June 8, 2023

ЛАЙЛИ ВА МАЖНУН РАССОМЛАР ТАЛҚИНИДА

Рангтасвирда рассомлар эътибор қаратиши мумкин бўлган мавзулар хилма-хил. Айниқса, Мустақиллик даврида миллий қаҳрамонларни улуғлаш, қадриятларга замонавий руҳда мурожаат қилиш, бадиий меросни ўз асарларида талқин этиш рассомларни кўпроқ қизиқтира бош­лади. Шундай мавзулардан бири улуғ мутафаккир Алишер Навоийнинг “Хамса” туркумидан жой олган “Лайли ва Мажнун” дос­тонидир. Мутафаккир томонидан битилган ушбу асарда нафақат инсоний муҳаб­бат, балки сўфийлик таълимоти, илоҳий ишқ куйланади. Айтиш жоизки, Мир Алишер Навоий асарлари уларда тасаввуф ғоялари барчага тушунарли тарзда етказиб берилгани билан мумтоз адабиёт меросимизда алоҳида ўринга эга. Айнан Лайли ва Мажнун образлари орқали нафақат илоҳий, балки ижтимоий ҳақиқат ва унга эришиш мавзуси куйланади. Мажнун араб афсоналарида Қайс номи билан юритилади. Бу номни эшитганимизда беихтиёр саҳродаги дарвешона образ кўз олдимизда гавдаланади. Аксарият рассомлар талқинида ҳам Мажнуннинг саҳродаги ҳолати тасвирланади. Бу достон билан боғлиқ ҳолат бўлиб, Лайлининг отаси Мажнунни рад этганидан сўнг у одамлардан кўнгли совиб, ёлғизликни истаб саҳрога равона бўлади. Саҳро тасвирий санъатда, тасаввуф ғояларига кўра, Аллоҳга етишиш маъносини англатади. Кўп­лаб рассомлар айни шу ҳолатни талқин этишган. Улар орасида Собир Рахметов (“Мажнун”, “Шарқ оҳанглари” туркумидан), Баҳодир Жалолов (“Мажнун саҳрода”), Чингиз Аҳмаров (“Лайли ва Мажнун”), Акмал Нур (“Қайс”, учлик), Раҳмон Шодиев (“Лайли ва Мажнун”), Акмал Икромжонов “Севишганлар” (Лайли ва Мажнун), “Чўмилаётган Мажнун”, “Учрашув” (Лайли ва Мажнун) каби кўплаб асарлар бор.

Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун”ини ўз ижодида талқин этган мусаввирлардан бири беназир рассом Чингиз Аҳмаровдир. У ижоди давомида Навоий меросига кўп маротаба тўхталди. Ҳали-ҳануз Навоий асарлари ҳақида гап кетганида, биринчи навбатда, Чингиз Аҳмаров яратган бадиий образлар кўз олдимизда гавдаланади. Мусаввир чинакамига Навоий шинавандаси бўлиб, бу унинг ижодий йўналиши, услубиятига айланиб улгурган эди. Унинг “Хамса” достони таркибига кирувчи “Садди Искандарий”, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Сабъаи сайёр”, “Баҳром Гўр ва Дилором” асарларига ишлаган рангтасвир намуналарини кўздан кечирар экансиз, гўё рассом ва бадиий асар муаллифи шеърий мис­ра­ларни ҳаммуаллифликда яратгандек туюлади.

Рассом ҳар бир бадиий асарга идеал равишда мос ва хос сюжетлар ҳамда қаҳрамонларни топа олган. Қарийб ярим асрдан ортиқ ижодий фаолиятида Чингиз Аҳмаров юзлаб нодир асарлар яратди. И.Грабар ўзининг архитектуравий лойиҳаси бўлган Алишер Навоий номидаги опера ва балет катта театрининг ички қисми деворларига бадиий безак бериш учун қобилиятли рассом қидираётган А.Шчусевга рассом Ч.Аҳмаровни бежиз тавсия этмаган. Чунки Чингиз Аҳмаров навоийшунос рассомлардан бири эди. Унинг сюжетларида лирика, мусиқа ва рақс сирлари умумлашарди. Рассом ҳар бир асарни қунт билан ўқиб чиқар, воқеалар ва деталларга синчковлик билан қарарди.

