ДУНЁНИ ҲАЙРАТГА СОЛГАН БАХШИЛАР
Ёки олтин мероснинг янги оҳанглари
Бахшиси бор эл бахтли миллат саналади. Сабаби, улар куйлаётган достонларда халқнинг орзу-ниятлари, дарду ҳасратлари, армонлари узоқ асрлардан бери тилдан-тилга кўчиб келаётган бўлади. Бу айтимларда миллат руҳи яшайди. Ушбу санъат турини сақлаб қолиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилдан то бугунга қадар бир қанча қарорлари эълон қилинди. Ушбу ҳужжатлар асосида халқаро байрам, беш йилдирки, юксак савияда ўтказиб келиняпти. Фестиваль ҳар икки йилда юртимизнинг турли ҳудудларида ўтказилаётганида ҳам ҳикмат бор. Мақсад дунё аҳлига ўзбек достончилик санъатини кўрсатиш билан бирга, мамлакатимиз туризм салоҳиятини ҳам намоён қилишдан иборат. Юртимизда учинчи бор ўтказилган фестивалга бу йил Сирдарё вилояти мезбонлик қилди. Тадбирнинг айнан Гулистон шаҳрида ташкил этилишининг рамзий маъноси бор. Сабаби, шу йил вилоят ташкил этилганининг 60 йиллиги кенг миқёсда нишонланяпти.
Бахшилар фестивалини ўтказиш учун узоқ ва пухта тайёргарлик кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлиги, ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти, ЮНЕСКО – БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти ҳамкорлигида ўтказилган ушбу фестиваль ўз ичига илмий-амалий конференция, тантанали очилиш ва ёпилиш маросими, бахши-шоир, оқин ва жировлар ҳамда фольклор жамоаларининг халқаро кўрик-танлови, “Гастрономик туризм” кўргазмаси ҳамда бошқа муҳим тадбирларни қамраб олди. Фестивалда нуфузли халқаро ташкилотлар – ЮНЕСКО, АЙСЕСКО, ТУРКСОЙ, Туркий маданият ва мерос фонди вакиллари, ўттиздан ортиқ чет мамлакатлардан келган халқ ижодиёти намояндалари, атоқли санъат ва маданият арбоблари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Фестиваль 6 май куни Гулистон шаҳрида “Замонавий бахшичилик санъати: олтин мероснинг янги оҳанглари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман билан бошланди. Анжуманни филология фанлари доктори, профессор Жаббор Эшонқул олиб борди. Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков нутқ сўзлаб, фестиваль иштирокчиларини табриклади. Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Россия, Туркия, Венгрия, Корея Республикаси, Япония каби 30дан зиёд мамлакатдан соҳанинг етук мутахассислари, хусусан, Фикрат Туркман, Мухтор Козим ўғли Иманов, Исмат Четин, Айша Южел Четин, Селами Фидакор, Анарбой Булдибой, Талантали Бакчиев, Жанос Сипос, Давид Сомфаи Истван, Гулнор Ҳусаинова, Эункюнг Оҳ каби таниқли фольклоршунос олимлар ўз маърузалари билан қатнашди.
Фестиваль доирасида Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти раҳбари Султон Раев билан учрашди. Мулоқот чоғида туркий тилли давлатларни азалдан нафақат маданият, тил, қадриятлар муштараклиги, балки анъанавий дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган муносабатлар боғлаб туриши қайд этилди, туризм, маданий-гуманитар соҳаларни янада ривожлантириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Сирдарё вилоятидаги Амфитеатр майдонида фестивалнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Халқаро фестиваль иштирокчиларига йўллаган табригини Президент маслаҳатчиси Одилбек Абдураҳмонов ўқиб эшиттирди. Табрикда, жумладан, қуйидаги сўзлар кўпчиликнинг эътиборини тортди:
– Айни кунларда истеъдодли фольклор усталаридан ёзиб олинган достон ва термаларнинг “олтин фонди” шакллантирилмоқда. Халқ ижодиёти ёдгорликлари китоб ва тўпламлар ҳолида мунтазам нашр қилинмоқда, илмий экспедициялар ва анжуманлар ташкил этилмоқда. Таниқли бахши, жиров ва оқинларнинг хотираси абадийлаштирилиб, улар ҳақида илмий-оммабоп асарлар, ҳужжатли фильмлар яратилмоқда, таълим масканларида бахшичилик синфлари ва тўгараклари фаолият юритмоқда.
