«ЭРУР ИСКАНДАРИ РУМИЙ НИГОРИ»
Қадимда айрим Шарқ мамлакатларида Румнинг, кейинчалик Рим империясининг кенг тарқалган номи ҳақида Навоий асарларида қизиқарли маълумотлар мавжуд.
Рим империясининг бўлинишидан кейин (милодий IV аср) Рим номи фақат Византияга нисбатан ишлатилган. Кичик Осиё салжуқийлар томонидан босиб олинган даврда Рим номи билан аталган (шундан Салжуқийлар ёки Кўния султонлигининг бошқа номи – Рум султонлиги олинган). Усмонли турклар Византияни босиб олгач, Болқон ярим оролидаги вилоят шу ном билан атала бошлаган. Алишер Навоий Рим атамасининг Рум шаклини истифода этган бўлиб, Рим билан боғлиқ воқеа-ҳодисалар, турли-туман касб-ҳунар ва тоифадаги шахсларга деярли барча эпик, тарихий-диний, илмий асарларида мурожаат қилган, ҳатто мазкур терминнинг пайдо бўлиши ҳақида ҳам тўхталган. Жумладан, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”да Ёфаснинг иккинчи фарзанди Сом тарихини битар экан, Сомнинг олтинчи ўғли Сағрдан Шом ва Рум исмли болалар туғилгани ва ушбу ҳудудлар уларнинг исми билан атала бошлаганига ишора қилади. “Тарихи мулуки Ажам” асарида эса Румнинг келиб чиқиши ҳақида сал бошқачароқ ёзади: “Ва Яъқуб а.с. ғурбатдин ватанға келгандин сўнгра, Иъйс сафар ихтиёр қилиб, Рум сори мутаважжиҳ бўлди. Ва анинг Исмоил а.с. қизидинки амузодаси эрди, беш ўғли бор эрди. Бирининг оти Рум эрдики, ул мулкни анинг оти била атарлар. Ва Рум қайсарлари анинг наслидиндурлар”.
Алишер Навоийнинг “Наводир уш-шабоб” девонидан жой олган “Рум туҳфаларининг улашингонни дебтурур, балки шоҳ пойандозидек талашқонни айтибдурур” номли қитъасида тарихий бир башорат мазмуни яширин:
Туҳфаларким юборди қайсари Рум,
Унда айтилишича, қайсари Рум, яъни Турк султони Ҳиротга, аниқроғи, Султон Ҳусайн Бойқаро саройига Бурсада тўқилган нафис ва чиройли фаранг матоларини туҳфа қилиб юборади. Ҳар хил даражадаги маҳаллий амалдорларда ўша матолар, албатта, қизиқиш уйғотади. Лекин Алишер Навоий қизиқишнинг ҳорисликка айланганига эътибор қаратади ва бу ҳодисанинг замирида мусулмонлар жамоасининг “фаранг яғмоси”га гирифтор бўлишини хаёлидан ўтказади. Бу ҳақиқат тарихчи А. З. Валиди Тўғон томонидан қуйидаги тарзда изоҳланган: “Оврупонинг саноат молларига қизиқиш Ўрта Осиёда XV асрнинг иккинчи ярмидан бошланганди. Ҳатто Истанбулдан Ҳиротга олиб келинган бундай қимматбаҳо нарсаларнинг кўпи “фаранг шойилари” эди. Алишер Навоий Фотиҳ Султон Маҳмуд томонидан Ҳиротга жўнатилган фаранг молларидан иборат ҳадялардан баҳс юритар экан, бу матолар воситаси ила фарангларнинг ислом оламини яғмо этишга киришганликларини шоирона бир зайлда ифода қилгандир”. Шунга кўра, Алишер Навоийнинг қитъаси тарихда бўлиб ўтган давлатлараро муҳим алоқалардан хабар беришига кўра ҳам қимматлидир.
