ЭЛ-ЮРТ ТАШВИШИ САОДАТ КЕЛТИРАДИ
Инсоний фазилатлари, фидойилиги билан элу юрт орасида юксак обрў-эътибор қозониб, бошқаларга ибрат бўлиб келаётган Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Умматов ҳаёти ва меҳнат фаолиятига бағишланган “Шундай яшародатда одам” китоби тасодифан қўлимга тушиб қолди. Ҳулкар Ҳотамбоевава Шоира Эрмето ва ҳаммуаллифлигидаги публицистика, суҳбат ва дилсўзларидан иборат китобни дастлаб шунчаки варақладим. Айрим дил сўзлари ва суҳбатларни ҳар жой-ҳар жойдан ўқидим, расмларни томоша қилдим. Тез орада мендек кекса китобхонни у ўзига ром этиб қўйди. Китобдан бош кўтара олмай қолдим.
Етти фаслдан иборат бу китоб Ўзбекистон темирйўллари соҳаси фидойиси Эркин Умматов мисолида бутун бир темирйўлчилар сулоласи тарихидан ҳикоя қилади. Қаҳрамоннинг устозлари, дўстлари, ҳамкасблари, шогирдларининг хилма-хил самимий фикр-мулоҳазалари, жайдари фалсафалари, яқинлари, фарзандлари эъзозини мужассамлаштирган эътирофлар юрагингиздан жой олади.
“Етти пуштини билган одам заминга маҳкамроқ ёпишади”, деган ўгит темирйўлчилар сулоласининг ота-боболаридан ўтиб келгани маълум бўлади. Эркин Умматов кекса авлод вакилларидан аждодлари ҳақида кўп суриштиради. Уларнинг барчаси бир сўзли, жўмард, айтган сўзидан қайтмаслиги боис, эл аро обрў-эътибор қозонишганидан ғурурланади. Бутун ҳаёти давомида улардек бўлишга интилади. Аждодлари ҳақидаги ибратли воқеаларни фарзандларига, невараларига, ёшларга тўлиб-тошиб сўзлаб беришдан эринмайди.
Қишлоқ яқинидан ўтган темирйўлнинг нафақат Умматовлар сулоласи ҳаётига, балки бутун қишлоқ аҳли турмуш тарзига нечоғли ижобий таъсири оддий, кишининг юрагини “жиз” эттирадиган, қалбга яқин ибораларнинг қўлланиши билан ифодаланади. Эътибор беринг: “Пастда темирйўл бор...”, “Маош ҳам берар экан...”, “Ишлаганлар учун яшашга жой ҳам бераркан...”, “Вагонларда нон келтириб, тарқатар экан...”. Узоқ йиллар давомида фақат деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланган қишлоқ аҳолиси учун бу хабарларнинг ҳар бири ўша кезларда қанчалик умидбахш бўлса, уларнинг эсланиши китобнинг ўқишлилигини янада орттириб юборган.
Муаллифлар Эркин Умматовнинг аждодлари, уларнинг ҳаёти ва турмуш тарзига тўхталар эканлар, беихтиёр “ҳа, мен ҳам шундай демоқчи эдим”, деб юборганингизни билмай қоласиз. “Уруш тугаганига ўн йил бўлди... Ҳашаматли бўлмаса-да, элу юрт олдига дастурхон ёйиб, ош узатишнинг ўзи ҳам бир саодат эди. Тўйлар ким ўзарга эмас, узоқроққа чоптира бошлаган болакайларнинг суннати-ю, икки ёшнинг бошини бир ёстиққа қўйганини билдириб қўйиш учун қилинарди. Албатта, карнай ҳам бўларди, карнайга тугиб кетилган белбоғ карнайчининг ҳақи эди. Албатта, ашула ҳам айтилар, одамларнинг олқиши ашулачининг димоғини чоғ қилишга кифоя эди. Кейин-чи... Шу тўйдан тўёна деб уларга бир тугун қилиб бериларди. Аста-секин бу тугундан сўлкавой дуруст, дедилар. Кейин-кейин сўлкавойдан қизил қоғоз пул соз, дедилар. Бора-бора “кўки”дан деб, қутуриб кетишди”.
Булар шу кеча-кундузнинг оғриқли нуқталари эмасми? Ҳар бир маданиятли, инсофу диёнатли кишининг кўнглидаги гап эмасми?