Қадим-қадимдан дўмбира ва чанқовуз садолари янграб келган, фольклор бўйича бой мерос ва анъаналарга эга бўлган бу саховатли диёр бағридан Мурод бахши, Ҳамроқул бахши, Гулмурод бахши, Акрам булбул, Саидаҳмад ва Саидмурод бахши каби ижодкорлар, Сирдарёнинг фахру ғурурига айланган Тўра Сулаймон ва Ҳалима Худойбердиева сингари атоқли шоирлар етишиб чиққанини эл-юртимиз яхши билади. Уларнинг халқона донишмандлик билан йўғрилган бахшиёна оҳанглари ҳозир ҳам муносиб издошлар сози ва сўзида жаранглаб турибди.
Очилиш маросимида юртимизнинг барча ҳудудлари фольклор жамоаларининг чиқишлари йиғилганларга манзур бўлди. Айтиш жоизки, Ўзбек миллий академик драма театри бош режиссёри Асқар Холмўминов ҳамда Ўткир Қаҳҳоров, Ҳасан Алимов каби режиссёрлар очилиш маросимининг юқори савияда ўтиши учун бор имкониятларини ишга солишди.
– Мен Туркиядан келдим, – дейди Нар КАМБЕР. – Фестивалда биринчи марта иштирок этяпман. Ҳақиқатан ҳам тадбир жуда муваффақиятли ўтяпти. Бу ишни амалга оширганларни табриклайман. Маданиятларнинг бир ерда бирлашиши жуда муҳим. Дунёнинг ҳар тарафидан, 19 мамлакатдан маданият кишиларининг бу ерда жамланиши турли маданиятларнинг яшаб қолишида жуда муҳим аҳамиятга эга.
Дарҳақиқат, йигирмага яқин давлатдан келган 115 нафар бахши, жиров ва оқин 32 гуруҳга бўлиниб, ўзаро беллашди. Ҳар бир қатнашчига 10-15 дақиқа вақт ажратилди. Шу куни дунё бахшилари бир даврада жам бўлиб, ўз миллатининг санъатини намоён қилди. Ҳакамлар ҳайъати Ўзбекистон, Эрон, Туркия, Корея, Грузия, Тожикистон, Қозоғистон, Покистон, Қирғизистон, Индонезия, Россия, Арманистон, Туркманистон, Болгария, Ҳиндистон, Греция, Япония, Словения, Монголиядан келган иштирокчиларнинг чиқишларини турли йўналишлар бўйича баҳолаб борди.
“Термизда бўлиб ўтган биринчи фестивалда фақат бахшилар қатнашган эди, – дейди франциялик олим, ўзбек мусиқашунослиги бўйича мутахассис, ҳакамлар ҳайъати аъзоси Жан Дюрин. – Бу гал баъзи давлатлардан бахши бўлмаган қатнашчилар ҳам келди. Кейинги фестивалларда шуни ажратиб олиш керак, назаримда”.
Фестиваль доирасида томошабинларга ўзига хос туҳфа тақдим этилди. Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали театри ижодий жамоаси Сирдарё вилояти мусиқали драма театри саҳнасида “Бахши” спектаклини намойиш этди. Шунингдек, тадбир доирасида ўзбекистонлик бахшиларнинг яккахон концертлари ва достончилик кечалари, сайллар, мамлакатимизнинг дунёга машҳур шахслари ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида замонавий усулда саҳналаштирилган дастурлар намойиши, бахшилар санъати тарихига оид кўргазма, ўзбек, форс, араб, инглиз ва рус тилларида нашр этилган илмий-тадқиқот асарлари ҳамда илмий-маърифий адабиётлар намойиши тақдим этилди.
