мен”ни ўқиб боқайлик:

Ҳа, мен туркистонлик. Туркистонданман.

Олис боболарнинг олтин тупроғи.

Мунглик ва жафокаш бир жаҳонданман.

Жафокаш жаҳоннинг қадим аймоғи.

Бу қуйма асарни нега муаллиф “рубоий” эмас, “тўртлик” деб атаган? Қолаверса, нега унинг олдига “бахшиёна” деган аниқловчи қўшган? Бунинг сабабларини чуқурроқ ўйлаб қарасангиз, тагмаънолари булоқдек қайнаб чиқиб келади. Биринчидан, домланинг ибораси билан жавоб берсак, ҳа, у туркис­тонлик. Бунинг моҳиятини англаяпсизми? Ўзининг туркистонлик эканидан фахрланиш, кўксини кериб баралла айта олиш учун киши қанчалик она тили ва адабиётини, ўз тарихи-ю ўзлигини яхши билиши, яхши кўриши керак. Бутун туркий халқлар шеърияти, айниқса, достонлари, қўшиқлари, термалари, лапарлари, айтишувлари асосида арабча рубоий ва мураббаъ эмас, айнан туркий тўртлик ётгани йўқми?! Халқ оғзаки ижоди уммонидан қониб сув ичган Аҳмад Яссавий, Бобораҳим Машраб ва Муҳаммад Аминхўжа Муқимий каби шоирлар ижодида арузий байт, маснавий, рубоий, мухаммас, мусаддас, мураббаъ кабиларга қараганда айнан туркий бармоқ вазнидаги тўртлик етакчи экани барчага кўринарли-билинарли-ку!.. Иккинчидан, қадимдан эл қўшиқлари-ю дос­тонларини баланд овозда куйловчи киши бахши деб аталган. “Бахши” сўзи қозоқчада “бақсы”, туркманчада “бақши”, қирғизчада “бақчи” дейилади. Хуллас, Миртемир бахши ўз тўртлигида ана шуларга имо-ишора қилмоқда.

Учинчидан, тўртликнинг замирида яратувчининг ўзи туғилиб ўсган улуғ тупроқнинг нечоғли бебаҳолигини теран англаши, фақат ўзбек шеърияти эмас, бутун туркий шеъриятнинг булоқбошида турувчи икки авлиё шоиримиз – Аҳмад Яссавий билан Адиб Аҳмад (Аҳмад Югнакий) туғилиб ўсган Туркистондек қутлуғ юрт боласи эканидан қувониш, улкан масъулият туйғуси, улуғ ота-боболарга етук издош бўлиш иштиёқи, жафокаш жаҳоннинг, хусусан, унинг бир жафокаш аймоғи бўлган туркий элларнинг тарих тубидан элас-элас эшитилаётган мунг­ли сас-садоларини келажак авлодга етказиш илинжи, қўйинг-чи, кўпдан-кўп гаплар бор. Тўртликдаги биргина “аймоқ” деган сўнг­ги сўзга қаранг! Маълумки, араб тилидан ўзлаштирилган “қабила”, “қавм”, “халқ” ва “миллат” сўзларига “уруғ”, “аймоқ”, “эл” ва “улус” деган қадим туркий сўзлар маъно жиҳатидан тўғри келади. Халқимиз “Элга эл қўшилса – давлат”, деб билиб айтган. Худди шундай, бир элнинг сўзига иккинчи элнинг сўзи қўшилса, тилнинг кучига куч қўшилади. Агар бу сўзлар аҳил-тотув бўлмай, бир-бирларини сиғдирмай, куткилаб бошласа, табиийки, тил заифлашади. Миртемир домла ўз даврида унутилишга маҳкум этилган “аймоқ” деган қадим туркий сўзимизни ҳаётга қайтариб, унинг она тилимизда “қавм” сўзи билан бир қаторда яшашга ҳақли эканини уқтириб турибди!

Миртемир домла бошлаб берган “бахшиёна тўртликлар” анъанасини бир қатор катта-кичик шоирлар ижодий ўстиришга астойдил уриндилар. Бироқ, афсуски, бу ўзига хос кашфиёт-топилманинг туб илдизи бутун ҳолда эмас, чала-ярим тушунилди ва ҳар икки сўз анчагина бирёқлама талқин қилинди.

Тўртликлардан яна бири “Бирга эдик”ни ўқиб, мағзини чақайлик:

Бирга эдик чоғи пода боққанда,

Тоғу тош гулдираб чақмоқ чаққанда.

Бирга эдик чоғи дўл ҳам ёққанда,

Четда қолдик нечун дўлана қоққанда.

Биринчидан, дўсту ёрнинг бевафолиги. Элнинг “Жон куйдирмасанг, жонона қайда, Тоққа чиқмасанг, дўлона қайда” ҳикматли гапи ҳар бир кишини меҳнатга ундайди. Узоқ йиллар турли қийинчиликларни бирга енгиб ўтган дўст-ёр, тоққа чиқиб дўлана теришдек энг оғир ишга келганда ўзини бир четга торт­са, қўллаб-қувватламаса, алам қилмайдими кишига? Иккинчидан, элимизнинг “Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир” ва “Ҳолва ҳокимга, калтак етимга” деган ҳикматли гапларига уйғун гўзал тўртлик бу! Одам боласини ишлатиб-ишлатиб, меҳнатининг роҳатини кўришга келганда “сиғдирмай” ичиторлик билан четлатиш-четлаштириш инсофданми, ахир! Бундай тагдор ҳикматли гапни Миртемир домладек кўп жабру жафоларни бошидан ўтказган, тақсимотлар чоғида кўпинча атайин четда қолдирилган шоиргина ёза олади.

Мана, Миртемир домланинг “Кунинг келипти-да...” деб номланган яна бир халқона ҳикматли тўртлиги.

Шопириб-шопириб Шодмонжонга суз,

Ўпириб-ўпириб Ўрмонжонга суз.

Қарама ҳеч кимнинг қош-қовоғига,

Санамай саккиз де, ўйламай тўққиз.

Тўртликдаги ҳар бир ўзбекона сўз баайни бўзтўрғайдек сайраб ва бахшиларимиздек дил-дилдан бўзлаб турибди. “Шопириб” билан “ўпириб”, “Шодмонжон” билан “Ўрмонжон”, “санамай саккиз” билан “ўйламай тўққиз” каби ички қофияларнинг оҳангдорлигига ва уларнинг тагмаъноларига қаранг! Шўрва, манпар каби суюқ овқатлар шопириб, ош, шовла каби қуюқ овқатлар ўпириб сузилишидаги ўхшатиш­ларни кўринг! Бу тўртликнинг тўғри маъноси – овқат тақсимотидаги ноҳақликка кесатиқ қилиняпти. Унинг кўчма маъноси эса – шўро давридаги ўзбек элининг табиий бойликлари талон-тарож қилинишига ишора қилиняпти.

“Бирга эдик” ва “Кунинг келибди-да” дея тагдоргина ном билан аталмаган, оддийгина “Сен” деган тўртликни ҳам ўқийлик:

Сен булоқ кўзини очганларданмас,

Дуч келган булоқдан ҳўплагувчисан.

Жиндак миннатдорлик ўрнига, нокас,

Қонган булоғингга туфлагувчисан.

Халқимизнинг ўзидан чиққан балодек дарди бедаво кўрнамакларга атаб айтган “Тузини ичиб, тузлиғига туфлайди” деган ҳикматли гапи шундай гўзал тўртликка айлантирилганки, у ҳазрати Бобурнинг халқ мақоллари асосида яратилган машҳур рубоий­ларидан зинҳор қолишмайди.

Миртемир домла “Бўз” деб аталган яна бир тўртлигида шундай ёзади:

Бўз бу, ҳа-да, бўз тупроқ.

Қумлоқ, тўзон-тўз тупроқ.

Қуюнлик, қорбўронлик,

Не бўлса ҳам, ўз тупроқ!

“Бўза”, “бўз йигит”, “бўз от”, “бўз дала” сингари сўз ва сўз бирикмалари аён кўрсатиб турибдики, “бўз” деган сўз бўлимсиз бўз туп­роқни, яъни, қақраган саҳрони англатмайди. Қолаверса, бу бўз тупроқни шамол, тўзон, бўрон, қуюн сингари табиий офатлардан минг карра кўпроқ ва даҳшатлироқ ижтимоий офатлар бутун тарих давомида озмунча тўз-тўз қилиб тўзондек тўзғитиб ташлаганми. Айниқса, тўртликдаги “бўз тупроқ” билан “тўз тупроқ”дан ҳам кўпроқ “ўз тупроқ” сўз бирикмасининг замирида талай гаплар бор! Бу ердаги “ўз” сўзини ўзлуғ, ўзак, ўзган, ўзағон, ўзбек сингари бир қатор ўзакдош сўзларнинг маъноларидан айро тушунмаслик керак.

Туркумдаги жами ўнта тўртликдан “Ҳеч қуримас”, “Яхши”, “Гўдаклигим”, “Тонг” деб номланган тўртта тўртликнинг мағзини чақишни ўзингизга ҳавола қилиб, “У гўё...” деб аталган сўнгги тўртликни ҳам ўқиб уқайлик!

