June 1, 2023

ДОНО АЁЛЛАР ЗИКРИ

Ризоуддин бин Фахриддиннинг “Машҳур хотунлар” номли асари тазкира шаклида ёзилган бўлиб, XIX асрда Оренбургда нашр қилинган. Китобда 550 нафар аёл ҳақида маълумот берилган. Тазкиранинг таркиби қуйидагича: сосонийлар хонадонига мансуб аёллар тарихи; эронлик шоиралар; Салжуқийлар хонадонига мансуб аёллар; бобурийлар хонадонига мансуб аёллар; Эронда подшоҳлик қилган аёллар; Андалусия шоиралари; араб шоиралари; араб муғанниялари; усмонли шоира­лари ва адибалари; моҳир хаттот аёллар; аруз илми билимдони бўлган аёллар; баҳодир аёллар; муфассира ва муҳаддиса аёллар; улуғ олимларга устоз­лик қилган фақиҳа ва шайхалар; шунингдек, Амир Темурнинг қизи; Исмоил Сафавийнинг умр йўлдош­лари ва ноёб истеъдоду салоҳияти билан ўз даврининг нодираси бўлган мусулмон Шарқида яшаб ўтган яна бошқа машҳур аёллар тарихи ёритилган. Асардаги маълумотлар алифбо тартибида тузиб чиқилган. Китобни ана шу тартиб бўйи­ча варақлаб “о” ҳарфига тўхталсак, Оиша исмли бир нечта аёл тарихи битилганини кўрамиз. Улардан бирига тўхталамиз: Оиша Расулуллоҳ(с.а.в.)нинг аёлларидан бири ва Абу Бакр Сиддиқнинг қизидир. У ақлу заковатда, иффату парҳезкорликда беназир бўлган. Шунинг­дек, араб тарихи, ҳадис илми, фиқҳ илмию мазҳаб масалаларида замонасида тенги йўқ эди. Шу сабаб Расулуллоҳ (с.а.в.) вафотларидан сўнг саҳобалар Оишага мурожаат қилиб, ўз саволларига жавоб топардилар. Унинг нутқидаги фасоҳат ақлларни ҳайрон қолдирарли даражада бўлиб, энг нозиктаъб одамлар ҳам бу борада тасанно айтмай иложлари йўқ эди. Халифа Муовия: “Фасоҳату хушфаҳмликда Оишага етадиганини умримда кўрмадим”, дея эътироф этган экан.

Яна бир ўз даврининг улуғларидан бўлган зот: “Абу Бакр, Умар, Усмон, Али ва бошқа халифаларнинг хутбаларини эшитганман, лекин Оишадан эшитганимчалик таъсирчан ва фасоҳатли сўзларни ҳам эшитмаганман”, деган экан.

У адабиётдан юксак даражада хабардор бўла туриб, жуда кам шеър ёзган. Оиша Расулуллоҳ(с.а.в.)нинг илти­мослари билан у кишига ўз шеърларидан ўқиб берар экан. Тарихдан яхши хабардор бўлган баъзи олимлар: “Агарда ҳазрат Абу Бакр(р.а.)нинг ўғиллари қизларидек ғайратли ва иқтидорли бўлганида эди, Умар ибн Хаттобга халифалик осонликча насиб бўлмасди”, деган экан. Тўғри, Абу Бакр(р.а.)нинг ўғиллари ғайрату шижоатли эдилар, лекин у кишининг қизларидек эмасдилар.

Оиша(р.а.)дан 2000дан ортиқ ҳадис ривоят қилинган бўлиб, улардан 54таси “Саҳиҳ Бухорий”, 158таси “Саҳиҳ Муслим” китоб­ларига киритилган.