Хорижлик меҳмонлар “Ўзбек миллий таомлари” кўргазмасида қатнашиб, ҳудудларнинг гастрономик туризми билан танишишга муваффақ бўлишди. Ҳар бир ҳудуднинг миллий таомларидан татиб кўришди. Масалан, ёқутистонлик Анастасия Алексеевага Тошкент вилояти ошпазлари тайёрлаган мадор сомса жуда маъқул келди, меҳмон олов ёқилган тандир ёнида эсдалик учун суратга тушди. Кореяликларнинг ўзбек фолкьлор жамоалари аъзолари билан рақсга тушгани йиғилганларга хуш кайфият бағишлади. Шу куни ҳар бир вилоят ошпазлари турли йўналишлар бўйича ғолиб деб топилди. Фестивалда маданият ва туризм тадбирларини ташкиллаштиришдаги фаол иштироки учун Жиззах вилояти учинчи ўринни, Тошкент вилояти иккинчи ўринни, Сурхондарё вилояти ошпазлари биринчи ўринни қўлга киритди. Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Фестиваль сизга нима берди, деган саволимизга япониялик олим Сеика Вазаки ўзбек тилида шундай жавоб берди:
– Ҳали жараёнда турибман. Шу учун тил билан аниқ айта олмаслигим мумкин. Хулосаларимни ҳали жамлаганим йўқ. Лекин жуда хурсандман. Кўрмаган нарсамни кўрдим. Ҳар томондан – Қорақалпоғистондан, Сурхондарёдан, Тивадан, бошқа туркий мамлакатлардан келишган, Сирдарёдан Дилмурод бахши, Якутиядан келган Анастасия бахши жуда ажойиб куйлади. Эронлик бахшиларнинг чиқиши менда ажойиб таассурот қолдирди. Буни биринчи марта кўришим. Бу шахсий тажрибам учун жуда катта хазинага айланиб қолади, деб ишонаман. Айни дамда этнография бўйича илмий иш олиб боряпман. Урф-одатларни ўрганаман ва бошқа минтақаларнинг урф-одатлари билан уларни солиштираман. Бу чиқишлар илмий ишимга ҳам катта фойда беради. Энди бизнинг япониялик рококчилар билан сизларнинг бахшиларингизни солиштирадиган бўлсам, иккисиям ёпиқ, ички овозда куйлашаркан. Аммо бошқа жиҳатдан катта фарқи бор экан. Рококчилар қофиясиз айтади, бахшилар қофияли айтаркан. Ўшанчун ҳам жуда чиройли. Рококчиларимизнинг ҳам сирлари бордир. Аммо ҳали мен бу борада изланмаганман. Худо хоҳласа, топаман.
Фестивалнинг тантанали ёпилиш маросими Гулистон шаҳрининг Амфитеатр майдонида бўлиб ўтди. Кўрик-танловнинг ғолиб ва совриндорлари иштирокида тантанали тақдирлаш маросими ҳамда гала-концерт намойиш этилди.
Словениялик Звездана Новакович, Татемичи Акеми, туркиялик Нар Камбер россиялик Анастасия Алексеева, эронлик Эслами Фарҳад Алиреза, тожикистонлик Абдураҳмон Ҳасанов, грециялик Циоуварас Гиоргиас, арманистонлик Арман Шахинян, индонезиялик Иашулах Гемала Ҳайати, покистонлик Мулк Афсар Ул каби ижрочилар номинациялар бўйича ғолибликни қўлга киритдилар.