Қишлоқ аҳолисининг меҳмондўстлиги, ҳимматлилиги, ўзаро иззат-ҳурмати қизиқарли воқеалар мисолида ёрқин бўёқларда акс эттирилган. Уч-тўрт кунлаб қолиб кетган меҳмонлар билан суҳбат ва гурунгларда биров ғийбат қилинмаган. Уларнинг ўзаро гурунги асосан “об-ҳаво, ўт-ўлан, яйловлару тоғлар ҳақида, ўзлари яёв кезаётган тоғу тошларда, дашту далаларда авваллари қанақа жониворлар бўлгани-ю ҳозир қайсилари қолгани, яйловларда ўт-ўланларнинг қайси вақтда ўсиб, қайси вақтда қовжираши” ҳақида, бир сўз билан айтганда, табиатни, унинг ҳайвонот оламини асраш тўғрисида бўлган. Эркин Умматов то тонгга қадар давом этган, ўзгача гаштли ана шундай суҳбатларни эшитиб ўсган.
Умматовлар сулоласининг илдизини бақувват дарахтга ўхшатса бўлади. Чунки улар ўртасида меҳр-оқибат, қариндошлик ришталари китобда бошқаларга ибрат қилиб кўрсатадиган даражада баён этилган. Чунки бировга беғараз ёрдам кўрсатиш, астойдил яхшилик қилиш, яхшилик қилиб, кейин бу ҳақда гапирмаслик Умматовлар сулоласига хос хислатдир.
Эркин Умматов беғубор ва қизиқарли воқеаларга бой бўлган ёшлиги, уларнинг уйидан бор-йўғи юз-икки юз қадам наридан ўтган темирйўл унинг ҳаётида туб бурилиш ясагани қуйидаги самимий, сатрларда баён этилган. “Эркин... поезд овозини кутиб улғаярди. Поезд овози уларнинг асрлар бўйи бир хил тарзда кечаётган ҳаётларига қандайдир катта янгилик олиб кираётганини, гарчи сўз орқали тушунтириб беролмаса-да, ич-ичидан ҳис этиб тургандек бўларди. Унинг назарида дунёда поезднинг овозидек сеҳрли овоз йўқ эди. Узоқдан рельсларга урилиб келаётган ғилдирак овозини эшитган заҳоти кўчага қараб югурар, гуриллаб ўтаётган маҳобатли поезд ортидан қишлоқ четигача чопиб борар эди... Уйқуга кетишидан олдин қулоғига охирги эшитиладиган овоз поездники бўлгани учун орзуларга тўлиқ тушлар кўрарди. Эрталаб ҳам шу овоздан орзуларга тўлиб уйғонарди”.
У отасининг темирйўлчилик касбига меҳр қўйиб вояга етди ва темирйўлчилар тайёрлаш институтига ўқишга кира олмаса-да, ота касбини танлади. Танлаган касбида ишлаш бир текис кечмади, оғир ва енгил кунларни бошидан кечирди. “Темирйўлнинг нони ширин... Эҳ-ҳе, биласанми, ҳали келажакда қандай инсон бўлиб етишасан? Мен сенга ишонаман. Фақат унутма, астойдил ишлаган, меҳнатдан қочмаган одамгагина омад кулади, бахт кулади, ўғлим...” Бу отасининг ўғлига берган ўгити эди.
Эркин Умматов темирйўл мисоли текис чизилган тақдир йўлидан жуда катта машаққатлар билан елдек елди. У қаерда ишламасин, ким бўлиб ишламасин, масъулиятни чуқур ҳис этиб меҳнат қилди. Шу боис йилдан-йилга билими, тажрибаси ортиб бораверди. Шунга қараб, лавозими ҳам йилдан-йилга ошаверди. Лекин унинг мансаб пиллапояларидан йиллар сайин кўтарилиб боришининг замиридан масъулият, меҳнат, машаққат, ғурур, бурч, орзудан тортиб, юздаги ажинлар, йўқотишлар-топишлар жой олди.
Эркин Умматов 40 йилдан зиёд меҳнат фаолияти давомида деярли барча темирйўл бунёдкорликларида иштирок этди. Бу даврда у ўрганди, тажриба тўплади, хулоса қилди, меҳнатлари самарасини кўрганида ҳаёти беҳуда ўтмаётганидан мамнун бўлди.
“Йўлсозларнинг умри йўлда кечади” деганларидек, мамлакатимизнинг қайси ҳудудида темирйўл қурилиши бошланса, Эркин Умматов жамоаси билан ўша жойга отланди. “Навоий – Учқудуқ – Султон Увайстоғ – Нукус”, “Тошғузор – Бойсун – Қумқўрғон”, “Ҳайратон – Мозори Шариф”, “Бухоро – Мискин”, “Ангрен – Поп”, “Қамчиқ туннели” қурилиши, “Тошкент – Самарқанд” участкасида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” электр поезди ҳаракатини ташкил этиш бўйича олиб борилган бунёдкорлик ишларининг барчасида қатнашди. Бу бунёдкорликлар тарихга ёзилди, довруғи дунёга таралди. У ана шу тарихий ишларга ўз ҳиссасини қўшган омадли инсонларнинг бирига айланди.
