БОЛА ҚАЛБИГА ЙЎЛ
...Шоира Иброҳимовна бир воқеани эслади. Эмишки, битирувчи синф ўқувчиларини эплайдиган синф раҳбари топилмай қолибди. Кунда бир муаммо. Бақир-чақир: “Ота-онасини, йўқ, мелисани чақир...”. Ундай қилсаям, бундай қилсаям, ўқувчилар ҳеч қолипга тушмасмиш. Ниҳоят, бир ўқитувчи юрак ютиб, “безори”лар синфига раҳбарликни бўйнига олибди. Бир кун, икки кун, ҳафта, ой ўтибдики, муаммо йўқ, синф сув сепгандай жимжит. Ҳамма ҳайрон. Мактаб директорининг сабри чидамай, ўқитувчини чақиртириб сўрабди: “Мана, шунча вақт ўтди, мактабга на бирор ота-она, на бирор орган ходими чақиртирилди. Нима қилдингизки, ҳаммаси бирдан изига тушди?”. “Мен болалар орқали уларнинг ота-оналарини тарбияладим, – дебди ўқитувчи. – Қарасам, аксарият ота-оналар ўз фарзандлари билан: “Пул керакми, ма. Кийим-кечак керакми, ма, ол. Нима қилсанг, қил. Фақат мени тинч қўй. Жуда чарчадим. Сен билан кейин гаплашамиз”, қабилида муомала қиларкан. Мен бунинг аксини қилдим: болаларни эшитдим, ташаббусларини рағбатлантирдим. Айтганимни қиладиган бўлишди. Ниҳоят, ота-оналар ҳам моддий таъминотнинг ўзи камлик қилишини, фарзандлари билан юзма-юз мулоқотда бўлиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини эшитиш кераклигини тушунишди. Бор-йўқ сир шу”.
– Энди тасаввур қилинг, – фикрини асослайди Шоира Содиқова, – айни илҳоми қайнаб, завқ-шавқи тўлиб-тошадиган ёшда ўқувчини ота-онаси ҳам, ўқитувчи ҳам эшитишни истамаса, у нима қилиши керак? Ўзининг мавжудлиги, борлигини исботлаш, атроф-муҳитнинг эътиборини тортиш учун хаёлига келган ишни қилмайдими? Афсуски, узоқ йиллар мобайнида қоидабозликка асосланган методикамиз билан ўқувчиларни эшитиш, ижодий фикрлаш ва қиёсий таҳлилга ўргатиш ўрнига, уларни қолиплаш билан шуғулланиб келдик. Она тили грамматикаси, қонун-қоидалари, гапнинг эга-кесимига ружу қўйиб, асл мақсад қуруқ гап эмас, тарбия эканини унутиб қўйдик.
Дарҳақиқат, пашша учса билинадиган жимликда дарс ўтадиган қоидабоз ўқитувчи, агар у академик бўлса ҳам, фикр эркинлигини бўғиб, мурғак тафаккурни беихтиёр чегаралаб қўяди. Негаки, дарсда ўқитувчининг фикран гегемонлик қилиши ўқувчини сўзлаш, эркин фикрлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Оқибатда болалар пухта эгаллаган билимларини ҳам тушунтириб беролмайдиган ёки нотўғри ифодалайдиган, ҳеч бўлмаганда, кўпчилик олдида ўз фикрини баралла айтишдан ё қўрқадиган, ё уяладиган бўлиб қолишади. Чунки оғзаки нутқ, эркин фикрлаш, равон сўзлаш кўникмаси ўзаро мулоқот жараёнида шаклланади. Эшитмасангиз, мулоқот қилмасангиз, ўқувчиларни “роботлаштирган”ингиздан бехабар дарсликдаги қоидаларини қойиллатдим, деб юраверасиз-да. Ана шунинг учун ҳам дарсликларни, хусусан, она тили ва адабиёт дарсликларини янгилаш зарурати пайдо бўлди. Чилонзор туманидаги 202-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Шоира Содиқова, ҳали ёш бўлишига қарамай (1982 йил, Хоразмда туғилган), 2022 йилда тамомила янгича форматда ҳаётга татбиқ этилган 6-, 7-синф дарсликларини тақриз қилди.