Ўзбекистонлик Дилмурод Гулмуродов, қозоғистонлик Серик Жақсиқулов, монголиялик Эрдане Ват Есун, кореялик Шин Жа Сун учинчи ўринни эгаллади. Ғолибларга 1250 АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти берилди.
Ўзбекистонлик Расулбек Абдураҳмонов, грузиялик Нугзар Кавтарадзе, ҳиндистонлик Сарвар Сабри Камал, болгариялик Ярослав Дмитров Христов иккинчи ўринга муносиб кўрилди. Ғолибларнинг ҳар бирига 1750 АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти топширилди.
Туркманистонлик Гарягды Сарыев, ўзбекистонлик Саламат Аяпов, россиялик Сандан Арес, қирғизистонлик Рисбай Исаков биринчи ўринни эгаллаб, 2500 АҚШ доллари мукофотини қўлга киритишди.
III Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг Гран-при мукофоти ўзбекистонлик Илҳом Норовга насиб қилди. Ғолиб 7 000 АҚШ доллари билан тақдирланди.
– Ва, ниҳоят, узоқ муҳокамалару баҳслардан сўнг, III Халқаро бахшичилик санъати фестивали ғолиб ва совриндорлари аниқланди, – деди Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков. – Аслида ўз халқига хос миллий қўшиқ, достон ва термаларни тақдим этган ҳар бир иштирокчининг ижроси жозибали бўлди. Айтиш жоизки, бу санъатнинг барҳаётлигига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бахши, оқин, жировларнинг нафақат уни ривожлантиришдаги, балки асл ҳолича келгуси авлодларга етказишдаги хизматлари ҳам беқиёс. Улар фаолиятини эътироф этиш ва янги номларни кашф қилишда айнан мазкур фестиваль катта ўрин тутади. Бу ижодкорлар учун халқаро даражадаги ўзига хос майдондир. Шундай қувончли лаҳзаларда фестиваль ғолибларини чин дилдан қутлаб, барча иштирокчиларга гўзал ижро ва бетакрор чиқишлар, ўзига хос нафосат байрамининг юқори савияда ўтишига қўшган муносиб ҳиссалари учун самимий миннатдорлик билдирамиз. Халқаро эътирофу ғолиблик муборак бўлсин!
Сўнгсўз ўрнида бир таклифим бор. Тилшуносларимизнинг эътироз билдиришича, тилимизда “бахшичи” деган сўз йўқ, аммо тадбир номи ўзбек тилида “Халқаро бахшичилик фестивали” тарзида ёзилмоқда. Инглиз тилида эса бу ном аниқ ва тўғрироқ жаранглаяпти: “Bakhshi international art festival”. Шу боис кейинги фестивалда бу камчилик тўғриланади, деган умиддамиз. Яъни фестиваль номи “Халқаро бахши фестивали” ёки “Халқаро бахшилар фестивали”, ё бўлмаса “Халқаро бахшилик фестивали” тарзида ёзилса, янада яхшироқ бўларди.
Уч кун давом этган фестивални кузатиб, уни ўтказиш учун катта тайёргарлик кўрилганининг гувоҳи бўлдим. Ёзишларича, унга жами 1500 нафардан ортиқ ижодкор жалб этилибди. Бу жудаям катта жамоа дегани.
Маданият ва туризм вазирлиги Ахборот хизмати томонидан ташкил этилган Матбуот марказида эса барча шароитлар яратилганди. Телеканаллар ва радиоканаллар ижодий жамоалари тадбирларни баъзан жонли эфир орқали ёритди, баъзан лавҳаларни ўша ернинг ўзида монтаж қилиб, эфирга юбориб турди. Газета ва сайтларнинг мухбирлари эса мақолаларни марказ компьютерларида ёзиб, тезкор интернет орқали эълон қилиб борди. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ва жаҳон оммавий ахборот воситалари ўша кунлари қизғин ўтган фестиваль ҳақида бонг урди. Кейинги анжуманлар бундан-да юқори савияда ўтади, деган ниятдамиз.