ИЖОД БАЙРАМИ
Орзу-умидларини сўндириб яшамоққа кўниккан халқ онгини рутубат босган уфқда ўттиз икки йил аввал пайдо бўлган ёруғ нур туйқусдан ёриштириб юборгандек бўлди. Илоҳий пайғом сингари юз кўрсатган бу ёруғлик шу кунларни орзу қилиб келган жафокаш халқнинг имон-эътиқоди, букилмас иродаси, сабр-тоқати ифодаси, унинг ўлмас Руҳи тантанаси эди. Энди у бешиги тепасида она алласи каби янграган ундовларга қулоқ тута бошлади. “Кишан кийма, бўйин эгма – ки, сен ҳам ҳур туғилғонсен”. Ҳаёт ҳақиқатини бўяб-бежамай кўрсатиш сеҳру қудратига эга адабиёт энди амалга ошган ҳурлик орзуси ўрнини илҳом қувончига бўшатиб, ижод байрамларидан баҳраманд бўла бошлади.
Янги Ўзбекистон муҳитида ўзбек адабиётининг ўз анъаналарига содиқ ҳолда ривожланиши, иқтидору салоҳиятнинг юксак пардалари, навраста иқтидор соҳиблари юзага чиқиши учун кенг имкониятлар “улуғ адабиёт” орзуси нишоналари сифатида юз оча бошлади. Айниқса, кейинги йилларда Сўз санъатининг ривожланиши, унинг оламга бўй кўрсатиши учун кўрсатилаётган ғамхўрликлар ижод аҳлига эътибор, унинг жамиятдаги ўрнини белгилаб беришга қаратилган ижобий саъй-ҳаракатлар сирасига киришини эътироф этмай илож йўқ. Авваллари асосан спорт майдонларида жавлон уриб байроқ кўтарган спортчилару оммавий санъатлар, жумладан, хонанда-ю созандаларга кўпроқ эътибор қаратилган бўлса, эндиликда элу юрт ўз “руҳининг инженерлари”ни ҳам яхши таниб-била бошлагани бу эътироф самарасидир.
Пойтахт Тошкент шаҳри марказида кейинги йилларда барпо этилган “Адиблар хиёбони” йилнинг тўрт фаслида гулларга бурканган ҳолда бўлади. Бу ерда Алишер Навоийдан тортиб Муҳаммад Юсуфгача бўлган ўзбек адабиётининг 24 нафар намояндасига ёдгорлик ҳайкаллари ўрнатилган. Мазкур масканга ташрифи чоғида Президент Шавкат Мирзиёев адабиётнинг юксак мақомини белгилаб берди. “Адабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавиятига таъсир кўрсатади, – деди давлатимиз раҳбари. – Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак. Аждодларимиз меросини ўрганиш, буюк маданиятимизга муносиб буюк адабиёт яратиш учун ҳамма шарт-шароитни яратамиз”.
Ҳақиқатан ҳам, ёзувчилар учун Миллий боғда барча қулайликларга эга муҳташам “биллурий” бино, ундан кўп узоқ бўлмаган жойда арзон ипотека кредитлари асосида уй-жойлар барпо этилди. Дўрмондан бошлаб Зомину Паркенту вилоят марказларигача ижодкорларнинг ҳам жисман, ҳам руҳан, ҳам маънан тикланишлари учун дам олиш уйлари қад кўтарди. Бу қулайликлардан уларнинг оила аъзолари билан ҳам фойдалана олиш имконияти наинки Марказий Осиё минтақаси ёки Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги доирасида, балки дунёнинг бошқа ривожланган мамлакатларида ҳам учратиш мушкул. Бундай шарт-шароитларда “халқнинг тилини учида турган”(Абдулла Қаҳҳор) дардларини ифода қилиш учун энди озгина қунту жиндаккина меҳнатнинг ўзи кифоя қилмайди. “Мана, мен Лермонтов ёшига етдим, Бир шоир умрини яшадим чиндан”(Эркин Воҳидов), дея қанча қоғозларнинг бошига етиш ҳам бу ишда дастгирлик қилмайди. Жафокаш халқимизнинг орзу-армонлари, ўй-интилишлари, қувонч-қайғулари, муаммо-ютуқлари бугунги кунда адабий образларда акс этиши ҳар қандай тарихий жараёндан ҳам кўра тарихийроқ эканини фаҳмламоқ “буюк маданиятимизга муносиб буюк адабиёт”га тамал тошини қўйишга ярайди.