Алишер Навоий Рум истилоҳига, бу ўлкага алоҳида қизиқиш билан қараганини “Хамса”даги бош қаҳрамонлардан бири — Фарҳоднинг Рум диёрига сафар қилиши, у ерда юз берган машаққатлар туфайли тобланиши, илм-фаннинг сир-синоати яширинган маскан сифатида тасвирлаган ўринлардан ҳам билиб олиш мумкин. Масалан, Искандар 400 донишмандга ясаттирган кўзгуга таъриф берганда, подшоҳнинг румлик эканига алоҳида урғу беради:
Фарҳоднинг вафоти ҳақидаги хабар хусусида ёзар экан, машъум ҳодиса овоза бўлган ҳудудларнинг чегарасини Ҳинд ва Рум деб белгилашида ёки Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий асарлари довруқ тутган давлатлардан бири сифатида Румнинг таъкидланишида ҳам унинг жуғрофий жиҳатдан муҳим нуқталардан бўлганини кўрсатади.
Чу ул иш тутти шуҳрат Ҳинд то Рум,
Хито аҳлиға доғи бўлди маълум...
Низомий олса Бардаъ бирла Ганжа,
Қадам Рум аҳлиға ҳам қилса ранжа...
Ки, қилиб зоҳир ул сипаҳ била зўр,
Мутафаккир шоир Алишер Навоий хилма-хил типдаги адабий қаҳрамонлар яратгани маълум. Жумладан, унинг “Хамса”сидаги образлар алоҳида ҳодиса саналади. Шоир “Сабъаи сайёр” достонида шоҳ Баҳромга иккинчи иқлимдан келган савдогар сўйлаб берган ҳикоят қаҳрамони Зайд Заҳҳоб ҳам ҳунарда беназир, ақлли ва закий муҳандис бўлиб, унинг асли румлик бўлгани айтилади:
Ҳам ҳаким эрди, ҳам муҳандисваш,
“Садди Искандарий” достонида Искандарнинг ватани айнан Рум эканини урғулайди:
Ки, оламни Искандар олғоч тамом
Ки, қилди яна Рум мулкин мақом.
Алишер Навоий ўз асарларида Рум лафзини радиф сифатида қўллаши ҳам бежиз бўлмай, бунда шоирнинг бадиий маҳорати ва кўзлаган ғояси уйғунлашиб, матнда ўзига хос оҳангдорликни юзага келтирган:
Ки, чиний аёғ бирла хорои Рум,
“...Бу учурда Хожа Ҳофиз Ғиёсиддин Муҳаммад Деҳдор 60 тархон қуллуқ эҳромини боғлаб, азимат қилди. Қайсари Рум илтифотин ва ул бобда топқон аҳком ҳолотин арз қилғусидур. Рубоия:
Ё Раб, бўлсун гарди раҳинг зевари Рум,
Зотингға насиб тахт ила афсари Рум,
Дохили мулкунг ичинда юз кишвари Рум,
Тобеъ сипаҳинг хайлида юз қайсари Рум”.
Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида темурий шаҳзода Султон Искандар Шерозийнинг туркигўй шоирлигини махсус таъкидларкан, унинг Рум калимаси тажнисга олинган туюғини келтириши ҳам китобхонни мулоҳазага ундайди. Зеро, шоирлик иқтидори, сўзни ўз ўрнида қўллай билиш, нозик дидга соҳиблик айнан туюқ жанрида яққолроқ кўринишини Навоий эътибордан қочирмагани аниқ. Шу билан бирга, сўз ўйинида машҳур шаҳарларни шунчаки қофия эҳтиёжидан эмас, мантиқ ва мазмун талабига кўра мувофиқлиги Навоийга маъқул бўлганини англаш мумкин.
Тўлун ойға нисбат эттим ёруми,
Тори мўюнгнинг закотин мен берай,
Умуман олганда, Рум истилоҳига алоқадор матнлар Алишер Навоийнинг кенг қамровли олим, сўз устаси, теран тарихнавис бўлганини тасдиқлайди.