August 18, 2023

БАДИИЙ ЕЧИМ  

Шукур Холмирзаев

Арасту асар сюжети ҳақида сўз юритиб, ечим ҳақида шундай деган: “Воқеа­лар силсиласидан иборат сюжет асосига қурилган асарларда ечим, яъни тугуннинг ечими бўлган воқеанинг охири яққол кўзга ташланади”.

Одатда, ёзувчилар тугун­ни яхши “тугиб”, ечим борасида бироз оқсаб қолишларини ва кўпинча оригинал ечим тополмаслик туфайли анъанавий якунга мурожаат этганларини кузатамиз. Шукур Холмирзаев профессионал адиб сифатида ечим масаласига жиддий эътибор берган.

У Тагордаги чуқур фалсафийлик, Жек Лондондаги конфликтнинг аниқ қўйилиши, Лев Толс­тойдаги ҳаққонийлик, Абдулла Қаҳҳордаги ихчамлилик ва кучли драматизм каби ижобий фазилатларни ўзига сингдириб, Cурхон миллий колоритини қуюқ бўёқларда бера олиш, сюжет тузилиши, айниқса, ечим борасида схематизмдан қочиш каби хислатларни шакллантирган. Ёзувчининг ўзи таъкидлаганидек, “Кўпчилик ҳикояларимизда ечим чатоқ... Ечим – ёзувчининг дунёни зуҳур этиши, инсон руҳининг ички ва сиртқи қонуниятларини нечоғлик билиши, қолаверса, маҳорат – профессионаллик, ижод техникасини эгаллагани билан боғлиқ масаладир!”.

Шукур Холмирзаев нафақат ёш ёзувчиларга бу фикрини ибрат сифатида айтган, балки ўзи учун шуни олтин қоида қилиб белгилаган.

Шукур Холмирзаевнинг “Жарга учган одам” ҳикояси (“Шарқ юлдузи”,1971 йил 2-сони) қораламаси ёзувчи архивида сақланиб қолмаган эса-да, нашр вариантларидаги бадиий ечимни қиёслаб, таҳлил этиб кўриш имконияти мавжуд. Ҳикоя матбуотда чоп қилиниши билан асардаги бадиий ечим борасида жиддий баҳслар бўлган эди. Шундан сўнг, адиб танқидчиларнинг фикрларини инобатга олиб, асарни қайта таҳрир қилган. Бу ҳикоя адибнинг “Ҳаёт абадий” тўпламига киритилган варианти билан журнал вариантини қиёслаганимизда асар ҳажми катталашгани, қаҳрамон психологияси яхши очиб берилгани ва, энг муҳими, асар ечимига тўғри ёндашилгани ойдинлашади. Ҳикоянинг журнал вариантида ўз ҳаётини табиатсиз тасаввур қилолмайдиган қаҳрамон Ислом Тошкентдан Бойсунга меҳмон бўлиб борган, ўзини табиатсевардек тутадиган, аммо табиатга бешафқат муносабатда бўлган, она айиқни отиб ўлдирган режиссёр Ҳабибулло Юсуповични жаҳл устида жардан итариб юборади. “Одам ўлдирдим, мени қамайдилар...Мен ҳам отиламан!” деб ўйлайди у ва ниҳоят, ўзининг ҳам ажали етганига иқрор бўлади. Ислом “... бу ердан айрилиб қандай яшайман. Тамом!” дейди ва шу аламли ўй билан ўзини баланд қоядан ташлаб юборади. Табиатга бемеҳрлик қилган режиссёр тасодиф туфайли тирик қолади. Ҳикоянинг бундай якунида Исломнинг ўлими етарлича асосланмаган эди. Шу боис адиб танқидчиларнинг фикр-мулоҳазаларини эътиборга олиб, ҳикояни бошдан-охир жиддий таҳрирдан ўтказади. Ечим борасида ҳам мантиқли, асосли хотимани тас­вирлайди. Ҳикоянинг “Сайланма”га киритилган вариантига кўра, сюжет тугунидан сўнг воқеалар бошқача тус олган. Аввало, меҳмоннинг исми Исмоил Юсуповичга ўзгартирилган. Ёзувчи “табиат ҳимоячиси, ўзини табиатнинг ягона қўриқчиси, содиқ дўсти, вафодори” деб билувчи Исломнинг адолатсиз тарзда ҳалок бўлиши ҳикоя учун мантиқий ечим эмаслигини қалбан ҳис қилган. Нафси ҳакалак отган режиссёрнинг ўлими эса табиатга нисбатан сохта муҳаббатнинг жазоси ва жавоби эди. Мана ўша ечим:

“Милтиқни ерга тираб чўнқайганча айиқни кузатиб, қалтираб ўтирган Исмоил Юсупович Исломга қия қараб:

– Ўлдими? – деб сўради.

Ислом худди онаси ўлгану нафаси ичига тушиб кетгандек бақрайиб қолган эди.

– Ўлди, шекилли, қимирламай қолди, – деди режиссёр ва яна Исломга қаради, сўнг қўзғалмоқчи бўлди, яна ўтирди-да, қизишиб деди: – Бунча хафа бўласиз? Бўлган иш бўлди-да… Мен ҳеч овчилик қилмаганман. Ислом, менга қаранг… Мен сизни хурсанд қиламан. Оладиган фильмимнинг бош қаҳрамони ўзингиз-ку, ахир? Э, қўйинг-ей.