Асрим, асрим дейсан, асринг не ўзи,
Тўзғоқ календарнинг варақларидир.
Инсон деб фалакка ҳайқирмоқ нечун,
Инсон ёнингда-ку, у менинг қўшним.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Ориповнинг ўлмас сатрларида шарафланган инсон, наинки қўшни, юртдош, миллатдош, қавмдош, қариндош сифатида ижодкорга яқинлиги боис ундан имдод кутади. Унинг адабий образ сифатидаги қиёфасини ўтмишдаги буюклар ёки келажак авлод иқтидор соҳиблари яратиб бера олмаслиги мушкулоти бугунги кун ижодкорлари зиммасидаги юкни янгилаб туради.
“Адиблар хиёбони”да ёдгорлик ҳайкалларининг ҳар бирига пойтахтимиздаги олий ўқув муассасалари бириктириб қўйилди. Талабалар ҳайкаллар пойини тозалашади, гуллар қўйишади, тадбирлар ўтказишади. Уларнинг номларида стипендиялар, музейлар ташкил этилган. Талабалар ижодидан сараланган тўпламлар нашр этилишини олий ўқув юртлар раҳбарияти назоратга олгани ҳам авваллари ҳеч қачон содир бўлмаган шоён қувончли ҳодисалар сирасига киради. Бу борада улар ўртасида ижобий маънода юзага келган рақобат туфайли ҳозирги кунда олий ўқув юртлари томонидан нашр қилинаётган адабий тўпламлар савия жиҳатдан анча-мунча профессионалларни ҳам ортда қолдираётганини айтиб ўтиш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги(ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги) томонидан “Халқ юраги” туркумида яратилган 24та ҳужжатли фильм сарф-харажатлари тенг ярми ҳам мана шу олий ўқув юртлари томонидан тўлаб берилди. Айтиш мумкинки, Мустақилликнинг аввалги чорак асридан кўпроқ вақт давомида адабиёт мавзусида яратилган фильмлар кейинги тўрт-беш йил орасида яратилган ва яратилаётган фильмлар сонининг ярмини ҳам ташкил эта олмайди. Ҳужжатли фильмлар билан бир қаторда бадиий фильмлар ҳам суратга олинди. Шулардан бири Муҳаммад Аминхўжа Мирзахўжа ўғли Муқимий ҳақида бўлиб, давлат бюджети ҳисобидан бу фильмга миллиардлаб маблағ сарфланди. Шоир ҳаётининг сўнгги дамларида ўз бошпанасига ҳам эга бўлмай, мадраса ҳужрасида амал-тақал ҳаёт кечиргани инобатга олинадиган бўлса, ижод аҳли учун бугунги кунда нечоғли катта аҳамият қаратилаётгани кўзгудагидек яққол намоён бўлади-қолади.
Бундан чамаси ўттиз беш йил бурун, юртимиз ҳали ўз Мустақиллигини қўлга киритмаган кезларда ажойиб болалар ёзувчиси Носир Фозилов билан суҳбат уюштириб, “Даштдаги ёвшан ҳиди” деб номланган суҳбатимиз матни эълон қилинган “Ленин учуқуни” (ҳозирги “Тонг юлдузи”) газетасининг бир жуфтини кўтариб устознинг хонадони томон йўл олдим. Носир аканинг уйида меҳмонлар бор экан. Наим Каримовни яхши билардим – устоз адабиётшунос, эндиликда академик; диванда, унинг ёнида Ўктам Жобиров ўтирарди. Телевидениенинг машҳур диктори, уни танимаслик мумкинми? Учинчи киши Ҳибзиддин Муҳаммадхонов экан.
Чамаси, улар тенгқур дўст-биродалар бўлиб, кириб келгунимча бўлаётган дилкаш суҳбат, ҳазил-ҳузул гаплар қолган жойидан давом этди.
– Ўктамхоннинг сочи эрта оқарди, – деб қолди Ҳибзиддин Муҳаммадхонов гапдан гап чиқиб.
Ўктам Жобировнинг қиёфаси бирдан жиддийлашди. Қўллари билан юлаётгандек сочларини тортиб-тортиб қўйди.
– Бу сочлар ёлғондан оқарди! – деди хитоб қилаётгандек. – Ёлғондан!
