July 28, 2023

ТЎҒРИ ГАП ТУҚҚАНИНГГА ЁҚМАСА  

(ҳажвия)

Мактабни битиргач, ўқишга кириш ўрнига физика-математика институтида ишлашни маъқул топади. Лекин отаси Тўлқин ака Ғайрат исмли дўсти раҳбар бўлган корхонага ишга жойламоқчи бўлиб, ўғлини унинг ҳузурига юборди.

Тоҳир боргиси келмаса-да, лекин ота гапини икки қилмаслик учун йўл олди. Бироқ Ғайратнинг суҳбатдан ўтолмай, ишга қабул қилинмагани учун уйда отасининг фиғони фалакка чиқиб, анча гап эшитди.

– Менга қара, дўстимнинг ишхонасига юборсам, мени шарманда қилибсан-ку, ярамас!..

Тоҳир гуноҳи нимада эканини тушунмаса-да, лекин бошини эгиб:

– Нима килибман? – деб сўради.

– Кўзимга қараб, нима қилдим, дейди-я!

– Дада, мен нима ёмонлик қилибман?

– Ўзингни гўлликка солма...

– Айб қилган бўлсам, майли уринг, сўкинг. Лекин гуноҳим нима? Тушунмаяпман.

– Каллангга бир соламан, шунда тушуниб қоласан!

– Ўтинаман, айтинг, нима бўлди?

– Қилғилиқни қилиб, яна нима бўлди, дейди-я! Ғайратга нима дединг, каллаварам?

– Ҳеч нарса?

– Бу ёққа қара, аҳмоқ, нега у менга ачиниб ва куйиниб гапиради?!.

– Билмадим.

– У сенга нима деди?

– Бир-иккита савол берди, холос.

– Сен-чи?

– Мен жавоб бердим.

– Қойил қилиб жавоб берибсан, тентак...

– Нима дебман?..

– Галварс, буни сендан сўрашим керак. Ахир, мени шарманда қилдинг-ку!.. Хўш, у сендан нима сўради?

– Исмим, туғилган йилим, яшаш манзилимни...

– Галварс: “ичасизми” деса, “ичаман” дебсан-ку!..

– Ҳа, ахир, мол ҳам, қўй ҳам, ит ҳам сув ичади-ку. Дунёда ичмайдиган одамнинг ўзи борми?

– Каллаварам, ичкилик ичмасанг, нега ичаман дейсан?

– Маъданли сув, чой ва лимонад ичаман. Мумкинмасми?

– Бошқа нарса ичмайсанми?

– Минерал сув ва чой ичкиликка кирмайдими?..

– Галварс, одамлар ичкилик деганида, одатда, спиртли ичимликни назарда тутишади.

– Бўлмаса, ўзи: “Спиртли ичимлик ичасизми?” деб сўрасин эди. Шунда: “Ичмайман!” деб жавоб берардим.

– Энди менга ақл ўргатишинг қолувди, – деди Тўлқин ака, ўғлининг ҳақ эканини тан олгиси келмай.

– Хўш, бўлмаса, нега: “Юрасизми?” деб сўраса, “юраман” дейсан?.. Бу етмаганидай: “Ким билан?” деса, “Тўғри келгани билан” дебсан. Бу гапингдан дўстимнинг, унинг гапидан менинг сочим тикка бўлди. Бунчалик шилқимлигингни билмас эканман. Кимга тортдинг? Ғайрат дўс­тим менга: “Ўғлинг учига чиққан шилқим экан. Ишга олсам, корхонамдаги бирорта қиз-жувонни тинч қўймайди деб, ишга олишдан бош тортди. Бу ҳам майли, муҳими, у бу гапни эл орасида ёйиб юборса, сенга на иш, на келин топилади. Нега бундай дединг?

– Дада, ахир, ўзингиз, сен саккиз ойлигингдаёқ юргансан, дегандингиз-ку. Одам юрмаса, ишга, ўқишга ё бошқа ерларга қандай боради?!

Тўлқин ака ўғлининг гапида жон борлигини тушуниб, бироз ҳовуридан тушди.

– Нега Ғайрат “Ким билан?” деса, “Тўғри келгани билан” дейсан?

– Ахир, нима қилай, кўча тўла одам. Рўпарамда, ён-веримда кетаётганларни танимасам, нима дейишим керак.

Тўлқин ака ўғлига:

– Болам, ҳар доим ишни чалкаштириб юрасан, – деди кулмисираб.

– Ўзи ҳам тўғри савол берсин-да.

– Бўлди, донолик қилма. Сенга иш топиб бераман, деб гап-сўзга қолдим. Энди билган ишинг­ни қилавер.

Тоҳир отасининг мамнун бўлганидан кўнгли жойига тушиб, ўзи хоҳлаган физика-математика олийгоҳига ишга кетди.

Бир ой ўтгач, Тўлқин аканинг Рустам исмли дўсти қўнғироқ қилиб, салом-аликдан сўнг,

– Бу ёққа қара, Тоҳир Турдиев сенинг ўғлингми? – деб сўради.

Тўлқин ака ўғли яна қовун тушириб қўйдими деб ўйлаб, оҳиста жавоб берди:

– Ҳа...

– Дўстим, нима, мазанг йўқми, шаштинг паст?

– Йўқ, шунчаки... Хўш, Тоҳир нима қилиб қўйди?

– Буни қара, шундай ажойиб ўғлинг бор экану, индамай юрган экансан. Уни ишга олиб, синаб кўрдим. Раҳмат, яхши тарбиялабсан. Ақлли-ҳушли йигит. Институтдаги келажаги порлоқ ёшлар қаторига қўшилди. Синов муддатидан сўнг, уни ёрдамчиликка тайинламоқчи бўлиб, ҳужжатларини кўздан кечирсам, исм-шарифинг­ни ўқиб, сени Тоҳирдан сўрадим. Раҳмат сенга! Физика соҳасидаги билимлари чаккимас. Уни шогирдликка олмоқчиман. Келажакда катта олим бўлиб етишади, ишонаман, – деган сўзларни эшитган Тўлқин ака хотиржам бўлди, ўғлининг тўғрисўзлигидан ташқари, ўзининг ҳақиқий дўсти ким эканини ҳам анг­лаб етди.

Муҳсин ҒАНИЕВ