May 11, 2023

«ЯШИЛ» ИҚТИСОДИЁТ

соғлом вафаровон ҳаётни таъминлайди

Куни кеча бўлиб ўтган Референдумда халқимиз томонидан тасдиқланган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси аҳоли ҳаёти ва саломатлик даражасини яхшилашнинг зарурий шарти ҳисобланади. Янги бош Қомусимизда миллий иқтисодиёт, хусусий тадбиркорлик ва мулк ҳуқуқи кафолатлари мустаҳкамланган бир шароитда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳам комплекс чоралар белгиланди. Сўнгги йилларда автомобиллар сони кўпайиб, ҳар йили атмосфера ҳавосига 2,2 миллион тонна саноат ва транспорт ташланмалари чиқарилаётганини эътиборга олсак, ушбу масаланинг нақадар долзарблигини англаш қийинмас.

Тўғри, мамлакатимизда кўп йил­лардан буён атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Янги таҳрирдаги Конс­титуцияга киритилган нормага кўра, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитни зарарли таъсирлардан сақлаш мақсадида шаҳарсозлик фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш кўзда тутилдики, ушбу ҳолат эндиликда масалага янгича ёндашувни тақозо этади. Шаҳарларнинг бош режаларини жамоатчилик муҳокамасидан мажбурий ўтказиш шартлиги ҳақидаги конституциявий қоида ҳозирги шароитда тобора долзарб бўлиб бораётган шаҳарсозликка оид масалаларни халқ билан бамаслаҳат ҳал қилиш имконини яратди. Айниқса, ҳар кимнинг қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқи қонун билан мустаҳкамлангани аҳоли ва келажак авлод учун экологик тоза ҳудудни сақлаб қолишнинг конституция­вий кафолатидир.

Таъкидлаш жоизки, бундай кенг қамровли вазифаларни фаоллик ва изчиллик билан амалга ошириш учун “яшил” иқтисодиёт иқтисодий ривож­ланиш моделининг республикамиз ҳаётига татбиқ этилгани алоҳида эътиборга молик. Бу саъй-ҳаракатлар Республикадаги Ер ресурсларига бўлган масъулиятни ва тежамкорликни белгиловчи муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Табиий ресурсларнинг чекланганлиги, уни қайта тўлдириш имкони йўқлиги мазкур масаланинг муҳимлигидан далолат беради.

“2019 – 2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент қарорида “яшил” иқтисодиётни амалиётга татбиқ этиш борасида қатор амалий чора-тадбирлар белгиланган. Бундан кўзланган асосий мақсад “яшил” иқтисодиёт тамойилларини интеграция қилиш орқали ижтимоий ривожланишга, иссиқхона газларининг ажратмалари даражасини пасайтиришга, иқлим ва экология барқарорлигига имкон берувчи мус­таҳкам иқтисодий тараққиётга эришишдир. Стратегияда белгиланган мақсадларга эришиш учун, аввало, технологик модернизациялаш ва молиявий механизмларни ривожлантириш орқали иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш лозим.

Бунда давлат инвестициялари ва харажатларининг устувор йўна­лиш­ларига илғор халқаро стандартларга асосланган “яшил” мезонларни киритиш устувор вазифа саналади. Қолаверса, давлат томонидан рағбатлантириш механизмларини, давлат-хусусий шериклигини ривож­лантириш ҳамда халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликни фаол­лаштириш орқали “яшил” иқтисодиётга ўтиш йўналишлари бўйича тажриба-синов лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашилади. Шунингдек, таълимга инвестициялар киритишни рағбатлантириш, етакчи хорижий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобига “яшил” иқтисодиётдаги меҳнат бозори билан боғлиқ кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини ривожлантириш имкони яратилади. Оролбўйидаги экологик инқирознинг салбий таъсирини юмшатиш чоралари кўрилмоқда. “Яшил” иқтисодиёт соҳасида, шу жумладан, икки томонлама ва кўп томонлама шартномалар тузиш орқали халқаро ҳамкорликнинг мустаҳкамланаётгани эса, янги лойиҳаларнинг истиқболидан дарак беради.

Ушбу тадбирлар самарадорлигини ошириш мақсадида Давлат раҳбарининг тегишли қарори билан 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида “яшил” иқтисодиётга ўтишни таъминлаш Дас­тури қабул килинган. Технологик модернизация ва “яшил” технологияларни жорий этиш учун молиявий рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш, энергияни тежаш ва самарадорлигини ошириш бўйича мақсадли кўрсаткичларни аниқлаш, иқтисодиёт тармоқларида энергия менежменти орқали энергия самарадорлигини сезиларли даражада ошириш Дастурнинг асосий мақсад ва вазифаларидандир.