Ўшанда Ўктам Жобировнинг ойнаи жаҳон орқали “Ахборот”, “Янгиликлар” информацион дастурларини; “Пахтазор мардлар майдони”, “Ноз-неъмат бунёдкори”, “Соҳибкор”, “Адабий альманах” кўрсатувларини; ишлаб чиқариш корхоналаридан тўғридан-тўғри олиб борадиган репортажларини; байрам дастурларини; Иттифоқдош республикаларда ўтказиладиган “Ўзбекистон адабиёт ва санъат кунлари”ини олиб боришига барчанинг ҳаваси келар, биз каби ёшлар уни энг бахтли инсон, деб ўйлардик.
Ўктам Жобировнинг изтироб билан айтган сўзларидан даврада бир зум оғир сукунат чўкди. Даврадошлар унинг гапини тасдиқлашни ҳам, тасдиқламасликни ҳам билмасдилар. Барча, деворнинг қулоғи бор мақолини эслаб ўтиргани юз-кўзларида хавотирли ишораларда аён бўлиб турарди.
– Шуям катта гап, – деди Носир ака уларнинг бўшаб қолган қадаҳларини тўлдираётиб. – Ёлғон эканини билатуриб, уни фахрланиб айтиб юришдан ёмони йўқ.
Ҳа, Носир ака ҳақиқий ижодкор, Ҳақ гапни топиб айта оларди.
Орадан йиллар ўтди. У замонлар ортда қолди. Юрт озодлиги қўлга киритилди. Авваллари маълум бир кўрсатмалар орқали қалам тебратган ижодкорлар қаршисида энди кенг имкониятлар юз кўрсата бошлади. Буюк мутафаккир ҳазрат Алишер Навоийнинг
сатрларида акс этган ҳақиқат Истиқлол даврида ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда ўзгаришларга юз тута бошлаган жамият ислоҳотларини онгдан бошлаш зарурлиги эҳтиёжини янгилаб, адабиёт зиммасига ҳам катта масъулият юклаганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони матбуотда эълон қилинди. Унда “Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларга қўшган муносиб ҳиссаси, ўзининг ёрқин истеъдоди, кенг қамровли ижодий, илмий-амалий фаолияти билан халқимиз маънавиятини юксалтириш, мамлакатимизда илм-фан, таълим, адабиёт, маданият ва санъат соҳаларини ривожлантириш, ёшларимизни она юртга муҳаббат ва садоқат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги улкан хизматлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун” фахрий унвонлар билан тақдирланганларнинг салмоқли ўрнини шоир-ёзувчилар эгаллагани ҳам Ҳақ сўз қадри нечоғли юксак эканини англатади. Албатта, илҳом, яратиш қувончи ўлароқ эътироф янги марралар сари ундайди. Мукофотнинг ҳалол меҳнат қувончи бардавомлиги эса Ҳақ сўзни баралла айтмоқ имкониятини кенгайтириши билан янада аҳамият касб этади.
Ҳаёт ҳақиқати, адолатли жамият орзуси, инсонлар бахт-саодати ғоялари Истиқлол даври адабиётига катта куч бергани бу даврда яратилган асарларда акс эта бошлагани ўқувчи қалбига катта умидворлик бахш этади. Ижодкорлар қалби тубидаги рост сўзларни қоғозга тушириш имконига эга бўлгани ижодий изланишларга самара бериб, ижодий юксалишлар касб этади. Шу тариқа бадиий савия, адабий дид, ижодкор шахси феномени каби муҳим жиҳатлар долзарблиги кун тартибидан тушмайди. Муҳими, энди тетапоя қилаётган ёш ижодкордан тортиб уларнинг салафларигача энди нимадан фахрланиб, нимани олқишлашни яхши билишади.
Истиқлолдан олдин наинки қўлга олиш, балки номини айтиш мумкин бўлмаган асарлар бугунги кунда она тилимизга таржима қилиниб, бадиий тафаккурни бойитишга хизмат қилмоқда. Миллий тафаккурнинг илоҳий қисми – халқ бадиий тафаккурининг узви сифатида илҳом қувончи энди унинг фарзандлари қўлига қалам тутди. Яқиндагина бўлиб ўтган ёш ижодкорларнинг навбатдаги Зомин семинарида республикамизнинг турли ҳудудларидан йиғилган ёшларнинг ижод намуналари оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб этилди. Бу ҳол анъана тусини олган. Ҳа, ҳақиқатан ҳам, давлатимиз раҳбари қайд этганидек, адабиёт – таъсирчан куч. Бу кучни энди “ўтин ёришга”(Абдулла Қаҳҳор) эмас, халқ маънавияти, миллат маърифати, юрт истиқболи учун фойдали ишларга сарфламоқ имкони эса ижодкорга катта қувонч – ижод байрами қувончини ато этади.