December 8, 2023

Николай Васильевич Гоголь

1809 йил 1 апрелда туғилган Николай Васильевич Гоголнинг ҳаёти улкан сирдан иборат. Унинг номи билан кўплаб афсона ва миш-мишлар тарқалганки, уларнинг айримларини адибнинг ўзи ўйлаб топган. У мисли кўрилмаган уйдирмачи бўлган, шубҳасиз, бу унинг ижодида ўз аксини топган.

ГОГОЛЛАР ОИЛАСИ

Гоголлар оиласида 12 нафар бола: олти ўғил, олти қиз бўлган. Гоголь учинчи фарзанд эди. Ундан олдинги икки фарзанд гўдаклигида нобуд бўлган. Туғилганда фамилияси Яновский эди, 12 ёшга тўлганда Николай Гоголь-Яновский, деб атала бошлаган. Нақл қилишларича, унинг авлод-аждоди қадимги казакларга бориб боғланади ва тахминан XVII асрларда ўнг қирғоқдаги Украинани бошқарган Остап Гоголь авлоди ҳисобланади. Тарас Бульбани ўзининг машҳур бобокалонига ўхшатиб тасвирлаган бўлиши мумкин.

ГОГОЛНИНГ ҚИЗИҚИШЛАРИ

Гоголь ёзувчилиги ва театрга қизиқишларидан ташқари, болаликдан тасвирий санъатга қизиққан. Ўз даврида Николай Васильевичга ғалати киши сифатида қарашган. У қўл иши, тўқувчилик, тикувчиликни ҳам ҳавас қиларли даражада ўрганган. Кийимларини ўзи тиккан ва сингилларини ҳам либослар тикиб сийлаган дейишади.

Николай Васильевич Гоголнинг турли-туман қизи­қиш­лари орасида ўсимликлар дунёсига, ботаникага иштиёқи ҳам бўлакча эди. У табиат ҳақидаги китоб­ларни мутолаа қилишдан ташқари, ҳар хил ўсимлик­ларни йиғиб, уларнинг фойдали хусусиятларини ўрганган. Бу қизиқишлар ҳам унинг ижоди равнақида қўл келган.

«РЕВИЗОР» ВА АЛЕКСАНДР ПУШКИН

Гоголь “Ревизор” комедиясини ўзи ўйлаб топмаган, балки Устюжн шаҳарчасида бўлиб ўтган воқеани фақат яхшигина пишитиб ёзган. Унга бу ғаройиб воқеани айтиб берган ва драматик асар ёзишга руҳлантирган инсон Пушкин эди. Ижод жараёнида Гоголь бир неча бор асарни ёзиш фикридан қайтади, аммо дўсти ва устози уни асарни якунига етказишга мажбур қилади. Бу воқеалар Пушкиннинг бошидан ўтган эди.

ГОГОЛЬ ВА АЁЛЛАР

Гоголнинг ёзишмаларига кўра, у икки марта севган. Аммо бу уринишлари самарасиз якунланган: бир умр ёлғиз яшаган. Ўша вақтда уни яхши кўрган онаси ва синглиси бўлиб, улар Гоголнинг оила қуришига таъсир кўрсатиш қудратига эга бўлишмаган.

“ЎЛИК ЖОНЛАР” ТАҚДИРИ

1852 йил 24 февраль куни Николай Гоголь деярли ёзиб бўлган, ўн йил меҳнати сингган “Ўлик жонлар” асарининг иккинчи жилдини ёқиб юборади. Адиб асарни аввалбошда трилогия сифатида режалаштирган эди. Биринчи жилдда авантюрист Чичиков Россия бўйлаб саёҳатга чиқиб, мутлақо қусурли одамларга дуч келади, иккинчи жилдда тақдир қаҳрамонни айрим яхши одамларга учраштиради, учинчи жилдда эса, Чичиков Сибирдаги сургун воқеаларини бошдан кечиради ва ниҳоят ахлоқан тозаланиб, ҳаётда тўғри йўлни танлайди.

Гоголь 1849 йилда танишган олий мартабали поп Матфей Константиновский “Ўлик жонлар” асарининг иккинчи жилдини ўқиган ягона киши саналади. У қўлёзмани қайтарар экан, бир қатор бобларни олиб ташлашни, асарни “ҳатто ёқиб ташлаш”ни маслаҳат беради (у китобни “зарарли” деб ҳисоблайди).

1852 йил 11 февралдан 12 февралга ўтар кечаси Николай Васильевич ўзининг содиқ қароли Семёнга печнинг эшикчасини очишни ва ўзининг сумкасини олиб келишни буюради. Ундан бир тахлам дафтарни олиб, оловга ташлайди. Шундай қилиб, унинг энг асосий асари – “Ўлик жонлар”нинг иккинчи жилди ёниб кетади.

Асарнинг учинчи жилди эса, ёзилмаган.