Рассом Акмал Икромжонов ижодида ҳам Мажнун образи ўзига хос талқинини топган. Унинг “Севишганлар” (Лайли ва Мажнун), “Чўмилаётган Мажнун”, “Учрашув” (Лайли ва Мажнун) каби асарлари фикримизнинг далилидир. Биринчи асарда Мажнуннинг саҳро қўйнидаги сувда акс­ла­ниб турган Лайлининг висолига термулиб ўтирган ҳолати тасвирланган. Ишқдан сархуш бўлган Қайснинг кўз олдида Лайли жамоли намоён бўлаверади. Тун бағридаги тўлин ой ёғдусида, сув аксида Лайлининг жамоли кўзига кўринади. Асарда соч-соқоли ўсган, ҳайвонлар қуршовидаги Қайс образи тасвирланади. Тасвирий санъатда сув тасвири тинчлик, сокинлик маъносини анг­латса-да, ёлғизликдан кўнгли таскин топган Қайс сувда ногоҳ Лайли висолини кўриб, қалбида қандай бўлмасин Лайлига етишиш истаги тинчлик бермаётганини ҳис қилади. “Чўмилаётган Мажнун”га синчковлик билан назар солсангиз, рассомнинг асар устидаги машаққатли изланишларини ҳис қилгандек бўласиз. Ердаги қум зарралари, жониворлар тасвирини ҳаққоний тасвирлаш, аслида, Акмал Икромжоновга хос хусусиятдир. Кейинги асар эса, мазкур картинанинг мазмун жиҳатидан давоми сифатида тасвирланган бўлиб, унда Лайли билан дийдор кўришган Мажнун гавдаланади. Рассом ўз полотноларида доимо колоритдаги қарама-қаршиликни сақлаб қолади, бироқ улар локал кўринишда ифода этилади. Ушбу асарда ҳам ижодкор анъанадан воз кечмаган. Образлар нозик, нафис чизгиларда гавдаланади. Асар марказида тасвирланган қаҳрамонларнинг ҳис-ҳая­жонлари талқинида ҳақиқий шарқона муҳаббат ифода этилган. Нигоҳларнинг пастга юзланиши фикримизни тасдиқлайди. Таҳлил этилаётган иккала асар ҳам нафис санъат бўлмиш миниатюрадан илҳомланган ҳолда яратилган. Бироқ айни пайтда асарда А.Икромжонов услубига хос декоративлик устунлик қилаётганини ҳам кузатиш мумкин.

Шуни айтиш жоизки, бугунги кунда ушбу мавзуда нафақат ўзбек, балки дунё рассомлари томонидан ҳам композициялар яратилган. Жумладан, туркманистонлик рассом Чаримират Язмирадов 2017 йилда “Мажнун” номли асарини тақдим этди. Асарда Мажнун образи юқорида тилга олинган сюжетлардан йироқ бўлмаган кўринишда тасвирланган. Томошабиндан юзини тўсган Мажнун шаҳардан анча йироқда, ғамга чўмган ҳолатда тасвирланган. Ёввойи табиат унга ҳамдардлик билдираётгани картина кайфиятини белгилайди.

Маълумки, бугунги замонавий санъат илдизи тарихий, миллий маданият ҳамда қадриятларимиз жам бўлган қадим санъатимизга бориб боғланади, ундан озиқланади. Бугунги авлод устозлардан ибрат олган ҳолда, миллий санъатимиз ривожини дунёга кўз-кўз қилиш йўлида жиддий изланишлар олиб боришлари лозим, деб ўйлаймиз.

Фотима МАМАЖОНОВА,

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти магистранти