Китобни варақлашда давом этиб “ҳ” ҳарфига тўхталсак, мусулмон Шарқида яшаб ўтган “Ҳинд” исмли бир неча машҳур аёллар тарихи билан танишишимиз мумкин. Қизиғи, бу аёллар нафақат илм-фан ва шеъриятда, балки сиёсат, жангу жадал ва нозик дипломатик ишларда ҳам ақлу заковати эркакларникидан қолишмаслигини намоён этганлар. Бу ўринда биз улардан айримлари билан танишамиз.

Бу аёлларнинг бири Ҳинд бинти Зайду-л-ансориййа бўлиб, у 4-халифа Али бин Аби Толибнинг барча жангларида иштирок этар экан. Ҳинд келишган, шижоатли, шу билан бирга балоғатда сўзлайдиган аёл экан. Бу исмда яна бир аёл – Ҳинд ибнату-л-Хусси бўлиб, у инсонлар орасида фасоҳат билан сўзловчи, исталган ҳарф билан сажъда узун жумлалар бита оладиган аёл бўлган. У ҳатто, бу соҳада ўз давридаги заковатли ва нозикфаҳм эркакларни ҳам имтиҳон қилар экан.

Агар биз, бугунги кун адабий илмлар соҳаси аҳли, ўз нутқимизга синчиклаб эътибор қаратсак, ундан қониқиш ҳосил қилиш тугул, ийманамиз ҳам. Яна сўз санъатида етук бўлиш, равон нотиқ бўлиш анчайин заҳмат эканлигини ҳам эътироф этамиз. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, биз аждодларимизнинг балоғату фасоҳатда, сажъда битилган асарларини тўлиқ англаб етсак ҳам бошимиз кўкка етади.

Яна бир шу исмдаги аёл Ҳинд бинти Нуъмондир. Ҳинд ҳусну жамол, одобу фасоҳатда замонасининг ягонаси бўлган. Унинг бундай камолотини эшитган Ҳажжожи золим беҳисоб бойлик сарфлаб никоҳлаб олади. Кунларнинг бирида Ҳажжож бир жойга яшириниб олиб хотинини кузатади. Ҳинд ойнага караб: “Мен ота-бобоси от бўлиб дунёга келганлар наслиданман, лекин ўртага бир хачир (Ҳажжож назарда тутилмоқда – М. Э.) суқилиб кирди. Энди бу никоҳдан от туғилса-ку, яхши, лекин хачир туғилса яхши эмас”, дейди ва хачирдан хачир туғилади мазмунидаги шеърни ўқийди. Буни эшитган Ҳажжож секин-секин орқаси билан юриб хонадан чиқиб кетади ва аламидан бу аёлни талоқ қилади. Талоқ хабарини эълон қилиш учун у бир одамни юборади. Хабар келтирган киши: “Эй Ҳинд, Ҳажжожнинг хотини эдинг, бундан жудо бўлдинг. Манави 200 дирҳам ундан оладиган омонатинг, қабул қилиб ол!..”, дейди. Бунга жавобан Ҳинд: “Биз эрлик бўлдик, шодланмадик, энди ажрашиб ҳам қайғурмаймиз. Қўлингдаги дирҳамлар Сақиф қабиласининг итидан (Ҳажжож назарда тутилмоқда – М. Э.) халос бўлганимнинг шукронаси ва суюнчиси сифатида сенга ҳадя бўлсин!”, дейди ва ўз ватанига қайтиб кетади. Бу талоқ хабарини замона султони Абдулмалик бин Марвон эшитади. Зеро, Ҳинд заковату фасоҳат, ҳусну жамол бобида замонасининг ягонаси эди. Абдулмалик бин Марвон Ҳинднинг иддаси ўтгач, унинг қўлини сўраб хат йўллайди. Ҳинд эса: “Эй амирал-мўъминин, шаҳримдан то сизнинг ватанингизгача бўлган узоқ масофага туяга миниб бораман, Ҳажжож оёқяланг ҳолда туянинг тизгинини тутиб борсин. Шу шарт билан таклифингизга розиман!”, дея жавоб ёзади. Шундан сўнг Ҳажжож Абдулмалик бин Марвоннинг буйруғига кўра, Ҳинд минган туянинг тизгинини тутиб то манзилга етгунча оёқяланг ҳолда боради. Ҳинд эса ўз жориялари билан Ҳажжожни масхаралаб кулиб, йўқ ердаги юмушларни буюриб, “Ҳой туякаш...” деб мазах қилиб борадилар.