– Илгари тўғридан-тўғри тил қонун-қоидалари ўргатилар эди, – дарсликларни таққослайди у. – Энди-чи? Айтайлик, “Олинма сўзлар” мавзуси ўтилаётган бўлсин. Ўқитувчи доскага бугунги мавзу “Ижтимоий тармоқлар” ёки “Табиат ва мен” деб ёзади-да, олинма сўзларнинг қоидалари, этимологияси, орфографияси ва талаффузини тармоқдаги матнлар ё инсон ва табиат муносабатларидаги зиддиятлар ва долзарб муаммолар фонида кўрсатиб беради. Ё бирдан “Муҳаббат тушунчаси” деган мавзу ёзилади-да, она – Ватанга, ота-она, оила, бола-чақа, ҳатто мол-дунёга муҳаббат тушунчаларининг ўзаро фарқли ва ўхшаш жиҳатлари таҳлил қилинади. Синоним, омоним ва антонимлари, услубияти ва бўёқдорлик хусусиятига кўра, қайси сўз қай ўринда тўғри ё нотўғри қўлланилгани, унинг ўрнига қандай муқобили ишлатилса тўғри бўлиши муҳокама қилинади. Ана шунда ўқувчи амалиёт ва назария кундалик ҳаётда яхлит бир нарсалигини яққол ҳис қилади ва кун тартибидаги масалага фаол муносабат билдириб, ўзи ҳам билмаган, истамаган ҳолда иккинчи, учинчи даражали эмас, биринчи даражали мулоқот субъектига айланиб қолади.
Тўғри, амалдаги услубга ўхшамаган дарс ўтиш методикасини пухта ўзлаштириш ўқитувчидан вақт талаб қилади. Буни яхши биладиган Шоира Иброҳимовна янги дарсликлар тақризчиси сифатида Республика миқёсида телеграм канали фаолиятини йўлга қўйиб, барча она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари ўртасида алоҳида тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишларини олиб боряпти. Кези келганда, ўқитувчиларнинг ўзлари ҳам янги дарслик мавзуларига параллел равишда махсус лойиҳани ўқув жараёнига татбиқ қилишлари мумкинлигини амалда кўрсатиб бераяпти.
Ёдингизда бўлса, коронавирус пандемияси даврида онлайн дарслари билан танилган Шоира Содиқова томонидан уч-тўрт ойча аввал “Телебошловчи бўлиб қолсам” лойиҳаси ўтказилганди. Лойиҳа доирасида 7-синф ўқувчиларининг бир-биридан, узоқ-яқиндаги қавму қариндошларию севимли кино ва мультқаҳрамонларидан олган интервьюлари ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинганди. Сўз ноўрин қўлланганда юзага келган кулгили ҳолатлар ёки аксинча, интервью таъсирчанлигини оширадиган омиллар юзасидан уларга тегишли маслаҳатлар ва тавсиялар берилган эди. Ўқувчилар бу лойиҳага шунчалик қизиқиб қолишдики, устозининг шахсий телеграм канали уларнинг ижодий ишлари билан тўлиб-тошди. Шоира Иброҳимовна ушбу лойиҳани уй шароитида ҳам онлайн дарс шаклида давом эттиришга мажбур бўлди. Ўқувчилар бунга ҳам қаноатланмай, устозидан оғзаки нутқ бўйича тўгарак ташкил этишини сўрашди.
– Болага эрк берилса, шовқин кўтариб, синфхонани бозор қилиб юбормайдими?
–Бу ёқимли шовқин-сурон-ку, – ажабланади Шоира Содиқова. – Шахс сифатида фарзандларимизнинг ҳам фикрини ҳурмат қилсак, эмин-эркин фикр билдиришларига йўл қўйсак, бунинг нимаси ёмон? Уларни эркин ва ижодий фикрлашга, равон сўзлашга ўргатиш... асосий мақсад эмасми? Лойиҳа жараёнида амин бўлдимки, ўқувчилар вилоятларда истиқомат қиладиган бобо, момоларидан миллий руҳда, ҳеч кимникига ўхшамаган интервьюлар олиш илинжида меҳр-оқибат ришталарини ҳам мустаҳкамлаб олишди. Айниқса, 7-синф ўқувчиси Абдулла Элмуродовнинг Сурхондарёда яшаётган бобосидан “Ёшларга маслаҳатлар” мавзусида олган интервьюси кўпчиликка манзур бўлди. Бир сўз билан айтганда, “Энг зўр китобхон”, “Тутилмай гапираман”, “Телебошловчи бўлиб қолсам” лойиҳалари орқали ортиқча тортинчоқлик, истиҳола ва ноўрин қўрқув туйғулари ислоҳ қилинди.
