РУҲИЯТ ВА ҚАЛБ КЕЧИНМАЛАРИ
“Мени юраклардан топ”... Ўзбек шоираси бизни ҳаёт ва ўлим, ишонч ва гумон, эришилган муҳаббат ва севги синовлари ҳамда кучли соғинчнинг сирли саёҳатига таклиф этади. Ушбу шеърлар тўплами ва кундаликларни Жон Фаридин ва Мафтуна Дунё таржима қилишган. Хосият Рустамова ижодидаги шеърлар ва кундаликдаги қайдлар ўзининг нафислиги билан ажралиб туради. Шоира ўлим мавзусини тафтиш қилиш асносида руҳият ва қалбдаги изтироблар тасвири орқали инсон кечинмалари тубига лирик мушоҳада билан кириб боради.
Унинг ижоди бир неча жанрларни ўзига қамраб олган. Асарлари хорижий тилларга таржима қилинган, хорижлик адабиётшунослар эътирофига ҳам эришган. Бу эса, ўз навбатида, уни замонавий Осиё адабиётидаги ўзига хос ижодкор сифатида танитди.
Хосият Рустамова талабалик пайтидаёқ ўз шеърлари билан машҳур ўзбек шоири Aбдулла Орипов эътирофига эришди, унинг ижоди Aнна Aхматова ва Марина Цветаева шеърияти билан қиёсланди. Бу эътироф унинг фаолиятидаги муҳим босқич бўлди ва унда ёзишга бўлган иштиёқни давом эттиришга ишонч уйғотди. Х.Рустамова ҳар қандай эътироф ва эътибор Яратганнинг муҳаббатидан устун келолмайди, дея таъкидлайди. Яъни у ижодни юксак мукофот ва муҳим миссия тариқасида қабул қилади.
Шоира чинакам ижодкор адабиётга хиёнат қилолмаслигини айтади ва адабиётга бўлган қатъияти, садоқати туфайли матонат билан муайян синовларни бошидан кечирди. Бу вақт мобайнида унга одамлар билан муносабат деярли завқ бермас, шунчаки яшаб қолиш учунгина тутиб турган илинж ёки оддий эҳтиёжларга айланганди. Бироқ саккиз йиллик синовлардан сўнг у Вьетнамда ўтган шеърият фестивалида қатнашиб, Ханойдаги адабиёт ибодатхонасини зиёрат қилди. Унинг илтижолари қабул қилинди, истеъдодининг қайта очилишига олиб келди. Шуниси аниқки, Хосият Рустамованинг ёзганларидан ҳақиқий муҳаббатнинг таъсири сезилади. Шоирнинг тасвирларига кўра, гўё руҳиятида бир тўфон содир бўлган, бу тўфон олдинги ғуборларни супуриб ташлаб, тоза, ўзидан сокинлигу покизалик туйғусини қолдириб кетганга ўхшайди.
Хосият Рустамова Пушкиннинг адабий меросига улкан ҳурмат билан қаради, ёлғизликда ва сокинликда унинг ижодидан ҳузуру бахт топди. У Пушкинга бўлган муҳаббатини атрофдагилардан яшириб, улғайгани сари шоир яратган аёл образларига нисбатан қалбида рашк туйғуси уйғонганини айтади. Бир куни Пушкин унинг тушига кириб, пешонасидан ўпади. У эса бу воқеани бировга айтишдан ийманади. Шу каби сукут унинг шеърлари ва кундаликларида сирли муҳаббатга сездирмай муносабатда бўлиш истагини изоҳлаши мумкин. Чинданам, Х.Рустамованинг Пушкин ижодига муҳаббати уни илҳомлантириб туради.
“Менда сендан бошқа ҳамма нарса бор”, деб номланган кундалигида Х.Рустамова хаёлини буткул эгаллаган, ҳатто ибодат қилаётганида ҳам бир лаҳза бўлсинки олисламаган муҳаббатни ҳис этиб туради ва бундан баъзан умидсизликка тушиб қолади. Бироқ шунга қарамай, назокатли титроққа қоришиқ бундай умидсизлик уч томонлама келишувга ўзига хос мафтункорлик бағишлайди. Бундай ҳолат гўё Ўрта Ер денгизидаги оролда ҳаммани эриган қаҳваю қора чой ичиш санъатига ўргатадиган ғоят ёқимтой, ҳаётсевар умумий дўстингизга дуч келиб қолган вазиятга ўхшайди. Эҳтимол, Пушкин унга икки севишган қалбнинг бандага хос бўлган муҳаббатини, ҳеч қачон охирига қадар тушуниб бўлмайдиган ишққа яширин ҳасад ҳисси ила кузатиб турган беозор қиёфасини намоён этар.
Китоб бошидаги “Сўнгги кўз ёшлар” нимани англатади?” Х.Рустамованинг китоби унинг ҳаётидаги кескинлигу тангликларга қарши туришда жасоратли эканини кўрсатади. Муаллиф оғриқларининг сабабини ва бунинг нималигини сўрайди, аммо осмон сукут сақлаб тураверади.
Унинг боши узра учаётган қушлар ва шиддат билан ёпирилиб келаётган тун тасвири гўё вақтнинг тугаб бораётганига ишора қилади. Муаллиф эса, жавобга илҳақ бўлганча умидсизлик ичра тураверади. “Эслатмагин менга қолган умримни”, деган сўнгги сатр унинг қалбидаги яширин қўрқуву башоратни ифодалайди.
Рустамова муҳаббатни илм, ижод, адолат ва ижтимоий масалаларнинг шунчаки безаги сифатида қабул қилмайди, унинг қарашида бу туйғу дунёни англашнинг энг ноёб усулидир. Шоир музасининг махсус миссияси бор, яъни бутун ҳаёт моҳиятини давом эттирадиган муҳаббатни тутиб туришни, табиатнинг илоҳий руҳи ила мавжуд алоқани боғлашнинг энг яхши йўли айнан суйганинг ҳақидаги ўйларга берилиш. Шу тариқа, шоиранинг бадиий талқинлари ҳаёту ўлимга оид кенг кўламли фалсафий саволлар устида мушоҳада юритишга чорлайди. Ўзининг “Вақт ўтиб, умрим тугайди, биламан” шеърида шоир инсоннинг ўткинчи ҳаёти, ўлимни олдиндан башорат қилиб бўлмас мавҳум бир тимсол эканлигига ишора қилади.
“Мени юраклардан топ” китобида муаллиф Парвардигорнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва унга бўлган иймон бизга қандай ёрдам бериши ҳақида фикр қилади. Кундаликдаги ёзувларидан бирида “Агар Парвардигор истаса, икки баравар беради”, дейди у ишонч билан. Бу фикри билан Унга бўлган чексиз эҳтироми, фақат Унга таянишини билдиради ва шунингдек, бу унинг эртанги кунга бўлган умиди изҳоридир.
Х.Рустамованинг шеърлари ва таъсирчан кундаликлари бизни унинг интилишларига ишонтиради. “Ҳаммаси шундан кейин бошланди... Бирдан ташвишлана бошладингиз!” деган иборалар исталган одамнинг эътиборини ўзига тортади ва ўқувчида мавҳумликка интилишу қизиқиш ҳавосини кучайтиради. Кундаликлар ушбу тўпламнинг ажралмас бир қисмидир.
Муҳаббатнинг инжиқликлари ҳамиша аниқ хулосага қарши чиқади, лекин шоира ўзини бизнинг қалбимизга ишониб топширгани учун, унинг сўзлаш услуби бизга ҳақиқатни сўз ифодаларининг чегараларидан топишга ундайди.