У гўё сахий эмиш,

Кўлик бераман, дермиш.

Олмагин кўлигини,

Ортади ўлигини...

Ёдингизда бўлса, “Алпомиш” эпосимиз “Киши нимадан сахий, нимадан бахил бўлади?” деган ўта жиддий саволга яраша жавоб тарзида яратилган. Кўп ҳолларда сахийни сахий, бахилни бахил деб исботлаш осон эмас, чунки ўтакетган бахил ҳам ўзини оламда тенги йўқ сахий-саховатли кўрсатишга устаси фаранг бўлади-да. Мана шундай бахилнинг асл феъл-атворини бундан-да қисқа ва лўнда таърифлаш мумкинми сира?! Бахилларнинг хўжакўрсинга яхшилик қилган бўлиб, сўнг­ра то ўлгунича бу яхшилигини бурунлардан булоқ янглиғ ситиб чиқаришдек ярамас одатларини ҳаммаям билавермайди. Миртемир домладек кўра-кўра кўса бўлган ва бир қарашдаёқ одамнинг ичидаги “оласи”ни кўрадиган, одам танийдиган синчков зотларгина била олади.

“Кўлик” сўзи она тилимизда жонсиз қурилмани, “улов” сўзи эса, от, туя, эшак сингари юк кўтарувчи жониворларни анг­латади. Биз бугунги кунда “автомашина” сўзининг ярмини ўзимизча таржима қилган бўлиб, “автоулов” деймиз. Бу билан билиб-билмай чигал масалани баттар чалкаштириб ташлаймиз. Ҳолбуки, аслида, бу сўзни “кўлик” деган битта соддагина сўзда англатиш ҳар жиҳатдан тўғри бўлади, чунки бу сўзда “авто” сўзининг ҳам, “машина” сўзининг ҳам маъноси бор-да!..

Кейинги ярим асрлик адабиётимизда Миртемирнинг ижодий булоғидан сув ичиб, унинг “Бахшиёна тўртликлар”ига бирмунча яқинлашган асар сифатида халқчил шоирларимиздан бири Азим Суюннинг “Эй дўст!” деб аталган қайирмаларини эслашимиз мумкин. Тўғри, бу тўртликлар туркумига фақатгина Миртемир тўртлик­лари эмас, аввало Яссавий ва Машраб шеърияти, қолаверса, қардош қозоқ оқинлари ижодининг муайян таъсири бор. Яссавийнинг кўпгина ҳикматли тўртликларида “Аё дўстлар!”, Машраб шеърларида эса, “Эй ёронлар!” хитоблари кўп қўлланганини эсланг! Бундай халқона ва бахшиёна оҳанг билан яссавиёна ва машрабона руҳ шоирнинг “Оқбулоқни изладим, Қорабулоқ дуч келди, Қорабулоқ сувидан ичдим, ёронлар!” ва “Андиз ўсган тоғларда отлар бевақт ўлмағай, Яхши бўлса хотинлар, эрлар ранги сўлмағай” деб бошланувчи шеърларида яққол кўзга ташланган эди. “Қайир­ма” сўзига келадиган бўлсак, бу сўз қозоқ биродарларимизнинг узоқ тарихга эга айтишуви чоғида икки оқиннинг бир-бирига қилган мурожаатини англатади. У шунинг учун ҳам “қайирма” деб аталадики, айтишувчи рақибини мардона олишувда қайи­риб (айтишув мавзуига қайтариб, буриб, эгиб, букиб, уддалай олса, бўйнини хам, ўзини мот қилиб) туради. Қолаверса, қа­йиқ билан қайқидек қайрилган нишдор қайроқи сўз дегани-да бу айтишувлардаги ҳар бир тўртлик!

Мақоламиз бошида Ҳамид Олимжон шеъриятини тепадан шариллаб оқаётган шаршарага, Миртемир шеъриятини эса, ер бағридан билқиллаб чиқаётган оқбулоққа менгзадик. Элимизнинг “сув қилиб ичиб юбориш” деган ибораси “бир нарсани жуда яхши билиш”ни англатади. Ҳар икки шоир элимизнинг достончилиги-ю бахшичилигини сув қилиб ичиб юборишган ва ўз ижодларида уларни қонидан-жонидан ўтказиб тасвирлашган. Ўз навбатида келажак урпоқ (қадимий шумер тилидаги “ур” билан “урук” ва туркий тилимиздаги “уруғ”, “урганч”, “ургут”, “урумчи” каби сўзларга ўзакдош бу сўз арабча “авлод” сўзининг маъносини тўла англата олади) уларнинг ижод шаршара-ю булоқларидан тўйиб-қониб ичишига ишонамиз.

ОТАУЛИ