Савол туғилади: “Хўш, сизнингча, ХХI аср ёшларига муносиб таълим-тарбия берадиган замонавий ўқитувчининг маънавий қиёфаси қандай бўлиши керак?” Суҳбатдошимнинг фикрича, биринчи навбатда, ўқувчига ҳатто хато бўлсаям, эмин-эркин фикр билдириш имконини бериш керак. Ўринли-ўринсиз боланинг оғзига урмасдан: “Тўғри, аммо мана бу фикрни бундайроқ ифодаласа яхшироқ бўларкан” тарзда унинг нотўғри фикрини ҳам асталик ва усталик билан ижобий томонга ўзгартириш мумкин экан. “Демак, аввало, ўқувчини эшита билиш ва рағбатлантириш муҳим экан-да, – деган хулосага келдиму яна ўйланиб қолдим. – Одам ўз боласининг кўнглига эгалик қилолмайди-ку, ўқувчининг қалбига, тафаккурига йўл бўлсин. Дарсдан зерикиб, тоқати тоқ бўлган, бўйи бўйингга тенг маҳмадонанинг бемаъни луқмаларию шумликларига қандай чидаш мумкин?”.
– Тўғри, психологик жиҳатдан ўқувчининг диққат-эътиборини 25 дақиқадан ортиқ бир нуқтада ушлаб туриш умуман имконсиз, – дейди суҳбатдошим, худди фикримни ойнали столдаги аксимдан ўқиб олаётгандек. – Ўқувчилар зерикиб қолса, Франческо Череллонинг “Помидор” услубига кўра, синфнинг хаёлини фавқулодда бир қалқитиб олиш керак бўлади. Кутилмаган латифами, футболга оид қизиқроқ маълумот биланми, ўқувчининг хаёлот дунёсини “ўз ўқи”дан чиқариб юбориб, яна мавзуга қайтариш мумкин. Айниқса, юқори синф ўқувчиларини ҳар 15 дақиқада шундай чалғитиб туриш керак бўлади. Одатда мен бир-бирига алоқаси йўқ учта сўз айтиб, шундан гап тузишларини сўрайман. Баъзан ўқувчилардан шундай кулгили гаплар чиқадики, беихтиёр вазият тубдан ўзгариб кетади.
Шоира Содиқованинг синф раҳбари сифатидаги услубиям ғаройиб.
Она-тили ва адабиёт (бусиз бўлмайди, албатта) фанларидан ташқари, яна тўртта, жами олтита фан танлаб олинади. Синф раҳбари тегишли фан ўқитувчиларининг ҳар биридан бештаси мураккаб, бештаси сал осонроқ бўлган ўнтадан, жами олтмишта тест саволини туздириб, жавобларини ҳам белгилатиб олади. Синф ҳар чорак охирида бир мартадан, йил давомида жами тўрт маротаба ихтиёрий равишда имтиҳон топширади. Битта биринчи, иккита иккинчи, учта учинчи ўрин соҳиблари аниқланиб, совриндорлар “Синф раҳбар соврини” лойиҳаси доирасида пул, қимматбаҳо совға ё китоблар тўплами шаклидаги мукофотлар билан тақдирланади.
Аслида отаси, фахрий педагог Иброҳим Содиқов, устозлари Зеваржон Собирова, Гулбаҳор Рўзиметова, ҳамкасби Гулзода Соатова, керак бўлса, ўқитувчи-шогирдлари Маҳлиё Тўхтамишова, Назокат Жумаевадан ўрганганлари ва йигирма йиллик тажрибасидан келиб чиқиб, у ўзига шундай педагогик усул танлаган. Ҳа, Шоира Содиқова изланувчанлигию топқирлиги сабаб, “Нафосат” ёш қаламкашлар ва ижодкор ўқитувчилар, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловларининг республика босқичлари ғолиби, Халқ таълими аълочиси, Республика илмий-методик Кенгаши аъзоси сифатида жуда тез танилди. “Онлайн мактаб” лойиҳасидаги иштироки учун у “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишони, ва ниҳоят, самарали меҳнатлари боис “Садоқатли хизматлари учун” медали билан тақдирланган.
Ютуқлару эътирофлар бежиз эмас, албатта. “Билмаганни сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим” нақлини шиор қилиб олган суҳбатдошимнинг ҳар бир фикри ўзига хослигини суҳбат давомида ич-ичимдан ҳис қилиб турдим. Аммо мақтовнинг ширин оғулигини ҳисобга олиб, атайин дилимдагини тилимга чиқармадим.