Исмоил Юсупович айиқдан беш қадамча берида тўхтаб, унга тикилди. Ўқ унинг манг­лайини ёриб кетган эди. Ислом ботаётган қуёш шуъласи бир елкасини қизартирган ҳолда, секин юриб, айиқ бошига келди.
Айиқчалар одамлардан ҳайиқишмади, улар тамшаниб, ўлик оналарининг сут тўла эмчагини чўзиб-чўзиб эмишар эди.

– Нима қилиб қўйдингиз? — деди Ислом режиссёрга.

– Қизиқмисиз? Ўлди… Болаларини ҳам опкетамиз.

Ислом гангиб атрофга қаради. Ўрмонлар, тоғлар, осмону ерга — табиатга кўзи чизилиб ўтди. Шунда бирдан қулоғи шанғиллаб кетди. Назарида, бола қалбига аллақачонлар кириб, уни ўз асирига айлантириб қўйган табиат уввос тортиб фарёд кўтараётгандек туюлди.

Ислом ўзини шу табиатнинг ягона қўриқчиси, содиқ дўсти, вафодори деб ҳисоблар эди.

Агар унга қилинган бу жабр учун душмандан қасос олмаса, ўзини хиёнатчи, хоин, сотқин бўлиб қоладигандек ҳис этди. Ва… Исмоил Юсуповичнинг қўлидан милтиқни тортиб олди-да, қулочлашлаб унинг бўйнига туширди. Режиссёр овоз чиқармай кесилган шох каби учиб кетди, апил-тапил ўрнидан турди-ю, яна йиқилди, унинг гавдаси жардан қуйига учди”.

Ҳикоя якунида адиб ҳаёт мантиғига монанд иш тутган. Табиат ноҳақ қон тўккан кимсадан ўч олмай қолмаган. Шукур Холмирзаев битта нодон режиссёр учун бир табиатсевар инсон қўли билан берилган жазо етарли эканига ишора қилган. Кульминациядан асарнинг кейинги лавҳаларига кўз ташласак, Исмоил Юсупович ҳар бир сўзи ва ҳаракати билан ўз ўлимига яқинлашаётганига амин бўламиз:

“– Бундан бошқа жойлардаям айиқ кўпми?

– Бор.

– Менга беринг милтиқни.

– Отсангиз хафа қиламан, меҳмон.

– Э, қизиқмисиз! Битта айиқ нима бўпти? Йиртқич ҳайвон.

– Сизга зарари тегмаяпти. Қайтанга биз уни безовта қиляпмиз...

– Менга қаранг, шуни сиз отиб беринг менга. Териси жуда керак эди. Хотиним жуда тайинлаган эди. Ахир, бу совға-да! Мен сизни мақтаб юраман, буни бир зўр овчи йигит отиб берди дейман. А?

– Биринчидан, ҳозир ҳайвонларни отиш мумкин эмас. Иккинчидан, қаранг, унинг иккита боласи бор, уларни етим қилиб нима қиласиз. Очдан ўлиб кетишади.

– Очдан ўлмайди, тутиб, зоопаркка топшириш мумкин, уларга керак.

– Меҳмон, сиз мени билмайсиз... Менинг онам ҳам, отам ҳам, дўстим ҳам ана шу табиат. Мени тоғ шайдоси дейишади. Бу хаёлни бошингиздан чиқаринг. Вақти-соати келганда, ўзим биронта қарисини отиб бераман… юбораман сизга.

– Менга қаранг, бу сизнинг шахсий молингиз эмас-ку, давлатники!”.

Гарчи эзгулик ғалабаси, ёвузлик мағлубияти анъанавий ечимга тортиб кетса-да, адиб табиатга отилган тош бир кун келиб тош отган одамнинг бошига тушишини адолатли ҳукм деб билган. Зотан, бадиий асар тасвирида ҳаққонийлик ва адолат асосий таянчлардан биридир. Ёзувчи ҳикоя бадиий ечимида ана шу қоидага амал қилган.

Адабиётшунослар эътироф қилганидек, Шукур Холмирзаев асарлари оригинал ечими билан ўқувчи руҳиятига кучли таъсир қилади. Ёзувчи асарда кутилмаган ечим китобхонни чуқур мулоҳазага чорлашини яхши билган. Шу сабабли, кўп ҳолларда, асарларининг ниҳоя­сини зарб билан якунлашга интилган. Хотима қисми бўш чиққан ҳикояларини қайта ёзиб, мукаммаллаштирган.

Адибнинг “Қадимда бўлган экан”, “Битикли тош” ва бошқа ҳикояларида ҳам бадиий ечимнинг қайта-қайта таҳрир қилингани унинг шахсий архивидаги қўлёзмалар, матбуот ва китоб нашрларидаги вариантлари солиштирилганда фарқлар, ижодий қайта ишланмалар қилинганини кузатиш мумкин. Шукур Холмирзаев маҳоратли ёзувчи сифатида ҳар бир ҳикоянинг бадиий ечимига катта эътибор қаратгани ижод аҳли учун ибрат бўла олади.

Нодира ЯНГИБОЕВА,

Урганч давлат университети таянч-доктаранти