Мустақиллик йилларида қурилиб фойдаланишга топширилган “Навоий – Учқудуқ – Султон Увайстоғ – Нукус”, “Тошғузор – Бойсун – Қумқўрғон” каби буюк иншоотлар қурилиши давридаги қийинчиликлар, уларни енгиб ўтишда темирйўлчиларнинг кўрсатган жасорати оддий ва равон тилда муаллифлар томонидан очиб берилган. Шунинг учун ҳам ушбу улкан бунёдкорликларнинг ўзига хос жиҳатлари, инжиқликлари бир ўқишда ўқувчининг ёдида қолади.
Унча-мунча одамнинг бардош бериши амримаҳол, қиши қаттиқ, баъзан қуруқ, изғирин совуқ, ёзи эса жазирама “қаҳри қаттиқ чўл” Қизилқумнинг инжиқликларини енгиб ўтган, “тоғларнинг белидан темир камар ўтказишган”, дунёни лол қолдирган Ўзбекистон темирйўл бунёдкорларининг шарафли меҳнати ёрқин бўёқларда акс эттирилган.
Саҳролар, даштлар ва тоғлараро ўтган темирйўл кириб борган ҳар бир овул ва қишлоқда ижтимоий-маданий иншоотлар қурилди. Натижада ерли аҳолининг кайфияти, турмуш даражаси, дунёқараши ва ҳаётга муносабати ўзгарди.
Айниқса, “Тошғузор – Бойсун – Қумқўрғон” темирйўлининг муваффақиятли якунланиши Ўзбекистон темир йўлчиларининг ҳурмати, обрўсини янада ошириб юборди, уларнинг салоҳияти ва қудратига ишонч ортди. Натижада Афғонистон Ислом Республикасида илк бор қуриладиган темирйўл қуриш ишлари Ўзбекистон темирйўлчиларига ишониб топширилди. Эркин Умматов ҳам бу қурилишнинг масъул раҳбарларларидан бири сифатида иштирок этди.
Миллатимизнинг олижаноблиги, бағрикенглиги, андишалилиги ҳақида мулоҳаза юритганда, Ватанни кам-кўсти, тинчлиги, хотиржамлиги, бор-буди билан севади, ўзини хотиржам, эркин ҳис қиладиган Ватани билан фахрланади. Инсонлари Ватанини яхши кўрмаган юртларда тинчлик ҳам, ривожланиш ҳам бўлмайди, улар ҳақиқий бахтни ҳам ҳис қилолмайди, дейди у. Инсон қадри ҳақида гап кетганда: “Инсон ўз қадрини тилаб олмайди. Қадрни меҳнат, яхши фазилат билан қозониш мумкин”, деган хулосага келади. Вақт ҳақида гап кетганда эса, “Инсон ўтаётган вақтни ота-онасида, болалигида, болаларида кўриши мумкин”, дейди ва “Уни қадрлаш керак... Яшаб қолиш керак! Яшаганда ҳам мазмунли яшаш керак”, деб ҳайқиради. Ота-она олдидаги қарз хусусида ёшларга қарата бу ҳазрати инсонларнинг қарзини қадр билан узиш керак, яъни уларга эътибор қаратиш, меҳр кўрсатиш лозим, дейди. “Яхши кўрганларингизнинг қадрига борида, ёнингиздалигида етинг!” деб бонг уради.
“Ҳаётим давомида бир нарсани тушуниб етдимки, бизнинг оддий оилада туғилиб, вояга етганимиз, ота-онамизнинг ниҳоятда камтарин, содда-самимий инсон бўлишгани, уларнинг берган тарбиялари энг катта бойлигимиз, бахтимиз экан”, дейди қаҳрамонимиз. Китоб фаслларидаги Ғафур Ғулом, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, Хуршид Даврон, Муҳаммад Юсуф, Сирожиддин Саййид каби шоирлар шеърларидан олинган иқтибослар ҳам ўрнига тушган.
Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Умматовнинг ҳаёти ва меҳнат фаолиятига, Умматовлар сулоласи тарихига бағишланган бу китоб одамларни меҳр-оқибатга, миллатни, Ватанни, меҳнатни севишга, катталарга ҳурматда, кичикларга иззатда бўлишга, ёшларни ўз касбини севишга, ёшларимизни миллий истиқлол руҳида тарбиялаш йўлида ўзига хос ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.