Замон ўзгарувчан, тарих ғилдираги эса беаёв айланаверади. Баъзан бу ғилдирак остида бутун бошли тақдир қолиши мумкин. Лекин буни англаган ҳам бор, англамаган ҳам бор. Бу хусусда яна бир Ҳинд исмли аёл тарихи билан танишамиз.

Ҳинд бинти Нуъмон бин Мунзир исломдан олдин яшаган, отаси Ироқ, яъни Ҳияра ҳокими бўлган.

Ҳинд ҳусну жамолда тенгсиз бўлиб, бир йигит унга ошиқ бўлади. Бу йигитнинг одоби ва нозикфаҳмлиги Ҳиндни ўзига ром қилиб, у ҳам бу йигитга кўнгил қўяди. Улар оила қурадилар. Лекин қандайдир сабаб туфайли куёв қатл этилади. Бу воқеадан сўнг Ҳинд Куфа шаҳри ёнидан бир монастир қурдириб, тарки дунё қилади.

Исломдан сўнг бу мамлакат Холид бин Валид қўл остидаги аскарлар томонидан фатҳ этилади. Бу вақтда Ҳинд монас­тирда эди. Саъд бин Ваққос шу ердалигида Ҳинд жориялари билан роҳиба сифатида келиб саломлашади. Унинг олдинги шавкатини билганлар ҳайрон бўладилар. Шунда Ҳинд: “Дунё шунақа ўзгариб туради, биз бир вақтлар энг ҳурматли подшоҳлардан эдик. Вақти келиб ҳаммаси тугади, шавкатимиз қуёши Ғарб­га ботди. Халқимиз орасига нифоқ тушди; сиёсат, мансаб, бошқариш тизими ҳаммаси қўлдан кетди. Давлатимиз тугаб, ёрдамга муҳтож бўлиб қолдик. Бу дунёнинг неъматлари-ю давлату мартабасида барқарорлик йўқ. Даҳри дун аҳволимизни ўзгартириб юборди: подшоҳларни қул, бойларни камбағал, юқори мартаба эгаларини хор-зор қилди. Биз буни биламиз, шунинг учун бошимизга келган кунларга ҳайрон бўлмадик”, дейди.

Саъд бин Ваққос унинг нима учун бу ерга келганини аниқлаб билди ва тилагини бажо келтирди, бундан Ҳинд хурсанд бўлди. Бу воқеадан сўнг ундан: “Саъд бин Ваққос сенга қандай муомала қилди?” деб сўраганларида: “Қадримни билди, жуда яхши муомала қилди, олижаноб кишиларни ҳурмат қилишни олижаноб кишилар биладилар!” мазмунида шеър ўқийди.

Воқеанинг давомига эътибор қаратамиз. Орадан йиллар ўтиб, Умар ибн Хаттоб халифалиги даврида Муғийра бин Шаъба Куфа шаҳрига ҳоким этиб тайинланади. У Ҳиндни яхши билар, шунинг учун унинг ҳузурига бориб, ўз никоҳига олиш орзусида эканлигини баён қилади. Бу вақт Ҳинд 90 ёшга кирган эди. У Муғийранинг сўзларини эшитиб: “Кўзлари ўткир кишининг икки кўзи ожиз қарияга қандай истаги бўлсин? Агар ёшликдаги гўзаллигим учун келганингда, албатта, сенга турмушга чиқардим. Лекин менга уйланишдан мақсадинг араблар орасида “Нуъмон бин Мунзирнинг қизига уйландим” деб фахрланиб юриш бўлса керак. Нуъмон бин Мунзирнинг ерида истаганингча унга эгалик қилишдек шараф сенга кифоя қилмайдими?” дейди. Шунда Муғийра ҳам: “Эй Ҳинд, фақат ўзимгагина аён бўлган сирни билдинг. Подшоҳларнинг зеҳни шундай тиниқ бўлади. Рост айт­динг, тўғри сўз инсонлар учун шарафдир” мазмунидаги мисраларни ўқиб, унинг ҳузуридан чиқади.