Дастурда Ўзбекистон Респуб­ли­касида табиий ресурслардан барқарор ва самарали фойдаланиш, мил­лий иқтисодиётнинг табиий офатлар ва иқлим ўзгаришига нисбатан барқарорлигини мустаҳкамлаш, мил­лий иқтисодиёт, хусусан, саноатнинг “яшил” ва кам углеродли ривожланишини таъминлашдек устувор йўналиш­лар белгиланган. Бундан ташқари, мазкур ҳужжатда инновацияларни жорий этиш ва самарали “яшил” инвестицияларни жалб қилиш, барқарор ва инклюзив “яшил” урбанизацияни ривожлантириш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш даврида катта таъсир остида бўлган аҳоли ва уларнинг яшаш жойларини қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам алоҳида эътиборга олинган.

Тарихдан маълумки, инсоният табиатга нисбатан фақат сарфлаш ва исрофгарчилик қилишдек бирёқлама муносабатда бўлган. Бундай ёндашув оқибатида атроф-муҳитга кучли ва ҳалокатли зарба берилган. Шу боис жаҳоннинг ривожланган мамлакатларида “яшил” иқтисодиётни ўз вақтида жамият ҳаётига татбиқ этишга киришилди. “Яшил” иқтисодиёт доирасида “барқарор ривожланиш” тушунчаси 1987 йилдаги БМТнинг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда ривожлантириш Халқаро комиссияси маърузасида илк бор тилга олинган. Мазкур ҳужжатда белгиланган тадбирлар режаси атроф-муҳитга зарар етказмаган ҳолда инсоннинг талаб ва эҳтиёжларини қондиришга қаратилган. Барқарор ривожланиш учта таркибий қисм мутаносиблиги шароитида юзага келади: иқтисодий ўсиш, ижтимоий жавобгарлик ва экологик баланс. “Яшил” иқтисодиётнинг вазифаси – мазкур уч элементни бир-бирига уйғунлаштириш ҳамда мавжуд зиддиятларни камайтиришдан иборатдир.

БМТнинг Бош Ассамблеяси 2015 йилда ушбу дастурни амалга ошириш бўйича 17 устувор йўналишни ишлаб чиқди. Улар қуйидагича: иқтисодий соҳада қашшоқлик ва очарчиликни йўқотиш, индустрлаштириш, инновациялар, инфратузилма, муносиб иш ўринлари ва иқтисодий ўсиш, масъулиятли ишлаб чиқариш ҳамда истеъмолни амалга ошириш, иқтисодий нотенгликни камайтириш ва ҳоказо. Экологик жиҳатдан эса, тоза сув ҳамда экологик энергия, иқлим ўзгариши билан боғлиқ самарали чора-тадбирларни қўллаш орқали қуруқликдаги экотизим ва денгиз экотизимини сақлаб қолиш мақсад қилинган. Одамлар саломатлиги ва муваффақиятини белгилаш, сифатли таълимга эришиш, гендер тенглик, самарали институтлар яратиш, халқаро ҳамкорликни келажак авлодларнинг манфаати йўлида олиб бориш сингари талай мақсадлар орқали ижтимоий соҳа ривож­лантирилади.

“Яшил” иқтисодиётни ривожлантириш хўжалик фаолиятини ташкил этиш билан биргаликда, биомаконни ва инсоният тамаддунини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга хизмат қилади. Бу турмуш фаровонлигини ошириш билан бирга, биомаконнинг яхлитлиги ва таҳдидларсиз ривожланиши билан боғлиқ жараённи барқарорлаштиради. Қайта тикланадиган энергия манбаларини киритиш, чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ва бошқа талай вазифалар “яшил” иқтисодиёт тизимининг асосий йўналишларини ташкил этади.

Ўзбекистонда “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёни мамлакатнинг устувор йўналиши сифатида қабул қилиниб, уни тизимли равишда миллий иқтисодиётга татбиқ этиш учун барча зарур шарт-шароитлар мавжуд. Ушбу ҳаракатлар нафақат миллий иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини, балки атроф-муҳит софлилигини сақлаб, Ўзбекистон халқининг соғлом ва фаровон ҳаёт кечиришини ҳам таъминлайди.

Қаҳрамон ШААКРАМОВ,

иқтисод фанлари номзоди, доцент