“ЧАЁНГУЛ”ЛИК ЧАЁНЛАР
Таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Чаёнгул” қиссасида бир қотиллик тарихи ҳикоя қилинади. Асарни ўқиркансиз эркаклар ярамас, безбет, “тепса тебранмас” тўнкага, аёллар – гуллар чаёнга айланишини, “чаён”лар қўлидан кўп иш келишини, уларни ҳеч нарса тўхтатолмаслигини англагандай бўласиз. Шу англов менинг ҳаяжонимни оширди, охир-оқибат таассуротларимни баҳам кўришга чоғландим.
Икки гул – Гулсум ва Гулшод Чаман момонинг бағрида ўсган. Уларнинг боғбони – отаси йўқ. Бирига ака, бирига ука бўлган Ёқуб эса ўқишдан, шаҳардан ортмади, боғ боғбонсиз қолди. Қолаверса, бу бешафқат ҳаётнинг тасодифлар, аччиқ қисматлари бор эканки, улар инсоннинг тинч ҳаётини алғов-далғов қилади.
Асар “гул”лари ҳам ана шу қисмат тўзонида қолдилар, балки… Хуллас, ўша биз айтган тасодиф Гулшодни – балоғат ёшидаги, мактаб битирувчиси бўлган қизни помидор териш баҳонасида сой бўйига, кимсасиз сўқмоққа етаклади. Забардаст, қони қайноқ ўсмир Ашурни ҳам ўша сой бўйи ўзига чақирган эди. Улар тасодифнинг, йўқ, биз тасодиф дейдиган бераҳм қисматнинг қурбонлари эдилар. Ашурни қисмат иродасизликка, номардликка, жирканчликка мажбур қилди, Гулшод эса номуссизлик, шармандалик тамғасини бўйнига олди. Ўша сой бўйида қизнинг номуси булғанди. Бу воқеага инсон зотидан фақат Ашурнинг укаси, аслида нима бўлаётганига умуман тушунмаган гўдак Акбар гувоҳ бўлган, ҳатто қизнинг сочидан ерга тортиб, ўзича акасини унинг чангалидан озод қилмоқчи бўлганди. Уни ҳам бу ерга тасодиф олиб келди-ю, Ашурнинг “ёрдамчи”сига айлантирди-қўйди.
Ким учундир бу фожеа эмасдир, аммо воқеа бу билан тугамайди, охири никоҳ бўлган келишув ва ваъдалар ҳам тақдирнинг аллақайси шамолида учди-кетди. Ашурнинг онаси “кўчада номуси бузилган” қизни келин қилишни хоҳламайди (бузғучи ўз ўғли бўлса-да). Ашур тоғасиникига жўнатилди, отаси – Адҳам муаллим бетоб бўлди, оила кенжаси Акбар эса, ҳар куни мактабда акасининг хатоси бўлган қизни кўришга, ўша мудҳиш кунни эслашга, оиласининг тўламаган товонини тўлашга мажбур. Қиз ҳам ҳар куни Акбарни кўраркан, ўзининг қора кечмиши ва қоронғу келажагини ўйлаб ўсал бўлади. Икки томонда икки оила пароканда. Ҳаммасига айбдор – “тақдир”, ҳаммасига сабабчи – тасодиф!
Ҳа… тасодиф инсонлар умрини якунлашга, гулларни сўлитишга қодир. Бизнинг Гулшод сўлиди. Сўлимаслиги, ҳали узоқ яшнаши мумкин эди, аммо, тасодиф-да, ёлғиз она ғафлатда қолди. Ҳовлида зинғиллаб ишлаб юрган қизини кўриб шод бўлди, дунёга қайтди, ўзини топди, дея кўнгилхотиржам қўшнининг тўйига чиқди. Шу пайт тасодиф говмиш сигир шаклида Гулшодни оғилхона томон олиб борди. Гулнинг сўлиқ танасини ўша ердан топишди…
Бизнинг тасодиф энди гулларнинг боши – Гулгуннинг ҳаётига раҳна сола бошлади. Номус дарди негадир, укани – Ёқубни қўзғатиб ҳам қўймади, Ашурни виждон азоби қийнамади, жиноят ишига масъул прокурор ҳам шундайлар тоифасидан. Унингча, ҳамма нарсага аёл зоти айбдор, улар ўз бузуқиликлари билан қолганлар ҳаётини ҳам бузадилар, не-не “мардлар” аёл макрига қурбон бўлмаган. Бор изтиробни чеккан Чаман ва унинг бағридаги Гулгун бўлди. Қасос ўтида тўрт томон чопган Гулгун бўлди. Бу югурикларнинг охири прокурор Зобитовдан “ўлган ўлди, у ёғига тинч яшанглар-да энди”, деган жавобни олиш билан битди. Жавоблар эса унинг чаёнга эврилишига сабаб бўлди. Гул чаён бўлди. Эркак зотига, ҳа, бенаф, бефаҳм, бераҳм эркак зотига қирон келтирмоқчи эди у. Шу он укасини тополмади, йўқса уни ҳам айблар, бўйнидан бўғарди. Занглаган пичоқ эса Гулгуннинг қўлида Адҳам домланикига борди. Қўлда пичоқ, дилда алам ва қасос олови билан бир маҳалла ошган бу қизни тўхтатгани одам топилмади, зотан, у кимдир тўхтатишини ич-ич хоҳлаган, биров “шошма, қайт бу шаштингдан”, дейишини кутганди. Биз бот-бот такрорлаётган шум тасодиф бунга ҳам изн бермади. Қуйиқишлоқча қотиллик содир бўлди. Гулгун ҳовлига кирди, бақирди, дод солди, олдидан чиққан биринчи эркак зотига қўлидаги пичоқни қайта-қайта санчди. Гулгуннинг қасос пардаси қоплаган кўзлари йўлак қонга белангандагина очилиб, Акбарнинг жасадини базўр таниди. Ашур эмас, Акбар эди бу. Тасодиф Акбарни Гулгуннинг кўзига Ашур қилиб кўрсатди.
Асарни ўқиб тугатаркансиз, инсон умри нақадар ўткинчилигига ишончингиз комил бўлади. Тасодифдан бошланган қора қисмат икки оилани тўзитиб, икки ёшнинг ўлимига сабаб бўлди, ахир.
Ҳажман кичик, мазмунан теран бу асар мени ҳамиша янги-янги саволлар билан қийнайди. Ҳар бир эркак шу қиссани бир ўқиса, ўрнак олса, дейман! Зеро, гуллар бошқа чаёнга эврилмасин, атрофни хушбўй ифор, хушрўй чирой билан безасин.