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, тазкирада машҳур кишилар қизларининг ҳаёти ҳақида ҳам маълумот берилган. Бунда улар фаолиятининг аҳамиятга молик бўлган бирор қирраси қаламга олинади. Масалан, Сафона ўзининг саховату олижаноблиги билан машҳур бўлган Ҳотам Тойининг қизи. У ислом аскарлари тарафидан қабиладошлари билан асирга олиниб, Мадинага келтирилади. Шунда Сафона Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, отам ўлди, укам ғойиб бўлди. Агар мени асирликдан озод қилсангиз, араб қабилалари орасида менга буюк икром кўрсатган бўлардингиз. Мен қавмим сайидининг қизиман. Отам асирларни озод этар, оч-яланғочларни тўйдириб, ки­йим-кечак берар ва ҳожатманд­ларни бўш қайтармас эди”, дей­ди. Пайғамбаримиз: “Булар мўминнинг сифатларидир”, деб Сафонани озод қилиб, иззат-­икром билан Шомдаги укаси Адий бин Ҳотамнинг ҳузурига жўнаттириб юборадилар. Сафонанинг отаси Ҳотам бин Абдуллоҳ бин Саъд араб шоир­лари­нинг улуғларидан эди. Унинг ёзган шеърлари жамланиб, Лондонда нашр этилган.

Китобда яна шундай аёллар тарихи ҳам берилганки, улар ҳозиржавоблигу шаддодлиги ҳам­да юраги ботирлиги билан замонасининг нодиралари бўлганлар. Зеро, Ўрта аср шароитида бундай хусусиятларга эга бўлиш фазилат ҳисобланмаган. Масалан, Хансо ёш эканида Дурайд бин ас-Самма исмли шоир унинг қўлини сўраб келади, қизнинг отаси унга: “Марҳабо, сиз насл-­насаби юқори кишисиз. Сизнинг сўзингизни қабул қилмасликнинг сира иложи йўқ. Лекин қизимнинг ҳам бу борадаги фикрини билайлик” деб, Хансони воқеадан хабардор қилганида у: “Ўз уруғимда насли тоза, хулқи гўзал, кўркам йигитлар бўла туриб бошқа наслдан бўлган қари одамга тегмайман!”, деб жавоб беради. Бундай жавобни эшитган Ибн ас-Самма шу даражада аччиқланадики, аччиғига чидамай Хансони ҳажв қилиб шеър ёзади. Хансон унга қарши жавоб ёзишга ташвиқ этувчиларга у: “Таклифини рад этганимнинг ўзи етар, ҳажв қилсам, ранжиб қолади. Мени эса бировни ранжитгим йўқ”, деб жавоб беради. Шу воқеадан кейин Хансо ўз тенгига турмушга чиқиб, бир неча фарзанднинг онаси бўлади.

Кўринадики, аёллар ўз жисму жони ниҳоятда нозик, аммо ақлу заковати, жасорату фаросати эркакларникидан кам эмаслигини намоён қила олганлар.

Бу аёллар фаолияти тарихнинг ноёб дурдоналаридан ҳисобланади. Бу дурдоналарни излаб топиш, уни оммага тақдим этиш бугунги кун зиёлилари зиммасидаги вазифалардандир.

Марям ЭШМУҲАМЕДОВА,

Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти